close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ибн Ҳажар Асқалоний

Ибн Ҳажар Асқалоний ислом уммати орасида ўзининг ҳадис ва улумул ҳадис соҳасидаги беқиёс хизматлари билан катта мавқега эгадир. У зотнинг ҳаёти, илмий фаолияти ва ислом дини ривожига қўшган ҳиссасини ўрганиш бугунги кунда ёшларни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Ибн Ҳажар Асқалоний ислом уммати орасида ўзининг ҳадис ва улумул ҳадис соҳасидаги беқиёс хизматлари билан катта мавқега эгадир. У зотнинг ҳаёти, илмий фаолияти ва ислом дини ривожига қўшган ҳиссасини ўрганиш бугунги кунда ёшларни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Унинг тўлиқ исми – Аҳмад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Ҳажар Асқалонийдир. Куняси Абул Фазл, лақаби – “Шиҳабуддин”дир. Олимга Кинона қабиласидан бўлгани учун “киноний” нисбати, аждодлари асли Фаластин ҳудудидаги Асқалон шаҳридан бўлгани учун эса “Асқалоний” нисбати берилган. У Ибн Ҳажар исми билан машҳурдир. Тарихчи олимлар “Ибн Ҳажар” исм ёки лақаблиги борасида турли фикрларни билдирган. Баъзилар унинг боболаридан бирининг лақаби дейишса, бошқалар эса у алломанинг шажараси бошида турган Аҳмаднинг исми бўлган дейди.

Ҳофиз ибн Ҳажар ҳижрий 773 йил шаъбон ойининг 22 кунида Мисрнинг Нил дарёси соҳилидаги бир қишлоқда таваллуд топади. Бўлажак аллома илм нури ила мунаввар бўлган оилада дунёга келган эди. Бобоси Қутбиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад кўплаб шайхлардан ҳадис эшитар, ҳатто, Абул Фазл ибн Асокирдан ижоза олишга ҳам муваффақ бўлган эди. Қутбиддин Муҳаммаднинг акаси Фахриддин Усмон ибн Муҳаммад эса ўз даврида шофеъий мазҳабининг энг катта фақиҳларидан эди. У Ибн Баззоз исми билан машҳур бўлган.

Оилавий ҳаёти. Ибн Ҳажар солиҳ, ақлли, тақводор бўлиб вояга етди. Йигирма беш ёшга тўлганда Қози Кариймуддин Абдулкаримнинг Унс исмли қизига уйланди. Ибн Ҳажар турмуш ўртоғига жуда чиройли муомала қилар, унинг ҳам илм олишини истарди. Шу мақсадда, жуфти ҳалоли Унсни ўзи билан бирга устозларидан дарс олишга олиб борар эди. Ҳатто, уни устози Ҳофиз Ироқий ҳамда Шараф ибн Кувайкнинг дарсларида иштирок этишини таъминларди. Натижада Унс бир қанча шайхларнинг ижозаларини қўлга киритади. Ўзи ҳам дарс бера бошлайди. Ҳар йили ражаб ва шаъбон ойларида аллома Ибн Хизр ундан дарс олар, “Саҳиҳул Бухорий”ни ўқиб берар эди. Аллома Саховий Унс бинти Кариймуддин қирқта шайхдан ривоят қилган қирқ ҳадисни келтириб ўтган. Бир сафар ҳазиллашиб Ибн Ҳажар ўз жуфти ҳалолига “Сен ҳам шайх аёл бўлдинг” деган эди. Ҳижрий 815 йилда Ибн Ҳажар Унсни ҳажга олиб боради. Ундан бешта қиз фарзанд кўради. Лекин бешала қиз ҳам онаси Унс тириклик пайтида вафот этади. Унс ушбу мусибатлар натижасида кўзи кўр бўлиб қолади. Ўлими яқинлашганда барча мол-мулкини Аллоҳ йўлида вақф қилади. Ҳижрий 867 йилда боқий дунёга риҳлат қилади.

Ибн Ҳажар жорияси Хос Туркдан ҳижрий 815 йилда ўғил фарзандли бўлади. Унга Муҳаммад деб исм қўяди. Ўғлига дастлаб Қуръони каримни тўлиқ ёд олдиради. Муҳаммад ўн бир ёшида Рамазон ойида жамоатга имомлик қилиб  Қуръони каримни хатм қилиб берди. Сўнг уни ҳадис эшитиш учун шайхлар мажлисларига юборди. Бир қанча ижозаларни қўлга киритгач, Муҳаммадга фиқҳни ўргата бошлади. Ҳатто, у учун ўзининг “Булуғ ал-маром мин адиллат ал-аҳком” номли китобини ёзди. Муҳаммад “Ҳусайнийя” мадрасасида ҳадисдан дарс берди. “Ибн Тулун” жоме масжидида маълум вақт имом бўлди. Отасининг “Нухбат ал-фикар” асарига “Натийжат ан-назар фи шарҳи нухбат ал-фикар” номли шарҳ ёзади. Лекин Муҳаммад отаси вафот этгандан сўнг, ўзи эгаллаб турган вазифалардан кетди. Ҳижрий 869 йилда вафот этди.

Илмий фаолиятининг бошланиши. Ибн Ҳажар таълим олишни беш ёшга тўлгач бошлади. Тўққиз ёшида устози шайх Садриддин Муҳаммад Сақтий ҳузурида Қуръони каримни тўлиқ ёд олди. Ҳижрий 785 йил ўн икки ёшида Масжидул Ҳарамда таровеҳ намозида имом бўлиб Қуръони каримни хатм қилди. У Маккайи мукаррамада бўлиб турган вақтда Шайх Афифуддин Нашавурийдан “Саҳиҳ ал-Бухорий” нинг аксар қисмини эшитиш бахтига муяссар бўлди. Шундай қилиб, Ибн Ҳажар ундан илк бор ҳадис эшитган  устози – шайх Афифуддин бўлди. Ҳижрий 786 йилда Мисрга қайтиб илм олишга шўнғиб кетди. Натижада қисқа фурсатда Ибн Сурур Мақдисийнинг “Умдат ал-аҳком”, Қазвинийнинг “Ал-ҳовий ас-соғир”, Абу Амр Ибн Ҳожибнинг “Мухтасари ибн ал-Ҳожиб”, Ҳаририйнинг “Милҳат ал-эъроб”, Байзовийнинг “Минҳаж ал-вусул”, Ироқийнинг “Алфийят ал-ҳадис”, Ибн Моликнинг “Алфийяту ибн Молик” номли асарларни ёд олди.  Унинг хотираси кучли бўлиб ҳар куни Қуръони каримдан ярим пора миқдорда ёд олар, дарсларни фақат ёдлаш билан чекланмасдан ҳар бир маълумотни тушунишга уринарди.

Устозлари. Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг устозлари жуда кўп бўлган. Тадқиқотчилар бунинг сабаби сифатида Миср диёрида уламоларнинг кўплиги ҳамда олимнинг турли ўлкаларга илм талабида қилган сафарларини келтиради. У таълим олиш мақсадида 50 га яқин шаҳарга сафар қилган. Зеро, таълим олувчи ўзи туғилиб ўсган жой уламоларининг илмини олиб бўлгандан сўнг бошқа ўлкаларга сафар қилиши унинг илми юксалишига, дунёқараши кенгайишига сабаб бўлади. Бундай сафарлар ўрта асрлар ислом таълимининг ажралмас қисми бўлган.

Асарлари. Ҳофиз ибн Ҳажар ўзининг серқирра ижоди билан ислом олами кутубхонасини ўз соҳасида қимматли дея топилган китоблар, манбалар ила бойитди. Ибн Ҳажар камтарлик қилиб: “Мен “Фатҳ ал-борий”, унинг “Муқаддимаси”, “Таҳзиб” ва “Лисон ал-мийзон”дан бошқа китобларимдан кўнглим тўлмаган. Чунки уларни фаолиятимнинг аввалида ёзганман. Кейинчалик эса уларни қайта таҳрир қилишда ёрдам берадиган киши топилмади”, дер эди. Саховий устозининг ушбу сўзларини келтириб: “Бу унинг ўта тавозели эканини ҳамда кун сайин илм-у маърифати ошиб борганини англатади”, дейди. Бу ҳақда устоз, муҳаддис Ҳибибурраҳмон Аъзамий: “Алломанинг ушбу сўзи унинг ўта камтарлигини кўрсатиб беради. Ваҳоланки, у таълиф этган китоблар ўз соҳасида асосий манбалардандир”, дейди. Қуйида устозларидан энг машҳурларини келтириб ўтамиз: Ҳофиз Ироқий (725-806 ҳ.й.), Ал-Ҳайсамий (735-807 ҳ.й.), Фотима бинту ал-Мунажжо ат-Тунухийя (712-803 ҳ.й.).

Шогирдлари. Ибн Ҳажарнинг номи машҳур бўлиб, ёзган асарлари бутун мусулмон олами бўйлаб тарқала бошлагач дунёнинг турли тарафларидан илм талабида унинг дарс ҳалқаларида иштирок этиш мақсадида талабалар оқиб кела бошлади. Саховий ўзининг “Ал-жавоҳир ва ад-дурар” номли китобида Ибн Ҳажардан ривоятан ва дироятан илм олганларнинг исмини бирма-бир келтириб, беш юз кишини санаган. Қуйида улардан энг машҳурларини келтириб ўтамиз: Ҳофиз Саховий (831-902 ҳ.й.), Бурҳониддин ал-Биқоий (809-885 ҳ.й.), Камол ибн Ҳумом (790-861 ҳ.й.), Қосим ибн Қутлубуғо (802-879 ҳ.й.).

Уламоларнинг мақтови.  Ибн Ҳажар ўзининг юксак илмий салоҳияти; устозлари, шогирдлари, яқинлари ҳамда атрофидагилар билан гўзал муносабати, Аллоҳ таолога бўлган тақвоси, одоб-у ахлоқи ила ўз замонасининг уламолари, фозиллари, катта-ю кичигининг қалбидан жой олган эди. Ҳозирга қадар барча аҳли илмлар, алломанинг ҳаёти билан танишган ҳар қандай киши унинг нечоғлик катта аллома, ҳақиқатда уммат намунаси эканлигини тан олади. Қуйида биз Ибн Ҳажарнинг устозлари, тенгқурлари ҳамда ундан кейин келган катта олимларнинг аллома ҳақида билдирган фикрлари билан танишамиз.

Ҳофиз Ироқийнинг таржимайи ҳолида келадики: “Аллома ўлим тўшагида ётганида қози Камолиддин ибн Адим ҳофиз Ироқийдан ўзидан кейин ҳофиз сифатида кимни тан олиши ҳақида сўраганида, у ,аввало, Ибн Ҳажарни сўнг ўғли ҳофиз Абу Зуръани, учинчи шайх Нуриддин Ҳайсамийни айтган”.

Камол ибн Ҳумом устози ҳақида: “У ҳасанотларни ўз саъй-ҳаракатлари билан ҳам, саъй-ҳаракат қилмасдан ҳам қўлга киритаверади. Биринчиси унинг илмидир, иккинчиси эса инсонлар уни яхшилик ила эслашидир”, дер эди.

Убайдуллаева Умида

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Уламолар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase