close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Сохта устоз, кўрмуридлар

Олдингилар каби одамларга алла айтиб, ухлатиш, онгига эгалик қилиш, мурид овлаш кенг тарқалмоқда. Диннинг асосларни, ҳалол ва ҳаромни пулга ўргатувчи тренерларнинг ҳам чиқиши бошланди.

Олдингилар каби одамларга алла айтиб, ухлатиш, онгига эгалик қилиш, мурид овлаш кенг тарқалмоқда. Диннинг асосларни, ҳалол ва ҳаромни пулга ўргатувчи тренерларнинг ҳам чиқиши бошланди.

 Бу нарсалар аввалроқ  насроний жамоаларида ҳам кўп бўлган. Бундай нусхалар, яъни сохта устозлар (лжеучителя) жуда кўп манфур ишларни қилган, тафриқа оловини ёққан. Ҳатто, Инжилда ҳам булар ҳақида қаттиқ гаплар бор: "Агар ким ўзгача таълимотни ёйса ва ...Исо Масиҳнинг ҳақиқий каломларига асосланган динимиз таълимотига қулоқ солмаса, у босар-тусарини билмай қолган нодондир. Бундай одам баҳслашиш ва масала талашиш касалига йўлиққан, унинг ғаламисона гаплари ҳасад, жанжал, туҳмат, тубан гумонлар ва тўполонларга сабаб бўлади. Ғаламис, фикри бузуқ, ҳақиқатдан маҳрум, дин-диёнатни фойда манбаи деб ҳисобловчи бундай одамлардан ўзингни четга ол" (1 Тимотий, 6-3-5)
Хуллас, сохта устозлар ва уларнинг кирдикорларидан биз ҳам доим огоҳ бўлиб туришимиз керак.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта ўзингиздан олдингиларнинг суннатларига қаричма-қарич, аршинма-аршин эргашасизлар. Ҳаттоки, улар зоббнинг уясига  кирсалар,  уларга  эргашиб  сиз  ҳам  кирасизлар»-дедилар. Биз: «Эй Аллоҳнинг Расули, яҳудий ва насороларгами?» дедик. У зот: «Бўлмаса кимга?!» дедилар.
Бошқа бир ривоятда: «Эй Аллоҳнинг Расули. Форс ва Румга ўхшабми?» дейилди. У зот: «Ўшалардан бошқа, қайси одамлар бўларди?»-дедилар. (Бухорий, Муслим)

Хўш, биз огоҳ бўлишимиз зарур бўлган сохта устозлар кимлар? Уларни қандай таниб оламиз:

1) Сохта устоз мағрур, кибрли бўлади.
Сохта устоз одамларга Ҳақни кўрсатиш ҳақида эмас, балки ўзини кўз-кўз қилиш ҳақида қайғуради. Бугунги кунда шундай воизлар ва устозлар кўпки, улар мусулмонларни тарбия қилишдан кўра, ўзлари учун издошлар, “кўрмурид”ларни топиш ҳақида кўпроқ қайғурадилар, Аллоҳ таолонинг каломини халққа етказиш, уни олий қилишдан кўра, одамларга ўз нуқтаи назарини юклашдан кўпроқ манфаатдор бўлади. Қуръон ва Суннатни четга суриб, қандайдир домла, муллалар, ота–боболари эргашиб келаётган нарсаларни рўкач қиладилар. Ҳақиқий устозлар ўзининг ўчаётган шамини эмас, балки Аллоҳ таолонинг ўчмас Ҳақ нурини таклиф қилади...

2) Сохта устозда тортишув ва баҳслашувларга иштиёқ кучли бўлади.
Ҳа, ҳаётдан кўра далилларга кўпроқ қизиқадиган диндорлик ҳам бор. Мунозараларда ёки динни ўрганиш гуруҳларида иштирок этиш, дин ҳақида соатлаб суҳбатлар қуриш, лайфлар қилиш, сохта устоз ёмонлаган одамларни ёмон кўриш - бу ҳали ҳақиқий диндор бўлди дегани эмас. Аллоҳ таоло ҳаром қилган туҳмат, бўхтон ва ғийбат тўла бундай суҳбатлардан фойда йўқ.
Нозик масалаларда баҳслашиш ва бир-биридан фарқ қиладиган ақида ёки фиқҳга оид масалаларни гапириш, гапирган одамни олим қилиб қўйди, дегани эмас. Бу каби масалаларни зикр қилиш, ўзини олим қилиб кўрсатишдан бошқа нарса бўлмаслиги ҳам мумкин.

3) Сохта устоз жамоатдаги тинчликни бузади.
У инстинктив равишда ҳар бир кишини рақиб сифатида кўради; у ўзидан бошқача фикрлайдиган ҳар кимдан гумон қилади; агар у ўзининг айбсизлигини далиллар билан исботлай олмаса, у илоҳий платформани, рақибини ва ҳатто феъл-атворини танқид қила бошлайди; баҳсда, унинг овозида ҳар доим севги эмас, ғазаб ва кескинлик янграйди. У шунингдек, ҳақиқатни муҳаббат билан гапиришни ўргана олмайди. Унинг хафалиги ва ғазабининг манбаи унинг ўзини-ўзи юксалтиришидир, чунки унинг нуқтаи назаридан ҳар бир фарқланишда ва танқидда у шахсий ҳақорат кўради.

4) Сохта устоз динни бойлик орттириш манбасига айлантиради.
Ақли бузуқ ва ҳақиқатни унутган одамларнинг чексиз беҳуда тортишувлари доим диққат марказда туришни таъминлайди. Улар динга даромад манбаси сифатида қарашади. Баланд минбарлардан ўзининг бизнес лойиҳаларини тинмасдан тарғиб қилади.
У ҳамма нарсада фойда, даромад излайди. Унинг таълимотида ва воизлигида у диний вазифани эмас, балки мансаб қилиш илинжида бўлади. Лекин бир нарса мутлақо аниқ –диннинг ҳақиқий ҳодимлари орасида ғаразгўй, мансабпарастлар учун ўрин йўқ. Ҳар қандай меҳнат қилаётган шахс ўз иш ҳақига муносибдир, лекин дин ҳодимининг меҳнатини ҳаракатга келтирувчи куч шахсий даромад эмас, балки динга, жамоатга хизмат қилишидан келиб чиқиши керак. Яъни, унинг асосий мақсади пул эмас, балки Аллоҳ розилигини топиш, дин ва мусулмонлар хизматида ўзини бериш иштиёқи билан ёнишида.

Интернетдаги маълумотлар асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase