close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

105. Фил сураси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

[1]. (Эй Муҳаммад!) Раббингиз «фил эгалари»ни не қилганини кўрмадингизми?
«Фил эгалари»нинг Байтуллоҳни бузиб, хароб қилишни қасд қилиб келишларига нима сабаб бўлгани хусусида уламолар турли хил фикрларни билдирганлар. Бинобарин, уларнинг баъзилари шундай деган: «Улар ўз юртларида бир уй ясаб, уни Каъба деб номлашди. Уларнинг мақсади одамлар худди Каъбатуллоҳни зиёрат қилишга келганлари каби уни ҳам зиёрат қилишга келишлари эди. Аммо одамлар ўша уйга келишдан бош тортдилар ва бу «фил эгалари»нинг ғазабини қўзғади, ҳатто араблар уларга нисбатан қилган ана шу ишнинг жазосини бериш учун бу уйни (Байтуллоҳни) бузиб ташлашни хоҳладилар».(Бу гапни Ибн Исҳоқ розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир ривоят қилган.)
Муфассирлардан яна баъзилари шундай деганлар: «Улар шоҳлар ва фиръавнлар(Фиръавн: қадимги Миср ҳукмдорлари унвони. «Ал-Қомус», 557-бет.) бўлишган. Уз подшоҳликлари ва салтанатлари борасида ўзларига қарши бўлганларни душман тутиш уларнинг одатлари бўлган».
(«Фил эгалари»нинг бу ишни қасд қилишларига) сабаб нима бўлишидан қатъи назар, бизга уни билишнинг ҳеч керак жойи йўқ. Бизга кераги бу сура ўзи билан олиб келган ва аниқ бўлган маъно нималигини билишдир.
Бу нарсани уч хил талқин қилиш орқали тушуниш мумкин бўлади.
Биринчиси, Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилишни истаб, келган кишиларни қириб юбориш билан инъом этган ўша неъматларини уларга (маккаликларга) эслатган. Чунки улар маккаликларни ҳалок қилишни, уларнинг аёллари ва бола-чақаларини асир олиб кетишни кўзлаб келганлар. Улар Аллоҳнинг шукрини адо этишлари, Унга чинакам ибодат қилишлари, Ундан бошқасига ибодат қилишдан тийилишлари учун У зот маккаликларга қилган гўзал яхшилигини эслатиб қўйган.
Иккинчиси, Аллоҳ таоло маккаликларни (Ўзидан) қўрқитиб қўйган. Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ таолонинг Байтини беҳурмат қилганлари боис, У зот «фил эгалари»ни ҳалок қилган экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларини зое қилганлари туфайли маккаликлар ҳам Унинг ҳалок қилиши ва азоблашидан хотиржам бўлмасинлар. Ҳар ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматлари Байтуллоҳнинг ҳурматига қараганда улуғрокдир. Унинг Байтини беҳурмат қилганлари учун анавиларнинг бошига азоб тушган экан, Унинг Расулини беҳурмат қилганларга Аллоҳнинг азоби тушиши ва улардан интиқом олиши, албатта, қўрқишга ҳақлироқдир.
Учинчиси, Аллоҳ таоло анави кимсаларга Ўзининг мўъжизаларини кўрсатганидан кейин ҳам улар ортларига қайтиб кетмаганлар. Чунки зикр қилишларича, улар филни Байтуллоҳ сари йўналтирган вақтларида у (юришдан) бош тортиб, жойидан жил-маган. Уни ўз ерлари томонга йўналтирганларида эса у шошган ва юришини тезлатган. Улар филнинг бу ишини кўриб ҳам ортларига қайтиб кетмагач, Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилиб юборган. Шундай экан, маккаликлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган оят-мўъжизаларни эшитиб, имон келтирмаган эканлар, Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилиб юборишидан ҳамда Ўзининг азоби билан улардан интиқом олишидан хотиржам бўлмасинлар. Бу суранинг нозил бўлиш сабаби биз айтиб ўтган ана шу гаплар асосида тушуниб олинади.
Айтишларича, бу сура Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хушхабар сифатида нозил бўлган. Бу билан шу нарсага ишора қилинганки, ўша вақтда Байтуллоҳнинг ҳеч бир ёрдамчиси ва ёнида турувчиси бўлмаган, балки унинг бир ўзи бўлган, Аллоҳ таоло унга ёрдам бергани учун душманлари уйни бузишга қодир бўлмаганлар. Гарчи Сиз бир ўзингиз бўлсангизда, Аллоҳ таоло худди шу тарзда Сизга нусрат ва ёрдам беради ҳамда душманингизни ҳалок қилади. Чунки бу сура нозил бўлаётган пайтда Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг тарафдорлари кўп бўлмаган. Аллоҳ таоло Бадр куни худди шу ишни қилди ҳам.
Сўнгра оятдаги [алам таро] ибораси аввал бўлиб ўтган ва одамлар уни яхши билган, аммо кейинчалик эсдан чиқариб юборган ажойиб воқеани биргалашиб хотирлаш учун ишлатиладиган сўздир. Ҳали бўлиб ўтмаган ишлар учун ҳам ишлатилади. Демак, улар Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишлардан қайтишлари ва ўзларини тийишлари учун Ўзининг душманларига қилган муомаласи билан маккаликларни ҳайратга солмоқда. У зот гўё: «Раббингиз «фил эгалари»га қандай қилганини кўрдингизми?» демоқчидек.
Эҳтимол, Унинг бу хитоби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган бўлиб, у зотдан бошқалар ирода қилингандир. Шунингдек, бу хитоб маккаликлардан ҳар биттасига қаратилган бўлиши ҳам мумкин.
Уларни «фил эгалари» деб номлаш ва филнинг уларга боғлаб зикр қилинишини икки хил талқин қилиш мумкин:
Биринчиси, «Фил билан бирга юрганлар», деган маънони англатади.
Иккинчиси, «Худди «Раббуд-дор, соҳибуд-дор», дейилганига ўхшаб, «Фил соҳиблари», яъни эгалари, деган маънони билдиради.
[2]. (У) уларнинг макрларини йўққа чиқармадими?!
Яъни уларнинг ўзларича Байтуллоҳни бузиб, хароб қилиб юбориш ҳақидаги ўй-хаёлларини йўққа чиқармадими?! Уларнинг «макрлари» ҳақида суранинг бошида сўз юритганмиз.(«Фил эгалари»нинг Байтуллоҳни бузиб, хароб қилишни қасд қилиб келйшларига нима сабаб бўлгани хусусида уламолар турли хил фикрларни билдирганлар...» деб бошланган хат бошидан қаранг.)
[3]. Уларнинг устига тўда-тўда қушларни юборди.
Оятдаги [абобийл] калимаси «тўда-тўда ҳар хил гуруҳлар» маъносидадир. Аллоҳ таоло қушларни бирданига ёки битта-битта қилиб эмас, балки тўда-тўда қилиб юборганини айтмоқда.
Аллоҳ таолонинг душманлари билан курашиш учун жангга чиқишдаги суннат ана шунақа гуруҳ-гуруҳ бўлиб чиқишдир.
Айтилишича, [абобийл] бундан аввал ҳам, кейин ҳам унга ўхшашини ҳеч ким кўрмаган қушлар бўлиб, уларнинг худди йиртқич ҳайвонларникига ўхшаш бошлари бор. Баъзи таъвилларда уларнинг ҳинд эркакларига ўхшаши зикр қилинган.
[4]. (Улар) сопол тошлар билан уларни отар эди.
Уламолар ушбу оятда келган [сижжийл] юзасидан ихтилофга борганлар. Баъзи муфассирлар: «У - тошлари фиръ-авнларни азоблаш ва ҳалок қилиш учун яратилган бир жойнинг номидир», деганлар. Баъзилари эса: «У арабчалашган форсча сўз, яъни [санг гил] бўлиб, у ғиштдир»,(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир ривоят қилган.) - деганлар. Яна айрим муфассирлар: «Бу тошнинг ўта қаттиқ ва кучли бўл-ганининг ифодасидир», - деганлар.
[5]. (Бас) уларни (Каъбани бузишга келганларни) еб (чайнаб) ташланган сомондек қилиб қўйди.
Муфассирлар: [ал-ъасф] - экиннинг ёки ҳар қандай ўсимликнинг япроғидир»,(Бу гапни Ибн Зайд розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир ривоят қилган.) - деганлар.
(Мазкур оятда келган) [маъкул] калимаси икки хил маънони - еб бўлинган ва ҳали ейилмаган нарса маъносини англатади. Чунки ҳали ейилмаган нарса ейиш учун ҳозирлаб қўйилган бўлса ҳам «маъкул» (егулик) деб аталади. Агар ейилмайдиган нарса бўлса, у ҳолда Аллоҳ таоло гўё: «Улар куч-қувват ва салтанат соҳиблари бўлишларига қарамай, уларни заифлик ва ҳолсизликда худди ҳайвонларнинг емиши каби қилиб ташлади. ҳатто ана шундан кейин улардан умуман қўрқилмайдиган бўлиб қолди», демоқчидек бўлади. Агар егулик маъносида бўлса, гап шуки, Аллоҳ таоло уларни худди эътиборга олинмайдиган ва дунё тугагунига қадар тилга олинмайдиган егулик сингари қилиб юборган бўлади.
Баъзи бир таъвилларда: «Худди (ичини) қурт еган егулик сингари ичи тешик бўлиб қолади», дейилган. Яна ҳам Аллох билувчироқдир!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase