close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Исломий тренинг моҳияти: психологияга ишқивозлик мусулмонлар учун нимаси билан хавфли?

Трениро́вка, тре́нинг (ингл. training, яъни train «ўргатмоқ, тарбияламоқ» сўзидан) - билим, кўникма ва ижтимоий муносабатларни ривожлантиришга қаратилган фаол ўргатиш усулидир. Тренинг – интерактив ўқитиш шакли бўлиб, унинг мақсади мулоқотда шахслараро ва касбий хулқ-атвор компетентлигини ривожлантиришдир. Бугунги кунда у ўзини-ўзи такомиллаштиришнинг энг машҳур усули ҳисобланади.

Умуман олганда, ҳаммаси ажойиб. Одамлар маълум соҳаларда, масалан, раҳбарлик, бизнесда баъзи кўникмаларни яхшигина ўзлаштиришлари керак. Яхши натижаларга эришиш учун одамларга қандай таъсир қилишни билиш керак. Касбий хислатларни такомиллаштиришга ёки ҳаётнинг ҳар қандай ноқулай ахлоқий шароитлари туфайли уни йўқотган одамнинг ички ўзагини ўрнатишга (моҳиятан, даволашга) қаратилган тренинглар жамиятда фойдали ва керакли нарсадир. Бироқ, ҳамма нарсанинг ўз ўрни бор. Бу эса шуни англатадики, одамларнинг барча маънавий ва моддий эҳтиёжларига Аллоҳнинг дини бошқа дунёвий илмлардан кўра яхшироқ жавоб берадиган бир пайтда диний концепцияда «тренинг» сўзи пайдо бўла бошлагани умуман тушунарсиз.
Масалан, аёллар учун тренингларда қуйидаги каби сўзлар янграйди: «Сиз ўзингизни толиққан, эрингиз сизни пайқамай қўйган ҳис қиляпсиз...» — бу келган одамнинг муаммоларини тасдиқлашдир.
Шундан кейин тренер-коуч дейди: «Сиз — аёлсиз, сизда катта энергия бор. Сизнинг бахтингиз ўзингизга боғлиқ. Бахтли бўлиш учун ҳамма нарсани қилинг, ўзингизни севинг...» — бу тетиклантирувчи сўзлар аёлга ишонч бағишлайди. Кейин эса мусулмон-коуч албатта диний ҳақиқатни эслатиб ўтади: «Ахир Аллоҳ сизни айнан шунинг учун яратган – эрингизга хизмат қилиш, унинг учун гуллашга!» Аслида, диний туснинг қўшилиши аслида олганда, унга умуман муҳтож бўлмаган мусулмонларни жалб қилиш учун тренингни "исломий" деб номлашга имкон беради. Доно ва оқила бувиси, онаси ёки ҳатто тақводор опа -сингил билан бир пиёла чой устида суҳбатлашиб, аёл анча кўпроқ руҳий мадад олади. Эркак киши аёлини умидсиз ҳолатга олиб келмаслиги учун эса пуллик тренингларга боришга ҳожат йўқ. Худди шу тарзда оила аъзоларига муносабатда бўлишга даъват қиладиган динга амал қилиш кифоя. Агар одам Аллоҳнинг ризолиги учун ўз устида ишлашга эринадиган бўлса, эътиқоди билан эмас, тренинг туфайли ўз нафси учун бунга эришадиган бўлса, унинг эътиқоди чин бўлмайди. Ахир маълумки, тренингларда ҳамма нарса айнан нафсга ёқадиган тарзда – ёруғ дунёвий ҳаётдан умид қилиб, замонавий дунё ҳидларига тўйинган ҳолда етказилади. Шу сабабли бугунги кунда кўплаб диндорлар психология ишқивозига айланиб, унга қарам бўлиб қолмоқда. Тренингларга тобора кўпроқ интилиб, саждада ёлғиз қолиб, худодан қўрқишни ўзида ривожлантириш ўрнига бу ерда ахлоқий қониқиш олмоқда!
Психология, айнан шу нуқтаи назардан дин суррогати ҳисобланади — руҳни такомиллаштириш бўйича Қуръон ва Суннат йўлини психологик усулларга алмаштиради. Лекин бу Аллоҳдан узоқ бўлганлар ва нафсини қандай жиловлашни билмайдиганлар учун хосдир. Ахир психологлар айнан одамлар Худодан узоқлашган жойларда омалашган бўлади. Бунинг оқибатида руҳий беқарорлик ҳис қилинади, ҳаётнинг мазмуни йўқотилади. Бу эса, ўз навбатида, ўз жонига суиқасд қилишга, кўнгилни вайрон қиладиган ва умидсизлик ботқоғига тортадиган турли жисмоний ва маънавий жиноятларга олиб келади. Ҳолбуки, иймонга тўла художўй ҳаёт тарзи инсонга раҳм қилиб, ҳақиқий озод қилувчига — Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолога самимий тавба қилиш орқали уни бу умидсизликдан озод қилади.
Маълумки, "психология" сўзи том маънода «рухи ўрганиш» демакдир. Аллоҳ Таоло айтадики: «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт» (Руҳ, 85). Демак, руҳни умуман ўрганиб бўлмайди. Руҳий фаолият қонуниятлари ва жараёнларни кузатган ҳолда психологлар шуғулланаиган нарса эса – одамни ўз нафсининг истакларига эрк бериш маданиятига ўргатишдир, холос. Қоидага кўра, ҳаммаси ўзи «Мен»идан бошланади. Психологларнинг «ўзингизни севинг» машҳур ибораси ҳам шунга бориб тақалади.
Исломда эса, аксинча, бу бостирилади, фақат Ҳақиқат қолади. Одам ўз қалбида уни топганда эса, унда буюк мақсад – Яратувчига муҳаббат намоён бўлади. Ҳамма муаммолар йўқолади, чунки нафс майллари йўқолади. Имом Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ айтганидек: «Дунёвий нарсаларга бўлган муҳаббат – ҳамма хатоларнинг асосидир». Бу ҳақиқатдир. Руҳ дунёвий нарсалардан қониқмайди ва тинчлана олмайди. Бирини олгач, унга бошқаси, учинчиси керак бўлади, лекин барибир бу уни қониқтирмайди. У фақат Яратган билан бирлашиш орқали маъно ва тинчликни топади.
Исломдаги руҳий устозлар ва психологларнинг фарқи шундаки, биринчилари нафс касалликларини, унинг дунёга интилишдаги айёр ҳийла-найрангларини кўришади ва бу "қулликдан" қутилишга ёрдам беришади. Психологлар эса, аксинча, унинг интилишларига ёрдам беради, уларни безатади ва буни "инсоннинг табиий эҳтиёжи" деб атайди. Ислом ахлоқи нуқтаи назаридан кўриниб турибдики, психология руҳни ўрганишга ихтисослашган бўлса-да, аслида унинг тузоқлари ҳақида умуман билмайди. Шунинг учун, диний концепцияда бўлиш ваколатли эмас ва соғлиқ жойида қолганда, ўз вазифаларини бажариши керак.
Психологларнинг ўзлари айтишича, психология христианликда ҳам, исломда ҳам янгиликдир. Совет даврида у фақат атеистик қарашлар асосида қурилган. Энди улар буни диний эътиқодга мослаштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Гарчи битта дастурда, мусулмон психологи шахсан чуқур диндор одамда руҳий муаммо бўлмаслиги керак, деб таъкидлаган бўлсада. Демак, унинг дини соғлом имонли учун етарлидир. Агар бу етарли бўлмаса, унинг имонида бирор нарса нотўғри, ёки у ўз нафсига эргашмоқда, Аллоҳ йўлида ғайратли бўлишни хоҳламаяпти, шу сабабдан у қониқиш топа олмайди.
Ислом психология тимсолида мададга муҳтож эмас. Динимиз ўз-ўзини таъминлашга қодир. Шунчаки, бугунги кунда диндорлар қўшимча ибодат ва зикрларга кам эътибор бериб, нафс билан курашни тарк этишади. Агар биз руҳий касалликларга чалинган одамлар ҳақида гапирадиган бўлсак, унда исломда касалликларни даволаш тақиқланмаган. Бундан ташқари, мусулмонлар орасида психиатрия соҳасида машҳур табиблар ҳам бўлган. Бу шундай. Лекин динга психологияни киритишга мутлақо ҳожат йўқ. Агар у ислом психологияси деб аталмасдан, соғлиқни сақлаш соҳасида, масалан, стоматология каби мустақил равишда мавжуд бўлса, етарли.
Шунинг учун "исломий тренинг" тушунчаси ҳам ноўрин. Агар имонли эркаклар ва аёллар психологнинг ёрдамига муҳтож бўлса, масалан, агар сиз унинг хизматларидан оилавий муносабатларни тартибга солиш учун фойдалансангиз, ҳеч қандай айб бўлмайди.
Аммо шуни ҳам тушуниш керакки, эр-хотинларда бундай эҳтиёж одамларнинг Худодан узоқлашгани туфайли пайдо бўлган. Қачонки, атеизм йилларида улар дунёвий ҳаёт тарзини олиб бора бошладилар. Бунга демократия ўзининг энг яхши кўринишида қўшилди. Диний эътиқодга асосланган оилавий, анъанавий ва миллий қадриятлар қулаб тушди. Одобсизлик ва ахлоқсизлик тарқалди. Аёллар ва эркаклар одаб ва бир -бирларининг ҳуқуқларига риоя қилишни тўхтатдилар ва оилавий тартибсизликлар бошланди. Ғарб қадриятлари одамларда нозикликни тарбиялаган. Айтганча, худди шу психология бу қадриятларни илгари суради, эркаклар ва аёлларнинг табиий руҳиятини бузадиган тенглик ҳақида такрорлайди.
Бу каби муаммоларни ҳал қилиш учун мусулмонларга ўтмиш босқичи сифатида фақат қисман, вақтинча, психологлар керак - фақат ўтмишдаги қадриятларни йўқ қилган даҳрийлик зарбасини юмшатиш учун. Ахир, унинг оқибатларини бир кечада йўқ қилиб бўлмайди. Шунинг учун, диний концепцияда психологияни фаол ривожлантириш ўрнига, уларга асосланган урф-одатларни қайта тиклаб, дастлабки исломий қадриятларга интилиш керак. Қуръон ва суннат йўлига қайтиш лозим.
Агар диндор руҳий соғлом бўлса, нафақат сўз билан, балки қалби билан ишонса, бу йўлдан тўғри юрса, демак, унга руҳий инқироз хавфи йўқ. Ва шунинг учун:

1. У Аллоҳга ишонади ва ҳар қандай синовни қуйидаги сўзлар билан қабул қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мўминнинг иши қизиқ! Унинг ҳамма иши ўзи учун хайрли. Бу нарса фақат мўминда мавжуд. Агар мўминга бир хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унинг учун хайрли. Агар унинг бошига ғам-кулфат тушса, сабр қилади ва бу ҳам унинг учун хайрли бўлади” (Муслим).
2. У тўғри йўлдан адашиб, гуноҳ сўқмоқларидн юрмайди, шу сабабли гуноҳлар самарасини кўришига тўғри келмайди. Агар шундай ҳолат рўй берадиган бўлса, у тавба қилишга ва покланишга шошилади: айт: «Эй ўз жонларига жавр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Зумар, 53).
3. Уни ўзи ҳақида ҳеч нарса хавотирга солмайдиган даражага эришади. Унинг учун Аллоҳнинг розилиги муҳим, холос: «Ла илаҳа иллаллоҳ» — «Аллоҳдан ўзга илоҳ (жумладан, дунёвий, нафс) йўқ». Бу ҳолатни Ҳожар – Иброҳим алайҳиссаломнинг хотини ажойиб равишда намойиш этади. У, замонавий аёллрдан биронтаси тасаввурига ҳам келтиролмайдиган оғир аҳволда қолиб — чўлда, қўлларида эндигина туғилган чақалоғи Исмоил билан, тирикчилик манбаларисиз қолган ҳолда Иброҳимга дейди: «Агар сен Аллоҳнинг амри билан бизни бу ерда колдирсанг, мен фақат Унга ишонаман ва Ундан рози бўламан.  У Меҳрибондир, у бизни тарк этмайди!» Бу сўзлар иймонга тўла. У эридан нолимади, шикоят қилмади. Ҳеч қандай руҳий инқироз. Фақат иймон. Тавҳид

Буни психологик муносабат билан эмас, балки тиришқоқлик билан ибодат қилиш орқали тушуниш мумкин. Дин ўз таълим тизимига эга. Бу олинмайди ҳам, сотилмайди ҳам, балки Аллоҳ олдида юксак даражаларга ва динни чуқур англашга эришган олим-устозлардан олиш мумкин бўлиб, бу фақат Парвардигорга муҳаббат билан сажда қилиш орқали эришилиши мумкин.
Ўзлари юксак, соғлом маънавиятдан узоқ бўлган мураббийлардан "Исломий тренинглар" деб аталмиш йўлда мусулмон киши Унинг йўлида тўсиқлардан бошқа нимага ҳам эга бўлсин? Тағин каттагина пул учун. Ахир, бандси нафсини қондиришга эмас, Аллоҳга интилиши керак бўлган бир пайтда улар ўз «Мен»ини ўстириш йўли билан дунёвий фаровонлик, шахсий ўсиш ва бошқа дунёвий нарсаларга даъват қилади. Бу ҳолнинг инояти инсонни уйғунликка, қониқиш ҳиссига, ишонч ва бахт туйғусига етаклайди: «Бўшашманглар! Маҳзун бўлманглар! Агар мўмин бўлсаларингиз, сизлар устунсизлар» (Оли Имрон, 139).
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк саҳобаларидан биронтаси бу нарсаларга интилмаган, «шахсий ўсиш» билан овора бўлмаган. Бу нарса то ҳозирги кунгача кейинги авлодларда ҳам бўлмаган. Бироқ, уларнинг ўз динига содиқлиги - эркаклар ва аёлларнинг ғайратли ибодати улардаги энг яхши фазилатларни тарбиялаб, уйсиз бечораларни ҳам бетакрор шахсларга айлантирган.
Умар розияллоҳу анҳу: «Биз, Аллоҳ Ислом билан азиз қилган қавммиз. Қачонки Аллоҳ бизни азиз қилган нарсадан бошқа нарса билан азиз бўлишни истасак, Аллоҳ таоло бизларни хорлаб қўяди», – дегандилар.  
Диндорларни Буюк Яратувчининг илмидан чалғитиш учун яна бир бор йўл яратган шайтоннинг бу арзимас ҳийлаларига (дин ўрнини босишга уринишлар) маънавият ва маънавий мураббийларни алмаштирмаслигимиз керак.

Абу Муслим (эркин таржима)

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase