close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Зикр ва Қуръон ўқишнинг соғликка таъсири

Қуръони каримда буюк Аллоҳ дейди: “...Аллоҳни эслаш билан қалблар таскин топгувчидир”.(Раъд сураси, 28)  Зикр–бу  Аллоҳга яқинлашишнинг омили. Айнан яратувчи Аллоҳни эслаш инсоннинг ҳам маънавий дунёсини, ҳам жисмонан танасини қийновчи оғриқлардан холос бўлишга олиб келади.

Бунга навбатдаги исбот-далилни голландиялик руҳшунос олим Ван дер Ховен келтирди. У тажрибали усул билан “Аллоҳ” сўзининг такрорланишида ва Қуръони каримни тиловат қилишда инсонга фойда борлигини исбот қилиб берди. Энг ажабланарлиси шуки, олим Ван дер Ховен мусулмон эмас. Мазкур руҳшунос олим Ислом дини ва Қуръони карим билан фақатгина илмий мақсадлар ила қизиққан эди.
Голландиялик олим уч йил давомида беморларнинг катта гуруҳи билан олиб борган изланишлари натижасида эришган далиллари бутунлай янгилик бўлди. Беморларнинг кўпчилиги мусулмон эмасдилар, бунинг устига улар арабча сўзларни ҳам билишмасди.
Маълум бир вақт уларни араб тилида “Аллоҳ” калимасини тўғри талаффуз қилишга ўргатиш учун араб тили фонетикасидан дарс берилди. Ўшанда кимда маъюслик, қон босими юқори бўлса ёки асаб зўриқишлари касаллигига дучор бўлган бўлса, ўша беморлар билан ҳайратланарли ҳодисотлар рўй берди.
“Ал-Ватан” ва “Қатар ар-Райя” газеталари руҳшуноснинг фикридан иқтибос келтиради: “Қуръони каримни доимий равишда тиловат қиладиган мусулмонлар ҳамда араб тили ҳарфларини тўғри талаффуз қила оладиган одамлар, яъни “Аллоҳ” калимасини такрорлаб туриш орқали руҳий ва асаб касалликларидан холи бўладилар”.
“Аллоҳ” сўзидаги ҳар бир ҳарф руҳий томондан муаммоси бўлган инсонларга ундан қутулишларига катта фойда беради. “Аллоҳ” сўзидаги биринчи ҳарф “алиф” талаффуз қилинса, нафас олишни назорат қилувчи респиратор системаси (нафас олиш, кўриш ва эшитиш органларини зарарли газлар, чанглардан сақлайдиган система) ишлашини яхшилаб туради; “лом” ҳарфини талаффуз қилиш қўшимча нафас олишни енгиллаштирса; “ҳа” товушини талаффуз қилиш эса ўпка билан юракнинг ўзаро фаолиятини яқинлаштиради. Бу ўз навбатида юрак урушини назорат қилади. Бироқ энг муҳими бу эмас. Олимлар айтишадики, ҳар бир араб тили товушини талаффуз қилиш замирида борлиқнинг юқори қуббаси ва моддий дунё ўртасида алоқа мавжуд экан.
“Аллоҳ” калимаси талаффуз қилинса, ақлнинг тубида Олий зотни эслашга ундовчи “учқунлар” юзага келади. Бу эса инсон моҳиятини ташкил қилувчи қуйидаги илоҳий маълумотларга чорлайди: Яратувчи, Илоҳ ва барча нарсаларнинг Эгаси ва ҳоказо.
Араб тилидаги ҳар қандай товуш талаффузи маълум йўналишлар бўйича тарқаладиган қатор тебранишларга эга. Бу ҳолат доимо бўлиб, одамнинг руҳи, ақли ва танасига таъсир этади. Мисол учун, “айн” ёки “ғайн” товушларига ўхшаш товушлар бошқа тилларда мавжуд эмас. Шундай таъсирларга эришиш учун эса уларни араб тилидагидек талаффуз қилиш лозим бўлади. Шуни таъкидлаш керакки, Қуръон ва Ҳадисда мавжуд калималарни, унли ва ундош товушларни тўғри талаффуз қилиш ўзида илоҳий тимсолларни жамъ қилади ҳамда ўқувчи танаси бўйлаб ажойиб тарзда ёйилади.
Мисол учун, узун унли “аа” товуши юракни нафақат жисмоний соғлик, балки маънавий тарафдан қўллаб-қувватлайди. Узун “ии” товуши эса ҳали фан томонидан тўла ўрганилмаган ғуддасимон безга таъсири бор. Бу без ҳаётий қувватни кучайтириб туради.
Бу ерда Қуръоннинг юксаклиги ва жозибадорлиги сирлари намоён бўлади. АҚШ нинг Флорида штати Панама шаҳридаги “Акбар” номли клиникада ўтказилган тажриба Қуръонни тинглаётган ва ўқиётган инсонга бетакрор ва самарали таъсири кузатилган.
Бу тажрибани Америкада истиқомат қилувчи мусулмон олим Ахмад Қодий ўтказган. Тажрибадаги унинг иши Қуръоннинг таъсир қилишини исботлаш эди. Тажриба учун танланган турли ёшдаги эркак ва аёллар мусулмон эмасдилар, араб тилини ҳам билмасдилар. Жамланган кўнгиллилар Қуръон тиловатини тингладилар ва унинг маъноларини инглиз тилида эшитиб бордилар. Муқаддас китоб ҳар хил овозда эшиттирилди. Ушбу тажриба бир йил давомида олиб борилди. Натижа эса жуда ҳайратланарли чиқди.
Қуръон эшитувчиларнинг 97 фоизи асабийлашишдан халос бўлди. Бу жараён инсон организмларидаги ўзгаришларни қайд қилиб борадиган махсус воситалар ёрдамида кузатиб борилди. Жумладан, терига, юрак фаолиятига ва температурага нисбатан электронлар ҳаракати ёзиб борилди. Шу билан бир қаторда, бошқа органларнинг функциявий ўзгаришлари устидан кузатувлар олиб борилди. Сураларнинг овозли эшиттиришлари асаб системасига ижобий таъсири кузатилди. Маълум бўлдики, Қуръон ёрдамида қатор касалликларни, жумладан, юракка оид касалликларни ҳам даволаса бўларкан.
Умуман олганда тажриба шуни кўрсатдики, Муқаддас Қуръондаги маълум манзиллар ўзида инсонга таъсир ўтказувчи қувватга эга бўлади ҳамда унинг организмдаги қаршилик кўрсатувчи қувватни ташқи таъсирга нисбатан ҳаракатга келтиради. Айнан Қуръоннинг ушбу оятларини талаффуз қилиш чоғида Қуръоннинг бошқа бир оятини талаффуз қилганда содир бўлган ҳодиса кузатилмай, бутунлай ўзга ҳолат юзага келади.

Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Саломатлик
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase