close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Омон қолган: у терактда ҳалок бўлди деб ҳисобланаётганди

Тиббий замбилда ётиб, бармоғини юқорига қаратган бу одамнинг фотосурати бутун дунёни айланиб чиқди. Кўплаб нашрлар уни ўлим олдидан Худони эслаган террористик ҳужум қурбони, деб айтганди. Бироқ, бу одам тирик қолган экан. Қуйидаги материалда у билан рўй берган воқеа ҳикоя қилинади.

Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги «Ал-Нур» масжидига қуролланган Брентон Таррант бостириб кирганда Холид Жаммалий қотил билан юзма-юз тўқнашди. Террорчи қуролини кўтариб, уни Холидга қаратди. Холиднинг хаёлига ўлим муқаррарлиги ҳақида фикр келди, лекин нимагандир қотил ўқ узмади. У тескари бурилиб, бошқаларга қарата ўқ ота бошлади.
«Мени нима учун отиб ташламаганини билмайман. У менинг ортимда турган йигитни отиб ўлдирди, кейин эса масжиднинг бурчагида турган дўстларимни ўлдириш учун у томонга қараб кетди», – ҳикоя қилади Холид Жаммалий.
«Мен энг омадли одамлардан бириман… Аллоҳ мени унинг қуроли ва ўқидан сақлаб қолди».

  Ан-Нур масжидига доим келиб турадиган Холид Жаммалий ўша жума куни оёғидаги жароҳати туфайли, одатдагидек, ойна ёндан жой эгаллаб, намоз ўқиди. Масжиддаги хотиржамлик ва сукунатни ногаҳон янграган ўқ овози бузди.
 «Мен ҳеч қачон бу қурол товушлари экан деб ўйламаган бўлардим, чунки биз чиройли, хавфсиз мамлакатда эдик, ўзимизни тинч ва қулай ҳис қилардик. Мен бундай ҳолат рўй беришини тасаввур ҳам қила олмасдим. Ҳеч қачон.
 У менинг олдимда пайдо бўлиб, одамларни ўлдира бошлагандагина бунинг ҳақиқат эканлигини англаб етдим. Ўзим ҳам ўлишим мумкинлигини тушундим».
 Имконият туғилиши билан Холид масжид ойнасидан сакраб чиқиб кетган. Бунда у тиззасини жароҳатлаб олган ва бинодан қочиб чиқаётган одамларга урилиб кетган.
 «Ҳамма жуда қўрқиб кетганди... кўпчилик ташқарига чиқишга ҳаракат қилди, лекин бу жуда қийин эди. Ичкаридан ўқ овозлари эшитиларди. У бегуноҳ одамларни, дўстларимни ва болаларни ўлдирди».
 Холид ўрнидан туриб, бошқа омон қолганлар билан масжиднинг орқа ҳовлиси орқали югуриб чиқади. У девордан ошиб ўтган ва яшириниб олган. Фақат полиция етиб келиб, воқеа жойини қуршаб олганидан кейингина яширинган жойидан чиқиб келади.
 «Мен икки-учта ҳалок бўлган болани, кўчада ўлиб ётган кичкина қизалоқни кўрдим. Ярадорларни эвакуация қилиш пайтида масжид ичида кўплаб жасадлар бор эди. У бегуноҳ одамларни, дўстларимни, болаларни ўлдирди. Шунчаки совуққонлик билан ўлдирган».
 Холид касалхонага ётқизилган одамлар орасида энг охиргиси бўлди, чунки у тиззасидан ва белидан кичик жароҳатлар олганди. Холид Жаммалийнинг бармоғини осмонга қаратган ҳолда ётганлиги тасвирланган машҳур фотосурат бутун дунё оммавий ахборот воситаларида тарқалди, лекин унинг ўзи шу онни эслай олмайди.
 «Мен шокка тушиб қолгандим, кучли изтиробни бошимдан кечиргандим, шу сабабли ҳамма нарсани ҳам эслай олмайман».
 Бу пайтда эса унинг 21 яшар ўғли Маҳмуд отасини излаш билан овора эди.
 Ўша жума куни Маҳмуд масжидга бироз кечикиб келди. У келган пайт террорчи ўз ортидан бир талай жасадлар қолдириб кетганди.
 «Мен масжид олдида ўлик одамларни кўрдим. Мен бунга асло ишонолмасдим, - деди Маҳмуд ўз таассуротлари билан ўртоқлашиб. - Буларнинг барчасини кўрганимда, мен уларнинг орасида отам ҳам бўлиши мумкинлигини ўйладим. Қўрқувдан ақлдан озай дедим. Полиция мени тинчлантиришга уринди...»
 "Воқеа содир бўлган жойда отамни қидириб бир соатча вақт сарфладим. Бир пайт танишларимдан бири:" Отанг тирик, лекин оёғидан ўқ еди", - деб айтди. Бу мени янада қаттиқроқ ҳаяжонга солди".
 Маҳмуд шифохонага борди, лекин соқчилар уни ичкарига киритмадилар. У умидсизликка тушиб, ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилди: "Илтимос, отамни отиб кетишди. Мен бу ерда кутиб ўтиролмайман".
 Ниҳоят, полиция уни ичкарига киргазиб юборди. Бироқ, Маҳмуд отаси ҳақида ҳеч нарса била олмади, чунки шифохонада тартибсизлик ва чалкашлик ҳукм сурарди. Маҳмуд худди ўзи каби яқинларини қидириб юрган қариндошларига қара таскин топарди.
 «Мен қаттиқ қўрқиб кетгандим, отамни йуқотишим мумкинлигидан қўрқардим».

Ниҳоят, Маҳмуд отасини топгач, унинг олдига қуйидаги сўзлар билан ташланди: «Аллоҳга шукур, тирик экансиз, ҳамон шу ерда экансиз!».
Холид Жаммалийнинг оиласи шаҳарда ва бутун мамлакат бўйлаб одамларнинг реакциясини кўриб, ҳайрон қолди: одамларнинг чексиз оқими воқеа жойига гул қўйиб кетарди ва турли мавдонларда мусулмонларга қўллаб-қувватлаш сўзларини айтарди. Уларни шаҳарни тарк этишни истамадилар ва ал-Нур масжидига қайтишга қарор қилдилар.
«Биз қайтмоқчимиз. Бизни динимиздан ҳеч нарса қайтара олмайди», – дейди оила бошлиғи.
«Мен Янги Зеландияни ҳеч қачон тарк этмайман. Бу менинг уйим. Бу ерда кўп йиллар яшадим, бу менинг мамлакатим... Янги Зеландия энг яхши мамлакатдир. Бу ернинг одамлари жуда самимий ва дўстонадир. Қўшниларимнинг кўпчилиги мени кўриб кетишди ва ёрдам таклиф қилишди».
Холид ал-Жаммалий Қувайтда туғилиб ўсган. У 1996 йил оиласи билан биргаликда Янги Зеландиянинг энг йирик шаҳри – Оклендга кўчиб келган. Бир муддат у Қувайтга қайтиб келди, у ерда савдо бўйича менежер сифатида ишлади. Тўрт йил муқаддам, у Крайстчерчга жойлашди, у ерда маҳаллий мусулмонлар жамоаси томонидан илиқ қабул қилинди. У терактда ҳалок бўлганларнинг кўпини билар эди.
"Ҳалок бўлганлар ва яраланганлар менинг энг яхши дўстларим эди... Нима қилишим керак? Бу ҳаётнинг бир қисмидир. Биз буларнинг барчасини бошимиздан кечиришимиз лозим"
Холиднинг энг яқин дўсти – Мошин Харбий ҳам ҳалок бўлганлар рўйхатидан ўрин олган. Дунё оммавий ахборот воситалари Харбий ўлими ҳақида хабар берганида, унинг ўрнига Холид Жаммалийнинг ўша машҳур фотосуратини эълон қилди ва унинг телефонига жуда кўп одам қўнғироқ қилди. Бунга жавобан Холид қўнғироқ қилганларга тирик эканлиги ва омад келганини айтиб ишонтирди.
Бошқаларнинг омади камроқ эканлигини англаб этиб, Жаммалий оиласи ҳар куни касалхонага ташриф буюриб, жабрланганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатмоқда.
Оила бошлиғи бу даҳшатли воқеа бутун дунёга мусулмонларнинг хайрихоҳлиги, тинчликсеварлиги ва меҳмондўстлигини кўрсатишига умид қилади.
Ҳаттоки у бегуноҳ одамларни ўлдириш учун келганида ҳам, у биринчи бўлиб ўқ отиб ўлдирган одам уни «Хуш келибсиз, биродар!» деган сўз билан қарши олган.
Ҳозир бутун дунё биладики, ҳаттоки кимдир уларни ўлдиришга уринаётган бўлса ҳам, мусулмонлар жуда дўстона бўлиб қолаверади. Мана, биз аслида киммиз. Бу бизнинг динимиз. Умид қиламанки, у ҳам тушунади буни.

Манба: NZ Herald
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase