Кибрнинг бу турига гирифтор бўлган киши ўзининг феълу ишларини яхши деб ўйлаб, натижада бошқаларнинг феълларини ғийбат қила бошлайди. Мисол учун, у фалончи киши девоналарга ўхшайди, фалончи одам роса беақл ёки ҳаддан ташқари бефаросат деган гапларни гапиради.
Муолажа. Шуни билишимиз керакки, оқибат ҳеч кимга маълум эмас. Биз девона деган одам Аллоҳ наздида яхши бўлиб, тўғри жаннатга бориши мумкин. Чунки нажот топиш фақат ибодат билан эмас, балки Аллоҳнинг инояти билан бўлади. Кўпинча кўринишда девона бўлиб кўринганлар жаннатга киришга лойиқ бўлади. Зоҳирда барчадан мумтоз бўлиб юрганлар эса Аллоҳнинг илмида халойиқнинг энг ёмони бўлиши мумкин. Кўрар кўзга булар яхши, наригилар ёқимсиз бўлиб кўринган бўлсалар ҳам. Шунинг учун ўзининг ақлу фаросатига фахр қилиб, бошқаларнинг амалларини ғийбат қилиш аҳмоқликдан бошқа нарса эмас. Дунё бир кун келиб завол топадиган бўлгач, бу ердаги вақтинчалик катталикнинг ҳеч эътибори йўқ. Ҳақиқий улуғлик ёки ёмонлик оқибатга қараб билинади. У эса бизга маълум эмас. Қаршимизда турган одамнинг, ҳатто, ўзи-мизнинг ҳам оқибатимизда яхшилик борми ёки ёмонлик ёзилганми буни билолмаймиз. Чунки қазои қадар устун келиб, ҳаммага бахтли бўлиб кўринганлар бадбахтга, ёки аксинча, бахтсиз бў-либ кўринганлар саодат эгасига айланганини ҳаётда кўпчилик кўрган. Аксар авлиё зотлар одам-лар наздида бевиқор, оддий одам ҳисобланади. Лекин улар Аллоҳ таоло наздида бирор дуоси ҳам рад этилмайдиган, иззатли ва обрўли киши-лар бўладилар.
Ҳикоя. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Қаҳатчилик қаттиқ бўлган йили Мадинаи Мунавварага келдим. Одамлар истисқо (ёмғир сўраб ўқиладиган) намозини ўқигани чиқдилар. Мен ҳам улар билан чиқдим. Шуида қора танли бир қул келди. Унинг эгнида икки бўлак дағал канопдан тўқилган мато бў-либ, бирини лунги қилиб ўраб, иккинчисини елкасига ташлаб олган эди. Ёнимга келиб ўтирди ва мен унинг шундай деб дуо қилганини эшитдим: “Эй Илоҳим, гуноҳлар ва ёмон амалларнинг кўплиги Сенинг ҳузурингда бизнинг юзимизни эскиртириб юборди. Бандаларингнинг адабини бериш учун осмон ёмғирини биздан тўсиб қўйдинг. Эй Ҳалим Зот! Бандаларинг Сенинг фақат яхшиликларингни билган. Мана шу соатдаёқ, мана шу соатдаёқ уларга ёмғир ёғдир”. “Мана шу соатдаёқ, мана шу соатдаёқ” деган гапини тугатгани ҳам йўқ эдики, осмонни булут қоплаб, ҳар томондан ёмғир ёғиб юборди”.
Ҳозирги замонда одамлар ўшандай инсонни кўрсалар ташқи кўринишига қараб, уни девона деб ўйлайдилар. Ундан қочадилар ёки таҳқирлаб, масхара қилиб, устидан куладилар. “Бу одам балки комил одамлардандир” деган хаёл ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Хуллас, оқибатнинг гўзал бўлиши чиройли амал ҳамда гўзал ниятга боғлиқ экан.
Муҳаммад Лакҳнавийнинг
"Ғийбат узи нима"китобидан