Уч масжид дейилганда Масжидул ҳаром, Масжидун Набавий ва Масжидул Ақсо кўзда тутилади.
Аллоҳ таоло:
«Одамлар учун энг аввал қурилган уй муборак ва оламлар учун ҳидоят қилиб қурилган Баккадаги уйдир», деган. (Оли Имрон, 96)
Шарҳ: «Бакка» – Маккаи мукарраманинг номларидан бири. «Жабборларнинг бўйнини эгувчи» деган маънони англатади. ҳар қандай жаббор ва мутакаббир ҳам Маккаи мукаррамага келганида бўйнини эккани учун шундоқ дейилган.
Ушбу оятдан одамлар Аллоҳ таолога ибодат қилишлари учун уларга ҳидоят маёғи қилиб қурилган биринчи уй Каъбаи муаззама экани кўриниб турибди.
Масжидул ҳаромнинг фазли учун ушбу ояти кариманинг ўзи кифоя. Аллоҳнинг Ўзи шундоқ деб мақтаб тургандан кейин бу масжиднинг фазлини билиб олиш қийин эмас.
Бу нафақат мусулмонларга нисбатан, балки бутун инсоният учун эканини унутмаслигимиз керак. Демак, бутун олам мусулмон бўлиши учун кишилар ўша энг аввал ўзлари ибодат қилишлари учун қурилган уйга қараб намоз ўқишлари лозим.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ер юзида қурилган энг аввалги масжид ҳақида сўрадим. У зот:
«Масжидул ҳаром», дедилар.
«Сўнгра қайси?» дедим.
«Масжидул Ақсо», дедилар.
«Ораларида қанча (вақт) бор?» дедим.
«Қирқ йил», дедилар.
Сўнгра: «Ер сенинг учун масжиддир. Сенга қаерда намоз вақти етса, ўқи», дедилар».
Икки шайх ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: «Масжидул ҳаром»дан мурод Каъбаи муаззама.
Ривоятларда келишича, Каъбани Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар қуришларидан олдин ҳам у фаришталар ва Одам ота томонидан қурилган. Кейинги қурилиш эса, ўша аввалги бино асоси – пойдеворига биноан бўлган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу гаплари Қуръони карим оятида келган маънони тасдиқламоқда. Масжидул ҳаром дунёда ибодат учун қурилган биринчи саждагоҳ эканини таъкидламоқда.
Ушбу ҳадисда иккинчи масжид ҳақида ҳам сўз юритилиб, унинг «Масжидул Ақсо» экани баён этилмоқда. Шу ўринда баъзи луғавий мулоҳазаларни ҳам айтиб ўтишга тўғри келади.
«Масжид» сўзи луғатда «сажда қиладиган жой», «саждагоҳ» маъноларини билдиради.
Ҳозирги кунда эса одамлар орасида Ислом динидаги кишиларнинг ибодатхонасига нисбатан айтиладиган бўлиб қолган. Мана шу тор маънони олиб, баъзи бир Ислом душманлари Ислом динидан олдин бўлган Ақсони қандоқ қилиб масжид, деб атамоқ мумкин, дея эътироз ҳам билдирганлар. Бу эса ўз навбатида уларнинг асл башараларини ва илмий мулоҳаза қилишга қодир эмасликларини кўрсатади.
«Масжидул Ақсо» дегани луғат жиҳатидан «Узоқдаги саждагоҳ» маъносини билдиради.
Ўша пайтларда дарҳақиқат, Ақсо ибодатхонаси Макка аҳлига нисбатан узоқ масжид ҳисобланган. Бу Қуддус шаҳридаги масжиддир.
Энди Масжидул ҳаром билан Масжидул Ақсонинг бино қилиниши орасида қирқ йил ўтганига тўхталиб кўрайлик.
Ушбу ҳадиси шарифда тарихчиларга маълум ва машҳур қурилишлардан бири ҳақида сўз бормоқда. Чунки ҳаммага маълум тарихга биноан, Масжидул ҳаромни Иброҳим алайҳиссалом, Масжидул Ақсони Сулаймон алайҳиссалом қурганлар. Иброҳим алайҳиссалом билан Сулаймон алайҳиссаломлар орасидаги вақт эса жуда ҳам узоқдир.
Ушбу ҳадисда Масжидул ҳаром биринчи, Масжидул Ақсо иккинчи масжид эканини таъкидлаш бу икки масжиднинг афзаллигининг эътирофи- дир.
Шунингдек, ҳадиси шарифда қаерда бўлса ҳам намоз вақти кириб фарз бўлганидан кейин уни ўқиш лозимлиги таъкидланмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кўч боғлаб бориш фақат уч масжидгагина бўлади: менинг ушбу масжидимга, Масжидул ҳаромга ва Масжидул Ақсога», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: «Кўч боғлаб бориш» дегани Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун тайёргарлик кўриб, кўч-кўронини олиб сафар қилиш тушунилади.
Демак, зиёратидан савоб умид қилиб, алоҳида ният билан сафар қилиш мумкин бўлган масжид учта экан. Улар: Мадинаи мунавварадаги пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари;
Маккаи мукаррамадаги Масжидул ҳаром;
Қуддус шарифдаги Масжидул Ақсо.
Бу нарса мазкур уч масжиднинг фазли нақадар юксак эканини кўрсатади. Шу билан бирга, у бошқа жойлардаги масжидларга кўч боғлаб бориш йўқлигини ҳам билдиради.
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ҳозирги кунимизда, яъни, ўн бешинчи ҳижрий асрнинг бошида Масжидул ҳаром ва Масжидул Набавийга мусулмонларнинг кўч боғлаб боришлари, улардаги файзу баракотлардан баҳраманд бўлишлари яхши йўлга қўйилган. Афсуски, Масжидул Ақсо ҳақида бундоқ дея олмаймиз.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уйим билан минбарим ўртасида жаннат боғларидан бир боғ бор. Минбарим эса, ҳовузимнинг тепасидадир», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидаги маълум жойнинг, ўша жой орқали бутун масжиднинг фазли ҳақида сўз бормоқда.
Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйлари масжидларига ёпишган бўлган. ҳужраи саодатдан оёқ қўйиб масжидга чиқилган.
Ҳозирги вақтда ҳам буни яққол сезиш мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳужраларига дафн қилинганлар, қабрлари масжиднинг бир томонида – ҳужраи саодатда жойлашган. Ана ўша жойдан маълум масофага минбарлари ўрнатилган. Уйлари билан минбарлари орасига ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шарифнинг матни ёзиб ҳам қўйилган. Ана ўша оралиқ масофа равзаи шариф дейилади. Бу маъно ушбу ҳадисдан олинган бўлиб, жаннат боғларидан бир боғ, деганидир.
Ўша маконнинг жаннат боғларидан бир боғ бўлиши маъносига келсак, уламоларимиз бир неча хил фикрлар айтганлар.
Баъзилар Пайғамбаримиз масжидларининг равза деб аталмиш қисми жаннатдан келтирилган, деганлар.
Бошқалар эса равзада намоз ўқиган одамни жаннатга эриштириши учун шундоқ дейилган, деб таъвил қиладилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Минбарим ҳовузимнинг тепасидадир» деганларида гап қиёматдаги ҳовузлари ҳақида бораётганига ишорадир. Бу ҳовуз ҳақида баъзи маълумотлар олдинги китоб¬ларда ўтди. Қолгани эса, қиёмат ҳақидаги ҳадисларда келади.
Ҳозир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарларининг, бинобарин, масжидларининг ўша ҳовузга алоқаси борлигини билиш билан кифояланиб турсак бўлди.
Бу эса ўз навбатида Масжидун Набавийнинг фазлини янада орттиради. Шунинг учун Аллоҳ таоло имкон бериб, Мадинаи мунаввара зиё¬ратига мушарраф бўлган кишилар равзада, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйлари билан минбарлари орасида намоз ўқишга, зикру дуо қилишга астойдил ҳаракат қилишлари лозимлигини тушуниб етмоғимиз керак. Ўшандоқ фурсат берилганда фойдаланиб қолмоғимиз зарур.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг ушбу масжидимдаги намоз ундан бошқалардаги мингта намоздан афзалдир. Фақат Масжидул ҳаром бундан мустасно», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Мен анбиёларнинг охиргисиман, масжидим масжидларнинг охиргисидир», деганлари зиёда қилинган.
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Ибн Можа:
«Масжидул ҳаромдаги намоз ундан бошқадаги юз минг намоздан афзалдир» деган жумлани зиёда қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Масжидул ҳаром ва Масжидун Набавийларнинг бошқа масжидлардан афзаллик даражаси баён қилинмоқда.
1. Маккаи мукаррамада жойлашган «Масжидул ҳаром»даги бир намоз бошқа масжидлардаги юз мингта намозга тенг экани.
Бу эса, муборак масжид яқинида яшаётганларга ва уни зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлганларга улкан масъулият юклайди. Ўзларига берилган имкониятдан тўла фойдаланишга ундайди. Бошқаларга ҳам ўша масжидни зиёрат қилишга, унда намоз ўқишга ҳаракат қилишга чақиради.
2. Мадинаи мунавварада жойлашган Масжидун Набавийдаги бир намоз бошқа масжидлардаги намоздан минг марта афзал экани. Албатта, ҳадиси шарифда айтилганидек, Масжидул ҳаром бундан мустасно.
У муборак масжиддаги намоз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидаги намоздан ҳам юз марта афзал.
Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари афзалликда Байтуллоҳдан кейин иккинчи ўринда туради.
Шунинг учун бу муборак масжидни зиёрат қилиш имконига эга бўлган одам ҳам ўзига берилган имкониятдан тўла фойдаланишга уринмоғи лозим.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа бир ривоятда:
«Мен анбиёларнинг охиргисиман, масжидим масжидларнинг охиргисидир», деганларининг маъноси мендан кейин пайғамбар келмайди, менинг масжидимдан кейин бунга ўхшаш фазилатли масжид бўлмайди, деганларидир.
Шу ерда Масжидул Ақсонинг афзаллик даражаси ҳақида ҳам икки оғиз сўз айтмоғимиз лозим.
Юқорида зикр этилган маълумотлардан Масжидул Ақсо тарих жиҳатидан Масжидул ҳаромдан кейин ва Масжидун Набавийдан олдин барпо бўлганини билиб оламиз.
Афзаллик жиҳатидан эса, Масжидул ҳаром ва Масжидун Набавийдан кейин учинчи ўринда туради.
Шунинг учун ҳам бу муборак масжидни икки қибланинг биринчиси, икки ҳарамнинг учинчиси, деб васф қилинади.
Бу маънони Имом Байҳақий ривоят қилган қуйидаги ҳадиси шарифдан яна ҳам аниқроқ билиб оламиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Масжидул ҳаромдаги намоз юз минг намоздир. Менинг масжидимдагиси минг намоздир. Байтул Мақдисдагиси беш юз намоздир», деганлар.
Абдуллоҳ ибн Амир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сулаймон ибн Довуд алайҳиссалом Байтул Мақдисни бино қилган чоғларида уч нарсани сўради: У(Аллоҳ)нинг ҳукмига тўғри келадиган ҳукмни, бас, унга бу берилди. Ўзидан кейин бировга берилмайдиган мулкни, бас, унга бу ҳам берилди. Унинг биносидан фориғ бўлганларида, у ерга фақат намоз ўқиш учунгина келган ҳар бир одамни гуноҳларидан худди онасидан туғилган кунидек (поклаб) чиқаришини сўради».
Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Аллоҳ таоло пайғамбарлари ичида баъзиларини баъзиларидан афзал қилгани аниқ. Ана шундоқ фазилатга эга бўлган пайғамбарлардан бири Сулаймон алайҳиссаломдирлар.
Аввало, Аллоҳ таоло у зотга ушбу ҳадисда зикр қилинганидек, Байтул Мақдисни бино қилиш шарафини берган. Аллоҳ берган бу шарафдан ўз вақтида фойдаланиб, Сулаймон алайҳиссалом Байтул Мақдисни бино қилиб бўлганларидан сўнг Аллоҳдан уч нарсани сўраб дуо қилганлар:
1. Аллоҳнинг ҳукмига тўғри келадиган ҳукм беришни.
Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга бу сўраганларини берди. Сулаймон алайҳиссалом ўз даврида Аллоҳнинг ҳукмига мувофиқ ҳукм юритдилар.
2. Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳдан сўраган иккинчи нарса ўзларидан кейин ҳеч кимга берилмайдиган подшоҳлик берилиши эди.
Аллоҳ таоло у кишига бу сўраганларини ҳам берди. У кишидан кейин бу мулк – подшоҳлик ҳеч кимга берилмади.
3. Байтул Мақдисга фақат намоз ўқиш ниятида келган кишини худди онасидан янги туғилган кунидек бегуноҳ ҳолга келтиришни сўраган эди.
Аллоҳ таоло у кишига бу сўраганларини ҳам берди. Бу эса «Масжидул Ақсо»нинг фазлини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходималари Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга Байтул Мақдис ҳақида фатво беринг», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга боринглар ва намоз ўқинглар. Бас, агар бормасангиз ва намоз ўқимасангиз, унинг қандилларида ёқилиши учун мой юборинг», дедилар».
Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин-мусулмонларни Масжидул Ақсо ҳақида уч нарсага тарғиб қилмоқдалар:
1. Имконини топган киши Масжидул Ақсони зиё¬рат қилиши.
2. У ерга борган киши, албатта, намоз ўқиши лозимлиги.
3. ҳеч иложини қила олмаган одам эса, Масжидул Ақсонинг чироқларини ёқиш учун ишлатиладиган мой бўлса ҳам юбориши кераклиги. Бу эса, ҳар бир мусулмон Масжидул Ақсо учун қўлидан келган нарсани қилиши лозимлигини билдиради.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
Ҳадис ва Ҳаёт китобидан