close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Сукут – жиноят бўлган пайт

Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: «Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз» (Оли Имрон сураси, 110).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида қуйдигиларни айтган: “Бу ҳақиқатни ҳозир ўзини бу умматга нисбат бераётганлар яхши тушуниб олмоқлари лозим. Аждодларимиз худди шу ҳақиқатни тўлиқ тушунган чоғларида бутун дунёга устоз бўлганлар. Дунё халқларининг пешқадами бўлиб, уларни ортларидан эргаштирганлар. Бошқаларга тобеъ бўлмаганлар. Бошқаларнинг ортидан кўр-кўрона эргашмаганлар. Бошқалар ҳузурида ўзларини хору зор тутмаганлар”.
Аллоҳ таолонинг «Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз» («Оли Имрон» сураси, 110-оят) сўзлари – энг яхши умматнинг афзалликлар таърифи давомидир. Агар у амри маъруф ва наҳйи мункар қилиш амрига риоя қилмайдиган бўлса, бу устунликдан маҳрум бўлади. Аллоҳ таоло уларни одамларнинг энг яхшиси қилиб қўйган, чунки улар амри маъруф ва наҳйи мункар қилишга чақиради ва уларнинг одамлар учун фойдаси катта, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Сизларнинг яхшиларингиз яхшилигидан умид қилинувчи ва ёмонлигидан омон бўлинувчиларингиздир” (Имом Термизий ва Ибн Ҳиббон).
Мўмин учун, агар у танбеҳ бериладиган, ахлоқсиз ёки инсонийлик ва ахлоқийликка зид бўлган бирор нарсани кўрса, бепарволик, бетарафликни ифодалаши мақбул эмас. Бепарволик позицияси очиқдан-очиқ содир этилган ёвузликларга қараганда камроқ ёмонлик келтиради. Чунки бепарволик ёвузликка жимгина розилик каби, унинг давом этиши ва ривожланиши учун яшириқча рухсатдир. Бепарволик - ёвузликнинг олдини олиш ва яхшиликни мустаҳкамлашдан ўз кучларини жинояткорона тўхтатишдир. Бепарво, «бетараф» одамлар жамиятга қанча ёмонлик келтириши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Чунки уларнинг сукути туфайли ноҳақликлар ўзини янада қулай ҳис қилади. Эдмунд Бурк айтганидек, "Ёвузликнинг ғалаба қозониши учун яхши одамларнинг сукунати етарли".
Жеймс Холлис шундай деб ёзади: «Биз, масалан, Холокостнинг ваҳшийликларига ёрдам берган одамларнинг сони кам эканини биламиз. Бундан ташқари, биз очиқдан-очиқ қаршилик кўрсатганларнинг сони жуда кам эканини биламиз. Кўпчилик бефарқ, бепарво, пассив кузатувчилар, қўрқиб кетган ва мослашувчан, уларнинг тушуниши ёки жавобгарлик доирасидан чиқадиган нарсаларга алоҳида қизиқиш билдирмаган оддий одамлар бўлган - худди сиз билан биз каби».
Баъзида мўминлар сўрашади: «Мен бир ўзим нима қила оламан? Менинг овозим нимани ўзгартиради? Ахир мен бирон нарсага таъсир эта оламанми?» Ҳа, битта овоз дунёни ўзгартирмайди, лекин у янграйдиган бўлса, у сезилмасдан қолиб кетмайди. Агар унга минглаб шундай овозлар қўшиладиган бўлса, ўзгаришлар амалга ошиши мумкин. Агар яна бир миллион пассив кузатувчилар ўз сўзини айтадиган бўлсак, ўзгаришлар ҳақиқатга айланиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, Аллоҳ таоло олдидаги бурчимизни ёддан чиқармаслигимиз керак. Ҳаттоки бошқа одам сизни эшитмаган тақдирда ҳам Аллоҳ таоло сизни эшитади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Адий ибн Умайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ўз ораларида ёмонликни кўриб туриб, уни инкор қилишга қодир бўлиб туриб, инкор қилмай юрмагунларича Аллоҳ ознинг амалига кўпчиликни азобламайди. Агар шундай қилсалар, Аллоҳ хосни ҳам, омни ҳам қўшиб азоблайди», деганлар.
Бошқаларга бепарволик, мункардан қайтариш ва яхшиликка чақиришдан ўзини тийиш Аллоҳ таолонинг ғазабига олиб келади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қилиб айтдилар: “Ё амри-маъруф ва наҳий-мункар этасизлар ёки Аллоҳ таоло ёмонларингизни яхшиларингиз устидан ҳукмрон қилиб қўяди ва яхшиларингиз Аллоҳга дуо этишади, аммо дуолари ижобат бўлмайди”. (Имом Бухорий ва Табароний ривоятлари)
Разолатнинг тарқалиши, ишратпарастлик, ишламай яшаш турмуш тарзининг тарғиб қилиниши, гиёҳвандлик, спиртли ичимликлар, маст қиладиган бошқа ичимликлар тарқалиши, заифларнинг ҳуқуқлари поймол этилиши, миллий ёки диний сабабларга кўра таъқиб этиш ва бошқа ёвузликлар нафақат уларнинг ташаббускорлари, балки «уларнинг уйидан ташқарида нималар рўй беришининг қизиғи бўлмаган» бепарво, лоқайд кузатувчиларнинг жимгина розилиги билан содир бўлади. Бундай бетараф позиция – қуйидаги сўзларни айтган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга қулоқ солмасликдир: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом: «Сиздан ким мункарни (ёмон ишни) кўрса, ўша мункар ишни қўли билан ўзгартирсин, агар қудрати етмаса, тили билан ўзгартирсин, агар бунга ҳам қудрати етмаса, дили билан қайтарсин. Аммо буниси иймоннинг заифидир», деганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтадики: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг» (Моида сураси, 2). Бир-бирига ёрдам бериш усулларидан бири – динга чақириш, унинг йўлини енгиллатиш, имкон қадар ёвузлик ва душманликнинг йўлларини ёпишдир».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом: «Қиёмат куни бир кишини келтириб дўзахга ташланади. Унинг қорнидаги ичаклари отилиб чиқади. У уларнинг атрофида худди эшак тегирмон атрофида айлангандек айланади. Дўзах аҳли унинг атрофида жамланадилар ва: «Эй фалончи! Сенга нима бўлди?! Ахир амри маъруф ва наҳйи мункар қилмасмидингми?!» дейишади.
«Тўғри! Амри маъруф қилардим, аммо ўзим ўшани қилмасдим. Наҳйи мункар қилардим, аммо уни ўзим қилардим», дейди», деганларини эшитганман», деди». (Бухорий, Муслим)

Баъзида сукут бу – олтин, лекин баъзида – жиноятдир…

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase