Жонажон диёримизда дин соҳасига кўрсатилаётган ижобий таъсирлар янада улкан бўлмоқда. Мухтарам Юртбошимиз раҳнамоликлари ва ғамхўрликлари натижасида мамлакатимизда дин соҳаси жадал ривожланиб, кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда оилада, жамиятда ва ижтимоий ҳаётда аёлларнинг фаоллиги янада ошиб бормоқда. Айниқса, хотин-қизлар орасидаги маънавий-маърифий ишларда уларнинг ўрни катта бўлмоқда. Жумладан диний маърифат ва ахлоқий тарбияни аёлларга етказишда отинойиларнинг ҳам муносиб ўрни бор, албатта.
Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан хотин-қизларнинг имон-эътиқодини мустаҳкамлаш ҳамда диний саводхонлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Мана шундай ишларнинг натижасида отинойиларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг билим ва кўникмаларини муттасил ошириб бориш, муносиб шарт-шароитлар яратиш ва ҳуқуқий мақомларини мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Аллоҳ таборака ва таолонинг улуғ инъоми аёл – мўътабар она, суюкли опа-сингил, вафодор умр йўлдош ва соғлом авлод тарбиячиси бўлгани боис, аёл-қизларни эъзозлаш ва эҳтиром қўрсатиш лозим бўлади.
Дини мубинимиз аёл-қизларни юксак қадрлайди. Уларнинг шарафи, иффати ва ҳақ-ҳуқуқларини мукаммал таъминлайди. Қуръони каримда:
“Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси 97 оят).
Демак, аёлларнинг ҳар бир амали учун уларга улуғ ажру-мукофотлар, хушхабарлар ваъда қилинган.
Динимизда аёл-қизлар она сиймосида юксак қадрланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир муборак ҳадисларида:
“Жаннат – оналар оёғи остидадир”, – деб марҳамат қилганлар.
Манбаларда қайд этилишича, Имом Бухорий ҳазратларининг оналари ҳам тақводор, диёнатли ва дуоси мустажоб аёл бўлган эканлар. Оналари эл орасида Аллоҳ таолога илтижо этиб, доимо дуолар ўқиб юрадиган покиза аёл сифатида танилган эдилар. Маълумки, Имом Бухорий ҳазратлари ёшликларида кўзлари жароҳатланиб, кўриш қобилиятлари анча сусайган.
Кунлардан бир куни Имом Бухорий ҳазратларининг оналари тушида Иброҳим алайҳиссалом бу мушфиқа онага қараб: “Эй волида! Сизнинг дуоларингизнинг кўплигидан Аллоҳ таоло ўғлингизга тўлиқ кўриш қобилиятини қайтарди”, – деб хитоб қилганлар. Шундан кейин оналарининг “Уйқумдан уйғонсам, ўғлим Муҳаммаднинг кўз нури тўлиқ қайтиб тузалиб кетибди” деган гаплари машҳур бўлган.
Буюк фақиҳ, муҳаддис Алоуддин Абу Бакр ибн Аҳмад ал-Косоний ҳазратлари қандай зот бўлганлари кўпчилигимизга маълум. У кишининг кўп нарсада омади чопган. Мисол учун, уйланиш масаласини олайлик. У кишининг қайноталари ва устозлари Алоуддин Самарқандийнинг Фотимаи Самарқандия исмли ниҳоятда оқила ва фозила қизлари бўлган. У қиз илмда шу даражага етганидан ҳатто подшоҳлар фатво сўраган, кўп кишилардан совчилар келган. Вақт ўтиб, Косоний бу кишига шогирд тушиб, илмда ниҳоятда пешқадам бўлиб, ҳатто у кишининг “Туҳфатул фуқаҳо” номли китобларига “Бадоиъус саноиъ фи тартиб аш-шароиъ” номли шарҳ битганларидан сўнг шу китобни маҳр ўлароқ баҳолаб, қизларини у кишига никоҳлаб берган эканлар.
Ҳурматли отинойиларимиз!
Қуйида айрим отинойилар йўл қўяётган баъзи хатоликларни келтириб ўтсак:
Биринчи. Баъзи отинойилар ўзининг етарли билими бўлмагани ҳолда диний расм-русумларга бошчилик қилиш билан бирга бидъат-хурофот ишларда ташаббускорлик ҳам кўрсатишяпти. Бу билан фақат ўзларини эмас, балки уларга эргашувчиларни ҳам залолатга бошлашмоқда. Мана шундан отинойиларимиз эҳтиёт бўлишлари керак.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким ҳидоятга чақирса, унга эргашувчининг савобидек ажр бўлади. Бу билан амал қилган кишининг савобидан бирор нарса камаймайди. Кимки залолатга чақирса, эргашувчи кишининг гуноҳидек унга гуноҳ ёзилади. Бу билан амал қилган кишининг гуноҳидан бирор нарса камаймайди», – дедилар.
Иккинчи. Баъзи отинойилар суҳбатларида фақат дўзах азоби, қабр ҳаёти ва Қиёмат даҳшати ёки жаҳаннам васфи ҳақида гапириб, қалбга ваҳима ёки ҳайрат соладилар. Аслида Яратганнинг муҳаббатига маърифат ва Ҳақ таоло рози бўладиган эзгу ишлар билан эришилади. Бу ҳақда тасаввуф олимаси Робия Адавия: "Жаннат орзуси ва дўзах азобидан қўрқув нажот воситаси бўла олмайди. Маърифат амалдан устун, Аллоҳни амаллар билан эмас, маърифат билан таниш муҳимдир", – деган эди.
Учинчи. Айрим отинойилар динни осон қилиб етказиш ўрнига амалларни мушкул қилиб изоҳлаш, қўрқитиш йўлини тутади. Аслида Ислом – енгиллик динидир! Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам умматларга доимо енгиллик, осонлик истаганлар. Бир ҳадиси шарифларида: "Осонлаштиринг – қийинлаштирманг, қизиқтиринг – бездирманг" (Имом Бухорий ривоятлари) деганлар. Зеро, ояти каримада ҳам "Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди..." (Бақара сураси 286 оят) дейилган.
Тўртинчи. Фолбинлик каби улкан гуноҳ ишлар билан шуғулланадиганлар орасида отинойиликни даъво қиладиганлари ҳам борлиги кишини қаттиқ ранжитади.
Бешинчи. Кўп отинойилар диёримиз мусулмонлари ҳанафий мазҳабига риоя этишларини инобатга олмай, ўзлари турли адабиётлардан ўқиган ёки эшитган фикрларни гапириб, кишилар орасида ихтилофларни келтириб чиқаришмоқда.
Муҳтарама мунис опа-сингилларимиз!
Энг аввал "отинойи" сўзининг истилоҳий маъносини англаш лозим. Отинойи – қизлар ўқитувчиси, дин ва шариат билимдони ҳамда аёллар ўртасидаги диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган кайвони аёл. Шунингдек, "отин" сўзи маърифатпарвар аёлларни ҳурматлаб, исмига қўшиб айтилган.
Илгари аждодларимиз хотин-қизлар қалбига аёл кишининг суҳбати чуқурроқ сингиб боришини яхши англаганлари учун отинойилар фаолиятидан унумли фойдаланишган. Маҳалла ёки қишлоқлардаги таълим-тарбия ишларига жалб этишган. Айниқса диний маърифатни ёйиш, қизларни турмушга тайёрлаш ва уларнинг руҳиятини бекаликка мослашда отинойиларнинг вазифаси катта бўлган. Отинойилар фақат билим тарқатувчигина эмас, балки ёшлар тарбияси учун масъул, одоб-ахлоқда эса ҳаммага ўрнак бўлишган. Шунингдек, Қуръони карим қироати, унинг тафсири, пайғамбарлар тарихи, халқ оғзаки ижодини яхши билишган.
Улар ёшларга никоҳнинг илоҳий аҳдлиги, оиланинг муқаддаслигини уқтиришган ва ҳаётий мисоллар билан фарзандлар онгига сингдиришган. Зиё тарқатувчи, маърифатпарвар имом-хатиблар қанча эъзозда бўлсалар, отинойилар ҳам шунча ҳурмат қилинган.
Хотин-қизларни, болаларни комиллик сари етаклаш вазифаси тарихдан маълумки, аёл устозлар – отинлар зиммасида бўлган. Имом Бухорий, Имом Термизий, фалакиёт илми билимдони Мирзо Улуғбек, дунё тиббиётига устоз бўлган Абу Али ибн Синонинг улуғ олим бўлишларига маърифатли аёллар, мўътабар оналар сабабчи бўлганлар. Навоийдек шоирларни ҳам, Мирзо Бобурдек ҳукмдорларни ҳам ана шундай оналар тарбия қилишган. Ушбу илм дарғаларининг болалик йилларига назар солинса, бошланғич таълимни гўдаклик чоғларида оналаридан олишгани маълум бўлади.
Албатта, бундай шахслар камолоти замирида мўътабар аёл меҳнати ётади. Масалан, Ҳаким ат-Термизий кўп аёл муҳаддислардан сабоқ олганлари манбаларда келтирилган. Аллома Имом Ғаззолий ҳаётлари ўрганилса, маърифатпарвар онанинг улкан хизматлари кўзга ташланади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳаммадан олдин аёллари Хадича разияллоҳу анҳо онамиз ёрдам кўрсатганлари маълум. Ҳазрат Ойша бу уммат аёлларининг олимаси ва Қуръон ҳофизаси эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд энг етук фақиҳ бўлсалар, Ойша разияллоҳу анҳо энг етук фақиҳа эдилар. Зайд ибн Собит ҳофиз бўлсалар, Ҳафса бинти Умар ҳофиза бўлганлар. Ҳасан Басрий йирик машойих бўлсалар, Робия Адавия катта машойихлар мақомида эдилар.
Қадимдан отинойилар ҳалоллиги, тақвоси, меҳнаткашлиги, ҳаёси билан эл ҳурматини қозонишган. Чунки уларда шундай фазилатлар борки, уларни бошқа халқлар аёлларида кўриш мушкул. Шоиралар мураббийи Жаҳонотин Увайсий, маърифатпарвар шоира Нодирабегим ва доно маслаҳатчи Бибихоним каби оқила момоларимиз яхши тарбия кўрганлари боис, ўз даврларининг машъаллари, хайрли ва улуғвор ишларнинг йўлбошчилари бўлишган. Ҳозирги отинойилар ҳам ана шулардан ибрат олишлари лозим!
Ҳурматли отинойиларимиз, азиз опа-сингилларимиз!
Ҳозирги замон отинойиси чуқур ҳаётий тажрибага эга, дунёвий ва диний билимлар соҳибаси, эл-юрт орасида обрў-эътиборли, миллий-диний қадриятларни асл ҳолида аҳолига етказа оладиган аёл бўлиши керак. Шу нуқтаи назардан айрим муҳим вазифаларни тақдим этамиз.
Биринчи, отинойи Ислом дини моҳиятини тўлиқ тушуна билиши, мотуридий ақидаси, ҳанафий мазҳаби ҳақида мукаммал маълумотга эга бўлиши ва ўз фаолиятида буларни маҳкам тутиши, Қуръони каримни тажвид билан ўқий олиши жуда ҳам зарур.
Иккинчи, отинойилар халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етишни, дунёда кечаётган ўзгаришлар, юз бераётган нохуш воқеаларнинг асл сабабларини тўғри тушуниб, халқимизга тўғри етказа олишлари лозим.
Учинчи, аёллар ўртасидаги маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган, ҳанафий мазҳаби таълимотига зид бўлган ҳолатларга қарши туриш зарур. Хусусан, хотин-қизлар орасида учрайдиган фолбинга бориш каби бидъат-хурофотларга барҳам бериш йўлида отинойилар тинмай ташвиқот ишларини олиб боришлари бугунги кунда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тўртинчи, аҳоли орасида маънавий-маърифий тарғибот ишларини олиб боришда масжидлардаги имом-хатибларнинг алоҳида ўрни бор. Бугунги отинойилар имом-хатибларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари сифатида ана шу имом-хатибларимиз билан ҳар бир ишни маслаҳатлашган ҳолда ҳамжиҳатликда фаолият олиб боришлари керак.
Бешинчи, мана шундай ишларни тўғри адо этишда отинойиларга Диний идора Фатво бўлими томонидан эълон қилинадиган жума тезислари жуда ҳам қўл келади. Ҳар ҳафталик жума мавъизаларини аввал ўзлари тўғри ўзлаштириб, кейин аёл-қизларга етказсалар, жуда ҳам тўғри ва мақсадга мувофиқ иш бўлади.
Олтинчи, “Жаҳолатга қарши маърифат” билан курашиш ишларининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида, отинойилар “Ислом нури” газетаси, “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналларига нафақат ўзлари обуна бўлишлари, балки бошқаларни ҳам обуна бўлишларига тарғиб этишлари жуда ҳам зарурдир. Ушбу нашрлардаги Қуръони карим тафсири, Ҳадиси шариф шарҳи, ақида, фиқҳга оид масалалар баёни ва ботил иддаоларга берилган асосли раддиялар иш фаолиятда ва Ислом маърифатини яхши билиб олиб, тўғри тушунтиришда жуда қўл келади.
Ҳозирги кунда отинойилар фаолиятини тўғри йўналтириш ва улар билан ҳамжиҳатликда ишлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бош имом-хатибларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари фаолият кўрсатмоқда. Улар отинойилар билан бевосита ҳамкорликда ишлашмоқда.
Отинойилар юқорида айтилган талабларга жавоб бера олсалар, турли бидъат ва хурофотлардан халқимиз ва ёшларимиз онгини муҳофаза этсалар, динимизнинг асл моҳиятини тўғри етказиб бера олсалар, мамлакатимиз ривожига катта ҳисса қўшган бўладилар. Энг муҳими, халқ орасида ҳурматли инсонларга айланадилар.
Мен ишонаманки, муҳтарама отинойиларимизнинг иш тажрибалари, куч-қувватлари ва салоҳиятлари қўйилган вазифаларни ижро этишга етади, иншо Аллоҳ.
Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг отинойиларга мурожаатлари
Ҳурматли ва азиз опа-сингиллар! Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсинки, тараққиётимизнинг янги даврида халқимиз учун чексиз имкониятлар эшиги янада кенг очилмоқда. Ҳақ таолонинг халқимизга берган улуғ неъматлари, бахт-саодатнинг ҳад-ҳудуди йўқ.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Жамият
|
Калит сўзлар