Марказий Осиёлик мигрантлар мунтазам равишда зўравонликлар, қийноқлар ва жинсий таҳқирлашга дучор бўладиган Россия қамоқхоналари ва полиция идораларидаги шароитларнинг даҳшатли манзарасини акс эттирувчи янги далиллар юзага чиқмоқда.
Шу ой бошида қийноқларга қарши кураш бўйича Gulagu.net лойиҳаси томонидан эълон қилинган видеолавҳада қамоқхона шифохонасида яланғоч эркакнинг супургига ўхшаган буюм билан зўрланиши ортидан расмийлар Саратовдаги иш юзасидан тергов бошлаган.
Ушбу видеолавҳа мамлакат бўйлаб қамоқхоналардаги қийноқ ҳолатларини акс эттирувчи мингдан ортиқ файллардан бири бўлган.
Gulagu.net сайти шунингдек, Мўғулистон яқинидаги 200 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Иркутск вилояти Ангарск шаҳридаги 15-сонли жазони ижро этиш колонияси билан боғлиқ воқеани ҳам фош этган. Муассаса қўриқчилари 2020 йил апрелдаги ғалаён учун шафқатсиз қасос амалиётини бошлаб, калтаклаш ва зўрлаш орқали сохта иқрорномалар олиш учун маҳбусларни бир-бирига қарши гиж-гижлаган.
Ангарсклик собиқ маҳбус – 25 яшар Алексейнинг (исми хавфсизлик важидан ўзгартирилган) сўзлаб беришича, камерадошлари қамоқхона раҳбариятининг буйруғи билан унинг қўлларини боғлаб, оёқларидан осиб қўйган ва ғалаён вақтида иккита камерани синдирганини тан олмагунича калтаклаган.
Қамоқдаги тартибсизликлардан сўнг, Алексей ва ҳозирда озодликка чиқиб, AFP билан суҳбатда бўлган яна бир маҳбус – асли тожикистонлик 40 ёшли Рустам (исми ўзгартирилган) Иркутскдаги 1-сонли тергов изоляторига ўтказилгач, уларнинг ҳолати янада оғирлашган.
Айнан ўша ерда маҳбуслар қамоқхона нозирларининг буйруғи билан уларга ҳужум қилишган.
«Улар тақдиримни синдиришди», дейди маҳбуслар томонидан зўрланган Алексей Россия қамоқ лексиконидаги иборани кўзда тутиб.
Ўша маҳбуслардан бири Денис Голиковнинг айтишича, 2020 йилнинг апрел-июл ойлари оралиғида қўриқчилар унга 150 нафар маҳбусни қандай қилиб бўлса ҳам айбига иқрор қилдиришни буюрганлар.
«Ўлдиришдан бошқа ҳамма нарсага рухсат берилган эди», дейилади унинг AFP ихтиёрига келиб тушган гувоҳлик кўрсатмаларида.
Марказий Осиёлик жабрдийдалар
Жазони ўтаб озодликка чиққан тожикистонлик 36 ёшли Маҳмуд Карвонсарой билан телефон орқали суҳбатида Ангарскдаги қўриқчилар уни дубинкалар билан уриб, икки қовурғасини синдиришганини айтди.
«Мен фақат жисмоний жароҳатлар билан қутулдим. Бошқалар бундан ёмонроқ ҳолатга тушдилар», дейди Маҳмуд жинсий тажовузга ишора қилиб.
«Қийноқлардан холи Сибир» ҳуқуқбон ташкилоти раҳбари, иркутсклик Святослав Хроменковнинг айтишича, Россия қамоқхоналарида марказий осиёлик мигрантларни қийноққа солиш ҳолатлари кўп учрайди.
У Тоҳиржон Бакиев исмли ўзбек билан боғлиқ шов-шувли ҳолатни мисол қилиб келтирган.
Gulagu.net сайтининг ёзишича, 2021 йил январда Иркутскдаги 6-сонли ахлоқ тузатиш колонияси маҳбуслари маъмуриятнинг буйруғи билан қасддан жанжал чиқариб, мусулмон Бакиевни дини сабабли ҳақоратлаганлар.
Бакиевнинг камерадошлари қамоқхона ходимлари кўз олдида уни қийноққа солишган. Маҳкумлар Бакиевни калтаклагач, «унинг орқасига швабра тиқиб, ички аъзоларига шикаст етказган ва жиддий жароҳатлаган».
Шундан сўнг зўравонлар уни икки қаватли каравот остига ташлаб, сумкалар билан яшириб қўйишган.
Бакиев икки кундан кўпроқ вақт ўтиб, қамоқхона блокидаги информатор Gulagu.net нашрини хабардор қилганидан кейингина қутқарилган.
Марказий Осиёлик маҳбуслар ҳам россиялик маҳкумлар тарафидан ирқчилик асосидаги зўравонликларга дуч келади, бироқ улар камдан-кам ҳолларда шикоят қиладилар, дейди Хроменков.
«Ҳибсга олинган ёки қамоққа тушган Марказий Осиёликлар шикоят қилишдан чўчийди, чунки озодликка чиққандан сўнг улар хорижликлар вақтинча ушлаб туриладиган махсус муассасага жойлаштирилиши ва депортация қилиниши мумкин», деди у. «Шу сабабли улар кўпинча сукут сақлайдилар».
«Маҳбуслар депортация бўлишни истамайдилар, чунки озодликка чиққандан кейин ҳам Россияда ишлашни хоҳлайдилар», дейди у. «Улар чидайдилар ёки пора берадилар».
Полиция қийноқлари ва зўравонликлари
Хроменковнинг сўзларига кўра, мигрантларни калтаклаш ва қийноққа солиш ахлоқ тузатиш муассасаларидан ташқарида ҳам кенг тарқалган бўлиб, айбдорлар одатда жазосиз қолишади, чунки қурбонлар адолат излашга ҳаракат қилмайдилар.
«Бир куни бизга Ўзбекистондан келган бутун бир қурилиш жамоаси телефон қилиб, Иркутск вилоятидаги бир шаҳарчанинг полиция идорасида калтакланганидан шикоят қилди, бироқ улардан бирортаси ҳам ариза ёзиш учун олдимизга шахсан келгани йўқ», деди у.
Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари инсон ҳуқуқлари, айниқса, мигрантлар ҳуқуқларини мунтазам равишда поймол қилиб келади.
Полиция идораларида мигрантларни қийноққа солиш ҳолатлари тез-тез юз бериб туради, бу одатий ҳолат, дейди Россиядаги Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи Москвадаги «Утро Мира» нодавлат ташкилоти раиси Валентина Чупик.
«Полиция мигрантларни ҳибсга оладиган бўлса, соатлаб, баъзан кунлаб овқатсиз, сувсиз ва ҳожатхонасиз, ташқарида қуёш тагида, ёмғир остида ёки совуқ ҳавода, ёхуд 20 квадрат метрли камерада 70 киши билан ушлаб туриши мумкин ва кўп ҳолларда улар калтакланадилар», деди у.
Чупик полициянинг қонунбузарликларига 25 сентябр куни Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари уни Арманистон сафаридан қайтгач, Москванинг Шереметьево аэропортида қўлга олганида шахсан ўзи гувоҳ бўлди.
15 йилдан ортиқ Россияда яшаган бўлишига қарамай, расмийлар унинг ҳужжатларини олиб қўйиб, 2 октябргача аэропортдаги ҳибсхонада ушлаб туришган, сўнгра у Арманистонга қайтиб кетган ва ўша ерда қолган.
Кремл унга бюрократик сабаб билан Россияга кириш 30 йилга тақиқлангани айтса-да, ФСБ зобитларидан бирига кўра, бунга аслида унинг Ички ишлар вазирлигини тез-тез танқид қилиб туриши сабаб бўлган.
Чупикка кўра, Россия полицияси мигрант аёлларга нисбатан ҳам қийноқлар қўллайди.
«Уларни жисмонан дўппослашмаса ҳам, узоқ муддат овқат ва сувсиз, ҳожатга чиқармай қамоқда ушлашади», деб айтган у.
Калтакланган ва қийноққа учраган мигрантлар одатда бу ҳақда хабар бермайди ёки шифохонага бормайди, чунки улар бундай вазиятларда ўз ҳуқуқларини қандай химоя қилишни билмайдилар, деб айтган Чупик.
Россия ОАВ қамоқхоналардаги қийноқларни қораласа-да, Марказий Осиёликларга нисбатан расмийлар томонидан ҳар куни қўлланиладиган зўравонликлар борасида сукут сақлайди.
«Россия ОАВ мигрантларнинг қийноққа солиниш ҳолатларини деярли ёритмайди», дейди Москва супермаркетларидан бирида кассир ва сотувчи бўлиб ишлайдиган Жибек Кангелдиева.
«Россия фуқароларининг ҳуқуқлари уларникидан юқорироқ баҳоланадими?»
Совет даврига қайтиш
Бу орада Россиядаги сиёсий маҳбуслар сони жорий йилда кескин ошган, бу тенденция Совет даври репрессияларини ёдга солмоқда, деб хабар беради чоршанба (27 октябр) куни Россиядаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича «Мемориал» ташкилоти AFP нашрига.
Ташкилот Россияда камида 420 та сиёсий маҳбусни рўйхатга олган, ўтган йили уларнинг сони 362 та эди.
«Афсуски, рақамлар ҳар йили мунтазам равишда ошиб бормоқда», дейди «Мемориал»нинг сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш дастури раҳбари Сергей Давидис инсон ҳуқуқларига таҳдидни назарда тутиб.
«Бу жуда ачинарли ва хавотирли ҳақиқат»
«Мемориал» ўз ҳисоб-китоблари орқали сиёсий маҳбусларни аниқлашда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва Европа Кенгашининг кўрсатмаларидан фойдаланади, аммо ҳақиқий рақамлар «бундан икки ва ҳатто уч марта кўп бўлиши мумкин», дейди Давидис.
«Улар Совет давридаги рақамлар билан солиштиргулик».
Совет даврига оид диссидентлар ҳисоб-китобига кўра, 1987 йилда Совет Иттифоқида 700 дан ортиқ сиёсий маҳбус бўлган.
«Советлар вақтида амалда бўлган усулларга қайтяпмиз», дейди Совет даври диссиденти ва журналисти Александр Подрабинек ўша вақтларда ўзгача фикрловчилар суд тизими орқали жазолангани ва қамоқхоналарда кенг миқёсда қийноқлар қўлланганини назарда тутиб.