close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу сохта олимлар келтирган зарарлар ҳақида

Имом Бухорий ўз «Саҳиҳ»ларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сабр қилинглар, чунки энди ҳар бир замон ўзидан олдингисидан ёмонроқ бўлаверади», деганларини ривоят қилганлар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ушбу ҳадис ҳақида шундай деганлар: «Бу ёмғир кўп ёки кам ёққани учун эмас, балки (ҳақиқий) уламолар кетиб, ўз ақлига қараб фатво чиқариб, Исломни ёмонотлиқ қиладиган, уни йўқ қиладиган (олим бўлмаган) одамлар пайдо бўлгани учун бўлади».
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «…одамлар пайдо бўлгани …» дейиши бу улар фақат ўзини олим қилиб кўрсатадиган, аслида олимлар эмаслигидан далолат беради; чунки биринчи гуруҳни у олимлар деб атаган, иккинчи гуруҳни эса одамлар. Халқ уларни олимлар деб ҳисоблаши сабабли, гарчи Исломга зид бўлсада, уларнинг фикрлари қадрланади. Шу тариқа бу алдоқчилар Исломни бузиб кўрсатади, яъни Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганидек, улар Ислом ҳақида тўғри тасаввурни бузишга ёрдам беради.
Исломнинг "контекстуаллашув ва реформация" шиори остида бугун бўлаётган воқеаларнинг кўп қисми айнан Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг таърифига мос келади. Ҳар бир инсон "исломни замонавийлик контекстига киритиш" тарафдори бўлганлар (масалан Исломни мавжуд тузумга мослаштиради, демократия бўлса Ислом бу демократия, социализм бўлса, социализм Исломдан олинган дейишади), одатда, айнан жамиятда салбий реакцияга сабаб бўладиган масалаларни тадқиқот учун танлашини сезиши мумкин. Бироқ, бундай жамиятнинг ахлоқий меъёрларини динни принципиал жиҳатдан муҳим элемент, деб ҳисобламайдиган ва бундан ташқари, очиқдан-очиқ Исломни менсимайдиган кофирлар тарафидан белгиланади. Бу сохта олимлар эса, "динимиз"ни жамиятнинг стандартларига мос келишига ишонтириш учун кўп ҳаракат қилишади, ҳатто енгиллик излаб аввал ҳаром ҳисобланган нарсаларга ҳам рухсат беришади. (Рибо, лотарея, байрамлар ва ҳижоб масалалари каби)
Шубҳа йўқки, замонавий дунёда Ислом фиқҳида контекст қисман – зарур бўлган жойларда ҳисобга олинади. "Контекстни ҳисобга олиш" - бирор нарсанинг асосини олиш ва уни воқеаликда тўғри қўллаш ёки шариатда жоиз бўлган енгилликни топиш демакдир. Аммо ҳозир бўлаётган воқеаларнинг аксари бундай эмас. Аксинча, бу Ислом томонидан аниқ белгиланган қоидалар ва кўрсатмаларга ўзгартириш киритишни истайдиган сохта олимларнинг ношаръий фаҳми ва мулоҳазаларидир.

***

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу яна бундай деганлар: «Одамларга шундай замон келадики, қалблардан лаззат кетиб-шўрлашади, у кунда «илм» олимига ҳам, таълим олувчига ҳам наф бермай қолади. Уламолар қалби худди шўр ердан сизиб чиққан намакоб каби турли рангга киради, устига ёмғир ёғади-да, мутлақо мазаси қолмай-ювилиб кетади. Бунинг сабаби, қачон уламолар қалблари дунё муҳаббатига мойил бўлиб, уни охиратдан афзал кўрадиган бўлиб қолса ана шунда Аллоҳ таоло дунёдан донолик булоғини тортиб олади ва одамлар қалбларидан ҳидоят чироғини ўчириб қўяди. Натижада, уларнинг олими сизларга илмни Аллоҳдан қўрққан ҳолда олдим, дея (ёлғон) иддио қилади, амалида эса фисқу фужур намоён бўлади. У кунда тиллар нақадар ширин, қалблар мутлақ қуп-қуруқ бўлади! Ла илаҳа иллаллоҳ, Аллоҳ ҳаққи, бунинг сабаби олимлар Аллоҳ таолодан бошқаси учун таълим беришгани ва ўқувчилари Аллоҳдан бошқа учун таълим олишганидир».

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase