close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳижобли француз талабаси ички ишлар вазирига жавоб қайтарди

Вазирлар томонидан сиёсий манфаат учун рўмол ўрашда айбланган франциялик талабалар иттифоқи етакчиси уларнинг даъволарини пучга чиқарди.

Франция ички ишлар вазири оқ танли тоза француз ва айни дамда муслима Марьям Пужетуни хижобда бўлган ҳолда интервью берганликда шахсан қаттиқ танқид қилди. “Бу менинг эътиқодим”, - деди талаба Buzzfeed News’га интервью берар экан.  – Ҳижобим ҳеч қандай сиёсий хусусиятга эга эмас.
19 яшар Пужету Франциядаги асосий талабалар иттифоқи бўлмиш UNEF (Union Nationale des Étudiants de France – Франция талабалари миллий иттифоқи)нинг президенти ҳисобланади. Иттифоқ Сорбонна университетида фаолият юритади. У Франция президентининг таълим ислоҳотларига қарши талабалар намойишига бағишланган ҳужжатли фильмда ҳижоб ўраган ҳолда тасвирга тушган эди.
Франция ҳукуматида эркак ва аёллар тенглиги масалалари бўйича котиб вазифасида ишловчи, ёзувчи Марлен Шьяппанинг фикрича ҳижобли талабанинг интервью бериши “Сиёсий Исломни тарғиб қилиш шакли” бўлиб, UNEF талабалар иттифоқи бу ҳақда аниқ ва равшан тушунтириш бериши керак. “Тенглик” ҳукм сураётган замонавий Францияда оқ танли, ёш француз қизининг ўз хоҳиши билан ҳижоб ўраб, боз устига талабалар иттифоқининг етакчиси бўлиб ишлашини тасаввур қилиш таажжубланарлидир.
Бундан ташқари, мамлакат ички ишлар вазири Жерар Коломб Пужету хонимнинг ҳижобда намоён бўлиши “провакация”дан бошқа нарса эмаслигини таъкидлади. 
Мусулмон рўмолини ўраш Францияда 2004 йилда мактаб ва айрим жамоат жойларида тақиқланган бўлишига қарамай, университетлардагина қонунуний ҳисоблаб келинади.
Пужету Buzzfeed’га интервью берар экан, телевидение орқали чиқишидан сўнг сиёсатчилар унга билдирган муносабатлари “жуда ёмон” эканини таъкидлаб ўтди.
“Мен бу ҳолатни давлат миқёсида юқори кўтарилишини кутмаган эдим. Мана шундай танбеҳ билан ички ишлар вазирининг чиқиши жудаям ачинарли”, - деди у.
Пужетунинг телефон рақами интернетда пайдо бўлганидан сўнг, унга “нафрат тўла хабарлар” кела бошлагани, шунингдек, у ижтимоий тармоқларнинг нафрат манбаига айланганини билдирди.
Buzzfeed’га билдиришича, у “қўрқув”ни ҳис эта бошлаган ва жамоат жойларида “эҳтиёт бўлиш” кераклигини, чунки нима содир бўлишини билмаслигини таъкидлади.
Бундан ташқари, талабалар иттифоқининг таъкидлашича, Пужету “миллатчилик, айирмачилик ва исломофобиянинг қурбонига айланди”.
Эслатиб ўтамиз, Францияда талабалар намойиши март ойида бошланган эди. Бунга президент Макроннинг ислоҳотлари сабаб бўлганди. Бугунги кунда ҳар қандай мактаб битирувчиси тўплаган ҳар қандай балидан қатъи назар ўзи истаган университет курсига ёзилиши мумкин. Агар абитуриентлар сони кўп бўлса, қуръа ташлаш йўли билан ўринларга қабул қилинади. Ҳозирги ҳукумат буни бекор қилишни, бунинг ўрнига: бўлажак юристлар учун – “мантиқ имконияти”, физиклар учун – “илмий салоҳият”, филологлар учун – “иншо ёзиш қобилияти” каби иқтидорликларни инобатга олишни таклиф этишмоқда. Талабаларнинг фикрича, бу текин олий маълумот олиш ҳуқуқларини бузади.

Ҳижоб бўлажак француз инқилоби рамзими?

Сорбонна университети талабалари иттифоқи етакчиси, Марьям Пужетунинг ҳижоби билан боғлиқ машмаша ҳали тингани йўқ. Исломофоб-сиёсатчиларнинг жўр овозига бир марта юмор қилиш мақсадида “қош қўйман деб кўз чиқарган” медиа ахлат “Шарли Эбдо”нинг баланд овози қўшилди. Бироқ бу сафар улар ўз газеталарида қиз боланинг карикатурасини жойлаштиришди. Карикатура қанчалик жирканч бўлса, шунчалик савияси пастлигини намоён этди.

Бу воқеада қизиқарли бўлган бир нечта ҳолат

Биринчидан, вазир ёки парламент аъзосининг шахсий гардероби эмас, оддий фаол талабанинг кийиб юрган кийими вазирларда, давлат маслаҳатчилари ва мамлакатнинг энг йирик миллий ОАВи томонидан кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Илгари ҳам мамлакатда ҳижоб ва буркини билан боғлиқ можаро бир неча бор юзага чиққан эди. Бу ҳолатда ҳам кўриниб турибдики, бир парча рўмол билан боғлиқ ҳолат мамлакатга ваҳима олиб келиши мумкин.
Шунга қарамасдан, қизнинг ўзи унинг ҳижоби бошқалар таъкидлаётганидек, “сиёсий хусусиятга эга эмас, бу унинг эътиқоди” саналади. Кимлар учундир ҳижоб сиёсий хусусиятга эга. Шунинг учун улар бунга сиёсий тус беришга ҳаракат қилишмоқда. Аслида ҳижоб эътиқод ва шахсий ҳаётнинг ихтиёридгаи ишдир.
Иккинчидан, ҳозирги сиёсий муҳитнинг ваҳимасига қарамасдан, ўз эътиқодини намойиш этган ҳолда талабалар иттифоқининг етакчисига айланишига ҳеч нарса тўсқинлик қилмади. Яна қаерда, махсус мусулмон билим юртида эмас, балки турли француз сиёсий элитаси фарзандлари таҳсил оладиган Сорбонна университетида. Бу нимани англатади? Қадимий Франциянинг мана шундай ҳолатларга нисбатан оғиз кўпиртириб гапириш вақти ўтаётганини яққол кўрсатади.
Учинчидан ваҳимага тушишларидан яна бири Ислом рамзи ҳисобланган ва мактаб ҳамда коллежларда тақиқланган ҳижобнинг университетларга кириб келишидир. Францияда ҳижобни мактаб ва коллежларда тақиқлашларидан мақсад, ёшликларидан рўмол ўрашга ўрганмаган қизлар, университетга борганларидан сўнг ҳам ҳижоб ўрашмайди, деб ўйлашган эди. Аммо Туркияда Камол Отатурк томонидан қўлланган бу услуб ўз натижасини бермаган, қизлар университетга рўмолларини ечиб кирган бўлсаларда, унинг деворларидан ташқарига чиқишгач, яна ёпиниб олишарди. Вақти келиб, улар сайловчига айланишди ва бу қонунни тақиқловчи партия тарафида бўлишди.
Тўртинчидан, Францияда ҳижоб ва бу каби ҳолатларга қаршилик сабабларидан энг каттаси, мамлакатда Ислом номидан терактларнинг содир бўлаётганидир. Террорчиларнинг қилаётган ишлари мусулмонлар ва оддий французлар ўртасидаги жарликнинг янада кенгайтиришдир, аммо талаба қизнинг француз қизининг мамлакат таълим соҳасидаги ислоҳотлар борасида жон куйдиришида бу ҳолат кўзга ташланмайди.
Мана шундан кўриниб турибдики, бир томондан исломофоб тарафдорлари, иккинчи томондан экстремист ва террорчиларга қарамай, франциялик мусулмонлар давлат учун жон куйдиришмоқда ва жамиятда юқори ўринларга эга бўлишга интилишмоқда. Бундан ташқари, улар мамлакатдаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг рамзий маъносига айланишмоқда.

Бу - тарихнинг кўкараётган янги кўртаги ҳижоб бўлажак француз инқилоби рамзига айланиб, мусулмонлар эса уларнинг фаоли иштирокчиси бўлишини англатмоқда. Яъни, мусулмонлар мамлакатнинг ривожланиши ва тараққиётига улкан ҳиссасини қўшиши мумкинлигини кўрсатиб турибди. Ана, шундай қўрқишмоқда...

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase