Еттинчи фасл. Добба (махлуқ, ҳайвон)
- Шанба, Нояб 11 2023
- 12423 марта кўрилди
Добба: У ҳам Аллоҳнинг бир махлуқи. Фақат ҳеч ким унинг моҳияти-ичини, сиррини билмайди. ҳақиқати ёлғиз Аллоҳга маълум. Биз фақат унинг худо хоҳласа бир кун чиқишини биламиз, холос.
Добба мўминни кофирдан ажратиш, кофир бурнига белги қўйиб, мўминнинг юзини ёритиш учун чиқади. Ана ўшанда ҳамманинг асл башараси очилади. Ҳар ким ёнидаги кишининг кофир ёки мўмин эканлигини ажратиб олишга қодир бўлади. ҳадислар зоҳирига кўра Добба Ийсо алайҳис-салом вафотидан сўнг, қуёш мағрибдан чиққанидан кейин озгина ўтгач ёки мағрибдан чиқишидан озгина олдин чиқади. Валлоҳу аълам. Ушбу сўзимизга Абдуллоҳ ибн Амр ривоятини далил сифатида келтиришимиз мумкин. Мазкур ҳадис Муслимда ривоят қилинган.
(Рисоладаги 90 рақамли ҳадисга қаранг).
«Ҳадис» 92. «Мен Расулуллоҳ (с.а.в)дан (эшитиб) бир ҳадис ёдладим ва уни ҳануз унутганим йўқ».
Мусий ёзади: «Ҳақ гап шуки, Добба чиққан вақтда одамлар орасида мўмини ҳам, кофири ҳам бўлади».
Қуйидаги ривоят ҳам фикримизга далил бўла олади:
«Ҳадис» 93. Абу Ҳурайра (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Доббатул арз чиққанида, унда Мусонинг асоси ва Сулаймоннинг узуги бўлади. Узук билан мўминнинг юзини ёриштиради, асо билан кофир бурнида из-белги қолдиради. Ҳатто (сўнг) ҳамма бир дастурхон устига йиғилади ва мўмин кофирдан ажралади».
«Ҳадис» 94. Бурайда (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) Макка яқинидаги бир чўл жойга мени олиб бордилар. Қуп-қуруқ ер, чор атроф қум. Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар:
«Добба мана шу ердан чиқади. (Унинг чиқадиган жойи) бир қаричга бир қарич ер бўлади (Яъни жойнинг эни ҳам бир қарич, бўйи ҳам бир қарич бўлади, валлоҳу аълам!).
Добба ҳақида менинг қисқача сўзим: У оёқли улкан жонзот. Мутлақо инсон зотидан эмас. Аллоҳ таъоло охир замонда уни ердан чиқаради. Аллоҳ таъолонинг «ердан» деган сўзида – бир фикрга кўра – қуйидаги нарсага ишора бор: У кўпаядиган қилиб яратилмайди.
Ибн Касир ўз тафсирида ёзади: «Охир замонда инсонлар бузилиб кетиб, Аллоҳ буйруқларини қилмасдан ҳақ динни бузиб, ўзгартириб юрган вақатларида Аллоҳ таъоло ердан мана шу Доббани чиқаради. Уни баъзилар Маккадан ва яна бошқалар Маккадан ўзга ердан чиқади дейишган. Добба инсонларга ана шуларни гапиради. Ибн Аббос, Ҳасан ва Қатодолар «У одамлар билан суҳбатлашади (диалог тарзида гаплашади)»,- дейишди. Ато ал-Хуросоний эса бошқачароқ сўз айтган: «Уларга гапиради. Айтадики, Албатта инсонлар бизнинг оятларимизга инонмас эдилар».
Бу Али (р.а) йўлидан ривоят қилинган ва Ибн Жарир ҳам мана шу қовлни танлаган».
Бизнингча ҳам Добба қуёш ғарбдан бош кўтарганидан сўнг чиқади. Чунки айнан мана шу кавний ўзгариш – яъни қуёшнинг ғарбдан чиқиши – дан кейин тавба эшиги беркитилар эди.
Добба чиқади, мўмин ким, кофир ким аниқ бўлиб қолади. Сўнг Шом ёки Яман тарафдан ҳуш бўйли шамол эсиб, мўминларнинг жонини олади. Ер юзида фақат Лукаъ ибн Лукаъ(лар)гина қолади ва Қиёмат ана шу кимсалар устида бўлади. Аллоҳнинг Ўзи асрасин!
Қуёшнинг ғарбдан чиқиши Доббанинг чиқишидан олдин бўлишига Ибн Ҳажар келтирган ривоятлар ҳам далолат қилади.
Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да ёзади: «Нуайм ибн Ҳаммод Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилади:
-Одамлар Яъжуж ва Маъжужлардан сўнг озгина муҳлат турадилар. Ҳатто қуёш кунботишдан бош кўтаради. Шунда уларга бир жарчи нидо қилади: «Эй иймон келтирганлар! Дарҳақиқат, сизлардан қабул қилинди. Эй кофирлар! Энди сизлардан тавба эшиги беркитилди. Қаламлар (сиёҳи) қуриди, саҳифалар ёпилди».
Язид ибн Шурайҳ йўлидан: «Қуёш мағрибдан чиққач, қалбларга (айни ҳолатдаги) нарсалари муҳрланиб қолади. Ёдловчилар кўтарилади. Фаришталарга ҳеч қандай амални ёзмаслик буюрилади».
Абд ибн Ҳамид ва Табарий саҳиҳ санад билан Оиша (р.а)дан ривоят қиладилар:
«(Қиёматнинг) энг дастлабки оят-аломатлари кўриниши билан қаламлар ташланади, саҳифалар ёпилади, ёдловчилар озод қилинади, таналар (қилинган) амалларига гувоҳлик беради».
Мазкур ривоят гарчи Оиша онамиз тилидан айтлаётган бўлса-да, унинг Расулуллоҳ (с.а.в)дан олингани шубҳасиз. Юқоридаги оят-ривоятлар бир-бирларини қувватлаб, қуйидаги маънога далолат қилади: Қуёшнинг ғарбдан чиқиши тавба эшигини ёпади ва бу эшик қайтиб очилмайди. Бу фақат қуёш ғарбдан чиққан кунгагина хос эмас. Балки то Қиёмат кунига қадар чўзилади. Демак, қуёшнинг ғарбдан чиқиши Қиёмат куни яқин қолганини билдирувчи энг биринчи аломат».
Демак, Добба қуёш мағрибдан чиққанидан сўнг, чошгоҳ маҳалида зоҳир бўлади. Қиёмат ана шундан сўнг жуда-жуда яқин қолади. Ҳатто ўша вақтда энди туғилган гўдак гуноҳ ёзиладиган ёшга етмай туриб Қиёмат бошланади. Тавба эшиги Қиёмат кунигача берк бўлади. Илоҳий адолат отанинг гуноҳига болани жавобгар қилмайди. Тавба эшиги балки фақат қуёшнинг ғарбдан чиқишини кўрганларгагина тегишли бўлар. Валлоҳу аълам!