close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

КИМ ҲАҚИҚИЙ ФАШИСТ? Фашизмнинг асосий аломатлари

“...Авторитар режимнинг энг хавфли шаклларидан бири фашизмдир. Фашистик режим XX асрнинг 30-40 йилларида ғарб мамлакатларида (Германия, Италия) пайдо бўлиб, у ерда мавжуд бўлган демократик ҳуқуқ ва эркинликларни йўққа чиқарди ва мухолиф партия ва ташкилотларни террористик усулни қўллаб янчиб ташлади.

“...Авторитар режимнинг энг хавфли шаклларидан бири фашизмдир. Фашистик режим XX асрнинг 30-40 йилларида ғарб мамлакатларида (Германия, Италия) пайдо бўлиб, у ерда мавжуд бўлган демократик ҳуқуқ ва эркинликларни йўққа чиқарди ва мухолиф партия ва ташкилотларни террористик усулни қўллаб янчиб ташлади. Фашизмга ижтимоий асосни ҳокимиятга интилувчи кучлар ва алданган ишчи, деҳқонлар қатлами яратдилар. Фашистик режимларни пайдо бўлишига жамиятнинг ичида ижтимоий-синфий зиддиятларнинг кескинлашуви, ҳукмрон синфнинг сиёсий ҳокимиятини инқирози сабаб бўлади. Инқирозлар натижасида ҳукмрон табақа ўз ҳукмронлигини либерал-демократик усуллар орқали таъминлай олмайди, шу сабабли ҳокимиятни қўлдан бой беришдан қўрқиб террористик усулларни қўллашга ўтади. Уларга мисол қилиб, иккинчи жаҳон уруши бошланиши олдидаги Германия ва Италиядаги фашистик режимларни кўрсатиш мумкин. Бу мамлакатларда мавжуд бўлган фашистик режимни хусусиятларига қуйидагиларни кўрсатиш мумкин: аҳолини кам таъминланган қатламини ҳимоя қилишни рўкач қилиб бошқарувни репрессив усулларини қўллаш; оммавий ахборот воситалари орқали ғайрикоммунистик ва ғайрисемит ғояларни тарғиб қилиниши; халқ фаровонлиги учун ғамхўрлик қилиш тўғрисидаги ёлғон шиорларни тарқатиш; фашист раҳбарлари сиёсатига қарши бўлганларга давлат миқёсида кураш олиб бориш; ҳукмрон доираларнинг армия, полиция ва бошқа репрессив кучларга таяниши; Германия ва Италия фашистларининг йўлбошчиларининг дахлсизлиги доҳийликка даъвогарлиги ва ҳоказо. Юқорида санаб ўтилганлардан ташқари, фашистик режимнинг яна бир қатор ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Улардан энг муҳими ижро этувчи ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ҳокимиятдан мутлоқ устунлигидир. Ижро этувчи ҳокимиятнинг мутлоқ устунлиги «туб ислоҳотлар»ни ўтказиш, «миллат бирлиги» учун курашиш, «ҳақиқий» демократияни ўрнатиш, қонунийлик ва адолатни тантанаси учун курашиш каби шиорларни ўртага ташлаш билан таъминланди. Бунда парламент фаолият юритишни тўхтатади ва сиёсий жиҳатдан бетарафлашади. Парламент ўзининг қонунларни яратиш ваколатидан маҳрум бўлади”.
Конституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғатдан
Сўнгги йилларда ғарбда фашизм бош кўтармоқда, айниқса, Украина атрофида бўлаётган ҳодисалар соясида телеэкранларда ҳамда бошқа ахборот воситаларида тарафларнинг бир-бирларини ва радикал миллатчилик кайфиятидаги аҳолиларни фашизм да айбланишини кўп кўряпмиз. Баъзилар қайси бирларининг сўзларига ишонишларини ҳам билмай қолишди, чалкашиб кетишди. Эътиборларингизга ғарблик бир олимнинг илмий тадқиқотни тақдим қиламиз, яъни бу нарса фашизм аломатлари ва унга бўлган моилликни аниқлаб олишга ёрдам беради, деб умид қиламиз.
Британиялик доктор Лоренс Брит Гитлер (Олмония), Муссолини (Италия), Франко (Испания), Сухарто (Индонезия) ва Пиночетларнинг (Чили) фашистик тузумларини ўрганиб чиққан. Унинг хулоса қилишича, барча фашистик тузумлар ўн тўртта умумий аломатга эгадир, мазкур аломатлар эса фашизм ҳусусиятини ташкил қилади. Олим тадқиқот натижаларини американинг гуманитар журанали “Free Inquiry”нинг сайтида 2003 йили “Кимгадир фашизм керакми?” деб номаланган мақоласида чоп қилган.

Демак, Лоренсу Бриттга кўра фашизмнинг 14 та аломати:

1. Кучли ва давомли равишда миллатчилик  — фашистик тузумлар доим миллатчилик шиорлар, тимсоллар, қўшиқлар ва ҳакозолардан фойдаланишади. Байроқларини ҳамда уларнинг белги-тамғаларини ҳамма жамоат жойларида кўриш мумкин бўлади.
2. Умум тан олинган инсон ҳуқуқларини паймол қилишади — душмандан қўрқиш ва ҳавфсизликни таъминлаш баҳонасида фашистик ҳукуматлар “зарурат” учун инсон ҳуқуқларига амал қилмаса ҳам бўлади деб уқтирадилар. Одамларни “ўзгача” фикрлашга мажбур этишади ёки (“миллий ғоя” учун ) қотилликлар, зўравонликлар ёки узоқ муддатда ҳибсда сақлашни ва шунга ўхшаш нарсаларни  ижобий нарса дея қабул қилдиртиради.
3.  Душманни аниқлаш/гуноҳларни ювадиган қурбонликлар бирлаштирувчи асос сифатида — фашистик тузумларда халқлар умумий ҳавф ёки душманга (ирқий, диний ёки миллий озчилик, либераллар, коммунист, социалист, террорчилар ва ҳакозаларга) қарши кураш учун ватанпарварлик руҳидаги ҳаракатларда бирлашадилар:
4. Ҳарбий ва куч ишлатар тизимларнинг устунлиги —мамлакатда жуда кўп ечилиши лозим бўлган муаммолар бўлса ҳам куч ишлатар тизим ва ҳарбийларга давлат бюджетидан кўп миқдорда пул ажартилади, ички муаммолар эса ҳал бўлмай ётаверади. Тарғибот воситасида ҳарбийлар ва ҳарбий хизмат ҳақида ижобий тасаввур ҳосил қилдирилади.
5. Жинсий аломат бўйича кучли камситиш — фашистик ҳукуматларда эркаклар кўп бўлиб, аёлларга йўллар тўсилади.
6. ОАВлари устидан назорат — улар бевосита ҳукумат тарафидан ёки билвосита ҳукуматга ҳамтавоқ бўлган журналистлар тарафидан назорат қилинади. Цензура жорий қилинади, айниқса ҳарбий ҳаракатлар даврида у жуда кучайтирилади.
7. Васваса оқибатидаги психоз туфайли миллий хавфсизликка ҳаддан ошиқ эътибор қаратилади — қўрқувдан мотивацион (важ, баҳона) восита сафатида фойдаланган ҳолда оммани босиш, эзиш учун фойдаланилади.
8. Дин ва ҳукумат одамлари бир-бирлари билан чатишиб кетади — фашистик мамлакатларнинг ҳукуматлари ижтимоий фикрни бошқариш, назорат қилиш учун диндан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишади. Ҳукумат пешволари диний риторика ва истилоҳлардан кўп фойдалана бошлайди. Ҳатто диннинг асослари ҳукумат сиёсати ва қилаётган ишларига зид бўлса ҳам.
9. Корпорациялар ҳимояси — фашистик мамлакатларда иқтидорга пешволарни кўпинча саноат ва тижоратдаги йирик аристократия вакиллари олиб келади, шунинг учун ҳукумат элитаси билан яхши ва ўзаро фойдали муносабатлар ўрнатилган бўлади.
10. Касаба уюшмаларининг камситилиши — фашистик ҳукуматларга реал ҳавф соладиган ягона куч бу касаба уюшмалар бўлгани учун, уларни умуман йўқ қилиб юборишади ёки имкониятлари жиддий равишда чекланган бўлади.
11. Зиёлиларга ва санъатга нафрат — фашистик мамлакатларда олий таълим ва олимларга нисбатан душманлик кайфияти қўллаб-қувватланади ёки бундай кайфиятларга қарши ҳеч нарса қилинмайди. Кўпинча зиёлилар таъқибга учрайди, хатто уларни қамаб ташлайдилар. Санъаткорлар ўз ғояси, дунёқарашини эркин ифода эта олишмайди. Ҳукумат аксар ҳолатларда санъатни молиялаштирмай қўядилар.
12. Жиноят ва Жазо ғоясининг бўриттирилиши — фашистик тузумларда полиция чекланмаган ҳуқуқга эга бўлади. Халқ ватанпарварлик ғоялари учун аксар ҳолатларда полиция ҳаддидан ошаётганини кўришни истамайди, ҳатто ўзининг фуқаровий ҳуқуқлари паймол бўлса ҳам. Кўп ҳолларда чеклангмаган ҳуқуқ билан қуролланган миллий полиция ташкил қилинади.
13.  Тийиқсиз таниш-билишчилик ва коррупция — доим фашистик тузумларни таниш билиш ва шериклар аймоғи бошқариб келади, улар бир-бирларини ҳукуматнинг муҳим лавозимларига тайинлашади ва иқтидорни ўз аймоғи вакилини ҳимоя қилиш учун фойдаланади. Кўп ҳолларда ҳукуматдаги пешволар давлат ресурслари ва хазинадаги бойликларни ўзлаштириб олади, халқ бойлигини талон-тарож қилади, ўғирлайди.
14. Мутаҳҳамчилик йўллари билан ўтказилган сайловлар — фашистик мамлакатларда сайловлар кўпинча фарсга  айланади. Кўп ҳолларда муҳолифатдан бўлган номзодларга нисбатан туҳмат кампанияси  бошлаб юборилади. Қонунлар, ОАВлари ва шу каби ресурслар фақат улар учун ишлайди. Фашистик тузумлар кўп ҳолларда сайловларда ҳийла-найранг қилиш учун суд тизимидан ҳам унумли фойдаланади.

***

Италиялик машхур семиотик  олим  ва ёзувчи Умберто Эко ҳам ўзининг “Абадий фашизм” деб номанган илмий асарида фашизмнинг қуйидаги аломатларини кўрсатиб ўтган:

- анъаналарга ҳаддан ошиқ эътибор, эҳтиром (анъаналар культи);
- синкретизм  – айни ҳолатда турли хил диний эътиқод ва амалларнинг аралашуви эмас, балки уларнинг бир бирига зид бўлган жойларини кўрмаслик, фарқни писанд қилмаслик;
- билимни ривожлантиришга тўсқинлик. Ҳақиқат бир марта айтилди ва у ҳар доим биз билан;
- модернизм ни қабул қилмаслик;
- иррационаллик;
- ҳаракат учун ҳаракатга ҳаддан ошиқ берилиб кетиш (ҳаракат учун ҳаракат культи);
- жамиятдаги зиёлиларга нисбатан шубҳа;
- (фашистик ҳукумат мафкурасига) қўшилмасликни сотқинлик деб баҳолаш;
- иқрчилик;
- қандайдир иқтисодий ёки сиёсий инқироздан жабр кўрган ёки қандайдир хавфдан хавотирда бўлган ўрта синфга суяниш;
- миллатчилик (миллатни бирлаштирадиган ягона нарса — бу душманлардир);
- фитна (назарияси) ғояси;
- душманлар ё ўта заиф ё жуда кучли деб таъриф қилинади;
-  ҳаёт учун кураш йўқ, бунинг ўрнига кураш учун ҳаёт суриш бор. Пацифизм  душман билан ака-ука тутиниш деб қабул қилинади. Пацифизм ножўя нарсадир, чунки ҳаёт бу доимий курашдир.
- заифларга нисбатан нафрат;
-  “Биз ҳаммадан яхшимиз”, деган популистик шиорлар
- Ўлим культига боғлиқ бўлган қаҳрамон ва қаҳрамонликлар васфи, ҳаддан ошиқ эътироф;
- доимий равишда ўтказиб келинадиган ҳарбий ўйинлар (ва парадлар);
- фашистларнинг доҳийси ҳамманинг номидан гапиради. Кимнидир вакил қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган оддий фуқаролар энди халқ ролини бажариши керак бўлади. Шу тарзда халқ фақат театр феномени сифатида мавжуд бўлиб қолади;
- “Чириб кетган парламент демократияларига” нисбатан нафрат;

Абу Муслим, "Янги дунё" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase