Толибларнинг ўзи ўзгарганлиги, бошқа мамлакатлар билан дўстона ва унумли алоқалар ўрнатишга тайёр эканлигини таъкидламоқда. Замонавий технологияларни инкор қилган аввалги ҳаракатдан фарқли равишда, ҳозирги «Толибон» пиар техникасини ажойиб тарзда эгаллаб олган ва ўз мафкурасини тарғиб этиш учун ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланяпти.
Яқинда Associated Press га берган интервьюсида «Толибон» вакили мулла Нуруддин Турабийнинг айтишича, ҳозирда толиблар телевидение, мобил телефонлар, фотография ва видеога рухсат беряпти, «чунки бу одамларнинг эҳтиёжлари ва биз бунга жиддий муносабатдамиз». Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ҳаракат медиани ўз ғояларини тарқатишнинг асосий воситаси сифатида кўриб чиқмоқда. Бироқ бунда у қатл этиш ва қўл-оёқларни чопиб ташлаш амалиётини қайтариш нити ҳақида ҳам айтиб ўтди ва қўлларни кесиш «хавфсизликни таъминлаш учун зарур» эканлигини таъкидлади.
Таъкидлаш жоизки, «Толибон» ижтимоий тармоқларни ўзлаштиришни Кобулнинг қулашидан анча олдин бошлаган. Америкалик экспертларнинг маълумотларига кўра, ҳаракат тарафдорлари 2011 йилдан бери Twitter, 2014 йилдан бери Telegram тармоқларида мавжуд, 2019 йилга келиб эса, ўз постларини илгари суриш учун хештеглардан фойдаланишни ўрганиб олган.
Ашраф Ғани маъмуриятининг бошқаруви даврида толиблар ўз ғалабалари ва душманнинг йўқотишлари ҳақида хабар қилиб, тарғибот воситаси сифатида Twitter дан фаол фойдаланган. Қолаверса, ахборот урушини нариги томон ҳам олиб борган.
Бундан ташқари, Толибон дипломатик мақсадларда ижтимоий тармоқлардан фойдаланган. Хусусан, аввалги ҳукумат билан музокаралар чоғида ҳаракатнинг Доҳадаги сиёсий идораси учрашувлар ва халқаро ташрифлар ҳақида мунтазам равишда ижтимоий тармоқларда маълумот бериб турди.
Кобул қулаганидан сўнг Facebook, WhatsApp, Instagram ва Tik-Tok АҚШ нинг санкциялар тўғрисидаги қонунига таниб, «Толибон» аккаунтларини ўчиришни бошлади. Бироқ толиблар янги аккаунтлар очишни давом эттирдилар. Улар шунингдек, ҳозирча уларни блоклаб турган Twitterда фаол фойдаланувчилардан ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, Twitter собиқ президентни умрбод блоклаб қўйганлигини эслатган Дональд Трамп тарафдорларини ғазабга келтирди.
Айни пайтда, таҳлилчиларнинг қайд этишича, толиблар аксарият ҳолларда зўравонликка чақирмаган ёки белгиланган қоидаларни бузмаган ҳолда ижтимоий тармоқларни эҳтиёткорлик билан юритади. Мутахассисларнинг фикрича, ижтимоий тармоқлардан бундай моҳирона фойдаланиш «Толибон» пиар-компаниялар билан маслаҳатлашишидан далолат беради.
"Ушбу аккаунтларни «Толибон» етакчилари ёки жангарилари бошқармайди, улар компьютер ва портатив қурилма орқали узлуксиз интернетга эга ва унга кира оладиган ва инглиз тилида яхши гапирадиган одамлар томонидан бошқарилади", - деди Washington Post нашрига ижтимоий медиа дезинформацияси бўйича тадқиқотчи Клемсон университетидан Даррен Линвилл
Твиттердаги энг кўп обуначилар сони (тахминан 535 минг киши) «Толибон»нинг Қатар идораси вакили Суҳаил Шаҳиндир. «Толибон» айнан уни Афғонистоннинг БМТдаги вакили этиб тайинланмоқчи.
Обуначилар сони бўйича (405 мингдан ортиқ) иккинчи ўринни “Толибон” ҳаракатининг яна бир вакили Забиуллоҳ Мужоҳид эгаллаб турибди. Узоқ вақт давомида у ҳаракат номидан баёнотлар берди, интервьюлар берди, лекин август ойида «Толибон» Кобулга киргунга қадар уни ҳеч ким кўрмаган. Шу муносабат билан бу ном остида бир неча киши яширинганлиги ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди. 17 август куни Мужоҳид илк бор омма олдига чиқди ва Афғонистон пойтахтида илк матбуот анжуманини ўтказди. Кейинроқ «Толибон» уни муваққат ҳукуматда ахборот ва маданият вазири ўринбосари этиб тайинлади. «Толибон» ҳокимиятга келганидан кейин Мужоҳид ҳаракат вакили сифатида фаоллигини давом эттиради ва кўплаб интервьюлар беради, жумладан, Россия матбуотига ҳам.
«Толибон»нинг бошқа вакиллари ҳам Твиттерда аккаунтларига эга, жумладан Муҳаммад Наим Вардак (253 мингдан ортиқ ўқувчи), Қори Юсуф Аҳмадий (тахминан 80 минг) ва Қори Саид Хости (183 мингдан ортиқ обуначи).
Британиянинг BBC хабарига кўра, Хости «Толибон» тарафдорларини ижтимоий тармоқларга жалб қилиш билан шуғулланган. Нашрга берган интервьюсида у шундай деди: “Душманларимиз телевидение, радио, ижтимоий тармоқларда тасдиқланган аккаунтларга эга, бизда эса улар йўқ эди, лекин биз Твиттер ва Фейсбукда улар билан жанг қилдик ва уларни мағлуб этдик”. Ҳозирда у Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби лавозимида ишлаб келмоқда.
Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Амир Хон Муттақийнинг ҳам Твиттерда аккаунти бор. У жорий йилнинг сентябрь ойида, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари тайинланганидан кейин рўйхатга олинган. Айни пайтда унинг 6,4 мингга яқин обуначиси бор ва аккаунт бир неча ҳафтадан бери янгиланмаган. Шунга қарамай, Ташқи ишлар вазирлигининг «Толибон» томонидан тайинланган вакили Абдул Каҳар Балхий Твиттерда мунтазам равишда ТИВ фаолияти ҳақида ёзиб боради. Ҳозир унинг 40 мингдан ортиқ обуначиси бор. Қоидага кўра, хабарлар икки тилда: пушту ва инглиз тилида берилади.
Гуруҳ раҳбари Ҳаққоний ва «Толибон» муваққат маъмуриятининг амалдаги ички ишлар вазири Сиражуддин Ҳаққонийнинг укаси Анас Ҳаққоний ҳам Твиттерда рўйхатдан ўтган. Ҳозир унинг 160 мингдан ортиқ обуначиси бор. Кобул «Толибон» томонидан қўлга киритилганидан кўп ўтмай унинг саҳифасида “уруш тугади”, “кечирим вақти келди” деган ёзув пайдо бўлди. Унинг постлари тўрт тилда мавжуд: пушту, дари, инглиз ва араб тилида ёзилади.
Сиражуддин Ҳаққонийнинг аккаунти йўқ. Бироқ, «Толибон» вакилларининг матбуотга айтишича, ҳаракат 2020 йил феврал ойида Американинг New York Times газетасида чоп этилган мақоласини тарғиб қилиш учун Твиттердаги иштирокини кенгайтиришга қарор қилган. “Биз толиблар нимани хоҳлаймиз?” сарлавҳали рукни Афғонистонда ҳам, мамлакат ташқарисида ҳам кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Кузатувчилар мақола услубига эътибор қаратиб, унинг тили қуролли гуруҳ раҳбаридан кўра ғарб таҳлилчисининг тилига ўхшашлигини таъкидладилар. Шу билан бирга, нашр вақтида Сиражуддин Ҳаққоний аллақачон ФҚБнинг энг хавфли террорчилардан бири сифатида қидирувга берилганлар рўйхатида бўлган ва унинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумот учун 10 миллион доллар ваъда қилинган эди.
Ижтимоий тармоқларда Толибон етакчиларининг сохта саҳифалари ҳам яратилмоқда. «Толибон»нинг ўзи хабар беришича, муваққат ҳукумат раҳбари Муҳаммад Ҳасан Охунднинг аккаунти йўқ. Бироқ Афғонистоннинг “Пажвок” ахборот агентлигига кўра, унинг номи остида Фейсбукда иккита ва Твиттерда битта сохта саҳифаси яратилган. Ўз навбатида, унинг ўринбосари, шунингдек, ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтмаган мулла Абдул Ғани Барадар номидан Фейсбукдаги 10 та сохта саҳифа ва 8 та Твиттер аккаунти сақланмоқда. Юқорида тилга олинган Забиуллоҳ Мужоҳиднинг 17 та сохта Фейсбук аккаунти ва 1 та Твиттер саҳифаси бор.
Ижтимоий тармоқлар «Толибон»нинг оддий аъзолари орасида машҳурликка эришди. Кобул қулаганидан бери ижтимоий тармоқлар жангариларнинг маҳаллий боғларда сайр қилаётгани суратлари билан тўлиб кетди. Американинг Wall Street Journal нашрининг хабар беришича, «Толибон» асосчиси ва ҳукумат раҳбарининг ўғли Мулла Муҳаммад Ёқуб «Толибон»ни селфига тушишни бас қилишга чақирган. Унинг сўзларига кўра, бу кадрга тушган ҳаракат етакчиларининг хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин.
Мутахассисларнинг қайд этишича, “Толибон” тарафдорлари ижтимоий тармоқларда янги ҳокимиятнинг ижобий имиджини яратишга қаратилган контентни жойлаштирмоқда.
“Толибон мамлакат ичкарисида ҳам, ундан ташқарида ҳам улардан ёрдамга ва қонуний ҳукумат сифатида тан олинишга эҳтиёж сезаётган дунё ҳамжамияти билан алоқа ўрнатиш учун мураккаб ижтимоий медиа стратегиясидан фойдаланмоқда”, деди Джейн Холл, Америка университети Коммуникациялар мактаби профессори араб ОАВларига берган интервьюсида.
Унинг аниқлик киритишича, Толибон “ташвиқот видеолари ва ижтимоий тармоқлар орқали уларни ҳокимиятдаги қонуний ҳукумат, афғон халқининг тинч иттифоқчиси эканига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда”.
Толибон тарафдорлари орасида ўзини муҳаррир, фотограф, график дизайнер, кинематограф ва режиссёр деб атайдиган фойдаланувчилар ҳам бор. Жойлаштирилган визуал контент уларнинг замонавий компютер дастурларини яхши билишидан далолат беради. Масалан, Youtube да улар Photoshop ёрдамида исломий плакат ясаш ҳақида видеоларни жойлаштирадилар.
Ҳаракатнинг Твиттердаги тарафдорлари орасида “журналистика бўйича директор”, “тинчлик фаоли” ва ҳатто “инсон ҳуқуқлари ва аёллар ҳуқуқлари фаоли” ҳам бор.
Улар барча майдонларда ҳаракатнинг янги қиёфасини тарғиб қилмоқдалар ва бутун дунё билан дўст бўлиш ниятида эканликларини эълон қилмоқдалар, бироқ дунё уларга ишонишга ҳали тайёр эмас: шу кунгача ҳеч бир давлат «Толибон» ҳукуматини тан олмаган. Афғонистонда этник тозалашлар, қотилликлар, мажбурий кўчирилишлар ва бошқа инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида хабарлар келишда давом этмоқда. Мамлакатда «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан кейин оммавий ахборот воситаларининг 70 фоизи ёпилди, кўплаб журналистлар ишсиз қолди, бошқалари таҳдид ва босимлардан қўрқишмоқда. «Толибон 2.0» дунёни ҳақиқий ўзгаришларга ишонтира оладими ва халқаро эътирофга эриша оладими ёки йўқми, ҳозирча ноаниқ қолмоқда.
«Толибон» ижтимоий тармоқларни қўлга олмоқда
Шу йилнинг август ойида ҳокимит тепасига «Толибон» келганидан сўнг бу ҳаракат 90-йиллардан кейин қанчалик ўзгаргани ва унинг ҳозирги тарафдорлари қандай эканлиги ҳақида гап-сўзлар тўхтамаяпти.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Жамият
|
Калит сўзлар
Бошқа мақолалар: Абу Муслим
- Қўрқув формуласи: Россия нима учун қитъалараро баллистик ракетани ишлатди?
- Оқ уй: Путиннинг таҳдидларига қўйганимиз бор АҚШ Украинага ёрдам бераверади
- Супертурбина водородда ишлаб чиқарилаётган энергия: Россия газига алтернатива
- Халқаро Жиноят Суди жиноятчи Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазирига нисбатан ҳибс ордери чиқарди
- Инсон ҳуқуқлари умумий Ислом декларацияси