close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Видолашув хутбаси, ёки Инсон ҳуқуқлари

Ҳижрий ўнинчи йил росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг биринчи ва маълум бўлишича, охирги ҳаж зиёратларини амалга оширишга шайландилар, шу муносабат билан бу зиёрат кейинчалик видолашув зиёрати деб аталди, чунки унда росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан видолашдилар ва бошқа ҳаж сафарини амалга оширмадилар.

Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳаж сафарига йўл олишларини эшитган кўплаб одамлар унинг ҳамроҳлик қилиш истагини билдирди. Бир юз қирқ мингга яқин зиёратчи тўпланди. Бунда тириклигидаёқ уларнинг меҳнатлари маҳсулини кўриш имконини берган Аллоҳнинг сўнгги пайғамбарига (с.а.в.) марҳамати намоён бўлди. Ўйлаб кўринг, ахир йигирма уч йил муқаддам, Исломга даъватни бошлаган пайтда унга бир гуруҳ одамлар, асосан, камбағаллар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар эргашган бўлиб, уларга қандайдир ҳимоя таклиф қила олмасдилар. Улар диндошларининг имон йўлида қанчалик азоб-уқубатларга дош беришга мажбур бўлганини кўргач, уларни сабр-тоқатга даъват қилардилар: "Сабр қилинг, Яссир оиласи, чунки бунинг эвазига сизга жаннатдан жой тайёрланган". Ўн йил олдин улар ҳаётини сақлаб қолиш ҳамда Ислом динига эркин эътиқод қилиш ва уни тарқатиш имконига эга бўлиш учун саҳобалар билан бирга Маккани тарк этиб, Мадинага кўчиб ўтишга мажбур бўлгандилар. Ўз уйларидан чиқиб кетган одамлар заиф эди – мана энди эса, кўп йиллар давомидаги даъватлар, сабр-тоқат ва ҳаракатлардан сўнг, у Арафа водийсида юз мингдан зиёд саҳобалар қаршисида турибди, уларнинг орасида яқиндагина унга қарши жанг қилган, айни дамда эса росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уларнинг қалбидан жой топа олганликлари сабабли унинг сочларини йиғиштириб олаётган ва уларни кўзларига суртаётган одамлар ҳам бор эди. Улар саҳобаларга қарата видолашув хутбаси деб аталмиш ваъз билан мурожаат қиладилар.

ВИДОЛАШУВ ХУТБАСИ

Эй инсонлар! Сўзимни яхшилаб тингланг... Бу йилдан сўнг сизлар билан бу ерда яна кўришиш-кўришмаслигимни билмайман.
Эй инсонлар! Бугунингиз қандай ҳам муқаддас кун, бу ойлар қандай ҳам муқаддас ой, бу шаҳар (Макка) қандай ҳам муқаддас бир шаҳар бўлса, Роббингиз билан кўришгунга қадар қонларингиз, молларингиз, обрўларинигиз ҳам айни шаклда муқаддасдир ва бир-бирларингизга ҳаромдир!
Эй саҳобаларим! Эртага Роббингизга рўпара бўлиб ва бугунги ҳол ва ҳаракатингиз ҳақида муҳаққақ сўроқ берурсиз. Мендан сўнгра эски залолатларга қайтиб, бир-бирингизнинг бўйнингизга урмангиз!...
Эй саҳобаларим! Кимнинг ёнида бир омонат бўлса, уни эгасига берсин. Қарз ўз ўрнига қайтарилиши лозим. Ижарага олинган нарса эгасига қайтарилиши шарт. Ҳадялар адялар ила қаршиланур. Бошқаларга кафил бўлганлар, кафолат маъсулиятини ўз зиммасига олган бўлади. Жоҳилият даврига оид судхўрликнинг ҳар қандай кўриниши бекор қилинган бўлиб, оёқларим остидадир. Фақат қарзни қайтариб бериш лозим.
Аллоҳнинг амри ила судхўрлик бундан буён ҳаромдир. Жоҳилиятдан қолган қабеҳ одатларнинг барча турлари оёқларим остидадир. Биринчи наҳий қилганим судхўрлик; Абдулмутталибнинг ўғли амаким Аббоснинг фоизидир.
Эй саҳобаларим! Жоҳилият давридаги қон даъволари ҳам бекор қилинди. Бекор қилганим илк қон даъвоси Абдулмуттлибнинг набираси Амр ибн Хориснинг қон даъвосидир.
Эй саҳобаларим! Бундан буён шайтон шу тупроқларда одамларнинг ўзига топинишидан умидини узди. Лекин топиниш ташқарисидаги амалларингизда ҳам шайтонга эргашишингиз шайтонни мамнун қилади.
Эй инсонлар! Ҳаром ойларнинг ўринларини алмаштириб, кечиктириш ҳақиқатан куфрда олға кетишдан бошқа нарса эмас. Кофирлар шундай қилиб залолатга тушадилар ва Аллоҳ ҳаром қилган ойларнинг ҳисобини ёлғондан бир йил ҳаром бир йил ҳалол ҳисоблайдилар. Шундай қилиб Аллоҳнинг ҳаром қилганини ҳалол қилган бўладилар.
Замон Аллоҳнинг осмонлар ва ерни яратган кунидан буён айрилгандир. Фақат Каъбага хизмат қилиш ва ҳажга келганларга сув беришлик одатлари боқийдир.
Эй инсонлар! Хотинларга яхши муомала қилишингизни ва Аллоҳдан қўрқишингизни тавсия қиламан. Чунки улар амрингиз остидадир. Сиз хотинларни Аллоҳнинг бир омонати ўлароқ олдингиз ва уларнинг номусларини ва иффатларини Аллоҳ олдида сўз берароқ ҳалол этингиз.
Яхши билингки, сизларнинг хотинларда ҳақингиз бўлганидек, хотинларнинг ҳам сизларда ҳақлари бор.
Эй мўминлар! Сўзимни тингланг. Яхши тушиниб олинг. Батаҳқиқ Роббингиз бирдир. Оталарингиз ҳам биттадир. Аллоҳ ҳузурида энг хайрлигингиз, Аллоҳдан энг кўп қўрққанингиздир.
Арабларнинг ажамдан, ажамнинг эса арабдан, оқ ирқлининг қора ирқлидан, қора ирқлининг оқ ирқдан ҳеч қандай устунлиги йўқдир. Устунлик ёлғиз тақводадир.
Эй инсонлар! Аллоҳдан қўрқинг, раҳбар қилиб устингизга бурни, қулоғи кесик бир қулни сайлаб қўйса, Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм этгани қадар уни тингланг ва унга итоат этинг!
Эй инсонлар! Сизга бир омонат қолдираяпман-ки, уни маҳкам ушласангиз йўлингиздан адашмайсиз! У омонат Аллоҳнинг Китоби ва пайғамбарининг суннатидир.
Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинг! Беш вақт намозингизни ўқинг! Рамозон ойидаги рўзаларингизни тутинг! Молларингизнинг закотини беринг! Ўзларингиздан бўлган амр соҳибларига итоат этинг-ки, Роббингизни жаннатига кирурсиз.
Эй инсонлар! Ҳаддан ошишликдан сақланинг. Ўтган умматларнинг ҳалокатининг сабаби, динларида ҳаддан ошишлик эди. Ҳаж маносикларини мендан олинг! Бу санадан сўнгра яна сиз билан бу ерда кўришиш-кўришмаслигимни билмайман.
Эй инсонлар! Эртага мен хақимда сиздан сўраганларида нима дейсиз? Рисолатни таблиғ этдимми? Илоҳий вазифани адо қилдимми?
Бунга бутун асҳоби киром шундай жавоб бердилар:
—Албатта, қасам ичамизки сиз Аллоҳнинг хабарини таблиғ этдингиз, вазифани бажардингиз. Бизга тавсия ва насиҳатда бўлдингиз. Ҳаммасига шоҳидлик берамиз!
Пайғамбаримиз (с.а.в) муборак кўрсатгич бармоқларини осмонга ишорат қилдириб, жамоатга боқиб шундай дедилар:
—Шоҳид бўл Роббим! Шоҳид бўл Роббим! Шоҳид бўл Роббим!
Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам видолашув хутбасини якунлагач, Аллоҳ Таоло қуйидаги оятни нозил қилди: « Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим» (Моида сураси, 3).

 Хулоса

Видолашув хутбаси, моҳиятан, росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам йигирма уч йил давомида тарғиб қилган Ислом тамойилларининг қисқача баёни ҳисобланади.
Хутбада ёдга олиб ўтилган бандлар даъватлар чуқурлиги билан жуда муҳим ва дунёда ҳеч қаерда бундай нарса эълон қилинмаган ва амал қилмаган бир даврда, VII асрда белгилаб берилганлиги муҳим эканлигини ҳисобга олиб, ҳуқуқшунослик ва қиёсий ҳуқуқ нуқтаи назаридан ўз давридан илгарилаб кетган новаторлиги билан қизиқдир.
1. Худодан қўрқиш ва гуноҳларни тарк этишга даъват. Кундалик турмуш прагматизмини сингдириб олган замонавий инсон бунда жамият ҳаёти учун амалий фойдаларни дарҳол англаш қийин бўлади. Ҳақиқатда эса, Аллоҳга муҳаббат ва Унинг олдида содир этган гуноҳлари учун қўрқишни ўз ичига оладиган Худодан қўрқиш Аллоҳ уни доимо кўриб туришини тушунган ҳолда инсон Парвардигорнинг қаҳридан қўрқиб, ўзини гуноҳлардан тийиш ёки Аллоҳнинг ажрини олиш умидида эзгу ишлар қилишга интиладиган жамият ҳаётининг асосий тушунчаси ҳисобланади. Умуман олганда, бундан кишилардан ибоарт бўлган жамият ютади, чунки у эзгу ишларга тўлади, қотилликлар, ўғирликлар, алдовлар, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва ҳ.к. кўринишидаги гуноҳлардан халос бўлади. Буларнинг барчаси Худодан қўрқиш суст ёки умуман мавжуд бўлмаган жамиятдан фарқ қилишга олиб келади.
2. Қонун устуворлиги. Ушбу хутбада Қуръонга риоя қилиш ва исломга зид келадиган, жоҳилиятдан қолган урф-одатларни тарк этиш шартлиги кўрсатилади. Масалан, айбдорлик даражасидан қатъи назар, қотилнинг барча қариндошларига нисбатан амал қилган қон қасосини бекор қилиб, шариат шу тариқа ўш пайтларда дунёда амал қилган жамоавий жавобгарлик тамойилини бекор қилган ва айбсизлик презумпцияси тамойилини ўрнатган. Шунингдек, Аллоҳ тақиқлаган нарсаларга рухсат бериш ва У рухсат берган нарсаларни тақиқлаш мумкин эмаслиги кўрсатилади.
3. Инсон ҳуқуқлари декларацияси. Видолашув хутбасида исломнинг иккита асосий қадрияти – Аллоҳ ҳуқуқлари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тилга олиб ўтилган.
Ушбу хутба ўзига хос инсон ҳуқуқлари декларацияси бўлган. Унда миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқиши ёки жинсидан қатъи назар, барча одамлар тенг ҳуқуқли эканлиги таъкидланган: «Ҳамма одамлар Одам Атодан тарқалган, Одам Ато эса тупроқдан яралган». Фарқ фақат Худодан қўрқиш даражасидадир.
Шундай қилиб, ислом ҳар бир кишига ҳаёт ҳуқуқи, мол-мулк ва мерос ҳуқуқи, ўз фикрини билдириш ҳуқуқи каби барча асосий ҳуқуқ ва эркинликлар берган. Ҳозирги пайтда бу тушунчалар табиий бўлиб кўринади, лекин VII асрда, айрим одамлар бошқаларнинг қули бўлган ва ўз хўжасининг моли саналган бир пайтда, бу тушунчалар гўёки бошқа дунёдан эди.
Ҳаёт ҳуқуқи. Мол-мулк ҳуқуқи. Ор-номусни ҳимоя қилиш ҳуқуқи. Ижтимоий мавқеи, танасининг ранги, қайси миллатга мансублиги, жинсидан қатъи назар. Ислом одамларни дин бўйича умумий биродарликка даъват этади, ўзгаларнинг ҳаётига, мол-мулкига, ор-номусига тажовуз қилишни, алдов, мунофиқлик, фоиз олиш, бошқаларга зиён етказган ҳолда бойишга унринишни тақиқлайди. Ислом қарзларни тўлаш, омонатни қайтариш, шартномаларни бажаришга амр қилади.
Шуниси диққатга сазоворки, ушбу видолашув хутбасида уларга риоя қилиш зарур бўлган асосий тамойилларни санаб берар эканлар, росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам аёлларга нисбатан меҳрибонлик билан муносабатда бўлишни васият қиладилар, шу тариқа, уларнинг ҳам худди эркаклар каби ҳуқуқ ва мажбуриятлари борлигини, уларнинг Аллоҳ олдида тенг ҳуқуқли кўрсатадилар. Буларнинг ҳаммаси бошқа халқларда аёл киши олди-сотди предмети саналган, руҳонийлар эса ўз йиғилишларида аёлнинг қалби борми ёки йўқми деган масалани кўтарган бир пайтда рўй берган.
Шуниси ҳам эътиборга лойиқки, ушбу видолашув хутбасида росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам барча одамларга мурожаат қилиб, ушбу хутба бутун инсониятга даъват сифатида йўналтирилганини таъкидлайди:
«Эй одамлар, менинг сўзларимга қулоқ солинглар…»
«Эй одамлар! Дарҳақиқат, мен ўзимга юклатилган нарсани сизларга етказдим …»
«Эй Аллоҳ, гувоҳлик бер!»

Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase