close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

090. Балад сураси

 

 

 

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 20.
Тартиб рақами: 90.
Сура маъноси: юрт, ўлка; шаҳар.

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
              
1. Мана шу шаҳарга қасам...
Ушбу оятда Аллоҳ томонидан мукаррам қилинган Макка шаҳри билан қасам ичилмоқда. Макка бежизга улуғ шаҳар эмас. Чунки унда Каъбаи муаззам бор, Исмоил алайҳис салом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳарлари, қолаверса ҳаж амаллари ҳам айнан шу юртда адо этилади.
             
2. Ва Сиз бу шаҳарда яшамоқдасиз.
Макканинг улуғ шаҳар эканига сабаблардан бири ҳам шу. Пайғабарлар Саййиди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу юртда туғилиб ўсдилар, камолга етдилар.
Оятнинг бошқа таъвилида: “Эй Муҳаммад, Маккада ўзгаларга мумкин бўлмаган уруш қилиш ва асир олиш каби ишлар Сизга ҳалолдир”, деб келтирилган.
           
3. Ва ота ҳамда (ундан бўлган) болага қасамки...
Баъзи муфассирлар бу ердаги “ота ва бола”дан мурод Одам ва унинг зурриётидир, дейишган. Лекин оятда ҳар бир ота ва унинг боласи назарда тутилгандир. Ўйлаб қарасак, инсондан фарзанд туғилиб, наслининг давом этиши, отанинг бола дунёга келишига сабабчи бўлиши ҳам Аллоҳ таолонинг мўъжизасидир.
                    
4. Албатта Биз инсонни машаққатга яратдик.
Аллоҳ инсонни синов учун яратди. Синов эса машаққатсиз кечмайди. Одамнинг бу қийинчиликларни бошидан ўтказиши босқичма-босқич юз беради. У умрининг охиригача дунё ташвишлари ва турли қийинчиликларга дуч келади. Ўлимдан сўнг эса қабрдаги имтиҳон ва барзах ҳаётини бошидан ўтказади. Олдинда уни қиёмат қийинчилиги кутиб турган бўлади. Хуллас, банда, хусусан, мўмин банда то икки оёғи жаннат тупроғида бўлмагунича ғам-ташвишдан холи бўлмайди .

5. (Инсон) унга ҳеч кимнинг кучи етмайди, деб ўйлайдими?
Куч-қуввати, мол-дунёси ва ақл-идроки билан ғурурга кетган инсон ўзини ким деб ўйламоқда?! Ожиз инсон унга ҳеч кимнинг қудрати етмайди, шунча гуноҳ қилсам ҳам ҳеч ким мени жазоламайди, деб ўйлайдими?!
Йўқ! Нотўғри ўйлабди. Уни яратган Аллоҳ унга бас келади, хоҳласа, уни жазолайди.
   
6. У: “Мен кўп бойликни сарфла(б қўй)дим”, дейди.
Агар унга яхшилик йўлида бойлигидан сарф қилиш таклиф қилинса, у: “Мен жуда кўп бойлигимни шу йўлда сарфлаб бўлганман”, деб ёлғон гапиради. Аслида у эҳсон учун бир чақа ҳам ишлатмаган, барчасини кайфу сафо ва айш-ишрат йўлида совурган бўлиб чиқади.

7. (Ўша инсон) уни ҳеч ким кўрмаган, деб ўйлайдими?
У қилаётган ишларини ҳеч ким кўрмайди, деб ўйлайдими? Йўқ, ундай эмас. Сахийлик қилмаган ҳолида, мен кўп молимни яхшилик учун ишлатдим, деб айтганини ҳам, бойлигини қайси йўл билан топиб, қаерга ишлатаётганини ҳам Аллоҳ билади.

8-9. Ахир Биз унга икки кўз, тил ва икки лабни (ато) қилмадикми?
Оятда Аллоҳ бандаларга икки кўз, тил ва икки лаб неъматини эслатиб, уларни Ўзига шукр қилишга чақирмоқда.
Макҳул Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ таоло: “Эй Одам боласи, сенга улуғ неъматлар бердимки, унинг саноғига ета олмайсан, шукрини адо этолмайсан. Сенга берган неъматларимдан бири икки кўздир. Сен ўша икки кўзинг ёрдамида кўрасан. Мен кўзларингга ғилоф яратдим. Бас, Мен ҳалол қилган нарсаларга қара. Агар ҳаром қилинган нарсаларга кўзинг тушса, унинг пардасини ёп! Мен сенга тил бердим ва унга ғилоф ҳам қилиб қўйдим. Бас, Мен буюрган ва ҳалол қилган нарсаларни гапир. Агар ҳаром нарсаларга дуч келсанг, тилингни тий. Мен сенга жинсий аъзо бердим ва унга парда ҳам қилдим. Фаржингни ҳалолга ишлат. Агар ҳаромга юзма-юз келсанг, фаржингга парда торт (зинодан сақлан). Эй Одам боласи, сен Менинг ғазабимни кўтара олмайсан, интиқомимга тоқат ҳам қила олмайсан!” дейди” (Ибн Асокир ривояти. Ривоят санади заиф).

10. Ва Биз уни икки баландликка йўлладик.
Аллоҳ таоло инсон фитратига яхшилик ва ёмонлик орасини ажрата оладиган салоҳият, ҳақ ва ботилни фарқлай биладиган ақл берган. Айни вақтда шаҳватларга мойиллик ҳиссини ҳам сингдирган унинг табиатига. Инсон шу йўл билан имтиҳон қилинади. Қайси йўлни танлашига қараб унинг оқибати икки хил бўлади.
Бу оятда ҳидоят – эзгулик ва залолат – қабоҳат йўли баланд тепаликка ўхшатилмоқда. Юқорида турган нарса барчага бирдек аниқ кўринади. Ҳидоят ҳам, залолат ҳам бандаларга очиқ-ойдиндир, қайси йўл тўғри, қайси бири нотўғри экани кундек равшан.
 
11. У Ақоба (довони)ни ошиб ўтолмади.
Ушбу оятда банданинг нафс ва шайтон билан кураши довон ошиб ўтишга ўхшатилмоқда.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: “Ақоба жаҳаннамдир”, деган (Ибн Абу Ҳотим  ривояти). Абу Солиҳ эса: “Ақоба жаннат ва жаҳаннам ўртасидадир”, деб айтган (Ибн Мунзир ривояти).

12. (Эй Муҳаммад,) довон (ошиб ўтиш) нима эканини Сиз қаердан биласиз?!
Сиз довон ошиб ўтиш нима эканини билмайсиз. Мен Сиз ва умматингизни яхшилик ва нажот йўлига бошлайман.
 
13-16. (Довон ошиш) қул озод қилиш ёки қийинчилик кунда қариндош етим ёки жуда камбағал мискинга таом беришдир.
Бу оятларда қайси амаллар орқали нафс довони, жаннат билан жаҳаннам ўртасидаги довонни ошиб ўтиб, Аллоҳ розилигига эришиш йўллари кўрсатилмоқда.
Қатода айтади: “Одамлар жаннатга етмасдан бир довонга дуч келадилар. Уни ошиб ўтиш бир қул озод қилиш билан бўлади”, деган (Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Мунзир ривояти).
Заҳҳок айтади: “Одамлар фарз амалларидан сўнг мискинга таом бериш каби Аллоҳ учун маҳбуб бўлган амални қила олмайдилар” (Ибн Абу Шайба ривояти).
Демак, қуйидаги амаллар ёрдамида нафс довонини ҳатлаб ўтиш мумкин экан:
– қулликда жабр кўраётган бандани сотиб олиб озод қилиш;
– очарчилик ва қаҳатчилик вақтида, ҳамма ўзи ҳақида ўйлаб қоладиган пайтда қариндош етим болалар ва тирикчилик қилишга йўл топа олмайдиган ўта қашшоқ бечораҳол кишиларга таом бериш.
Бу амаллар бежизга довон ошиб ўтишга ўхшатилмаяпти. Чунки бу ишлар нафсга оғир келади. Бу амаллар, одатда, одамлар кўзидан йироқ, риёдан холи, шуҳрат ва обрўъ-эътибор олиб келмагани учун ҳам аксарият кишилар бундай амаллардан ўзларини олиб қочадилар.

17-18. Кейин у имон келтирган, бир-бирларини сабрга чақирган ва бир-бирини раҳмли бўлишга ундаган (зот)лардан бўлса, ана ўшалар ўнг томон эгаларидир.
Аллоҳ қилган амалини қабул қилиб, рози бўлиши учун банда, аввало Аллоҳга имон келтириши, Аллоҳ йўлидаги машаққат ва қийинчиликларга сабр қилиб, ўзгаларни ҳам сабр қилиш ва бир-бирига меҳр-муҳаббатли бўлишга чақириши лозим. Мана шундай бандалар ўнг томон соҳиблари – жаннат эгалари бўладилар.

19. Бизнинг оятларимизни инкор қилган (кимса)лар эса чап томон эгаларидир.
Аллоҳнинг оятларини инкор қилувчи кофир бандалар номаи аъмоли чап томонларидан берилади ва улар юзтубан ҳолда жаҳаннамга ташланадилар.

20. Уларнинг устида қамраб олувчи жаҳаннам бордир.
Кофир, мушрик ва мунофиқлар жаҳаннамга кирганларидан сўнг устларидан эшик ёпилади. Энди улар у ердан чиқиб кета олмайдилар.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase