close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ислом дунёсидаги энг асосий 10 та биоэтика муаммолари

Охирги ўн йилликларда фан-техника соҳасида эришилаётган ютуқлар билан боғлиқ ахлоқий мураккаб масалалар (дилеммалар), хоҳ диний, хоҳ дунёвий жамият бўлса-да, ҳар қандай кўринишдаги жамиятга даҳл қилмоқда.

"Бунда биоахлоқ (биоэтика) соҳасидаги секуляризация ҳодисаси биоэтика борасидаги баҳс-мунозараларда устунлик қилмоқда.  Биоэтика соҳасида диний-тиббий анъана ўрнига фалсафий-ҳуқуқий концепция қарор топаётганлиги кузатилмоқда”, - деб таъкидлаган эди Дэниел Каллаан (Daniel Callahan) бундан йигирма йил олдин.
Бироқ кўплаб диний жамоаларда, мисол учун, мусулмонлар орасида биомедицинанинг этикасига оид саволларига жавоб излашда диний анъаналар асосий манба сифатида ҳали ҳам устувор мавқега эга. 2010-2011 йилларда исломий жамоаларда биоэтиканинг муҳим масалаларини белгилаш учун халқаро анкета сўровлари ўтказилди. Ушбу мақолада мазкур тадқиқотнинг натижалари, яъни мусулмон мамлакатларида биоэтика ривожланишининг ўнта муҳим йўналишлари тақдим этилган.

Қонун, этика ва Ислом уламоларининг фикри

Ислом жамиятида мусулмон шахснинг шахсий ва ижтимоий ҳаёти, унинг саломатлик, касаллик, ҳаёт ва ўлимга бўлган муносабатлари Ислом таълимотидан келиб чиқади. Шундай қилиб, мусулмонлар учун ўзларининг диний эътиқодлари саломатлик масаласида ҳам бирон бир қарор қабул қилишда кучли омил ҳисобланади.
Исломнинг этика-ҳуқуқий анъанаси ҳам биотиббиёт кўяётган саволларга жавоб излашга асос бўлиб хизмат қилади. У клиник ва тадқиқот амалиётида қарор қабул қилиш жараёнига ҳам татбиқ қилинади. Бироқ, Исломнинг барча ҳуқуқий мактабларини бошқариш бўйича марказлаштирилган бир идоранинг йўқлиги сабабли, амал қиладиган диний амалиётни Шариат (фиқҳ) соҳасидаги мутахассис (фақиҳ)лар белгилаб берадилар. Шу аснода, Ислом юриспруденцияси томонидан биоэтика масалаларини кўриб чиқишда, агар кўрилаётган предметга нисбатан муқаддас матнларда аниқ кўрсатма (насс) бўлмаса, қарор қабул қилиш ижтиҳод (яъни, фақиҳларнинг хулосаси) йўли билан бўлади.
Фарҳод Муаззамнинг айтишича, Ислом биоэтика масалалари бўйича баҳс ва қарор қабул қилиниши қандайдир вакуум ичида эмас, балки, бир тарафдан, маълум маънодаги сиёсий-ҳуқуқий тизим ва, иккинчи тарафдан, мавжуд ижтимоий қоидалар асосида бўлади.
Этиканинг қийин ва мураккаб тамойилларини таъминлаш Ислом ва соҳа мутахассилари ҳамкорлигида амалга оширилади. Тадқиқотга жалб қилинган мутахассислар сўзига кўра, қонун, этика ва уламоларнинг фикрлари ўртасидаги муносабатлар Ислом мамлакатларида асосий йигирмата биоэтика муаммолари ичида биринчи рақамли устувор масала ҳисобланади.
Этиканинг барча тизимлари, диний ёки диний бўлмасин, этика ва қонун масаласи жуда муҳим масала ҳисобланиб, баҳс аниқ бўлишини талаб қилади. Бироқ, Ислом ҳақида сўз борганида, бу ерда яна бир муҳим омил катта рол ўйнайди, яъни фатво катта аҳамиятга эга.
Маълумки, Исломда биоэтика - бу, асосан, Ислом ҳуқуқи ва этикаси тармоқларидан биридир. Биоэтик адабиётларга кўра, ва айнан Ислом биоэтикасида, Ислом уламолари кўпинча Исломнинг асосий манбаларига ҳавола қиладилар: Қуръони Карим ва Суннатга (Пайғамбар (соллалоҳу алайҳи васаллам)нинг айтганлари ва қилганлари). Бироқ, уламоларнинг асосий вазифаси - у ёки бу биоэтик масала юзасидан ижтиҳод йўли билан "мустақил ҳуқуқий фикр ва шарҳ" беришдир. Буни Ислом анъаналарида Ислом ҳуқуқининг манбаларини шарҳлаш асосида қарор қабул қилиш, дейилади. Амалиётда, сўз биоэтик дилемма ҳақида борар экан, мунозара ва қарор қабул қилишда ҳам биолог-олимлар, ҳам шифокорлар, ҳам диний уламолар иштирок этадилар.
Турли масалаларга жавоб излаш жараёнида, биринчи бўлиб, ўрганилаётган масала бўйича динда нима дейилганига қаралади. Масалан, аъзоларни кўчиришда аввало Шариат мияси ўлган пациент танасидан унинг аъзосини олишга рухсат берадими деган саволни ўртага ташлайди ва агар жавоб ижобий бўлса, масала қонун чиқарувчиларга ҳавола қилинади. Шу билан бирга таъкидлаш лозимки, биз кўриб чиқаётган масаланинг эстетик жиҳатлари юқорида санаб ўтилган қадамлардан кейингина эътибор қаратилади.
Исломий биоэтикада диний қарашнинг усутунлиги очиқ-ойдин кўзга ташланиб туради: ҳар қандай янги биотехнологик жараённи қўллашдан олдин унинг шариатга тўғри келиши ёки келмаслиги (унинг ҳалол ёки ҳаромлиги) ҳақидаги савол юзага чиқади, олимлар ва шифокорлар ислом олимлари - фақиҳларнинг фикрини билишга ҳаракат қилишади. Тиббий фанлар исломий уюшмасининг ишлари биотехнология соҳасида янги ютуққа эришилганда туғиладиган саволларни шариат фикрига мослаштириш қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Шу тарзда, мусулмон жамиятларида ислом ҳуқуқшуносларининг (фақиҳлар) фикрига солиштирганда ахлоқий-илоҳий қарашларга зидлик иккинчи даражали ўринга тушиб қолади.
«Гарчи Исломнинг ҳуқуқий (фиҳқий) методологияси мусулмонларнинг кундалик ҳаётида дуч келадиган масалалар юзасидан ҳукм чиқариш мобайнида зарардан қочиб, фойда олиш каби маънавий тамойилларга асосланган бўлса-да, кўриб чиқилаётган масалаларнинг фиқҳий хулосаларида аста-секинлик билан аҳлоқий жиҳатлар инобатга олинмайдиган бўлди», - дейди А. Сахедина. Унинг фикрича: «Маънавий эпистемология ёки маънавий онтология билан боғлиқ ахлоқий изланиш, умуман олганда, асосан фиқҳга урғу бериб келган Ислом мазҳаблари дастурларида етарлича ифода этилмаган»
Бир тарафдан, ҳуқуқий вакуум ва этикадаги бахсли масалалар шароитида  позитив фатвонинг мавжудлигини қонунийлаштиради, бошқа тарфдан эса фақиҳлар тарафидан қандайдир масалада тақиқ бўлса, қонуний база ёки этика бўйича бахсларга ҳам ўрин қолмаслигини таъкидлаш зарур. Масалан, вақтинча (суррогат) оналик, сперма ва эмбрион донарлиги аксар мусулмон юртларида тақиқланган (Эрондан бошқа). Шундай қилиб, бу мавзулар кун тартибида ҳам тургани йўқ ва приоритет бўлмагани боис мутахассислар бу масалаларни бахс қилишга қизиқаётганлари ҳам йўқ. Ушбу мавзунинг биринчи рақамли приоритет сифатида танланиши Ислом дунёсида биоэтик бахслар кўп ҳолатларда этика, ҳуқуқ ва фатволарнинг ўзаро муносабатлари ва шунинг учун ҳам бу муносабатлар қай шаклда ташкил топганини билиш ҳам ўта муҳим аҳамият касб этади.

Соғлиқни сақлаш ресурсларини тақсим қилишдаги адолат

Ислом таълимотига кўра, Ислом жамияти таъминлаши керак бўлган энг асосий тамойиллардан бири бу адолатдир. Шунинг учун ҳам бу сўровномада мусулмон биоэтикачилари “соғлиқни сақлаш ресурсларидаги адолат” масаласини биоэтика энг муҳим мунозамаларида иккинчи ўринни берганига ҳайрон қолмаслик керак.
Адолат тамойили ва унинг қўллаш кўламини аниқ тавсифи йўқлигига қарамай, адолат - бу умумбашарий тамойилдир. Ҳолбуки, чекланган заҳираларни адолат билан тақсимлашдек ахлоқий масала соғлиқни сақлашга оид сиёсатнинг энг ўткир ва долзарб масалалар қаторига киради. Адолат тушунчаси Қуръони каримда зикр қилинган. Қуръони карим оятлари тенглик ва адолат ҳақида  умумий тушунча беради, бироқ қандайдир аниқ бир ҳолатга ушбу тушунчалар ва уларга амал қилишни қўллаш ижтиҳод масаласидир. Қуръони Каримда адолат тушунчаси ниҳоятда таъсирли ва ўринли, инсон ҳаётининг жамики ижтимоий ва шахсий жабҳаларида одиллик қилиш ўта муҳим эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган мулоҳазаларда тилга олинади. Қуръони каримда қуйидагилар зикр қилинган:
    «Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз…» (Наҳл сураси, 90-оят);
    «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир китобга иймон келтирдим ва орангизда адолат ўрнатишга амр қилиндим» (Шуро сураси, 15-оят);
    «Албатта, Аллоҳ сизларга... адолат ила ҳукм қилишни амр қиладир» (Нисо сураси, 58-оят).
Юқорида мазкур назарий концепцияларни мўян бир ҳолатга татбиқ қилишда турли хил қарашлар борлиги зикр қилинди. Исломий биотэтиканинг асосий тамоийлларини ишлаб чиқишга бўлган кўп уринишларда асосий урғуни адолатга қаратиш ўта муҳимдир. Жуда кўп мусулмон мамлакатларида саломатликни сақлаш бўйича ресурслар танқислиги кузатилмоқда, шунинг учун ҳам саломатликни сақлаш бўйича ресурсларни тақсим қилишда Исломдаги адолат концепцияси асосида концепутал бир тизимни ишлаб чиқиш керак.

Инсон ҳуқуқларини белгилаб олиш

Биоэтика ривожлангани сари инсон ҳуқуқлари концепциясига ҳам диққат ошиб боряпти. Бу икки тушунча ўртасида бевосита алоқа бор. Инсон ҳуқуқлари деклорацияси асосида биоэтика бўйича жуда кўп халқаро ҳужжатлар ишлаб чиқилган.
Масалан, биоэтика ва инсон ҳуқуқлари бўйича ЮНЕСКО деклорациясининг мақсади инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва қадр-қиммати универсал тамоийллари ишлаб чиқилган. Бироқ, инсон ҳуқуқлари бўйича диний нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда Ислом мамлакатларининг ўзига хос баъзи қарашлари бор. 1948 йили жуда кўп мусулмон мамлакатлари (ҳаммаси ҳам эмас) инсон ҳуқуқлари бўйича умумий деклорацияга имзо чекдилар. Бироқ, мазкур деклорация шариатга мувоффиқми, деган савол туғилди?
Ислом Конференцияси Ташкилотига (айни пайтда Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти) аъзо бўлган 45 та мамлакат Шариатга мувофиқ инсон ҳуқуқларига таъриф беришга уринган ҳолда, 1990 йил 5 августда Исломда Инсон ҳуқуқларининг Қоҳира декларациясини қабул қилдилар. Мазкур декларация, шубҳасиз мусулмон мамлакатларида инсон ҳуқуқларига оид энг муҳим ҳужжатлардан биридир. Қоҳира декларациясининг 24-моддасида шундай дейилган:
“Ушбу декларацияда эълон қилинаётган барча ҳуқуқ ва эркинликлар Ислом шариати билан тартибга солинади”.
25-моддада таъкидланишича, “Ислом шариати ушбу декларациянинг ҳар қандай моддасига таъриф бериш учун ягона меъёрий манба саналади”.
Бироқ, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда Қоҳира декларацияси маданий контекстга бегоналиги ва унда шариат асли нима экани баён қилинмаганидан ҳамда ундаги асосларни икки хил таъвил қилиш имконияти бўлгани учун ҳам Ислом мамлакатлари тарафидан танқидга учради.

Биоэтика салоҳияти

Тўртинчи муаммо сифатида сўровномамиз иштирокчилари томонидан “биоэтика соҳасида салоҳиятни шаклланитириш” муаммоси кўндаланг қилиб қўйилди. Умуман олганда, биоэтика тушунчаси Ғарбга тегишли концепция, мусулмон мамлакатларида бундан йигирма йил аввал биоэтика соҳасида потенциал яратиш ишлари бошланиб кетган, бунда Эрон, Покистон, Миср, Туркия ва Малайзияда қилинган ишлар алоҳида таҳсинга сазовор. Бундан ташқари, кўпгина мамлакатларда биоэтика, тадқиқот институтлари, академик марказлар фаолият олиб бормоқда. Бу масаланинг биоэтика соҳасида муҳим муаммо  эканлиги, биоэтика салоҳиятининг шакллантириб борилиши мусулмон мамлакатлари учун танқидий аҳамият касб этади.

Беморнинг ҳуқуқлари

Бемор ҳуқуқлари муаммоси рейтингда бешинчи ўринни эгаллади. Ислом жамиятларида бемор ҳуқуқлари тушунчасига жуда кўп аҳамият берилмоқда, баъзи мамлакатларда беморлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи миллий қонунлар ҳамда бошқа ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Бироқ диққат-эътибор маркази пациетнинг ўзи бўлиши мумкин бўлган тиббий хизмат тизимини шакллантириш имконини батамом йўқ қилмаган тақдирда ҳам, қийинлаштирадиган бир қатор омиллар мавжуд.
Ислом мамлакатларидаги саломатликни сақлаш тизимида тиббий патернализм устун, яъни шифокор қандайд қарор қабул қилишда абсолют иқтидорга эга. Иккинчидан, тиббиётга оид жуда кўп масалаларда оиланинг ўрни катта. Шундай қилиб, бемор атрофида тиббий хизмат кўрсатиш ва бемор ҳақ-ҳуқуқи каби тушунчалар, ғарбдаги тушунчалардан фарқли ўлароқ, Ислом мамлакатларида бошқача тушунадилар.

Аъзоларни кўчириб ўтказиш

Бундан эллик йил олдин Ислом фақиҳлари ва шифокорлар ўртасида мия ўлими ва аъзоларни кўчириб ўтказиш масаларида узоқ давом этган баҳс бошланган. Бу масала ҳали ҳам жуда кўп мусулмон мамлакатларида “мураккаб” масалалиги бўйича қолмоқда ва биоэтика муаммолари рейтингида олтинчи ўринда турибди.
Умуман олганда, Қуръони каримда ва исломий анъаналарда миянинг ўлими  масаласида аниқ бир кўрсатма йўқ. Шунинг учун ҳам бу масалани фақиҳлар ҳал қилишга уриниб кўрганлар, яъни бу ижтиҳод масаласи бўлгани учун ҳам бу масалага оид турли хил қарашлар шаклланган. Бироқ, Исломда инсон ҳаётини сақлаб қолиш муҳимлигига асосланиб, аксар мусулмон давлатларида мия ўлганидан сўнг ўлик жасаддан аъзоларни бошқа бировга кўчириб ўтказишга имкон берадиган керакли қонун-қоидалар ишлаб чиқилган.

Шахс мухторияти

Исломий биоэтикада устуворлик кўрсаткичнинг еттинчи поғонасини шахснинг эркинлик ва хабардорликка асосланган хоҳиши банд этади. Исломий биоэтикани яқиндан ўрганиб чиқиш шуни тасдиқлайдики, бу ерда ҳам биотиббий изланишлар жараёнида хабардорликка асосланган хоҳишга ҳудди ғарбда бўлганидек аҳамият беради. Аммо, шахснинг эркинлиги ҳақида айтадиган бўлсак, айниқса клиник шароитларда, биоэтиканинг энг муҳим устуни саналадиган Ғарбдагидан фарқли ўлароқ, мусулмон жамиятларда шахснинг эркинлиги тушунчаси деярли акс этмаган. Аслини олганда эса, шахснинг эркинлиги ва ҳуқуқлари борасида мусулмон мамлакатларда соғлиқни сақлашга оид давлат сиёсатининг ишлаб чиқиш ва қарорлар қабул қилишда исломий биоэтиканинг қуйидаги икки асосий тушунчасига тамал қоидалар сифатида амал қилинади: жамиятнинг фойдаси (маслаха) ва “зарар берма” қоидаси.
Саудиядаги Мажма ал-фиқҳи ал-исломий (Исломий фиқҳий кенгаш)га ўхшаш бир қанча исломий ҳуқуқий идоралар тарафидан қабул қилинган қарорларни ўрганиш натижаси шуни кўрсатадики, ҳукм чиқариш жараёнида исломий уламолар жамиятга тегадиган эҳтимолий зарар ва фойдани маромида сақлашга ҳаракат қиладилар. Уларнинг қарорларида жамият ва шахснинг манфаатлари ва эҳтиёжларини муросага келтирадиган ечимни топилиши, баъзи ҳолларда эса, жамият манфаатларининг шахсий манфаат ва ҳуқуқлардан устун қўйилишини кўриш мумкин.

Биоэтика «принципиализми»

Биоэтика доирасидаги баҳс-мунозаралардан маълум бўладики, бу соҳанинг машҳур бўлишида “принципализм” жумладан, шахс мустақиллигини ҳурмат қилиш, унга зарар етказмаслик, унинг фойдасидан келиб чиққан ҳолда иш тутиш, адолат каби тамойиллар устувор аҳамият касб этади ва биоэтика дилеммаларини ҳал этишда фойдали инструмент ҳисобланади. Шу соҳа аксарият мутахасисларининг фикрича, мусулмон жамиятининг олдида турган ахлоқий муаммоларни ҳал этишда бундай ёндашувнинг ўзи камлик қилади. Чунки мусулмонлар жамиятида азалдан шаклланиб келган маданий ўзига хослик, йўл-йўриқлар борки улар хусусан Ислом ҳуқуқи тамойиллари Ислом биоэтикасини ривожлантиришдаги устунлар бўлиб хизмат қилади.
Ҳозирги вақтда ислом этикасидан биотиббий этикани ажратиб олишга қизиқиш кучайиб бормоқда. Баъзан бундай ҳаракатлар «Мазкур масалага доир табиий ва диний омилларни ўрганмай туриб, Ғарб биотиббий этикаси принципларининг шариат тизими пайдо қилган исломий этика билан бирлаштиришга уриниш» деб танқид қилинади.
Умуман, ижтимоий хайротлар (маслаҳа), зарарни даф қилиш (ла зарар ва ла дирар), адолат, зарурат ва фалокатдан ҳимоя принциплари исломий биоэтик адабиётларида кўп учрайди.
Ушбу соҳа мутахассислари «Исломий биоэтика асослари»ни саккизинчи ўринга қўйишларининг ўзи ислом фиқҳи, одоби, фалсафа ва тиббиёти уламоси иштирокида исломий асосга қурилган, соҳанинг барча иштирокчиларига бирдай мақбул бўлувчи биотиббий одоб (этика) қоидаларини қабул қилишга эҳтиёж борлигини кўрсатади. Таъкидлаш лозимки, бундай қоидалар ишлаб чиқилаётганда методика энг асосий аҳамиятга эгадир.

Аборт

Аборт масаласи мураккаб саволлардан бўлиб, унга нисбатан барча жамият ва динлар ҳар хил муносабатда бўлишган. Исломий фиқҳнинг бу масалага оид асосий қоидаси: аборт ножоиз ишдир, магар ҳомиладорликнинг давом этиши онанинг ҳаётига хавф солса, ҳомилага жон кирмаганлик шарти билан (жоиз).
Умуман, барча мазҳаблар иттифоқига кўра, ҳомиладорликни сунъий тўхтатиш ҳақидаги қарорни чиқаришда аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш кўзланади. Бироқ маълумки, аборт бўйича мазҳаблар фиқҳи ҳар хил қарашга эгалар. Амалда мазҳаб эргашувчиларининг кўпчилиги аборт ҳақида қарор қилишда ҳомилага жон киргани фактини ҳисобга олмайдилар, ёки "жон кирганлик" сўзини ҳар хил талқин қилишлари туфайли, улар турли қарорларга келадилар.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, биронта ҳам мазҳаб ҳомилага руҳ киргач абортга рухсат бермайди. Бошқа биоэтик масалаларга қараганда, аборт кўпчилик кишига тегишли бўлганлиги учун бу масала баҳс-мунозараларда мавзусининг муҳимлиги бўйича тўққизинчи ўринда туради.

Биоэтика бўйича комиссия

Ислом оламидаги биоэтика бўйича муаммолар биринчи ўнталигининг сўнггиси “Биоэтика бўйча комиссия”дир. Тахминан ўн йил олдин Соғлиқни сақлаш халқаро ташкилоти ва ЮНЕСКО  каби халқаро ташкилотларнинг тавсиялари билан мусулмон мамлакатларида ҳам этика бўйича миллий комиссиялар ташкил қилина бошланди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, илмий тадқиқотлар этикаси (шу жумладан, “Илмий этика бўйича комиссия”) доирасида тузилган 20 та саволга респондентлар томонидан берилган жавобларда биоэтика муаммолари дастлабки ўнталикка ҳам киритилмагани маълум бўлди. Бундан маълум бўладики, сўровда қатнашган респондентлар “илмий тадқиқот этикаси”га эмас балки “этика бўйича комиссияси” фаолияти хусусан шифохоналардаги тиббий маслаҳатлар ва ташкилий этика масалаларга кўпроқ қизиқиш билдирганлар. Шу билан бирга бугунги кунда кўп миллатлар иштирок этувчи тадқиқот лойиҳаларида Ислом давлатлари сони ошиб бормоқда. Шу маънода, этика бўйича комиссия ваколатига умумий масалалар билан бир қаторда мазкур лойиҳаларни хориждан туриб бошқариш, молиялаштириш ва бу ҳамкорликдаги лойиҳа иштирокчиларини ҳимоя қилиш жараёнини назорат қилиш киради.
Юқорида айтиб ўтилганидек, сўров анкетасида рейтингга киритилмаган бошқа масалалар ҳам бўлган. Мисол учун, эмбрионлар донорлиги ва суррогат оналик фақат Эронда қўлланилади, бошқа мусулмон мамлакатларда эса ман этилган, шу боис бу масалалар муҳокама қилишга арзийдиган долзарб мавзу эмас ва аксар мусулмон мамлакатларда устувор биоэтик муаммо эмас. Шунингдек, мураккаб замонавий технология ва ресурслар ёрдамида амалга ошираладиган наноэтика масаласи, мусулмон мамлакатларнинг биоэтика соҳасидаги устувор масалалар қаторига ҳали етиб келмаган. Аммо табиатни муҳофаза қилиш этикаси ҳамда хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш каби бошқа муҳим биоэтик масалалар мусулмон мамлакатларда биоэтик соҳасидаги муноқашаларнинг  устувор йўналишларидан бирига айланмаганининг сабабларини ҳали яна татбиқ этиш керак бўлади.

Манба: CILE Center
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase