111. Улар дедилар: «Сенга пасткаш (ялангоёқ) кимсалар эргашган бўлса, бизлар сенга иймон келтирурмизми?».
У жоҳил қавм наздида, Нуҳ алайҳис-саломнинг “айби” унга фақатгина кавмдаги фақир-мискин (қавмнинг айтишича, “пасткаш-ялангоёқ”) кишилар эргашгани экан.
Пайғамбарлар тарихига қаралса, ҳар доим уларнинг даъватларига ўз-лари юборилган қавмнинг зодагон, бой-бадавлат кишилари қарши туришгани кўрилади. Қолаверса, аксари мол-давлат ва салтанат эгалари бошқалар уларга итоат этишига ўрганиб қолганлари учун ўзлари бировга эргашишни - агар у биров Оллоҳ таоло юборган элчи бўлса ҳам - ор деб биладилар, бошқача айтганда, тўплаган мол-давлатлари аксари ҳолларда уларни Ҳақ Йўлга юришдан тўсиб туради. Фақир-мискин кишиларда эса бундай тўсиқлар йўқдир. Шунинг учун ҳам узун тарих давомида Оллоҳ таоло юборган пайғамбарларга аввал-бошда, албатта, камбағал-бечора кишилар иймон келтириб, итоат этганлари маълумдир.
Бунинг бир мисоли, Рум мамлакатининг подшоҳи Ҳирақл Макка зодагонларидан бўлган Абу Суфёндан Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатлари ҳақида сўраб-суриштирганида сўз орасида: “Муҳаммадга одамларнинг бой-бадавлат зодагонлари эргашдиларми ёки заиф-бечораларими?!, деб сўраган эди, Абу Суфён: “Унга заиф-бечоралар эргашдилар”, деди. Шунда Ҳирақл: “Оллоҳнинг элчиларига одатда энг аввал камбағал-бечоралар эргашадилар”, деди. (“Тафсири Мунийр”дан).
Шайх Алоуддин Мансур роҳиматҳуллоҳнинг
"Қуръони Азим тафсири"дан, 4-жилд