Талоқ тушмайдиган баъзи маст қилгувчи нарсалар
- Бўлим: Талоқ
- Пайшанба, Июн 16 2022
- 214 марта кўрилди
Баъзи дориларни истеъмол қилиш натижасида кайфи ошиб қолса ва шу ҳолатда аёлига талоқ қўйиб қўйса, талоғи талоқ ҳисобланмайди.
لَوْ زَالَ عَقْلُهُ بِالصُّدَاعِ أَوْ بِمُبَاحٍ لَمْ يَقَعْ.
Бош оғриғи ёки мубоҳ нарсанинг истеъмоли сабабли ақл зойил бўлиб талоқ қўйса, талоқ воқеъ бўлмайди”[Дуррул мухтор ала ҳомиши шомий. Ж. IV. Б. 447].
Вино, наша, ароқ ва баъзи маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилиш шаръан ҳаромдир. Уларни истеъмол қилгандан кейин қуйидаги суратларда талоқ воқеъ бўлмайди:
1. Бир киши маст қилувчи ичимликлардан бирортасини маст қилувчи ичимлик эканидан бехабар ҳолда ичиб, аёлига талоқ қўйса, талоқ тушмайди. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган қуйидаги ривоят келтирилади:
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِنَّ اللَّهَ وَضَعَ عَنْ أُمَّتِي الْخَطَأَ وَالنِّسْيَانَ وَمَا اسْتُكْرِهُوا عَلَيْه
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ таоло умматимдан янглишиб, эсдан чиқариб ва унга (ҳаётига хав соладиган тарзда) мажбурланиб қилган нарсаларни авф қилди”;
2. Бир киши ҳаётига хавф бўладиган ёки бирор аъзосига нуқсон етказиладиган даражада шароб ёки кайф қиладиган нарсаларни истеъмол қилишга мажбурланса ва уларни истеъмол қилиб, аёлига талоқ қўйса, талоқ воқеъ бўлмайди;
3. Қорин очлигидан ҳаётига хавф туғилса ва истеъмол қилиш учун кайф берувчи ҳаром нарсалардан ўзга бирор истеъмоли ҳалол нарса топилмаса, кайф берувчи нарсани (ҳаётини хавфдан қутқарадиган даражада) истеъмол қилиб ҳаётини сақлайди. Бундай вазиятларда шариъати исломия ҳаром нарсаларни белгиланган тартибда истеъмол қилишга рухсат беради. Шунинг учун бундай ҳолатда кайф берувчи нарсаларни истеъмол қилиб, кайфда ўзини назорат қила олмай аёлига талоқ бериб қўйса, талоқ воқеъ бўлмайди;
4. Кайф берувчи нарсаларни муолажа учун истеъмол қилса ва кайф бўлиб қолиб, аёлига талоқ бериб қўйса, талоқ воқеъ бўлмайди.
"وَاخْتَلفَ التَّصْحِيحُ فِيمَنْ سَكِرَ مُكْرَهًا أَوْ مُضْطَرًّا فَصَحَّحَ فِي التُّحْفَةِ وَغَيْرِهَا عَدَمَ الْوُقُوعِ . وَجَزَمَ فِي الْخُلَاصَةِ بِالْوُقُوعِ. قَالَ فِي الْفَتْحِ : وَالْأَوَّلُ أَحْسَنُ لِأَنَّ مُوجِبَ الْوُقُوعِ عِنْدَ زَوَالِ الْعَقْلِ لَيْسَ إلَّا التَّسَبُّبَ فِي زَوَالِهِ بِسَبَبٍ مَحْظُورٍ وَهُوَ مُنْتَفٍ".
“Бир киши мажбур қилиниш натижасида ёки (чўлда қолиб ундан ўзга ейдиган нарсаси ёки ичадиган нарсаси қолмай) чорасиз ҳолда маст қилувчи нарсани истеъмол қилиб маст бўлса, “Туҳфа” ва бошқа китоб соҳиблари талоқ тушмаслиги саҳиҳ деб айтганлар. “Хулоса” китобида эса, талоқ тушади дейилган. “Фатҳ” китобида айтди: “Биринчи гап муносиброқдир. Чунки, ақл кетганда талоқ тушишлигини вожиб қилган нарса, манъ қилинган нарса туфайли ақл кетишидир. Бу ерда эса, у топилмаяпти[Шомий (Ж. IV. Б. 447)].