close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Истиқоматда бўлиш

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Албатта: “Раббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): “Қўрқманг ва ғамгин ҳам бўлманг! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинг! Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингизмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон Зот (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир”. Аллоҳ (йўли)га даъват этган ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, “Мен мусулмонларданман”, деган кишидан кўра ким чиройлироқ сўзловчидир?!» (Фуссилат, 30–33)

“Тўғри бўлган зотлар” қандай кишилар экани тўғрисида турли фикрлар айтилган. Масалан, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Сўзи билан иши бир бўлган одамлар”, деса, Умар (розияллоҳу анҳу): “Мунофиқлик қилмайдиганлар”, деган. Усмон (розияллоҳу анҳу): “Амални ихлос билан адо этувчилар”, деса, Али (розияллоҳу анҳу): “Фарз амалларни бажариб юрувчилар”, деган. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) айрим саҳобалардан ушбу “тўғри бўлиш” (арабчаси “истиқомат”) нима?” деб сўраганида улар: “Гуноҳ қилмаслик”, деб жавоб берган. Шунда у: “Жуда қийин ишга айлантириб юбордингиз. Ундай эмас, балки имон келтирганидан кейин қайта бут ва санамларга ибодат қилиб, ширкка қайтмаслик”, деб жавоб берган экан, (“Мадорикуттанзил ва ҳақоиқуттаъвил”, 288-б.).
Фуссилат сураси 31-оятни мисрлик муфассир шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий (ваф. 1997 й.) бундай тафсир қилган: “Замонавий фан ютуқлари энг авжига чиққанда ҳам кўнгил тусаган нарсани махсус тугмачани топиб босмагунча муҳайё қила олмаслар. Жаннатда эса, кўнгилга келтирилса бас, у муҳайёдир. Жиҳозга ҳожат йўқ”.
Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига кирдим ва у кишини жуда хурсанд ҳолда кўрдим, сўнг бунинг сабабини сўрадим. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нега хурсанд бўлмайин, Жаброил (алайҳиссалом) ҳозиргина ҳузуримдан чиқиб кетди. У: “Аллоҳ мени сизга хушхабар бериш учун юборди. Агар умматингиздан бирор киши сизга битта салавот айтса, Аллоҳ ва фаришталар унга ўнта салавот айтади”, деди”, дедилар».
Юқорида келтирилган оятларнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос айтади: «Бу оят Абу Бакр Сиддиқ ҳақида нозил бўлган. Мушриклар: “Парвардигоримиз Аллоҳдир ва фаришталар Аллоҳнинг қизларидир”, деди. Яҳудийлар эса: “Парвардигоримиз Аллоҳдир, Узайр Аллоҳнинг ўғлидир ва Муҳаммад пайғамбар эмасдир”, деди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) эса: “Парвардигоримиз Аллоҳдир ва У ягона бўлиб, Унинг шериги йўқдир ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир”, дедида, ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда бардавом бўлди. Оятнинг маъноси: “Улар Аллоҳнинг ягоналигига иқрор бўлади ва Унга шериклар, хотин ва болаларни нисбат бермайдилар. Сўнгра Аллоҳга тоат-ибодатда қоим бўладилар ва фарзларни адо этадилар. То вафот этгунларича динда холис бўладилар”, деганидир».
Баъзилар: “Истиқомат – тўғри бўлиш зоҳирда ва ботинда бўлади. Зоҳирдагиси Аллоҳ буюрган амрларга бўйсуниш, қайтарганларидан четланиш, ботиндагиси имон келтириб, тасдиқлашдир”, деган.
Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан истиқомат ҳақида сўрашганида: “Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмаслигинг”, деб жавоб берган. Умар (розияллоҳу анҳу): “Истиқомат – амру наҳийларда тўғри туришинг, тулкилар ҳийласи каби ҳийла қилмаслигинг”, деган. Усмон (розияллоҳу анҳу) истиқомат тоат-ибодатни ихлос билан қилиш, деб изоҳлаган. Али (розияллоҳу анҳу) эса: “Истиқомат – фарзларни адо этишинг”, деган.
Аҳли ҳақларнинг баъзилари айтишича, “истиқомат, яъни тўғри туриш уч хилдир: тил билан тўғри туриш; қалб билан тўғри туриш, яъни шаҳодат калимасида бардавом бўлиш: ихлос билан тўғри туриш, яъни, тоат-ибодатда давомли бўлиш”. Баъзилар айтади: “Истиқомат тўрт нарса билан бўлади. Амрнинг муқобилида тоат-ибодат билан, наҳийнинг муқобилида тақво билан, неъматнинг муқобилида шукр билан, жаннатнинг муқобилида сабр билан. Бу тўрт нарса бошқа тўрттаси билан комил бўлади: тоат ихлос билан, тақво тавба билан, шукр ожизлигини билиш билан, сабр Аллоҳ йўлида нафсни ўлдириш билан”.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтади: «Истиқоматнинг аломати ўнта нарсада кўрилади. Биринчиси, тилни ғийбатдан сақлаш, зеро, Қуръонда ғийбат ҳаром экани баён қилинган. Иккинчиси, ёмон гумондан сақланиш, зеро, Қуръонда гумондан четланиш буюрилган, гумонларнинг баъзиси гуноҳ экани таъкидланган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёмон гумондан сақланинглар, чунки у сўзларнинг энг ёлғонидир”, деганлар. Учинчиси, масхара қилишдан четланиш. Қуръони каримда бир қавм бошқа бир қавмни масхара қилмаслиги буюрилган, масхара қилинаётган қавм масхара қилаётган қавмдан яхшироқ бўлиши мумкинлиги таъкидланган. Тўртинчиси, кўзларни номаҳрам аёлларга қарашдан тийиш. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (Нур, 30). Бешинчиси, рост сўзлаш, олтинчиси, Аллоҳ йўлида садақа қилиш, зеро, Аллоҳ таоло: “Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз!” (Бақара, 267), деган. Еттинчиси, исроф қилмаслик, саккизинчиси, кибрланмаслик, тўққизинчиси, беш вақт намозни вақтида адо қилиш ва ўнинчиси, аҳли сунна вал жамоа йўлини маҳкам тутиш».
Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) бундай деган: “Мўминнинг қалбидаги имон етти шохли дарахтга ўхшайди. Шохларининг биттаси қалбда бўлиб, унинг меваси тўғри ниятли бўлиш. Иккинчиси, тилда бўлади, унинг меваси тўғрисўзликдир. Учинчиси, икки оёқда бўлиб, меваси жамоат намозига боришдир. Кейингиси икки қўлда бўлиб, унинг меваси садақа қилишда кўринади. Бешинчиси, кўздадир, унинг меваси ибратли нарсаларга қараш билан бўлади. Олтинчиси, қоринда бўлади, унинг меваси ҳалолдан еб, шубҳали нарсаларни тарк этишдир. Еттинчиси, нафсда бўлиб, меваси шаҳватлардан тийилишдир”.
Хабарларда келишича, қиёмат куни барча махлуқотлар қабрларидан туради. Фаришталар мўминлар олдига келиб, улар устидаги тупроқни қоқади. Уларнинг пешонасидан бошқа жойининг тупроғи тушиб кетади. Фаришталар бу ўринни ҳам артади, аммо тупроқ кетмайди. Шунда уларга нидо қилинади: “Эй фаришталар! Бу тупроқлар қабрдаги тупроқ эмас, балки уларнинг меҳробларидаги тупроқдир. Уларни Сирот кўпригидан ўтиб жаннатга киргунларича шу ҳолатда қолдиринглар, токи уларга қараганлар Менинг хос бандаларим эканини билишсин”.
Башорат-хушхабар берувчилар учтадир. Бу дунёда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат берганлар. Қуръони каримда: “…сабр қилувчиларга хушхабар беринг” (Бақара, 155), дейилган. Жон олиш вақтида фаришталар башорат беради. Зеро, Қуръони каримда келишича, фаришталар мўминларга ўлимлари вақтида: “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз!” (Фуссилат, 30), дейди. Яна Аллоҳ таоло: “Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан раҳмат, ризолик ва улар учун неъматлари доимий (бўлмиш) жаннат (боғ)лари тўғрисида хушхабар берур” (Тавба, 21), деган.
Хушхабар бериш беш хил бўлади. Биринчиси, мўминлар оммаси учун. Уларга: “Сизлар азобда абадий қолишдан қўрқманглар, сизларни пайғамбарлар ва солиҳ кимсалар шафоат қилади, савобларни бой бериб қўйганингиздан ғамгин бўлманглар, борадиган жойингиз жаннат бўлиши хушхабари билан шодланинглар”, дейилади. Иккинчиси, ихлос билан амал қилгувчилар учун бўлиб, уларга: “Амалларингиз рад қилинишидан хавфсираманглар. Чунки амалларингиз мақбулдир. Савобларни қўлдан бой берганингизга ғамгин бўлманглар, сизларнинг савобларингиз бир неча бор зиёда қилинади”, дейилади. Учинчиси, тавба қилувчилар учун, уларга: “Гуноҳларингиздан хавфсираманглар, чунки сизларнинг гуноҳларингиз мағфират қилингандир. Савобларингиз камлигидан ғамгин бўлманглар, чунки гуноҳларингиз савобларга айлантирилгандир”, дейилади. Тўртинчи хушхабар зоҳидлар учун аталган. Уларга: “Ҳашр ва ҳисоб-китобдан хавфсираманглар ва ҳисобсиз, азобсиз жаннатга кириш хушхабари билан шодланинглар”, дейилади. Бешинчиси, одамларга яхшиликларни таълим берган ва илмига амал қилган олимлар учун. Уларга: “Қиёмат даҳшатларидан хавфсираманглар. Чунки сизлар амал қилганингиз эвазига мукофотланасиз. Сизлар ва сизларга эргашганларга аталган жаннатлар хушхабари билан шодланинглар”, дейилади.
Умри охири башорат–хушхабар билан якунланган кимсалар нақадар бахтлидир. Башорат фақатгина амалида ихлосли ва бардавом бўлган мўминларга берилади. Улар олдига фаришталар келади. Шунда мўминлар: “Сизлар кимсизлар, биз сизлардан гўзалроқ ва хушбўйроқ кимсаларни кўрмаганмиз”, дейишади. Фаришталар: “Биз сизларнинг дўстларингизмиз, яъни бу дунёда амалларингизни ёзиб, сизларни ҳимоя қилиб турдик”, дейди.
Оқил кимса ғафлатдан уйғониши керак. Уйғонишнинг алома­ти тўрт хил бўлади: биринчиси – дунё ишларини қаноат билан тадбир қилиш; иккинчиси – охират ишларига ҳарислик билан ёндашиш; учинчиси – дин ишларини илм ва ижтиҳод билан бажариш; тўртинчиси – халқнинг ишларида насиҳат, муҳаббат ва юмшоқлик билан тадбир қилиш.
Қуйидаги беш хислатга эга бўлганлар одамларнинг яхшиси ҳисобланади: ибодатда қоим бўлганлар; зоҳирда ҳам, ботинда ҳам ихлосли бўлганлар; одамларга ёмонлик қилмайдиганлар; одамларнинг қўлидаги нарсадан умидвор бўлмаганлар ва ўлимга тайёргарлик кўрган кишилар.
Яҳё ибн Муоз айтади: “Мустақим тургувчининг бир қанча аломатлари бор: Аллоҳга тоат-ибодат қилишга саъй-ҳаракат этиш, оммага таъмасиз насиҳат қилиш, қўрқув билан ибодат қилиш, дунёда кўраётган нарсаларидан шаҳватсиз ибрат олиш, охират ҳақида ғафлатсиз тафаккур қилиш. Кимда ушбу сифатлар бўлса, ўлим олдидан унга бахт-саодат ва жаннат хушхабари берилади”.
Мусулмон киши Аллоҳга итоат қилиб, Расулига “Лаббай” деб ва раҳбарларга итоат қилиши билан истиқоматда барқарор бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни ҳақиқий истиқоматда бардавом айласин, омин!

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase