close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Жубба кийган жосуслар

 Жубба кийган жосуслар: Швейцария полицияси Россия православ черкови патриархи Кирил атеистик давлатниннинг КГБсига алоқадор ўтмишини фош этди

Рус православ черкови патриархи Кирилл 1970-йилларда Швейцарияда яшаб, совет разведкасида ишлаган, деб ёзади Швейцария газеталари махфийликдан чиқарилган архивларга таяниб.
Швейцария полициясига кўра, бугунги кунда Рус православ черковининг (РПЧ) раҳбари бўлиб ишлаётган шахсга оид ҳужжатлар «монсеньор Кирилл» атеистик давлат КГБисига ишлаганини тасдиқламоқда», деб ёзади Sonntagszeitung ва Le Matin Dimanche ҳафталик нашрлари.
Иккала газета ҳам Швейцария миллий архивидаги иш ҳужжатлари билан танишишга муваффақ бўлган.
Бугунги кунда Россия президенти Владимир Путиннинг Украинадаги уруши тарафдори бўлган Кирилл 1970-йилларнинг бошларида Женевада яшаб, Бутунжаҳон черковлар кенгаши (БЧК) таркибида РПЧнинг расмий вакили бўлган.
Газеталарнинг ёзишича, ўша вақтлардаёқ КГБ таркибида «Михайлов» код номи остида фаолият юритган Кириллнинг вазифаси кенгашга таъсир ўтказиш эди.
РПЧ Кирилнинг Женевадаги жосуслик фаолиятига изоҳ беришни истамади, БЧК эса бу иш ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтган.
Бироқ, архив ҳужжатларидан маълум бўлишича, Совет Иттифоқи бу ташкилотни АҚШ ва унинг иттифоқчиларини қоралашга ҳамда иттифоқда диний эркинликларнинг йўқлиги ҳақидаги танқидини юмшатишга ундамоқчи бўлган.
Патриархнинг жияни, ҳозирда Женевадаги БЧПда рус черковининг вакили бўлган Михаил Гундяев Le Matin Dimanche нашрига унинг амакиси «КГБнинг «қаттиқ назорати» остида бўлганига қарамай, жосуслик қилмаганини» таъкидлаган.
Бу унинг «бошқа черковлар билан ишлашдаги самимийлигига таъсир қилмади», деб айтган у.

Хавфсизлик чоралари

Москвадаги РПЧ билан алоқаларни узган бўлса-да, Украина православ черковининг Москва патриархиясига (УМЧ МП) нисбатан шубҳалар сақланиб қолган.
Украина хавфсизлик хизмати тарихан Москва билан алоқадор бўлган РПЧ аъзоларини Россиянинг урушига воситачилик қилишда айблаб, унинг Украинадаги шўъбаларига қарши чора кўришда давом этмоқда.
Украина хавфсизлик хизмати (СБУ) ўтган йили мамлакатдаги православ черковларини тинтув қилган.
14 декабр куни у Украинанинг бир қатор вилоятлари, жумладан ғарбий Львов вилояти, жанубда Херсон вилояти ва шимоли-ғарбдаги Житомир вилоятларида ўндан ортиқ диний объектларни ўз рўйхатига киритган.
СБУ ходимлари бу жойларда «Украина давлати суверенитетига путур етказиши мумкин бўлган ноқонуний фаолиятга алоқадор шахсларни ва тарқатилиши тақиқланган буюмларни аниқлаш учун аксилразведка» чораларини олиб борган, дейилади баёнотда.
5 декабр куни СБУ Полтава вилоятидаги энг катта черковлардан бири УПЧ МПнинг Махар Свято-Преображенский черковини тинтув қилган. Черков Лубни шаҳри яқинида жойлашган.
«Россиянинг қуролли тажовузи шароитида диний жамоатлардан «Рус дунёси» марказлари сифатида фойдаланишнинг олдини олиш, аҳолини провокациялар ва террорчилик ҳужумларидан ҳимоя қилиш мақсадида шундай чоралар кўрилмоқда», дейилади СБУ баёнотида Россиянинг бир миллат давлати эмас, балки цивилизация давлати деган ғояга ишоратан.
Ўтган йил ноябр ойида СБУ Украинадаги энг таниқлиларидан бўлган УПЧ МПнинг Киев-Печер черковини тинтув қилган эди.
У ерда «Рус дунёсини» улуғловчи ғояларга эга кўплаб адабиётлар, бир неча минг рубл, 2 миллион гривен ва 100 минг АҚШ доллари топилган ва мусодара қилинган, деб хабар беради СБУ.
Бундан ташқари, монастирда ҳужжати бўлмаган россияликлар, шунингдек «Антван» россияпараст янгиликлар агентлигига алоқадор бир киши қўлга олинган.
Май ойида УПЧ МП Украинага босқин туфайли Россия билан алоқасини узиши ҳақида эълон қилар экан, Бу Россиянинг диний раҳбариятига қарши тарихий қадам бўлган эди.
Унга қадар черков расман Патриарх Кириллга содиқлик қасамёдини қабул қилган.
Аммо, аксар украиналиклар черковга ишонишмайди ва уни Россия билан хуфёна ҳамкорликда айблашади.
Киев патриархияси номи билан танилган Украина православ черкови (УПЧ) Москва патриархиясидан 2018 йилда Кремлнинг Қримни аннексия қилгани ва шарқий Донбасс вилоятидаги айирмачиларни қўллаб-қувватлагани туфайли ажралиб чиққан эди.

«Хоинлик»

УПЧ МП аъзолари кўп йиллардан бери Украинага зиён етказиш билан шуғулланиб келган, дейди таҳлилчилар.
СБУ ходимларининг монастирларни тинтув қилиши осон иш эмас, дейди Украина келажак институти таҳлилчиси ва СБУнинг собиқ ходими Иван Ступак.
Ҳар қандай ҳаракатни амалга оширишдан аввал жиноий иш қўзғатиш ва далиллар тўплаш керак, дейди у.
«Масалан, москвалик руҳонийлар Россия артиллерияси учун разведка билан шуғулланиш ва саботажчиларни яширишда гумон қилинган эди», деб айтган Ступак.
«Тинтув давомида адабиётлар, евро, доллар ва рубллар топилган. Аммо энг муҳими, у ердан давлатга қарши ғояларни ифодаловчи брошюралар каби ташвиқот материаллари чиққан», деб айтган у.
«Аниқки, расмийлар бу шахсларнинг компьютерларида нималар бўлганини, улар кимлар билан ёзишганини ва қандай йўриқномалар олганини текшириб, таҳлил қилиши керак».
«Агар черков кенг миқёсда Украинага қарши сиёсат олиб боргани, Кирилл ва Путинни кўкларга кўтарганини билсак, бундай черковнинг бизга нима кераги бор?», деб айтган у.
«УПЧ МП муаммоси биринчи ўринда», дейди сиёсий таҳлилчи ва Инқирозга қарши миллий гуруҳ тадқиқот марказининг бошқарувчи ҳамкори Тарас Загородний.
«Бу хоинлик. Бу коллаборантлик», деди у.
«УПЧ МП Россия православ черкови билан алоқаси йўқлиги ҳақида қанча гапирмасин, бу ёлғон», деб айтган у.

Диндорлар кузатуви

Черковга ишончсизликнинг кучайиши уни тақиқлаш чақириқларини келтириб чиқарган.
«Ҳозирги кўринишдаги Москва патриархияси Сталин даврида ташкил этилган. Бу аслида Совет ҳукумати томонидан даставвал НКВД, кейинроқ КГБ ва энди ФСБ билан ҳамкорликда яратилган анча янги тузилма», дейди диний масалалар бўйича мутахассис, авлиё София очиқ православ университети ректори, киевлик Жорж Коваленко.
«Бу ташкилот аввал-бошдан диндорларни кузатган ва уларни Совет ҳокимияти назорати остида ушлаб туришга уринган», дейди у.
«Халқаро миқёсда Москва патриархияси жосуслик билан ҳам шуғулланган. Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Совет даврида КГБ билан ишлаган одамлар ҳеч қаерга кетмади ва аслида ҳеч нарса ўзгаргани йўқ».
«Аммо ҳозир уруш буларнинг барчасини фош қилди ва яққол кўрсатиб қўйди. Ҳозирда энг муҳими... конкрет қонуний қарорлар чиқариш», деди у.
«Аввал ҳам Украина православ черковининг Москва патриархияси руҳонийлари жосус эканини ҳамма биларди, аммо Украина чора кўришдан қўрқар эди», деди Ступак. «Улар бу черковни ёпсак, Путин ҳужум қилади, деб ўйлашарди. Лекин у ҳужум қилиб бўлди».
«Демак, энди тобутга мих қоқиш вақти келди», деди у.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase