Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Охир замонда дажжол каззоблар бўлади. Улар сизларга сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапиришади. Улардан эҳтиёт бўлинглар, улар сизларни адаштириб, фитнага солиб қўйишмасин», дедилар» (Имом Муслим ривоят қилган).
Шарҳ: Ҳадиснинг хулосаси шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам охири замонда макр ва фириб қилгувчи ёлғончилар келишини, улар бировнинг қулоғи эшитмаган гап сўзларни тарқатишини баён қилдилар. Ҳадис матнидаги сўзидан иккита маъно тушунилади. Биринчиси, луғавий маъно. Иккинчиси, истилоҳий маъно бўлиб, барчага маълум ва машҳур бўлган ҳадис маъносидир. Агар биринчи маъно ирода қилинса, ёлғончи тоифалар қулоқ эшитмаган турли ёлғон сўзларни тарқатадилар, деган маъно чиқади. Агар иккинчи, яъни истилоҳий маъно ирода қилинса, биров эшитмаган тўқима ҳадисларни тарқатадилар, деган маъно чиқади. Агар улар тарқатаётган гаплар бор нарса бўлганида эди, ота-боболар ҳам эшитишган бўларди. Бундан улар ўз эътиқодларини одамлар орасида ёйиши назарда тутилган. Чунки улар одамлар орасида ўзларини уламо ва машойих деб танитадилар. Улар одамларни ҳақдан адаштирувчилардир. Шу сабабдан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан узоқлашишни, улардан эҳтиёт бўлишни ва уларни ҳам узоқ тутиш зарурлигини айтмокдалар.
Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг
"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан