close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Селдерейлар қалбан қаримайди

Ушбу матн Иккинчи Жаҳон уруши фахрийларига, шунингдек, СССР ёки Россия Федерациясининг бошқа воқеликларига алоқаси йўқ. Барча мос келишлар тасодифий.

1870-йилларда дагерреотиплар (биринчи фотосуратлар) ажиб нарса бўлмай қўйган ва Европада тарқала бошлади. Айнан шу ҳолат Гамбург фоҳишахоналари эгаларига ўз муассасалари даромадларини кўп марта оширишга имкон берди. Ходимларни яхшилаш ёки янгилаш учун ҳеч қандай харажатларсиз.
Қандай йўл биланми? Жуда оддий. Ширакайф матросларга таърифлашга тил ожиз бўлган гўзал бир қизнинг фотосурати кўрсатиларди. Бандерша сахий мижозга айнан шу қиз тўғри келишини айтиб, қасам ичарди.
Денгизчилар чўғдай қизиб, чўнтакларини бўшатиб бўлсада, навбатга турарди. Бека эса исловатхона эшикларининг мураккаб тизимидан фойдаланиб, қаёққадир ғойиб бўларди.
Бир оздан сўнг қўнғироқ чалиниб, эшик очиларди ва матрос "соф гўзаллик даҳоси" нинг устига чикиш имконига эга бўларди. Албатта, ҳамма нарса тўлиқ қоронғулика содир бўларди. Одатда, югуриб бориб эски панталонларини ечишга ва қулай ҳолатда жойлашишга муваффақ бўлган беканинг ўзи "дагерротипдан мукаммаллик" ролини ўйнарди. Қоронғилик ва алоқанинг қисқалиги уни фош бўлишдан қутқарарди ва денгизчи умрининг охиригача бекорга яшамаган эканлигига ишончи комил бўлиб қоларди.
Эҳтимол, сиз аллақачон тахмин қилганингиздек, лупанарийдаги саҳна инсоннинг режим ва "Ватан" билан муносабати схемасини кўрсатади. Иллюстрация тўғри. Зеро, "Ватан" нинг аксарияти тарих зулматида яширинган бўлиб, бу ҳокимиятнинг мижозни исталган нарсани «ўтказиш» имкониятини беради.
Режим исталганча аҳмоқона, дарғазаб ва ҳалокатли бўлиши мумкин. У "халқнинг қони ва йирингига" сузиши, миллионлаб фуқароларини зўрлаши, камситиши ва ўлдириши мумкин. Аммо у битта найранг кўрсатиши билан, ўлдирилаётган ва зўрланаётган аҳоли ундан доимо миннатдор бўлади.
Режим фақат "Ватанман" деб даъво қила олиши талаб етилади. Бу, албатта, осон эмас, лекин жуда оддий. Аслида "Ватан" тушунчаси шу қадар мавҳум ва хаёлийки, уни ҳар қандай сиёсий масалага осон айлантириш мумкин. Иллюзия ва ҳақиқат ҳеч қандай кўринадиган чоклар ва ўтишларсиз бирлаштирилган кулгили конструкция ҳосил бўлади. Бир қаерда тугайди ва бошқаси қаерда бошланади – ажрата олиш деярли имконсиз.
Албатта, бу конструкция 99,9% соф режимдан иборат. Бироқ, иллюзиянинг ролини камайтирмаслик керак. Бу ҳокимиятга «Ватан номидан» ҳар қандай ваҳшийликни амалга ошириб, тирик ва ўликни кесишга имкон берадиган муҳим наркотик вазифаси бор.
Деярли ҳар бир режим бу алмаштиришни осонгина бажаради. Албатта, бу учига чиққан фирибгарлик, лекин одамлар алданишга интиладилар. Ватанни истайдилар. Бунда рад этиш лагерларда чиритиб, отиб ташлашдан ҳам кўра шафқатсиздир.
Сирасини айтганда, "Ватаннинг" гўзал тушунчаси соф қаллобликдир. Ҳеч бир "Ватан" ҳеч ким учун мавжуд бўлмаган. Фақат аҳолини ўз манфаати учун тасарруф қиладиган тузумлар ворислиги мавжуд эди. "Узоқ ва бахтли яшаш" учун режимлар уларга зарур мифологияларни тиқиштирарди ва ватанпарварлик романтикаси заҳари билан тўлдирарди. Ушбу тўр ҳар бир авлоддан кейин бошқа авлодни ҳам ўраб оларди.
Албатта, баъзида бундай тўрлар ўта маҳоратли тўқилган бўлади, лекин кўпинча оддий тўрлар учради. Уларни тайёрлаш учун энг яхши хомашё аждодлар қаҳрамонликлари ҳақида чўпчаклар ҳисобланади. Маълумки, бундай эртак ва чўпчакларни истаган миқдорда ўйлаб топиш мумкин. Ўз тили ва маданияти доирасида исталган миллат бундай фантазияларда чекланмайди. Бундай таркибий қисмлардан ташкил топган «ватан» иллюзияси ажойиб итоаткорлик ва керакли ғайратни таъминлайди.
Албатта, режимдан ватанпарварлик тўрининг кучли, ёпишқоқ ва заҳарли бўлишини таъминлаш учун баъзи ҳаракатлар талаб қилинади. Лекин бу иш ўзини оқлайди. Зеро, "Ватан учун" ўлганларнинг барчаси аслида режим учун ҳамиша жонини берган. Унинг аҳмоқликлари, хатолари ёки инжиқликлари учун. (Албатта, улар бошқача ўйлашган)
Таъкидлаш жоизки, "ватан"лар уруш олиб бормайди ва қатағонлар уюштирмайди. Улар танасиз ва фақат тасаввурда мавжуд. Урушлар ва қатағонлар ҳар доим режимларнинг овунчоғи саналади.
Буларнинг барчасида ҳеч қандай қўрқинчли нарса йўқ. Бу оддий, ҳаммани қаноатлартирадиган тартибдир. Ҳалок бўлганлар одатда мамнун ва мажруҳ бўлганлар камида қондирилган бўлади. Алмаштириш ҳийласи қусурсиз иш берибгина қолмай, урушнинг ўзи аҳолининг тарихий жараёнлар, қаҳрамонлик, муқаддас эътиқод, қурбонлик ва бошқа сафсаталарнинг буюклиги билан алоқага киришиши учун ноёб ва ёқимли имкониятдир.
Узоқ вақт давомида режимлар ўзларининг ҳарбий буюклиги хотирасини ҳукмдорларнинг расмий портретлари ва ёдгорликларида жамладилар. Жангларда омон қолган оддий аскарлар қашшоқликда, эъиборсиз ҳолда чириб битарди. Сўнгра режим учун кўзи ёки оёқларини берган ва кўкрагига арзимас шиқилдоқлар илиб қўйилган аскарлар «культи» ҳар қандай портретлар ва зафар аркаларида кўра унга кўпроқ самарали ишлаши мумкинлиги тушуниб етилди.
Ҳарбий мукофотлар кўринишидаги ёрқин ихтиро ҳам рол ўйнади. Маълумки, бу қадимий ҳийла ҳар қандай ҳукуматга жуда фойдали алмашинувни амалга оширишга имкон беради. Одам режимга эшитиш ва кўриш қобилиятини, умрининг йиллари ёки оёқ-қўлларини беради, бунинг эвазига эса ялтироқ бир осилмачоқ олади. Қоидага кўра, бундай фирибгарлик қурбони уни алдашганидан жуда бахтли бўлади ва унинг аҳмоқлик рамзи билан фахрланади.
Рим лупанарийларида медалларни шиқиллатиб юриш иштиёқмандларини «апийлар», яъни селдерей (лат. apium) деб аташган. Эҳтимол, бу лақаб мозорларни апиум новдалари билан безаш анъанасидан келиб чиққан, лекин кўпроқ фахрийларнинг башараси селдерей илдизига ўхшаб кетиши сабабли.
Вақт ўтиши билан селдерей таркибий қисми «ватан» иллюзиясининг муҳим деталига айланди. Улар нима учун бундай майиб-мажруҳ бўлгани ва осилчоқларига эга бўлганидан қатъи назар, апийларни зўр бериб ҳурматлаш бошланди.
Лекин!
Биз шундай режимлар борлигини биламиз-ки, ҳатто улар учун ўлиш учун ҳам жиноятдир. Мамлакатларни қамоқхоналарга айлантирадиган ва ҳамма нарсани қуллик, чақмачақарлик ва ўлим билан тўлдирадиган кишилар. Миллионлаб ўз фуқароларини ўлдирадиган ва чиритадиганлар, ўлмай ва қамалмай қолганларни эса -хўрлайдиган ва зўрлайдиганлар.
Бироқ, агар четдан таҳдид пайдо бўлса, дарров «ватан» номли ҳийлага мурожаат қилинади. Ва у иш беради. Миллионлаб одамлар сафга туриб, қўшиқ билан ўлиш ва ўлимда яшаш имконияти учун қадам ташлайдилар.
Режимни ҳимоя қилиб қайтгач эса ғолиблар итоаткорлик билан ўз кишанлари ва қафасларига қайтиб чиқадилар. Ва кейин узоқ вақт давомида улар "Ватанни" қандай қутқарганликларини эслайдилар, аслида улар фақат қашшоқларча кун кўриш, бир-бирларига нисбатан чақум маълумотлари бериш ва хандақларда ўлиш ҳуқуқини ҳимоя қилдилар.
Биз эски кучли найранг ҳақида билмаганимизда, бу экзотик танлов бир сир каби туюлиши мумкин эди. Битта савол қолади: бу танлов ҳақида хотирани қанча вақт ва энг муҳими, нима учун сақлаб қолиш керак?

Александр Невзоровнинг "Искусство оскорблять" китобидан
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase