091. Шамс сураси
- Якшанба, Июл 14 2024
- 35 марта кўрилди
Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 15.
Тартиб рақами: 91.
Сура маъноси: қуёш.
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
1. Қуёш ва унинг зиёсига қасам...
Қуёш ва у таратаётган зиё нафақат инсоният, балки бутун мавжудот учун муҳимдир. Қуёшни Ерга нисбатан аниқлик билан ўрнатиб қўйган Улуғ Аллоҳ ибодат қилишга энг муносиб Зотдир!
2. У (қуёш)нинг ортидан келган ойга қасам...
Қуёш оламга зиё сочиб, шом киргач, ботади ва унинг кетидан Ой чиқади. Маълумки, Ой Қуёш зиёсидан нур олиб, кечаси уни Ерга таратади. Бу ҳам мўъжиза. Аллоҳнинг махлуқотларга қилган енгиллиги бу.
3. У (қуёш)ни ошкор қилган кундузга қасам...
Кундуз куни Ер юзидан зулматни ҳайдаб, Қуёшни очиқ-ойдин кўрсатади. Агар кундуз бўлмаса, Қуёш ҳам чиқмайди. Кундуз куни махлуқотлар тирикчилигида асосий ўрин тутади. Агар умрбод тун давом этганида Ер юзида ҳаёт бўлмасди.
4. У (қуёш)ни ўраган тунга қасам...
Кундузги тирикчиликдан хориган мавжудотлар, шу қатори инсон ҳам дам олиши учун Аллоҳ тунни яратди. Тун эса Қуёшни ёпиб қўяди. Агар Қуёшни ўрамаса, ҳақиқий маънода тун бўлмайди. Хуллас, бу илоҳий боғлиқлик ҳақида фикр юритган банда Аллоҳ таоло нақадар Ҳакийм ва Улуғ зот эканига тан бермасдан иложи йўқ.
5. Осмон ва уни яратган (Зот)га қасам...
Аллоҳ осмонни яратиб, уни устунларсиз кўтариб қўйди, юлдузлар билан унга кўрк берди. Ҳозиргача ожиз инсон осмоннинг аниқ чегарасини билолмай ҳайрон. Мана шундай улкан, чексиз ва мўъжизакор осмонни яратган Аллоҳ Улуғдир!
6. Ер ва уни ёйиб қўйган (Зот)га қасам...
Аллоҳ Ерни текис, ўсимлик ўсадиган, сувни шимиб олмасдан дарёлар оқадиган, турли ер ости бойликлари чиқадиган қилиб яратган. У Зот яратган ҳар бир нарса ақлларни лол қилувчидир.
7-8. Нафс ва уни тиклаган, унга маъсият ва тақвони билдирган (Зот)га қасамки...
Аллоҳ таоло инсон нафсини, унинг руҳий оламини мукаммал қилиб яратган. Унга яхшилик қозониш, ҳис қилиш, идрок этиш, камолотга эришиш каби хислатларни сингдирди. Аллоҳ ҳар бир нафсни пок ҳолида, Исломга мансуб қилиб яратган ва унга икки йўлни – яхшилик ва ёмонлик йўлини билдирган. Унинг нафсида тақвога рағбат ва маъсиятга мойиллик бор. Қайси бирини танлаш банданинг ўзига боғлиқ.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон “нафс ва уни тиклаган, унга маъсият ва тақвони билдирган (Зот)га қасамки...” оятини ўқисалар, тўхтаб,
деб дуо қилардилар” (Ибн Мунзир, Ибн Мардавайҳ, Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).
9. У (нафс)ни поклаган киши, албатта нажот топибди!
Ким нафсини Аллоҳга итоат этиш билан чиркин ахлоқ ва ёмон одатлардан покласа, хулқини гўзал қилса, бундай банда, албатта нажот топади! Бунга шак-шубҳа йўқ. Юқорида бир неча нарсалар билан қасам ичишдан мақсад ҳам шу ҳақиқатни баён қилиш эди.
10. Ва уни (гуноҳ қилиш билан) хорлаган кимса, аниқ зиён кўрибди!
Ким нафсига эрк берса, уни гуноҳ-маъсият ва куфру залолат билан булғаса, нафсини поклашга беэътибор бўлса, унинг ҳалок бўлиши муқаррар!
11. Самуд (қабиласи) туғёни сабаб ёлғонга чиқарди.
Самуд қабиласи ҳаддан ошгани сабаб пайғамбарлари Солиҳни ёлғончига чиқаришди.
12-13. Эсланг, уларнинг энг бадбахти ўрнидан турганида, Аллоҳнинг Расули уларга: “Аллоҳнинг туяси(ни сўйиш) ва уни суғориш(га тўсқинлик қилиш)дан эҳтиёт бўлинглар!” деди.
Қабиланинг энг бадбахт кимсаси Қаддор ибн Солиф Аллоҳнинг мўъжизаси бўлган туяни сўйиш учун ўрнидан қўзғалганида, Солиҳ алайҳис салом уларга: “Бу туяга зарар етказманглар, унинг навбати бўлган кунда сув ичишига тўсқинлик қилманглар!” деб уларни огоҳлантирди.
14. Бас, улар у (пайғамбар)ни ёлғонга чиқариб, у (туя)ни суйиб юбордилар. Парвардигорлари гуноҳлари туфайли уларнинг устига азоб ёғдириб, уни (барчалари учун) тенг қилди.
Қабила аъзолари Солиҳ алайҳис саломнинг пайғамбарлиги ва туя Аллоҳнинг мўъжизаси эканини тан олишмади, унинг насиҳатларига қулоқ осишмади ва туяни сўйиб юборишди. Натижада Аллоҳ уларни қаттиқ азоблади ва бу азобни барчаларига баробар қилди – уларнинг биронтаси ҳам жазодан қочиб қутула олгани йўқ.
15. Зеро У (Зот ишининг) оқибатидан қўрқмайди.
Аллоҳ қилаётган ишининг оқибатидан қўрқмайди. У Зот барчадан Устун ва Ғолибдир. Аллоҳнинг иродасига ҳеч ким қарши боролмайди.