106. Қурайш сураси
- Пайшанба, Нояб 09 2023
- 12241 марта кўрилди
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
[1]. Қурайш (аҳолиси)га қулай қилиб қўйгани учун,
[2]. яъни уларга қишда (Яманга) ва ёзда (Шомга) сафар қилишни қулай қилиб қўйгани учун
[3]. мана шу Уй(Каъба)нинг Парвардигорига ибодат қилсинлар!
[4]. Зеро, (У) уларни очлиқдан (қутқариб) тўйдирди ва хавф (ва хатар)дан хотиржам қилди.
[Ли ийлаафи қуройш. Ий-лафиҳим риҳлаташ шитааи вас сойф]. Бу оятни бир неча хил талқин қилиш мумкин. Шулардан бири - Фарро айтган ушбу гаплардир: «Ундаги [лом] ҳарфи сабаб қилиб кўрсатиш учун келган. Чунки бу сура ўзидан олдинги [алам таро](Яъни Фил сураси. Қаранг: Фарро. «Маъонил Қуръон», 3-жилд, 293-бет.) сурасининг давомидир. Аллоҳ таоло: «(Бас) уларни (Каъбани бузишга келганларни) еб (чайнаб) ташланган сомондек қилиб қўйди.(Фил сураси, 5-оят.) Қурайшга қулай бўлиши учун», деган. Гўёки У зот: «Уларга қишда ва ёзда қулай қилиб қўйилган ўша иккита сафарга одатланиб қолганларидек, ўша маконга одатланиб қолишлари учун Мен «фил эгалари»ни ҳалок қилдим ва уларга қиладиган ишимни қилдим», демоқда.
Иккинчи талқин шуки, Аллоҳ таоло шундай деяётган бўлиши мумкин: «Мен халойиқларга мана шу Уйнинг Раббига ибодат қилишни лозим қилиб қўйдим. Токи улар ўша Уйга одатланиб қолсинлар, Қурайш ва ўша жойдагиларга керак бўладиган егулик ҳамда уларнинг тирикчилик воситалари бўлган бошка нарсаларни ўзлари билан олиб келсинлар».
(Аллоҳ таоло бу ишни) Қурайш аҳолиси ўша Уйнинг Раббига ибодат қилишга одатланиб қолишлари учун қилди. Борди-ю, шу иш бўлмаганида уларнинг ўша жойларда яшашга имконлари бўлмас эди. Чунки у жойларда экин ҳам, ўсимлик ҳам, тирикчилик воситаси ҳам йўқ бўлган. У ерлар Иброҳим алайҳиссалом айтганидек, «Экин ўсмайдиган бир водийдан («Эй Раббимиз! Мен зурриётимдан (бир қисмини - ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Эй Раббимиз! (Улар) намозни баркамол адо этсинлар деб (шундай қилдим). Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгин ва уларни (барча) мевалардан озиқлантиргин, шояд (шунда) шукр қилсалар». (Иброҳим сураси, 37-оят).) иборат бўлган. Уларнинг ўша жойда яшаб қолишлари (дунёнинг) узоқ ва турли тарафларидан халойиқлар ўзлари билан олиб келадиган нарсалар ҳисобигадир. «Ахир, Биз уларга осойишта Ҳарамни мақом қилиб бермадикми?! Барча нарсанинг ҳосиллари Бизнинг даргоҳимиздан ризқ бўлган ҳолда ўша жойга йигилади-ку!»(Қасас сураси, 57-оят.) ояти бунинг мисолидир.
Баъзи муфассирлар шундай деган: «Қурайш (аҳолиси)га улар худди қиш ва ёздаги сафарга ўрганиб қолганларидек бу Уйнинг Раббига ибодат қилишга ҳам ўрганиб қолиш буюрилмокда. У: «Сизлар мана шу икки (вақтдаги) сафарга ўрганиб қолганингиздек, бу Уйнинг Раббига ибодат қилишга ҳам одатланинг», демокда».
Яна баъзилари шундай деганлар: «Маккаликлар юртлар бўйлаб бехавотир тижорат иши билан сафар қилиб юрар эдилар. Ҳурматлари борлиги учун ҳеч нарсадан қўрқмасдилар. Чунки одамлар Ҳарамнинг ҳурмати учун уларни ҳурмат қилар эдилар. Шу даражадаки, улар ҳеч қандай тўсиққа учрамас ва ҳеч ким уларга озор-азият етказмас эди. Ҳатто улардан бирови шаҳарлардан бирида қандайдир муаммога дуч келиб қоладиган бўлса, «бу ҳарамликдир», дейилар ва ўша жойларнинг ҳурмати учун унинг ўзи ҳам, мол-мулки ҳам тек қўйилар эди. Бу ўша Аллоҳ таолонинг «ва хавф (ва хатар)дан хотиржам қилди» деган сўзида келган ҳолатдир».
Баъзи манбаларда айтилишича, араблар бир-бирларининг устига бостириб борар ва бир-бирларини асирга олар эдилар. Маккаликлар эса «Улар ўзларининг атрофларидаги одамлар қиргинга учраб турган бир пайтда, Биз (Маккани) осойишта ҳарам қилиб қўйганимизни кўрмадиларми?!»(Анкабут сураси, 67-оят.) оятида келганидек, Аллоҳ таолонинг ҳарамида бехавотир эдилар. Бундан келиб чиқадики, маккаликлар бу осойишталик Ундан эканини билиб қўйишлари учун Аллоҳ таоло уларга берган улуғ неъматлари ҳамда яхшиликларини эслатиб қўйган.
Бу борада асл гап шуки, пайғамбарликни Қурайш (қабиласи)дан қилиб қўйиши ва Узи хоҳлаган вақтга қадар уни боқий қолдириши Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва иродаси бўлгани боис улар учун ўша жойда хавфсизликни яратиб, уларнинг ризқ-рўзларини ва ўша ерда тирикчилик воситалари бўлган нарсаларни ҳузурларига йиғилиб келадиган қилиб қўйди. Токи улар Аллоҳ хоҳлаган вақтга қадар ҳаёт бўлиб турсинлар ва пировардида У зот истаган нарса Узи истаганидек амалга ошсин. Худдики, Аллоҳ мана шу оламни ундагилар ҳаёт бўлишларини истаган вақтга қадар боқий қолиши учун яратиб, истаган нарсаси амалга ошиши учун Узи ирода қилган вақтга қадар уларнинг ризқ-рўзларини пайдо қилиб қўйди. Бас, буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг ҳикматига асосандир.
Қутабий шундай деган: [аалафту фулаанан ийлафанфнинг масдаридир. Бу худди сизнинг [алзамтуҳу илзааман](Яъни уни бутунлай мулзам қилиб қўйдим.) деган сўзингизга ўхшайди».(Ибн Қутайба. «Тафсиру ғарибил Қуръан», 539-бет.)
Кисоий: [алифтул макаана ва аалафтуҳу](Яъни шу жойга ўрганиб қолдим ёки шу жой билан дўстлашиб олдим.) бу иккаласи икки хил луғатдир», - деган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай деган: [ли ийлаафи Қуройш], яъни Қурайш (аҳолиси)нинг ишларига ўхшаб. [ийлаафиҳим], яъни уларнинг
[риҳлаташ шитааи вас сойф] қиш ва ёзда сафарга чиқишни одат қилиб олишларига ўхшаб («фил эгалари»ни ҳалок қилди). [фал яъбудуу Робба ҳазал
байт], яъни улар мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар. [аллазий атъамаҳум мин жуъин]. Яъни У зот уларга етган очлик ва қаҳатчиликдан сўнг уларни тўйдирди. [ва ааманаҳум мин ховфин]. Яънидушман хавфидан хотиржам қилди. Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!