close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Селфи асири

Ким ҳам ўйлабди, «селфи» (қоидага кўра, смартфон ёки планшетга қўл узатган масофада ёки махсус селфи-таёқча ёрдамида олинадиган ва ижтимоий тармоқларга жойланган расмлар) ҳаётимизга бу қадар шиддат билан кириб келади деб?! Нима ҳам дейиш мумкин, уларнинг сон-саноқсиз эканлигига қараганда, ҳаётимиз ўзи фақат селфидан иборат бўлиб кўринади.

Ахир Facebook ёки Instagram га киришингиз билан у ердан сизга хилма-хил дўстлар ва машҳурларнинг селфиси қараб турган бўлади!
Тасаввур қилинг, ҳатто «selfie» сўзининг ўзи 2013 йил ноябрда Оксфорд инглиз тили луғатида «йил сўзи» деб эълон қилинган. Селфи билан биринчи бўлиб княгиня Анастасия Николаевна қизиқиб қолган, у 13 ёшида кўзгу ёрдамида ўзини расмга олган ва бу расмни дўстига жўнатган. Бу воқеа узоқ 1914 йил рўй берганди!
 «Селфи» қанчалик оммавий эканлиги тушунарли. Муаммо бошқа нарсада… Ўзини расмга олишга глобал қизиқиш «селфи»га «ёмон таъб» тамғасини ёпиштириб қўйди. Бу фикрга рози бўлмаслик қийин. Ҳеч бўлмаса қизлар худди ўрдакка ўхшаб лабини чўччайтириб расмга тушадиган машҳур «дакфейс»ни (инглизча “duck face” – ўрдак башара) эсланг. Лекин «ўрдакчалар» бу билан тўхташ ниятида эмас шекилли... 

 Селфит бу – психологик касаллик

«Селфи»га боғланиб қолиш, жумладан, мусулмонлар орасида ҳам ҳақиқий психологик муаммога айланиб бормоқда. Кўпчилик ҳаттоки эрталаб уйқудан уйғонишини ҳам селфисиз тасаввур қила олмайди. Гоҳида эса овқатланишга ҳам вақт йўқ – расмга олиб қолиш керак! Ҳатто кафе ва ресторанда ширин таом буюртма қилиб ҳам, овқатланишни «бисмилло»дан бошламайди, балки совуб қолган овқатни ейишга тушади. Овқат қаёқда – керакли ракурсни танлаб, мос келадиган фильтрдан ўтказиб, расмни ижтимоий тармоққа жойлагунча…
Ҳаж ёки умра вақтида қилинган қанча «селфи» тармоқда пайдо бўлмоқда?! Ўйлаб кўринг, қанча одам Аллоҳ таоло уларга Масжидул Ҳаромда бўлиш учун инъом этган қимматбаҳо лаҳзаларни навбатдаги лайк ёки репост олиш учун сарфламоқда? Қанча одам Яратувчига сажда қилиш учун мўлжалланган диний жиҳатларни, Яратувчи билан ёлғиз қолиш фурсатларини бутун дунёга намойиш этиб, Муқаддас Маккани кўнгилочарлик марказига ва навбатдаги селфи учун фонга айлантирмоқда?
2014 йил Америка психиатрия ассоциацияси селфига қарамлик, «селфит»ни обсессив-компульсив спектрдаги невроз турларидан бири, оддий қилиб айтганда – руҳий хасталик деб эълон қилинди. У мияга ёпишиб қоладиган ғоялар, фикр-хаёллар ва ҳаракатлар билан кучайтирилади.
Бунинг ортидан  Ноттингемдаги Трент университети ва Ҳиндистон Тиагараж бошқарув мактаби тадқиқотчилари бу ҳодисани батафсилроқ тадқиқ этишга қарор қилдилар. Улар «селфит» ҳақиқатда мавжуд деб тасдиқладилар ва ҳатто бу касалликка чалинишнинг уч босқичини ажратиб кўрсатдилар:
1.Чегара шакли, бунда одам олинган расмларни ижтимоий тармоқларда жойлаштиришга ҳеч қандай эҳтиёжсиз ўзини камида бир кунда 3 марта расмга олади.
2.Ўткир шакл – ўзини камида 3 марта расмга олиш ва расмларни ижтимоий тармоқларда жойлаштириш.
3.Сурункали селфит бу – камида олти марта исталган пайт ўзини расмга олиш ва олинган расмларни зудлик билан ижтимоий тармоқларда жойлаштириш борасида назорат қилиб бўлмайдиган истак.

«Селфи» қилиш истаги нима сабабдан вужудга келади?

 Д-р. Джанартанан Балакришнан (Dr Janarthanan Balakrishnan), Трент университети психология бўлими илмий ходими, Ноттингем:
«Қоидага кўра, бу ҳолатга тушган одамлар ўзига ишонч камлигидан азият чекади ва ўзини кўрсатишга интилади, уларда бошқа қарамликлардан азият чекадиган одамлар каби аломатлар пайдо бўлиши мумкин».
Лондон Қироллик коллежипсихологик тиббиёт профессори сэр Саймон Вессли (Sir Simon Wessely) ҳисоблайдики:
«Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, одамлар ўзининг кайфиятини яхшилаш, ўзига эътибор қаратиш, ўзига ишончни ошириш ва ўзини атроф-мубоғлаш учун селфи ёрдамида одамларни ўзига жалб қилади».
Албатта, ҳамма одамлар тан олинган ва муносиб баҳоланган бўлишни, ёқимли хотираларни сақлаб қолишни истайди, лекин бу, айниқса, патологик шаклга ўтганда «селфи» ёрдамида эришилмайди.

 «Селфи» га исломий нигоҳ

Ҳар бир мусулмон шуни ёддан чиқармаслиги керакки, энг аввало, Аллоҳ розилигига интилиш лозим, бандаларнинг эмас. Маънавият ва ибодатнинг энг қизғин фурсатларида қалбимиз билан фикрларимиз Аллоҳ Таолога қаратилган бир пайтда «селфи» қилган ҳолда бу табаррукликни яксон қилиш ва Яратувчи билан бирликни бузишнинг нима кераги бор? Ахир бу «Аллоҳнинг розилиги учун» тушунчасининг маънавий қимматини туширади ва, эҳтимол, кишик ширк – «риё»нинг,  хўжакўрсинчилик ва мақтанчоқликнинг бир шакли ҳисобланади. Бу, шунингдек, пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисига зид келади:
 «Ўнг қўлинг бераётган садақани чап қўлинг билмасин» (Муслим).
Шу тариқа ибодат қилиш шаклларидан бирига айланадиган ҳар қандай эзгу ҳаракатга нисбатан ниятлар софлигининг муҳим эканлигини ҳам эсдан чиқармаслик керак:
«Расулуллоҳ  соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта амаллар ният биландир. Ва ҳар кишига қилган нияти учун берилур. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва расули (ризоси) учун бўлса, Аллоҳ ва расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё топмоқ учун ёки бирор хотинга уйланиш учун бўлса, у кишининг ҳижрати ният қилган нарсаси учун бўлади», деб айтганларини эшитдим» (Бухорий, Муслим).
Ўзингиз ўйланг, ахир тақводор мўминнинг навбатдаги селфиси қандай ниятга айланиб кетади?
Худди мусулмон бўлмаган аёллар каби, камера олдида ўзига оро  берадиган, лабларини «ўрдакча» қиладиган ва «селфи»ларини ижтимоий тармоқлар орқали бутун дунёга, жумладан, эркакларга ҳам намойиш этадиган муслималарнинг «селфи»га қизиқиши ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Бу ерда шуни ёдга олиш керакки, пағамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзига атир сепиб, бегона эркак ёнидан унинг эътиборини жалб қилиш учун ўтиб кетган аёлни бевафо хотинга тенглаштирган.
Ривоятларга кўра, бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қизи Фотимадан (розиаллоҳу анҳо) сўради: «Аёллар учун нима энг яхши ҳисобланади?». У жавоб берди: «Уни эркаклар кўрмаслиги, у эса эркаклардан ҳеч кимни кўрмаслиги». Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бундай жавобдан хурсанд бўлди ва деди: «Фотима – менинг бир бўлагимдир».
Агар сиз «селфи асири» бўлиб қолаётганингизни ҳис қилсангиз, таҳлил қилиш ва ҳаётингизни ўзгартиришга уриниб кўринг.
Энг аввало, истакларингизни янгиланг, нимаики иш қилсангиз, ҳаммаси Аллоҳ Таолонинг розилиги учун қилинишига ҳаракат қилинг.
Бандалардан эмас, Аллоҳ Таолодан тушуниш ва маъқуллашни қидиринг. У сиздан розими деган савол беринг? Шунда ташқи дунёнинг берадиган баҳоси ёки танбеҳлари сиз учун ҳеч қанадй аҳамиятга эга бўлмай қолади.
Ёнингиздаги одамларга – оилангиз, қариндошларингиз, мусулмон-биродарларга эътибор қаратинг. Улар ҳақида қайғуринг, уларга ғамхўрлик ва илиқлик улашинг, улар ҳам албатта, сизга худди шундай жавоб қайтаришади!
Чиройли «селфи» қилиш учун кўп ақл ва қобилият талаб қилинмайди. Одамнинг ўзи устида ишлаши, такомиллашуви, ислом йўлига қатъий риоя қилиши, мунтазам эзгуликлар қилиши қийинроқ. Камерага қараб эмас, ҳаётда гўзал хулқли бўлинг!

Интернетдан
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase