close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Олтинчи фасл. Қуёшнинг ғарбдан чиқиши

«Парвардигорингизнинг айрим оятлари келадиган кунда эса илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган) иймони фойда бермас. Айтинг: «Кутаверинглар! Биз ҳам кутгувчилармиз!».
Тавба эшикларининг тақа-тақ беркилиши – қуёшнинг (шарқдан эмас!) ғарбдан бош кўтариши. Мазкур оят баёни бир қанча мутавотир ҳадисларда баён бўлган: Бу қуёш ғарбдан чиқадиган кун! Қуёш ғарбдан чиққан заҳоти ҳар бир қалб охирги сониядаги ҳолати-кечинмаси билан тош қотади.
Аллоҳнинг Ўзи оқибатимизни хайрли этсин!
Ийсо алайҳис-салом вафотидан сўнг қуёш ғарбдан чиқади. Сўнг Доббатул арз, сўнг мўминларнинг жонини олувчи ҳушбўй шамол, сўнг инсонларни ўз машҳаргоҳлари томон ҳайдовчи олов ва сўнг Қиёмат.
Бизга Аллоҳнинг Ўзи кифоя ва У нақадар яхши Кифоя қилгувчи!
Қуйида қуёшнинг мағрибдан бош кўтариши ҳақидаги баъзи ҳадисларни келтириб ўтамиз. Аллоҳ мададкор!
«Ҳадис» 84. Абу Ҳурайра (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «То қуёш мағрибдан чиқмагунича Қиёмат қоим бўлмайди. Қуёш мағрибдан чиққач, уни кўриб ҳамма иймон келтиради. Лекин бу пайтда илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (келтирган) иймони фойда бермайди».
«Ҳадис» 85. Абу Зар ғифорий (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Эй Абу Зар! Ҳали унга «Қаердан келган бўлсанг, ўша ерга қайт» дейиладиган (замон) келади. Бу шундай вақтки, унда илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган) иймони фойда бермас».
«Ҳадис» 86. Ҳузайфа ибн Усайд ал-Ғифорийдан: «Биз Қиёмат ҳақида гаплашиб ўтирганимизда Расуллулоҳ (с.а.в) хонадан чиқиб келдилар.
- То қуйидаги ўн оят-аломатни кўрмагунингизга қадар Қиёмат қойим бўлмайди,- дедилар Расулуллоҳ (с.а.в),- (1) қуёшнинг ғарбдан чиқиши, (2) Духон-тутун, (3) Добба (ҳайвон), (4) Яъжуж ва Маъжужларнинг чиқиши, (5) Ийсо алайҳис-саломнинг чиқиши, (6) Дажжолнинг чиқиши, уч жойда – (7) машриқда, (8) мағрибда ва (9) араб жазирасида ойнинг тутилиши, ҳамда (10) одамларни ҳайдайдиган – ёки тўплайдиган – Адан қаъридан чиқувчи олов. У кишиларга кечги уйқуда ҳам, кундузги уйқуда ҳам шерик бўлади (яъни улар билан бирга юради).
«Ҳадис» 87. Сафрон ибн Ассол (р.а)дан: «Мен Расулуллоҳ (с.а.в)нинг шундай деганларини эшитдим: «Аллоҳ таъоло тавба учун мағриб томондан кенглиги 70 йил (лик йўл) бўлган бир дарвозани очиб қўйди. Бу дарвоза то қуёш ўша ердан чиққунига қадар беркилмайди».
«Ҳадис» 88. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Албатта, ҳижрат (бу) икки хислатдир. Уларнинг бири ёмон ишлардан узоқлашади. Иккинчи эса Аллоҳ ва расули томон (учун) ҳижрат қилади. Ҳижрат, мадомики тавба қабул қилинар экан, тўхтамайди. Тавба эса то қуёш мағрибдан бош кўтармагунига қадар қабул қилинаверади. Қачонки қуёш мағрибдан чиқса, ҳар бир қалб (охирги лаҳзадаги) нарсаси билан (тош қотирилади) муҳрланади. Одамлар амалдан кифояланадилар (Яъни амаллар ҳам тўхтайди)».
Маъноси таржима қилинди. Валлоҳу аълам!)
Ибн Касир айтади: Ушбу ҳадис исноди ҳасан. (Лекин) уни 6 китоб муаллифидан биронтаси ҳам ривоят этмаган. Валлоҳу аълам!».
«Илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган иймони) фойда бермас».
Ибн Касир юқоридаги оят тафсирида шундай дейди: Яъни агар ўша куни бирон кофир иймон келтирса, унинг иймони қабул қилинмайди. Аммо мўмин киши аввалдан яхши амаллар қилиб юрган бўлса, у албатта улуғ яхшилик устида туради. Агар мўмин бўла туриб солиҳ амал қилмаган бўлса ва фақат ўша куни тавба-тазаррулар қила бошласа, энди унинг тавбаси қабул қилинмайди. Бунга бошқа бир қанча ҳадислар ҳам далолат қилади. Ояти каримада «ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бўлса» дейилган. Яъни агар мўмин илгаридан солиҳ амаллар қилиб келмаган бўлса, энди қиладиган яхши ишлари қабул этилмас».
«Ҳадис» 89. Абу Ҳурайра (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «(Қуйидаги) олти (нарса келмасидан бурун яхши) амалларга шошилинглар: (1) қуёшнинг мағрибдан чиқиши, (2) духон-тутун, (3) Дажжол, (4) Добба, (5) бирингизнинг фитналар(га учраши) ва (6) умумий фитналарнинг (келиши)».
Духон-тутун – рожиҳ қовлга кўра у Макка кофирлари устида бўлиб ўтган. Баъзилар Духон воқеаси ҳали бўлмаган дейишади.
«Ҳадис» 90. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (р.а)дан: Мен Расулуллоҳ (с.а.в)дан (эшитиб) бир ҳадис ёдладим ва уни ҳануз унутганим йўқ. Расулуллоҳ (с.а.в) айтган эдилар: «(Қиёматнинг улкан) аломатларининг энг биринчи бўлиб кўринадиганлари қуёшнинг мағрибдан чиқиши ва чошгоҳда одамлар олдига Доббанинг чиқишидир. Уларнинг қай бири шеригидан аввал кўринса, иккинчи ҳам унинг изидан тезда кўринади».
Қуёшнинг кунботишдан (кунчиқардан эмас!) бош кўтариши оламнинг умри тугашига жуда-жуда оз қолганини билдирувчи аломатдир.
Қуёшнинг ғарбдан чиқиши бу борлиқнинг тебранишга тушганидан, оламнинг хароб бўлаётганидан дарак.
Ийсо алайҳис-саломнинг тушиши, унинг Дажжолни ўлдириши, сўнг Яъжуж ва Маъжужларнинг чиқиши саҳиҳ ҳадисларда қуёшнинг ғарбдан чиқишидан муқаддам берилган. Яна бир далил: Қуёш ғарбдан чиқиши билан тавба эшиги беркитилади. Лекин Ийсо алайҳис-салом ерга тушган вақтларда исломга кирган кишининг исломи қабул қилинар эди.
Абдуллоҳ ибн Саломнинг қуйидаги сўзини ҳам мана шундай тушунмоғимиз лозим.
«Ҳадис» 91. Абдуллоҳ ибн Салом айтади: «Қиёмат шартларининг энг аввали кишиларни машриқдан мағрибга тўплайдиган оловдир».
Бу ерда авваллик бошқачароқ тушунилмоғи керак. Яъни Қиёмат қойим бўлишига далолат қилувчи энг биринчи аломат мана шу оловдир. Кейин сурга нафха урилади.
Ибн Ҳажар ёзади: «Ҳадислар мажмуидан кўринадики, Дажжолнинг чиқиши ернинг катта қисмида умумий аҳволнинг ўзгараётганини билдиради ва у (яъни бу аломатлар) Ийсо алайҳис-салом вафот этиши билан тугалланади. Қуёшнинг ғарбдан чиқиши эса юқори оламда-самода ҳолатларнинг ўзгараётганини билдирувчи катта аломатларнинг энг аввалидир ва у Қиёмат қойим бўлиши билан якун топади».ф

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase