Бу китобда у, шунингдек, ушбу масалага тааллуқли дастлабки аср машҳур раввинларининг сўзларини келтиради:
“Исроил қизларига очиқ бош билан кўчага чиқиш ярашмайди”; “Ўз хотинининг яланг бош юришига рухсат берувчи эркакларга лаънат бўлсин”; “Чиройли кўриниш учун ўз бошини ўрамайдиган аёл, фақирлик келтиради”.
Кейин доктор Брайер бундай дейди: “Илк даврларда бошяланг аёл енгилтабиат аёл саналган. Тарихнинг турли даврларида бош ёпинчиғи диёнат, бой табақага мансублик белгиси, ўзгачалик рамзи сифатида хизмат қилган. Бош ёпинчиғи диёнат ва юқори табақага мансублик белгиси саналганлиги боис, қуйи табақага оид аёллар аслзода сифатида кўриниш учун ёпинчиқ ўрашган”.
Талмудга (яҳудийларнинг диний қонун – қоидалар китоби) мувофиқ, аёл кишининг ялангбош билан жамоат жойига келиши гуноҳ саналади. Эски Аҳднинг учта турли жойларида аёлларнинг бошларини ёпишлари ҳақида эслатма мавжуд. Исайя 3/20 китобида “бошга ўраладиган ёпинчиқ” маъносини англатувчи “фара” сўзи қўлланилган; ўша ерда 3/23 да "тснийафаах” сўзи қўлланилган, у “ҳижоб” маъносида файдаланилган; Ибтидо 24/65-38/14.19 китобида эса "тсайафа” сўзи бўлиб, юзни беркитувчи ёпинчиқ маъносини англатади. Бундан ташқари яҳудийларнинг муқаддас ёзувларида “радод” сўзи ҳам учрайдики, у тананинг юқори қисмини ўраб турувчи ёпинчиқ маъносини англатади.
Христианликнинг асосий тамойилларини баён қилиб берган Апостол Павелнинг айтишича: “Аёл киши ёпинчиқ билан ўранмасдан туриб Худога дуо билан мурожаат қилмаслиги лозим. Агарда аёл бошини ўрамас экан, у ҳолда унинг сочларини қириш керак”.
Христианлик анъаналарига кўра иффат ва покизалик белгиси саналган биби Марям ҳар доим ёпилган бош билан тасвирланади. Шунингдек, рохибаларнинг ҳам бутун тана ва бошларини ёпиб юришлари яхши маълум.
Моҳиятан олиб қараганда, Аллоҳ таолога ва абадий ҳаётга бўлган ишонч каби асосий диний тамойиллар барча пайғамбарларда айни бўлган, фарқ фақатгина баъзи жойларда бўлган. Барча пайғамбарлар ягона Аллоҳ таолога ва Унга ибодат қилишга чақиришган, шунингдек аҳлоқий мукаммалликка йўл кўрсатишган.
Манбалар асосида Абу Муслим тайёрлади