Ҳожиларнинг саломатлигига (унинг мустаҳкам бўлишига ҳам, ёмонлашишига ҳам) Аллоҳ Таолонинг иродаси билан кишиларнинг уч тоифаси таъсир қилиши мумкин:
1) – бевосита ҳожиларнинг ўзлари;
2) – тиббиёт ходимлари;
3) – ҳожиларнинг гуруҳ раҳбарлари.
Тиббиёт ходимлари ҳожиларнинг саломатлигини муҳофаза қилишда асосий ўрин тутишлари лозим.
Ўзининг доимий яшаш жойидан анча узоқда, иқлими иссиқ ва қуруқ ҳаволи бўлган тоғ-чўл жойларда узоқ вақт йўл юрадиган, уюшган гуруҳларга тиббий хизмат кўрсатиш тажрибасидан ҳамда аввалги йилларда ҳожиларга хизмат кўрсатиш ишларининг натижаларидан (шу жумладан хорижий тажрибалардан ҳам) келиб чиққан ҳолда, ҳожиларни қуйидаги нисбатларда тиббиёт ходимлари билан таъминлаш мақсадга мувофиқдир: 70 кишигача бўлган гуруҳларга – 1та фельдшер (ҳамшира), 140 тага кишилик гуруҳларда – 1 та шифокор + 1 фельдшер (ҳамшира), 200 кишигача - 1 шифокор + 2 фельдшер (ҳамшира), 300 кишигача - 1 шифокор + 3 фельдшер (ҳамшира), 300 дан кўп кишилик гуруҳларда эса – ҳар 300 кишига биттадан шифокор ҳамда ҳар 100 та ҳожига биттадан фельдшер (ҳамшира).
Гуруҳларни тиббиёт ходимлари билан таъминлашда умумий амалиёт шифокорларига, шу жумладан «тез ёрдам» шифокорларини танлаш афзалдир. Тиббий фаолиятнинг бу турига доимий жойлашган жойидан, аҳоли яшайдиган жойлардан узоқ масофага узоқ муддат сафарларга чиққан бўлинмаларга тиббий хизмат кўрсатиш кўникмаларига эга бўлган, керакли жисмоний ва руҳий тайёргарликка эга бўлган собиқ ҳарбий шифокорлар энг яхши тайёрланган бўладилар.
Таклиф қилинаётган ушбу меъёрлар энг кам меъёрлар бўлиб, имкониятга қараб ҳожилар гуруҳлари таркибидаги тиббиёт ходимларининг сонини кўпайтириш мақсадга мувофиқдир. Бунинг бошқа сабаблари ҳам бор:
- тиббиёт ходимлари ҳам оддий ҳожилар билан биргаликда ҳаж арконларини бажарадилар;
- дардга чалинган ҳожилар ичида юрган тиббиёт ходимларининг ўзлари ҳам одатда касал бўлиб қоладилар ва уларнинг соғайишларига ҳам маълум вақт керак бўлади;
- ҳожиларга кечаю-кундуз узлуксиз тиббий хизматлар кўрсатилишини ҳисобга олсак, тиббиёт ходимлари учун дам олиш вақтларини ташкил қилиб, уларнинг навбат билан ишлашларини йўлга қўйиш керак;
Айтиб ўтилган фикрлардан келиб чиққан ҳолда, ҳожиларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича тавсияларни қуйидаги асосий гуруҳларга ажратиш мумкин:
Ҳожиларга саломатликни сақлаш бўйича тавсиялар
Ҳожиларнинг организмига салбий таъсир кўрсатадиган омиллар ва вужудга келадиган муаммоларни ҳал қилиш усуллари
Ҳажга тайёргарлик даврида:
- бактерияли ва вирусли касалликларга қарши препаратлар билан бевосита ҳажга жўнаб кетиш олдидан эмлатиш (бундай препаратлар билан доимий яшаш жойидан жўнашдан камида икки ҳафта аввал эмлатиш керак);
- танани туклардан бевосита ҳажга кетиш олдидан тозалаш (жўнашдан 2-3 кун аввал тозаланиб, жароҳатланган жойлар бўлса, уларга антисептиклар билан ишлов бериш лозим);
- янги, кийилмаган пойафзал (ҳажга кетгунча бироз кийилиб, оёқни қавартирмайдиган ҳолатга келган пойафзал бўлгани маъқул);
- жисмоний тайёргарликнинг заифлиги, турмуш тарзида камҳаракатлик (ҳажга кетишдан 2-3 ой аввал ҳар куни пиёда сайр қилиш ва организмни чиниқтириш лозим).
Ҳаж кунларида:
- юқори жисмоний ва эмоционал зўриқишлар, дам олиш ва уйқу тартибининг бузилиши (ҳаж арконлари, ибодатлар, дам олиш ва уйқу тартибини мўътадил тақсимлаш)
- совуқ сувни ҳаддан ташқари кўп ичиш (муздек сувни кўп миқдорда, айниқса қизиб ёки терлаб туриб ичишдан сақланиш лозим);
- яшаш жойларида кондиционерлардан нотўғри фойдаланиш (хоналарни ҳеч ким йўқлигида совутиш, кондиционер ишлатганда елвизакларга йўл қўймаслик лозим);
- ҳожиларнинг ёпиқ хоналарда кўпчилик бўлиб тўпланиб кетиши (организмни ҳаж давригача чиниқтириш, докадан ҳимоя ниқоблари тақиш);
- қуёш остида кўп вақт қолиб кетиш (тик тушаётган қуёш нурининг остида кўп вақт қолишдан сақланиш);
- овқатланиш тартибининг бузилиши, қуруқ овқатланиш (овқатланиш тартибига риоя қилиш, суюқ овқатлар, сутли таомлар, сабзавотлардан еб туриш);
- сурункали касалликлар тарқалиши, сурункали инфекция ўчоқларининг мавжуд бўлиши (ҳаждан олдин даволовчи шифокор билан маслаҳатлашиш, мавжуд сурункали касаликлар учун ёзиб берилган дори-дармонларни истеъмол қилиш, сурункали инфекция манбаларини бартараф қилиш);
- аёлларда гинекологик касалликларнинг мавжудлиги, жисмоний ва уҳий зўриқиш (ҳажга кетишдан олдин гинеколог билан маслаҳатлашиш, арника, “пустырника”, шувоқ, “пастушьей сумки”, бута ўсимлиги (унинг майда қизил, нардон меваси)дан тайёрланган дориларни истеъмол қилиш)
Мино ва Муздалифада турганда:
- тунда ҳаво ҳароратининг пасайиб кетиши, ҳавонинг ҳаддан ташқари димиққан ва чанг бўлиши (тунда ёпиниш учун кўрпа ёки чойшаб тайёрлаб қўйиш).
Ватанга қайтишда:
- меҳмонхоналардан автобусларга белгиланган вақтдан 4-5 соат аввал чиқиб олиш (гуруҳ раҳбарларининг топшириқларини аниқ бажариш);
- оғир ва ортиқча юклар (кундалик эҳтиёжларда мўътадил бўлиш);
Тажрибадан маълум бўлишича, ҳожиларнинг 96-99 фоиз қисми турли даражада ўткир респиратор касалликларга чалинадилар; ҳожиларнинг маълум бир қисми ҳаж шароитларига қараб, мазкур касалликлардан ташқари бошқа соматик (баъзан руҳий) касалликларга ҳам чалинадилар. Бундан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ҳожи гуруҳда тиббиёт ходими бор ёки йўқ бўлишидан қатъи назар, ёнида шахсий дори қутичасини олиб юриши керак.
Эътибор берингки, хорижий дори-дармонларнинг катта қисми, шу жумладан аҳоли ўртасида кенг тарқалган дориларнинг аксарияти чўчқа ёки шариат қоидаларига риоя қилинмай сўйилган бошқа ҳайвонларнинг органларидан тайёрланади. Кўпинча мусулмонлар дори-дармон бозорларидаги аҳволдан хабарлари йўқлиги туфайли шариат ман этган дорилардан фойдаланадилар. Айни пайтда ҳар қандай тиббий препаратнинг ҳалол муқобили бордир.
Бизнингча, касалликларнинг олдини олиш ва даволаш анъанавий тиббиётдан ҳам, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиббиётларидан ҳам фойдаланилган ҳолда олиб борилса, яхшироқ самара беради. Турли касалликларда қора седана ғоятда яхши самара беради. Ундан фойдаланиш бўйича тавсияларни «Қора седана – ҳақиқатдан ҳам ажойиб ўсимлик!» деб номланган мақолада ўқишингиз мумкин.
Қора седана ёғини сотиб олишда унинг фабрикада қадоқланганлигига, ёрлиқчасида эса «100%, cold-pressed, solvent free» ва ҳоказо деб ёзиб қўйилганлигига ишонч ҳосил қилинг. Бир шиша қора седана ёғининг нархи ишлаб чиқарувчиларга қараб чакана бозорда 14-18 риал бўлиши мумкин (110-140 рубл).
Ҳожиларнинг касалланиш динамикасининг қисқача тавсифи
Ҳожиларнинг касалланиш динамикаси ва нозологиясида ўзига хос қонуниятлар мавжуд бўлиб, улар маълум даражада янги жамоалар ташкил қилинаётган пайтда пайдо бўладиган қонуниятларга ўхшашдир.
Ҳожилар Маккага кетаётган пайтларида қайси транспорт турида кетишларидан қатъи назар (ҳаво транспорти, автобус ёки автомобилда), кўпинча қуйидаги касалликлар қайд қилинади:
- овқатланиш тартибининг бузилиши, шу жумладан эпидемик нуқтаи назардан шубҳали бўлган овқатланиш жойларида ўрганилмаган (асосан жуда аччиқ) таомларни истеъмол қилиш оқибатида ошқозон-ичак йўллари фаолиятининг бузилиши (ич қотиши ёки кетиши, метеоризм кўринишларида);
- турли хил лат ейишлар, пайларнинг чўзилиши, суякларнинг чиқиши, транспортда юришда олинган жароҳатлар туфайли майда суякларнинг синиши.
Ҳожиларнинг касалланиши ҳажнинг 5-7 кунларидан (уйдан чиққандан) бошлаб кузатила бошлайди. Бу кунларда, одатда, енгил ва ўрта шаклда ўткир респиратор касалликлари билан, масалан ўткир ринит, фарингит билан касалланиш ҳоллари учраб туради. Кейинги 5-7 кун ичида эпидемик жараён тарқалиб, ҳожиларнинг 40-60 фоизи ўткир респиратор касалликларининг турли шакллари билан касалланадилар.
Шундан сўнг ҳожиларнинг организмига ноқулай омилларнинг бутун бир комплеки – жисмоний ва руҳий зўриқиш, Мино ва Муздалифадаги тунги паст ҳарорат, елвизаклар таъсир кўрсата бошлайди. Ҳаж мавсумининг тахминан 10-12-чи кунларига, баъзан бундан сал кечроқ эпидемик жараён ҳожиларнинг 96-99 фоизига тарқалади.
Бу даврда касалликларнинг турлари ҳам кўпайиб кетади: деярли ҳар бир ҳожи ўткир респиратор касаллакларидан бирига чалиниши билан бир қаторда, сурункали касали бор кишилар, асосан юрак-томир ва нафас органлари касалликларига чалинган кишиларнинг дардлари қўзғайди.
Одатда, Минодаги чодирлар шаҳарчасига кириш даврида беморлар тиббиёт ходимларига ёппасига мурожаат қила бошлайдилар. Бундай ҳолат Муздалифадан Минога ва Минодан Маккага қайтишдан сўнг ҳам такрорланади.
Бу даврларда ҳожилар ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб боришга, улар ўртасида касалликнинг кўпайишидан ваҳима кўтарилишига йўл қўймасликка, ҳожиларнинг бундай касалликларга чалиниш сабабларини қатъият билан тушунтиришга алоҳида эътибор бериш лозим.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Бирор бир мусулмон йўқки, у дардга чалинганда Аллоҳ Таоло унинг гуноҳларини дарахтнинг барглари тўкилгандек тўкмаса» (Бухорий ривоят қилган), «Мўмин кишига қандай дард етмасин – бош оғриғими, чарчоқми, дард ёки қайғуми, ёки ҳатто оддий ғамгинликми –барчаси унинг гуноҳларига каффоротдир» (Муслим ривоят қилган).
Бу бутун ҳаж мавсуми ичида тиббиёт ходимлари учун энг қизғин ва масъулиятли даврдир. Бу пайтда кексайиб қолган, ҳолдан тойган ҳожиларга алоҳида эътибор бериш лозим, чунки уларда ўткир респиратор касалликларининг 5-7 кунида диффузияли бронхит ва ўткир пневмония каби асоратлар ривожланиши мумкин. Ўткир респираторли касалликлар асоратининг ривожланишига беморлар ёппасига мурожаат қилганда, тиббиёт ходимларининг кучи ва воситалари етишмай қолганда, тиббий ходимларнинг норационал ишлаши оқибатида тиббиёт хизмати кўрсатишда юзага келадиган нуқсонлар ҳам сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Гуруҳ раҳбарларига ҳожиларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича тавсиялар
Алҳамдулиллаҳ, сўнгги йилларда ҳаж сафарига бориш имкониятлари юртимиз мусулмонлари учун тобора кенгайиб бормоқда. Аммо афсуслар бўлсинки, ҳожиларнинг маълум қисми Ҳарамайнга етиб келган пайтда Исломдаги улуғ фарзлардан бири – ҳажни адо этишга унинг арконларини билиш бўйича ҳам, жисмоний тайёргарлик бўйича ҳам етарли даражада тайёрланмаганликлари маълум бўлади. Бунга туристик гуруҳларнинг раҳбарлари ҳам, ҳаж сафарини ташкил қилаётган мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳам маълум даражада сабабчи бўладилар.
Иншааллоҳ, яқин келажакда ўзбек ҳожиларига раҳбарлик қилувчи кишилар нафақат уларнинг йўл ва жой муаммоларини ҳал қилиб беришга, балки Аллоҳнинг бу жиддий синовларида ҳожилар билан елкадош бўлиб, керак бўлганда уларнинг ҳар бирига қўлидан келганча маънавий, руҳий ва тиббий ёрдам кўрсата олишга лаёқатли бўлган устозлар даражасига кўтариладилар, деб умид қиламиз.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биродарининг ҳожатини енгиллаштираётган кишининг ҳожатини Аллоҳ Таоло енгиллаштиради» деб марҳамат қилганлар (Термизий ривоят қилган)
Ҳожиларга ўз вақтида ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун қуйидагиларни амалга ошириш лозим:
- юртимиздан бораётган ҳожиларга бириктирилган барча тиббиёт ходимларининг фаолиятини бирлаштириб, марказлаштириш;
- ўзбек ҳожилари зич жойлашган жойларда ягона муваққат тиббий марказлар ташкил қилиш;
- Ўзбекистон тиббиёт марказини моддий базасини маҳаллий соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан беғараз ажратилган асбоб-ускуна ва дори-дармонлар билан кенгайтириш;
- ҳожиларимизнинг касалланиши ва жароҳатланишига оид барча маълумотларни тўплаб бориш ва уларнинг сабабларини таҳлил қилиш. Ҳажни адо этаётган Ўзбекистон фуқароларининг саломатлигини муҳофаза қилишнинг ягона чора-тадбирларини ишлаб чиқиш.
Умид қиламизки, тобора кўпроқ ватандошларимиз Исломнинг беш устунидан бир бўлган ҳаж арконларини муносиб бажара олишларидан манфаатдор бўлган барча мусулмонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, ўзбекистонлик ҳожиларга кўрсатиладиган сервис, транспорт, тиббий ва маиший хизматлар савиясини бошқа мамлакатлардан борган биродарларимиздан кам бўлмаган даражага кўтара оламиз.
Ҳаж арконларини адо этиш даврида дард тортган ва машаққат чеккан пайтларимизда севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларини ёдимиздан чиқармаймиз: «Аллоҳ Таоло ҳеч бир дардни шифосиз юбормайди» (Бухорий ривоят қилган).
Ҳожиларнинг шахсий дори қутилари таркиби (дори-дармонларнинг тахминий рўйхати): Стерил дока бинт 5х10; бактерияга қарши ёпишқоқ тасма (пластырь);
дока рўмолчалар 6х14; «Олтин юлдуз» бальзами (Вьетнам); ампициллин тригидрати 0.25г №20; ципролет таблеткалари 250 мг №10; ацетилсалицил кислота (аспирин) 0,5г №10; диазолин 0,1 №10; парацетамол 0, 2 №10; АЦЦ 200 №20; бромгексин 0,008 №20; бурун учун ментолли қаламча; «Доктор МОМ» пастилкалари; мукалтин 0,05 №10; йўтал таблеткалари №10; фарингосепт №20; галазолин 0,1% 10мл; полифепан; фаоллаштирилган кўмир 0,5 №10; аскорутин №10.
Агар ҳожиларнинг бирон-бир сурункали дардлари бўлса, сафарга қайси дорилардан олиб кетишни ўз шифокорлари билан маслаҳатлашишлари керак.
Ўзбекистонлик ҳожилар томонидан кенг истеъмол қилинадиган, бироқ шариат ҳукмига кўра ҳалол бўлмаган дорилар рўйхати ҳамда уларнинг ҳалол муқобиллари
Ошқозон-ичак йўли касалликларида қўлланиладиган воситалар:
Ҳалол бўлмаган дорилар: Панзинорм, Солизим, Мезим-форте, Аллохол, Холензим, Абомин, Фестал, Ацидин пепсин.
Ҳалол муқобиллар: Қора седана ёғи ва уруғлари, Ораза, Лив-52, Полифепан, Но-шпа, Эссенциале-форте, ошқозон термалари.
Юрак-томир касалликларида қўлланиладиган воситалар:
Ҳалол бўлмаган дорилар: Корвалол, Валокордин, Кардиовален ва бошқа спиртли эритмачалар.
Ҳалол муқобиллар: Қора седана ёғи ва уруғлари, Валериананинг қуруқ экстракти, “Пустырник”, ялпиз, дўлананинг дамламалари ва сувли эритмалари, валидол.
Нафас йўли касалликларида қўлланиладиган воситалар:
Ҳалол бўлмаган дорилар: Камфомен, Ингалипт
Ҳалол муқобиллар: Каметон, «Доктор МОМ», Трависил, Септолете.
Бошқа касалликлар
Ҳалол бўлмаган дорилар: Турли спиртли эритмалар
Ҳалол муқобиллар: Дамлама ва сувли эритмалар, қуруқ экстрактлар.
Шуни ҳам эътиборда тутиш керакки, агар бирор-бир касалликка ҳалол муқобил дори самара бермаса, истисно тариқасида баъзи оғир ҳолларда бошқа дорилардан фойдаланиш мумкин.
Абу Муслим (эркин таржима).
Асл нусха муаллифи Ҳайдар Миннуллоҳ ўғли Ҳабибуллоҳ, ҳарбий хизмат полковниги. Россиялик ҳожилар гуруҳида 2002, 2004 ва 2005 йилларда шифокор бўлган.