close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Эмловнинг тиббий бомбага ўхшатилиши

Америкалик машҳур доктор Роберт Мендельсоннинг «Касалликларга қарши эмловнинг тиббий бомбага ўхшатилиши» номли китобидан баъзи қисқартиришлар билан таржима қилинди. Оммавий эмлашнинг хатарлари ҳақида ёзар эканман, бунинг кўпчилик учун англаш қийин масала эканини таъкидлаб ўтмоқчиман.

Эмловлар жуда моҳирлик билан мақтаб келингани туфайли аксарият ота-оналар эмловни бир замонлар одамлар юрагига қўрқинч солган касалликларни бартараф этган «мўъжиза» сифатида кўришади. Шундан келиб чиқиб, кимки эмловларга қарши чиқса аҳмоққа тенглаштирилади. Болалар шифокорлари учун ўз соҳасининг асосий «нони» бўлиб қолган эмловни шубҳага олиш худди бир хизматчи учун ўз бошлиғига иғво қилишига ўхшайди. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, умид қиламанки, мен ўз фикрларимни очиқлар эканман, сиз мени тушунишга ҳаракат қиласиз. Эмлов ҳақида ҳозиргача сизга уқтириб келинган маълумотнинг аксарияти нотўғри. Эмловларга нисбатан менда шубҳадан ташқари бошқа нарса ҳам бор: агар шу мақолани ёзишда мен фақат ўзимнинг қалбимга қулоқ солган бўлганимда, болангизга қилинадиган барча эмловлардан воз кечишни тавсия қилмаган, балки буюрган бўлардим. Мен бундай қилмайман, чунки қўшма штатларнинг деярли ярмида ота-оналар бундай танлов ҳуқуқидан маҳрум бўлганлар. Бу борада сиёсатчилар эмас, балки шифокорлар мамлакат қонунларига ўзгартириш киритишга муваффақ бўлдилар ва натижада фарзандингиз мактабга кириши учун эмловлар мажбурий этиб тайинланди.

Аммо, гарчи қонун билан белгиланган бўлса ҳам, ўша қўшма штатларда баъзи оилалар шифокордан илтимос қилиб, баъзи эмловларни олдириб ташлашмоқда. Масалан, Пертуссис (Инглизча "Pertussis", русча «коклюш» – кўк йўтал) касаллигига қарши эмлов қилишни ҳатто шифокорлар ҳам тавсия қилишмайди. Бу эмлов энг хавфли эмловлардан бири бўлиб, аксарият шифокорлар жавобгарликдан қўрқиб, уни қилишдан иккиланишади. Албатта улар иккиланади-да, чунки яқинда Чикагода пертуссис эмловидан зарарланган болага $5,5 миллион товон тўланди. Агар сизнинг шифокорингиз ҳам ўшандай иккиланса, буни сиз ўз фойдангизга ишлатинг ва эмлов қилдирманг, чунки фарзанд сизники ва эмлов таъсирида унинг ҳаёти хавф остига қўйилади!

Мен шифокорликни энди бошлаганимда, ўзим ҳам эмловларни қилганман, лекин оммавий эмлашнинг саноқсиз хатарларига гувоҳ бўлгач, уларни таъқиқлаш тарафдорига айландим. Бу мавзу шу қадар кенг ва чигалки, бу ҳақда бутун бир китоб ҳам ёзса арзийди. Шундай экан, қуйида мен ушбу рисола орқали шифокорлар кўр-кўрона ва ўта ғайрат билан фарзандингизнинг қонига қўшаётган ёт протеинларга нима учун қаршилигимни тиббиёт нуқтаи назаридан батафсил тушунтириб ўтсам. Чунки кўплаб шифокорлар эмлашни тарғиб қилаётган бўлсалар-да, ўша заҳарлар қандай оқибатларга сабаб бўлиши мумкинлигини хаёлларига ҳам келтирмайдилар.

Мана мени асосий ҳавотирга солган нарсалар:

1. Оммавий эмлов болалар орасида биронта касалликнинг йўқолишига сабаб бўлгани ҳақида ҳеч қандай ишончли илмий далил йўқ. Албатта, баъзи кенг тарқалган касалликлар эмловлар бошлангандан кейин камайиб кетди ёки умуман йўқолди, лекин ҳеч ким бунинг аниқ сабабларини билмайди. Менимча, бунинг асосий сабаби – инсонлар турмуш тарзининг яхшилангани. Агар оммавий эмловлар Америкада бу касалликларнинг йўқолиб кетишига сабаб деб кўрсатилса, нега айни пайтда Европа, Африка ва Осиёда ҳам бу касалликлар бартараф бўлди? Ахир у ерларда оммавий эмловлар Америкадагидек кенг йўлга қўйилмаган эди-ку!

2. Кўпчилик «Сабин эмлови» (Инглизча "Sabin Vaccine", русча «Вакцина Сабина») америкалик болалар орасида 1945-1950 йилларда кенг тарқалган полио (Инглизча "poliomyelitis", русча «полиомиелит» – марказий асаб тизимига зарар етказувчи, вақтинчалик ёки умрбод шол қилиб қўювчи касаллик) касаллигини бартараф этган, деб ишонади. Агар бу тўғри бўлса, нега бу касаллик худди ўша даврда Европада ҳам батамом тўхтади? Ахир бу эмлов у ерда кенг кўламда ишлатилмаган эди-ку! Ундан ҳам қизиғи, нега бу эмлов ҳалигача болаларга қўлланилиб келади? Ахир уни илк кашф этган Доктор Жонас Салк (Jonas Salk) «Сабин эмлови» полио касаллигини келтириб чиқариши мумкинлигини айтиб ўтган-ку! Бу эмловни болаларга мажбурий қилинишининг давом эттирилаётгани менинг назаримда докторлар орасида кенг тарқалган «айни хатони такрорлаш»нинг ўзгинасидир. Бу менга «смалпокс эмлови» билан содир бўлган ҳолни эслатади. Смалпокс касаллиги (Инглизча "Smallpox", русча «оспа» – ўткир юқумли вирус касаллиги, иситма ва йиринг тошмаларига сабаб бўлиб, доимий асорат қолдиради) йўқолиб кетганидан кейин деярли 30 йил давомида ҳам айни эмловнинг ўзи ўша касалликни келтириб чиқараверган. Бир ўйлаб кўринг-а! 30 йил давомида «смаллпокс эмлови» туфайли кўплаб болалар нобуд бўлган – ваҳоланки табиий касалликнинг хавфи умуман қолмаган эди…

3. Ҳар турли эмловларнинг зарарлари талайгина ва ундан ташқари ҳар бир эмлов болангизда хатарли реакция бериши мумкин. Шунга қарамасдан шифокорлар уларни қилишда давом этмоқдалар ва одатда ота-оналарга эмловлар билан боғлиқ хатарлар ва реакциялар ҳақида лом-лим ҳам демайдилар. Эмловнинг болага етказиши мумкин бўлган зарарлари ўрганилмасдан умуман кейинги босқичга ўтиш мумкин эмас. Афсуски, қатор-қатор болалар поликлиникаларда турли эмловлар олиш учун навбатда турибдилар – уларнинг ота-оналари эса шифокорлардан бу эмловлар ҳақида бирорта савол ҳам сўраб қўймайдилар!

4. Эмловларнинг қилинишидан бироз вақт ўтганидан кейин кўпинча содир бўладиган зарарли оқибатлар маълум бўлса ҳам (уларни ҳеч ким тушунтириб ҳам ўтирмайди), эмловлар таркибида бўлган чет, ёт протеин (оқсил)ларнинг йиллар ўтиб келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатлари ҳеч кимга қизиқ эмас. Энг ачинарлиси шундаки, ҳеч ким буни ўрганишга қаттиқ бел ҳам боғламаган…

5. Тобора кўп одамларда кейинчалик иммунитетнинг заифлашиб кетишига айнан болалик даврида унчалик зарарсиз бўлган касалликларига қарши эмловлар қилинганини асосий сабаб сифатида кўрсатиш мумкин. Бу каби касалликлар сафига саратон (Инглизча "Cancer", русча «рак»), қон касалликлари (лейкемиа), ревматик артрит, склероз, амеотропик латерал склероз (Lou Gehrig касаллиги), lupus erythematosus (терида хавфли қизил тошмалар пайдо қиладиган истима касаллиги) ва Guillain-Barre синдроми киради. Иммунитетнинг ишдан чиқиши таъсирида юзага келадиган касалликлар шуниси билан ажралиб турадики, инсон баданининг ҳимоя тизимлари ёт моддалар билан ўз танасини фарқига бормай қолади ва натижада бадан ўз-ўзини бартараф эта бошлайди. Иммунитет ташқи моддаларни эмас, ўз организми моддаларига қарши кураша бошлайди. Натижада свинка (инглизча "Mumps", русча «свинка») ва қизамиқ (инглизча "measles", русча «краснуха», «корь») касалликларидан болаликда сақланамиз деб улғайганимизда рак ва қон касалликларининг пайдо бўлишига вазият яратиб берамиз.

Мен юқоридаги фикрларни айтиб ўтаётганимнинг сабаби шуки, сизнинг шифокорингиз бу гапларни айтиб ўтирмайди. Шу сабабли диққатли бўлинг, болангизни суриштирмасдан дуч келган вакцина билан эмлатаверманг!

Тиббиёт соҳасида эмловнинг тутган ўрни ҳақидаги келишмовчиликлар албаттаки оммавий ахборот воситалар эътиборидан ҳам четда қолган эмас. Унинг хавфли эканини мен сезиб қолганим ёки битта ўзим ихтиро қилганим йўқ. Тобора кўпроқ ота-оналар болаларига эмловларни қилдиришдан воз кечмоқдалар ва бунинг оқибатида улар турли қонуний жавобгарликларга ҳам тортилмоқдалар. Эмловлар таъсирида болалари майиб-мажруҳ бўлган ота-оналар буни бир қисмат, кўргулик дейишдан тўхтаб, бунга айбдор корхоналар ва шифокорларни жавобгарликка тортмоқдалар. Баъзи фармацевтика корхоналари шундан кейин эмлов вакциналарини ишлаб чиқаришни бутунлай тўхтатдилар, қолганлари эса эмловлардан кейин содир бўлиши мумкин бўлган зарарларни вакцина дориларига илова қилиб, бу рўйхатни тобора кенгайтириб бормоқдалар. Аммо бу рўйхат қанчалик ваҳимали кўринмасин, қайта-қайта қилинадиган эмловлар ўзларига тайёр иш олиб келаётганини билган шифокорлар ўлгудек қайсарлик билан эмловларни ҳимоя қилиб келмоқдалар, уларнинг тарафини олиш учун турли сабаб ва баҳоналар излашмоқда.

Ота-она сифатида фақат сизларгина эмловларни рад этишингиз ёки зарарларини билиб туриб қабул қилишингиз мумкин. Фарзандингиз ҳали қарор бериш имкониятига эга эмас. Фарзанд учун сиз жавобгарсиз. Мен сиздан ўтиниб сўрайман, болангизни эмлатишга қарор қилсангиз, албатта эмловнинг фойда ва зарарларини обдон ўрганинг. Эмловга тарғиб қилаётган шифокордан унинг ҳақиқатан ҳам зарур эмлов эканини исботлаб беришини талаб қилинг.

Доктор Роберт Мендельсон
Таржимон: Маъмуржон Раҳимов

Мақола жойлаштирилган бўлим: Саломатлик
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase