close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Маст ҳолатда талоқни воқеъ бўлиш ҳикмати

Аллоҳ таолонинг ҳазрати инсонга берган беҳисоб неъматларидан бири бу ақл неъматидир. Ақл неъмати орқали инсон бошқа махлуқотлардан ажралиб туради. Инсон Аллоҳ таолонинг ушбу неъматига шукур адо қилишдан ожиздир. Инсон ақлли бўлгани учун барча махлуқотлар уларга бўйин сундирилган. Лекин, барча махлуқотларнинг эгаси фақат Аллоҳ таолодир. Ҳатто, инсон ўзининг бирор бир аъзосига ҳам молик эмасдир, яъни бир аъзосини кесиб, бир кишига бериб юборишга ҳаққи йўқ. Агар ҳеч қандай сабабсиз бир бармоғига талофат етказса, шариъат нигоҳида у инсон қаттиқ гуноҳкор бўлади. Улкан неъмат бўлган ақлга путур етказадиган маст қилувчи, ҳаром ичимликларни истеъмол қилиб, уни устига аёлига талоқ қўйиш улкан зулм ва гуноҳи кабира ҳисобланади. Шу боис шариъат нигоҳида бундай кимсалар қаттиқ жазога лойиқдирлар.

Ачинарли гап шуки, бизнинг юртларда мазҳаббошларга эргашмайдиган, ўзларини аҳли ҳадис деб ҳисоблайдиган кишилар маст ҳолатда айтилган талоқ воқеъ бўлмайди деб, таъкидлайдилар. Лекин, улар тутган қавл фатво берилган қавл эмас. Балки муфто беҳ бўлган ва таржиҳчилар томонидан таржиҳ қилинган қавл бу маст ҳолатда айтилган талоқни воқеъ бўлишидир. Бу жумҳур олимларнинг мазҳабларидир. “Бадоиъус саноиъ”да бу масалага ойдинлик киритилиб, шундай дейилган:

وَأَمَّا السَّكْرَانُ إذَا طَلَّقَ امْرَأَتَهُ فَإِنْ كَانَ سُكْرُهُ بِسَبَبٍ مَحْظُورٍ بِأَنْ شَرِبَ الْخَمْرَ أَوْ النَّبِيذَ طَوْعًا حَتَّى سَكِرَ وَزَالَ عَقْلُهُ فَطَلَاقُهُ وَاقِعٌ عِنْدَ عَامَّةِ الْعُلَمَاءِ وَعَامَّةِ الصَّحَابَةِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَعَنْ عُثْمَانَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّهُ لَا يَقَعُ طَلَاقُهُ وَبِهِ أَخَذَ الطَّحَاوِيُّ وَالْكَرْخِيُّ وَهُوَ أَحَدُ قَوْلَيْ الشَّافِعِيّ.

“Маст киши аёлини талоқ қилса ва уни мастлиги шариъатда ман қилинган хамрни ёки набизни ўз ихтиёри ила ичиш билан маст бўлиб, ақли зойил бўлса, бас уни қўйган талоғи барча уламолар ва саҳобийлар наздида воқеъ бўлади. Усмон розияллоҳу анҳу ундай кишиларнинг талоғи талоқ эмас деганлар. Таҳовий ва Кархийлар ушбу қавлни олганлар ва бу Шофиийнинг икки қавлидан биридир”[Бадоиъус саноиъ. Ж. III. Б. 158.].

“Дуррул мухтор” ва “Кифоя”нинг эътимодсиз ибораларига таяниб, жумҳур саҳобий ва ҳанафий фақиҳларининг асосли қавлларини тарк қилиш фатво берилмаган қавлни рожиҳ қилиш ҳисобланади ва қувватсиз гапга амал қилиш лозим бўлиб қолади. Баъзилар айтадиларки, шароб ичиб кайф бўлганларга саксон дарра урилади ва улар аёлларини шу ҳолатда талоқ қилиб қўйган бўлсалар талоғи тушади деб ҳукм қилиш жазо устига жазодир дейдилар. Биз бундай ғояни илгари сурувчилар билан келишиб бўлмайди деймиз. Чунки жазо устига жазо бўлиши хамр ичгандан кейин талоқ қилмаса ҳам хотини талоқ бўлади деб ҳукм чиқарилсагина бўлади. Лекин, бу ерда хамр ичиб, хотинига талоқ қўйса аёли талоқ бўлади дейилмоқда. Нима деб ўйлайсиз агар маст одам ичиб олиб талоқдан бошқа гуноҳларни қилса, жазо тайин қилинмайдими? Масалан ичиб олиб намоз, рўза ва бошқа ибодатларни тарк қилса, уларни қазосини ўқишга ҳукм қилинмайдими. Албатта, намозларни қазосини адо қилишга ҳукм қилинади. Демак, уларнинг гапларига биноан маст одамга тарк қилинган намозларни адо қилиш ортиқча зулм эканда?

Шароб ва маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилувчилар жамоат жойларда ва ёлғиз ҳолатларда ҳеч нарсадан тап тортмай Аллоҳ таоло томонидан қайтарилган бўлса ҳам нафсларини қондириш мақсадида хамр истеъмол қилмоқдалар. Биз ҳам хамр ичувчиларга имконият яратиб бериб, уларнинг қўйган талоқлари тушмайди деб, уларга кенг йўл очиб бермаслигимиз даркор. Аксинча, биз шундай эҳтиёт йўлни тутайликки, маст қилувчи ичимликларни ичувчилар камайсин ва келгусида бундай гуноҳи кабира йўл буткул тугасин. Шариати мутаҳҳора ислом аввалида хамрни ҳаром қилиш билан бир қаторда хамр қуйиладиган идишларнинг ишлатишини ҳам қатъий ҳаром қилди. Чунки, бу орқали хамрга олиб борадиган йўлларнинг барчаси беркилади ва инсонлар қалбида хамрни ёмонлиги жойлашиб, ундан нафратлана бошлайдилар. Шуларга биноан маст қилувчи ичимлик истеъмол қилгандан кейин қўйилган талоқ воқеъ бўлади деб ҳукм қилиш шариъати исломияни ҳакимона ҳукми ҳисобланади. Бу инсонларга сабоқ бўлиб, хамр ичишдан тийилишга олиб келади.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase