close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳадисларни инкор қилувчиларнинг ғоя ва фикрлари

Ҳар бир фирқанинг ўз олдига қўйган режаси ва мақсади бўлади. Юқорида зикри ўтганларнинг қандай режалари бор? Бу учта нарсадан иборат. Уларнинг баъзиси мана шу учта нарсани бирданига даъво қилади, айримлари бировини даъво қилиб чиқади.

Ҳар бир фирқанинг ўз олдига қўйган режаси ва мақсади бўлади. Юқорида зикри ўтганларнинг қандай режалари бор? Бу учта нарсадан иборат. Уларнинг баъзиси мана шу учта нарсани бирданига даъво қилади, айримлари бировини даъво қилиб чиқади.
Уларнинг биринчи ботил ғоялари, номақбул фикрларича, «Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва салламнинг вазифаси Қуръонни етказиш, холос. У зотнинг пайғамбарлик сиймоси, яъни суннатлари, топширадиган вазифа ва кўрсатмалари йўқ. Шунинг учун фақат Қуръони каримга итоат қилиш вожиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга пайғамбарлик юзасидан на саҳобага ва на кейинги умматга вожиб» эмиш. Аллоҳ бундай эътиқоддан ўзи асрасин!
Яна бунга қўшимча: улар «матлув ваҳий» бор, «ғайри-матлув ваҳий» йўқ дейдилар. Бизлар эса «ғайриматлув» ваҳий ҳам бор деймиз. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръондаги ояти карималардан бошқа ҳам ваҳий кўрсатмалари бўлган деймиз. Улар асосида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатни бизларга шакллантириб берганлар.
Ҳозирги Қуръони каримга киритилган оятлар «матлув» - тиловат қилинадиган оятлардир. Бу аҳли суннат ва жамоатнинг ижмоъси билан собит бўлган нарсалардир. Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга махсус ваҳий орқали шариатнинг айрим ҳукмларини баён қилиб берган кўрсатмалари мавжуддир. Уларни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатга асло хиёнат қилмаган ҳолда умматларига тўлалигича етказганлар. Бироқ ушбу ҳақиқатларни инкор этаётган адашган тоифалар бугун Аллоҳ таолога ҳам, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва салламга ҳам хиёнат қилмоқдалар.
Уларнинг «ғайриматлув»ни инкор этишлари Қуръони каримни тушуниш учун бошқа нарса керак эмас, хусусан, ҳадиси шарифлар керак эмас, уларга эҳтиёж йўқ дейишлари учун керак эди.
Иккинчи ботил ғоялари, уларнинг номақбул фикрлари: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иршодлари, кўрсатмалари саҳобаларга вожиб бўлган, бизга вожиб эмас, у зотга итоат этиш унинг давридаги саҳобаларгагина вожиб бўлган, қолган умматларга вожиб эмас» эмиш.
Учинчи ботил ғоялари, уларнинг номақбул фикрлари: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмалари, иршодлари ҳаммага вожиб эди, барча умматга вожиб бўлган, бироқ ҳозирда бизгача етиб келган ҳадислар ҳужжат бўлишга яроқли эмас. Сабаби, ҳадисларнинг бизларгача етиб келган силсилаларида, иснодларида турли-туман гап-сўзлар мавжуд. Қисқаси, бизга саҳиҳ ва ишончли санад билан биронта ҳадис етиб келмаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам давридаги саҳобалар кўрсатмаларни ўзларидан олгани учун уларга итоат этиш вожиб, бироқ кейингиларга, хусусан, бизларга кўрсатмалар ишончли бўлиб етиб келмагани боис итоат асло вожиб эмас», - дейдилар.
Ҳадисларни инкор этадиганларнинг барчаси қандай тоифа бўлишидан қатъи назар, юқорида айтилган учта ғоянинг бировини даъво қиладилар.
Уларнинг бу бузиқ ғояларига аҳли суннат ва жамоат олимлари етук маърифат билан жавоблар беришган.

Абу Исо Ат-Термизийнинг
"Сунании Термизий шарҳи" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase