close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

6. Ҳайз китоби

«Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. «У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Уларга пок бўлмагунларича яқинлашманглар. Қачон пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жой-дан келинг. Албатта, Аллоҳ кўп тавба қилувчиларни севадир ва покланувчиларни севадир», деб айт» (Бақара сураси, 222-оят).

1-БОБ.
ҲАЙЗНИНГ БОШЛАНИШИ ҚАНДАЙ БЎЛГАН?
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу (ҳайз) Аллоҳнинг Одам қизларига ёзган нарсасидир», деганлар. Баъзилар: «Ҳайз илк бор Ба-ну Исроилга юборилган», дейишган. Набий соллаллоҳу алайҳи васал-ламнинг ҳадислари устундир.

294. Оиша розияллоҳу анҳо айтади:
«Фақат ҳажни кўзлаб йўлга чиқдик. Сарифга* етганимизда ҳайз кўриб қолдим. Йиғлаётган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал-лам ҳузуримга кирдилар. «Сенга нима бўлди, ҳайз кўрдингми?» де-дилар. «Ҳа», дедим. «Бу – Аллоҳнинг Одам қизларига ёзган нарса-сидир. Энди ҳожи бажарадиган ҳамма нарсани бажаравер, фақат Байтни тавоф қилма», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари номидан сигир сўйиб, қурбонлик қилдилар».

* Сариф – Макка яқинидаги қишлоқ.

2-БОБ.
ҲАЙЗЛИ АЁЛ ЭРИНИНГ БОШИНИ ЮВИБ-ТАРАШИ ҲАҚИДА
295. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини ҳайзли ҳолимда ҳам тараб қўяр эдим».

296. Урвадан сўралди: «Ҳайзли аёл менга хизмат қилса ёки аёл киши жунуб ҳолида менга яқин келса бўладими?»
Урва деди: «Буларнинг бари мен учун енгилдир. Уларнинг бари менга хизмат қилаверади ва бу ишда ҳеч кимга зарар йўқдир. Оиша менга хабар қилганки, у ҳайзли ҳолида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини тараб қўяр экан. Ўша кунлари Расу-луллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикофда эканлар. У зот бошларини унга яқинлаштирар, у эса ўз ҳужрасида туриб, ҳайзли ҳолида ҳам у зотнинг сочларини тараб қўяр экан».

3-БОБ.
ЭРНИНГ ҲАЙЗЛИ АЁЛИ БАҒРИДА ҚУРЪОН ЎҚИШИ ҲАҚИДА
Абу Воил ходимасини ҳайзли ҳолида ҳам Абу Разинга юборар, у эса мусҳафни илгичидан ушлаб унга келтирар эди.

297. Оиша розияллоҳу анҳо шундай сўзлаб берди:
«Ҳайзли ҳолимда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бағримга суянар, сўнгра Қуръон ўқир эдилар».

4-БОБ.
ҲАЙЗНИ НИФОС ДЕБ АТАШ ҲАҚИДА

298. Умму Салама розияллоҳу анҳо шундай сўзлаб берди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир хамийсада* ётган эдим, ҳайз кўриб қолдим. Секин суғурилиб чиқдим-да, ҳайз кийимимни олдим. «Нифос кўрдингми?» дедилар. «Ҳа», дедим. Сўнг мени чақирдилар ва мен у зот билан бирга хамийлага* (кириб) ётдим».

* Хамийса – ипак ёки жундан тўқиладиган, қалин тўртбурчак эн кийим. Ундан устки кийим сифа-тида фойдаланилган ва у ётоқда ёпинчиқ вазифасини ҳам бажарган.
* Хамийла – жундан тўқилган адёлга ўхшаш юнгли, атрофларида попуклари бор қалин мато. Ундан устки кийим, тўшак ва палос сифатида фойдаланилган.

5-БОБ.
ҲАЙЗЛИ АЁЛИ БИЛАН МУБОШАРАТ ҚИЛИШ ҲАҚИДА
299, 300, 301. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икковимиз жунуб ҳолимизда бир идишдан ғусл қилар эдик».
«Менга буюрар эдилар, изор* тутиб олар эдим ва ҳайзли ҳолимда мен билан мубошарат* қилар эдилар».
«У зот эътикоф* ўтирган ҳолларида менга бошларини чиқарар эди-лар, мен эса ҳайзли ҳолимда уни ювиб қўяр эдим».

* Изор – тананинг киндикдан пастини тўсиб турадиган, эн (яхлит) матодан иборат кийим. У ис-сиқ ўлкаларга хос кийим бўлиб, баъзи араб ва Жануби-шарқий Осиё ўлкаларида ҳозирда ҳам кенг тарқалган. Уни эҳромнинг пастки қисми ёки лунгига ўхшатиш мумкин.
* «Мубошарат» – эр ва хотин баданининг тўсиқсиз бир‑бирига тегиши (қучоқлашиш). Бунда бу-тун тана ҳам, унинг бир қисми ҳам назарда тутилади.
* «Эътикоф» сўзи луғатда «ушлаб қолиш», «туриб қолиш» ва «лозим тутиш» деган маъноларни ифода қилади. Шариатда эса эътикоф деб Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида маълум шартларга амал қилган ҳолда ибодатга машғул бўлиш учун масжидда қолишга айтилади.

302. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бирортамиз ҳайзли бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва-саллам у билан мубошарат қилишни истасалар, унга шу ҳайзли ҳолида изор ўраб олишни буюрар, сўнг у билан мубошарат қилар эдилар. Қай бирингиз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз шаҳватларини ушлай олганларидек ушлай олардингиз».

303. Маймуна розияллоҳу анҳо айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирортаси би-лан ҳайзли ҳолида мубошарат қилишни истасалар, унга буюрар ва у изор тутиб олар эди».

6-БОБ.
ҲАЙЗЛИ АЁЛНИНГ РЎЗАНИ ТАРК ҚИЛИШИ ҲАҚИДА
304. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни [ёки фитр куни] намозгоҳга чиқдилар. Кейин аёлларнинг олдидан ўтдилар ва: «Эй аёллар жамоаси! Садақа қилинглар, чунки менга дўзах аҳлининг аксарияти сизлар эканингиз кўрсатилди», дедилар. «Нима учун, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Лаънатни кўп айтасизлар ва эрга ношукрлик қиласизлар. Саботли эркакнинг ақлини кетка-зиб юборишда сизлардек ақли ва дини ноқисларни кўрмадим», де-дилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, динимиз ва ақлимиз ноқислиги нима?» дейишди. «Бир аёлнинг гувоҳлиги эркак киши гувоҳлигининг яр-мича эмасми?» дедилар. «Шундай», дейишди. «Ана шу ақлининг ноқислигидир. У ҳайз кўрганида намоз ҳам ўқимайди, рўза ҳам тутмайди, шундай эмасми?» дедилар. «Шундай», дейишди. «Ана шу динидаги ноқислигидир», дедилар».

7-БОБ.
ҲАЙЗЛИ АЁЛ БАЙТНИ ТАВОФ ҚИЛИШДАН БОШҚА БАРЧА ҲАЖ АМАЛЛАРИНИ БАЖАРАДИ
Иброҳим: «(Ҳайзли аёлнинг биргина) оят ўқишида гуноҳ йўқдир», деган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо жунуб кишининг Қуръон ўқишини нодуруст деб билмас эди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма вақт Аллоҳни зикр қилар эдилар.
Умму Атийя: «Бизга ҳайзли аёлларнинг (ийдгоҳга) чиқиб, эркакларнинг такбирлари каби такбир айтишлари ва дуо қилишлари буюрилар эди», деб айтган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Абу Суфённинг менга хабар бери-шича, Ҳирақл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини келтиришни сўради ва уни ўқиди. Унда «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» ва «Эй аҳли китоблар! Биз билан сизнинг ўртамиздаги баробар сўзга келинг...»  ояти бор эди.
Ато Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Оиша розияллоҳу анҳо ҳайз кўриб қолди, шунда у Байтни тавоф қилишдан бошқа барча ҳаж амалларини бажарди ва намоз ўқимади».
Ҳакам айтади: «Мен жунуб ҳолимда жонлиқ сўявераман. Аллоҳ: «Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар»,  деган».

305. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарга чиқдик, фақат ҳаж қилиш ўйида эдик. Сарифга етиб келганимизда қон кўриб қолдим. Йиғлаб ўтирган эдим, ҳузуримга Набий соллаллоҳу алайҳи ва-саллам кириб қолдилар. «Сени нима йиғлатяпти?» деб сўрадилар. «Аллоҳга қасамки, қанийди бу йил ҳаж қилмаганимда!» дедим. «Ҳайз кўрибсан шекилли?» дедилар. «Ҳа», дедим. «Албатта, бу Аллоҳнинг Одам қизларига битган нарсасидир. Ҳожи қиладиган ишларни қилавер, фақат пок бўлмагунингча Байтни тавоф қилма», деди-лар».

8-БОБ.
ИСТИҲОЗА ҲАҚИДА
306. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Фотима бинт Абу Ҳубайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал-ламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳеч пок бўлмаяпман, намозни тарк қиламанми?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У томир касаллиги, холос, ҳайз эмас. Ҳайз келганда намозни тарк қил ва унинг муҳлати тугагач, ўзингдаги қонни ювиб, намоз ўқийвер», дедилар».

9-БОБ.
ҲАЙЗ ҚОНИНИ ЮВИШ ҲАҚИДА
307. Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Ал-лоҳнинг Расули! Айтинг-чи, бирортамизнинг кийимига ҳайз қони тегса, нима қилади?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва-саллам: «Қачон бирортангизнинг кийимига ҳайз қони тегса, уни ишқалаб ташлаб, сўнгра сув билан ювсин, сўнг унда намоз ўқий-версин», дедилар».

308. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бизлардан бирортамиз ҳайз кўрса, пок бўлганда кийимидаги қонни ишқалаб ташлар, сўнг уни ювар ва қолган жойларига сув сепиб, сўнгра унда намоз ўқийверар эди».

10-БОБ.
ИСТИҲОЗАЛИ АЁЛНИНГ ЭЪТИКОФИ ҲАҚИДА
309. Икрима Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан бири қон кўриб турган истиҳозали ҳолида у зот билан бирга эътикоф ўтирди. У гоҳида қон сабабли остига тос қўйиб олар эди».
(Икриманинг) айтишича, Оиша розияллоҳу анҳо махсар* сувини кўриб: «Бу худди фалон аёл кўрадиган нарсага ўхшар экан», деган.

* Махсар – ёввойи заъфарон.

310. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жуфти ҳалоллари-дан бири эътикоф ўтирди. У қон ва сариқлик кўрар эди. Остида тос билан намоз ўқир эди».

311. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мўминларнинг оналаридан бири истиҳозали ҳолида эътикоф ўтир-ган».

11-БОБ.
АЁЛ КИШИ ҲАЙЗ КЎРГАН КИЙИМИДА НАМОЗ ЎҚИЙВЕРАДИМИ?
312. Оиша розияллоҳу анҳо айтади:
«Баъзиларимизнинг ҳайз кўрадиган кийимидан бошқа кийими йўқ эди. Унга бироз қон тегса, тупуги билан намлаб, тирноғи билан қирар эди».

12-БОБ.
АЁЛ КИШИНИНГ ҲАЙЗДАН (КЕЙИНГИ) ҒУСЛИДА ХУШБЎЙЛАНИШИ ҲАҚИДА

313. Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Маййитга уч кундан ортиқ аза тутишдан қайтарилар эдик, фақат эр учун тўрт ою ўн кун (аза тутардик) сурма қўймас, хушбўйланмас, асб* (деган) кийимдан бошқа бўялган либос киймас эдик. Бирортамиз покланиб, ҳайздан (сўнг) ғусл қилганда бир бўлак кусти азфор* ишла-тишга рухсат берилганди. Жанозага қатнашишдан ҳам қайтарилган эдик».

* Асб – Яманда тайёрланган, иплари олдин бўялиб, сўнг тўқилган устки кийим.
* Кусти азфор – Ямандаги Азфор деган жойдан келтириладиган хушбўйлик. У аслида Ҳин-дистондан олиб келинадиган, исириқ каби тутатиладиган хушбўй чўп бўлган. Уни майдалаб, бирор суюқликка қўшиб, хушбўй модда ҳосил қилинган. Бироқ азадор аёлларга хушбўйланиш эмас, балки ҳайз қонининг ҳидини кетказиш учун ғуслда ундан фойдаланишга рухсат берилган.

13-БОБ.
АЁЛ КИШИНИНГ ҲАЙЗДАН ПОКЛАНГАНДА АРТИНИШИ, ҚАНДАЙ ҒУСЛ ҚИЛИШИ, МУШКЛАНГАН ПАХТА ОЛИБ, ҚОНДАН КЕЙИН ҚЎЙИБ ОЛИШИ ҲАҚИДА

314. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳайздан (сўнг) ғусл қилиш ҳақида сўради. У зот унга қандай ғусл қилишни буюра туриб: «Мушкланган пахта олгинда, у билан поклан», дедилар. «Қандай покланаман?» деди. «У билан поклан», дедилар. «Қандай қилиб?» деди. У зот: «Субҳаналлоҳ! Поклан», дедилар. Уни ўзимга тортиб: «Уни қондан кейин қўйиб ол», дедим».

14-БОБ.
ҲАЙЗДАН (СЎНГ) ҒУСЛ ҚИЛИШ ҲАҚИДА
315. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир ансория аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Ҳайздан (сўнг) қандай ғусл қиламан?» деди. У зот: «Мушкланган пахта ол-гин-да, уч марта поклан», дедилар. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уялиб, юзларини бурдилар [ёки «у билан поклангин», деди-лар]. Уни ушлаб, ўзимга тортдим-да, Набий соллаллоҳу алайҳи васал-лам назарда тутган нарсадан уни хабардор қилдим».

15-БОБ.
АЁЛ КИШИНИНГ ҲАЙЗДАН (КЕЙИНГИ) ҒУСЛИДА ТАРОҚ ИШЛАТИШИ ҲАҚИДА
316. Урвадан ривоят қилинади:
«Оиша розияллоҳу анҳо: «Видолашув ҳажида Расулуллоҳ сол-лаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эҳром боғладим. Мен таматтуъ* қилган, лекин ҳадий* етаклаб келмаганлардан эдим», деди.
У ўзининг ҳайз кўриб, арафа кечаси кирганда ҳам пок бўлмаганини билгач: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу кеча арафа кечаси, мен эса фақат умрага таматтуъ қилган эдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сочингни ёзиб, тараниб ол ва умрангдан тийил», дедилар.
(Оиша айтади) «Шундай қилдим. Ҳажни адо қилиб бўлганимда ҳас-ба кечаси* Абдурраҳмонга буюрдилар, у мени ўзим адо этишга қасд қилган умрам ўрнига Танъимдан* умра қилдирди».

* Таматтуъ – ҳажнинг уч туридан бири. Бунда ҳаж қилмоқчи бўлган одам эҳромга кираётган пайтида аввал умра қилишни, умрадан кейин эса ҳаж кунларигача эҳромдан чиқиб юришни ният қила-ди. Ҳаж кунлари келганда яна эҳром боғлаб, ҳажни адо этади.
* Ҳадий – ҳожи ёки умра қилувчи ҳарам ҳудудида сўйиш учун олиб келган қурбонлик. Одатда, туя, қорамол, қўй ёки эчкилар ҳадий бўлади.
* Ҳасба кечаси – Муҳассабда туналадиган кеча. Муҳассаб – Макка билан Мино орасидаги во-дийнинг номи бўлиб, ҳожилар ҳаж амалларини тугатиб, Минодан қайтишда ўша ерда тунаб қолиша-ди.
* Танъим – Мадинага юришда Маккага яқин бир жойнинг номи бўлган. У ер ҳозирда Макка шаҳрининг ичига кириб кетган бўлиб, Оиша розияллоҳу анҳо номидаги масжид шу ерда жойлашган. Бу ер умра учун эҳром боғланадиган мийқот ҳисобланади.

16‑БОБ.
АЁЛНИНГ ҲАЙЗ ҒУСЛИ ОЛДИДАН СОЧИНИ ЁЙИШИ ҲАҚИДА
317. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Зулҳижжанинг ҳилоли арафасида йўлга чиқдик. Расулуллоҳ сол-лаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким умрага эҳром боғлашни истаса, боғласин. Ҳадий атамаганимда эди, албатта умрага эҳром боғлар эдим», дедилар. Баъзилар умрага эҳром боғлади, баъзилар ҳажга эҳром боғлади. Мен умрага эҳром боғлаганлардан эдим. Арафа куни етиб келганида мен ҳайзли эдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилган эдим, у зот: «Умрангни қўй, сочингни ёйгин-да, та-раниб ол ва ҳажга эҳром боғла», дедилар. Шундай қилдим. Ниҳоят, ҳасба кечаси келганида акам Абдурраҳмон ибн Абу Бакрни мен билан бирга жўнатдилар. Мен Танъимга чиқиб, умрам ўрнига бошқа бир умрага эҳром боғладим».
Ҳишом: «Буларнинг (олдинги умрани бузиш ва кейинги умрага эҳром боғлашнинг) ҳеч бири учун ҳадий ҳам, рўза ҳам, садақа ҳам (ло-зим) бўлмади», деди.

17‑БОБ.
ШАКЛЛАНГАН ВА ШАКЛЛАНМАГАН ҲОМИЛА ҲАҚИДА
318. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла бачадонга бир фариштани вакил қилган. У (фаришта) «Эй Роббим, у нутфа (бўлди)», «Эй Роббим, у алақа (бўлди)», «Эй Роб-бим, у гўшт (бўлди)», дейди. Агар (Аллоҳ таоло) унинг яратилиши тугал бўлишини ирода қилса, (фаришта) «Эркакми ёки аёлми, бах-тлими ёки бахтсизми, ризқи ва ажали қандай?» дейди ва булар онасининг қорнидаёқ битиб қўйилади», дедилар».

18-БОБ.
ҲАЙЗЛИ АЁЛ ҲАЖ ВА УМРАГА ҚАНДАЙ ЭҲРОМ БОҒЛАЙДИ?
319. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Видолашув ҳажида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга (йўлга) чиқдик. Орамизда умрага эҳром боғлаганлар ҳам, ҳажга эҳром боғлаганлар ҳам бор эди. Маккага етиб келганимизда, Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким умрага эҳром боғлаб, ҳадий атамаган бўлса, эҳромдан чиқсин. Ким умрага эҳром боғлаб, ҳадий атаган бўлса, ҳадийини сўймагунича эҳромдан чиқмасин. Ким ҳажга эҳром боғлаган бўлса, ҳажини тугал қилсин», дедилар.
Кейин мен ҳайз кўриб қолдим. Арафа куни келганида ҳам ҳайзли ҳолимда эдим. Мен фақат умра учун эҳром боғлаган эдим. Набий сол-лаллоҳу алайҳи васаллам сочимни ёйишимни, таранишимни ва ҳажга эҳром боғлаб, умрани тарк этишимни буюрдилар. Шундай қилдим. Ниҳоят, ҳажни адо қилиб бўлганимда, Абдурраҳмон ибн Абу Бакрни мен билан бирга юбориб, умрам ўрнига Танъимдан бошқа бир умра қилишга буюрдилар».

19-БОБ.
ҲАЙЗНИНГ БОШЛАНИШИ ВА ТЎХТАШИ ҲАҚИДА
Сариқлик теккан пахтани қутичага солиб, Оиша розияллоҳу анҳога жўнатадиган аёллар бўларди. (Оиша) «Оқлиқни кўрмагунча шошил-манглар», дер эди. Бу билан ҳайздан пок бўлишни назарда тутарди.
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг қизига «Аёллар кечаси чироқ ёқиб, пок бўлганларини текшириб кўришмоқда», деган хабар келди. Шунда у «(Саҳобия) аёллар бундай қилишмас эди», деб ҳалиги аёл-ларни айблади.

320. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Фотима бинт Абу Ҳубайш истиҳоза бўларди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради. Шунда у зот: «Бу томир касаллигидир, ҳайз эмас. Ҳайз келганда намозни тарк эт, қачон тўхтаса, ғусл қилиб, намоз ўқийвер», дедилар».

20‑БОБ.
ҲАЙЗЛИ АЁЛ НАМОЗИНИНГ ҚАЗОСИНИ ЎҚИМАЙДИ
Жобир ва Абу Саъид розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «(Ҳайзли аёл) намозни тарк қилади», деганларини ри-воят қилган.

321. Муъоза шундай сўзлаб берди:
«Бир аёл Оиша розияллоҳу анҳога: «Бирортамиз пок бўлганида намозини ўтайдими?» деди. Шунда у: «Сен ҳаруриямисан? Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам борликларида ҳайз кўрар эдик, бизга уни (намознинг қазосини ўқишни) буюрмас эдилар [ёки бундай қилмас эдик]», деди».
Изоҳ: Ҳарурия – хаворижларнинг номларидан бири. Хаворижлар Куфа яқинидаги Ҳаруро деган жойда тўпланиб, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга қарши тил бириктирганлари сабабли улар шундай номланиб қолган.

21-БОБ.
ҲАЙЗЛИ АЁЛ БИЛАН (ҲАЙЗ) КИЙИМИДАЛИГИДА БИРГА УХЛАШ ҲАҚИДА
322. Абу Саламанинг қизи Зайнаб шундай сўзлаб берди:
«Умму Салама розияллоҳу анҳо: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан хамийла ичида ётганимда ҳайз кўриб қолдим. Секин суғурилиб, ундан чиқдим-да, ҳайз кийимларимни олиб кийдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Нифос кўрдингми?» дедилар. «Ҳа», дедим. Мени ёнларига чақириб, ўзлари билан бирга хамийлага* киритдилар», деди.
У менга айтдики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳол-ларида уни ўпар эканлар.
(У яна шундай деди:) «Мен ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жунубликда бир идишдан ғусл қилар эдик».

* 298-ҳадисга қаранг.
Изоҳ: Бу ва бошқа бир неча ҳадисларда «нифос» деб келган сўзлар ҳайзни англатади. Буни 298-ҳадисдан бошланган бобнинг номидан ҳам кўриш мумкин. Бу боб «Ҳайзни нифос деб аташ тўғриси-да» деб аталади.

22-БОБ.
ПОКЛИК КИЙИМИДАН БОШҚА ҲАЙЗ КИЙИМИ ТУТИШ ҲАҚИДА
323. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга хамийла* ичида ётганимда ҳайз кўриб қолдим. Секин суғурилиб чиқдим-да, ҳайз кийимимни олдим. Шунда у зот: «Нифос кўрдингми?» дедилар. «Ҳа», дедим. Кейин мени чақирдилар, мен у зот билан бирга хамийлага* (кириб) ётдим».

* 298-ҳадисга қаранг.

23-БОБ.
ҲАЙЗ КЎРГАН АЁЛНИНГ ИККИ ҲАЙИТ ВА МУСУЛМОНЛАР ДУОСИ(ПАЙТИ)ДА ҲОЗИР БЎЛИШИ ВА НАМОЗГОҲДАН ЧЕТДА ТУРИШИ ҲАҚИДА
324. Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бўйқизларимизни иккала ҳайит намозига чиқишдан ман қилар эдик. Бир аёл келиб, Бану Халафнинг қасрига* тушди. У ўз опаси ҳақида гапира кетди. Опасининг эри Набий соллаллоҳу алайҳи васал-лам билан бирга ўн икки марта ғазотга чиққан экан: «Опам олтитасида у билан бирга бўлган. У «Биз жароҳатланганларни даволар, беморлар-га қарар эдик», дерди. Опам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Бирортамизнинг ёпинчиғи бўлмаса, (ийдгоҳга) чиқмаса гуноҳ бўла-дими?» деб сўрабди. У зот: «Унга дугонаси ёпинчиғидан бериб тур-син, яхшиликда ва мусулмонларнинг дуоларида қатнашсинлар», дебдилар».
Умму Атийя келганида: «(Буни) Набий соллаллоҳу алайҳи васал-ламдан эшитганмисан?» деб сўрадим. У бундай деди: «Отам фидо бўл-син, ҳа, – у у зотни «отам фидо бўлсин», демасдан эсламасди – мен у зотнинг «Бўйқизлар ва парданишинлар [ёки «парда ортидаги бўйқизлар»] ҳамда ҳайз кўрганлар яхшиликда, мусулмонларнинг дуоларида қатнашишсин, ҳайз кўрганлар намозгоҳдан четда ту-ришсин», деганларини эшитганман». Ҳайз кўрганлар ҳам(қатнашади)ми?» дедим. Шунда у: «Ахир у (ҳайзли аёл) Арафот ва ҳоказо-ҳоказоларга қатнашмайдими?» деди».

* Бану Халафнинг қасри Басрада бўлган.
Изоҳ: Бу ҳадисда «парданишин» деб таржима қилинган сўз араб тилида «заватул худур» деб келган. Илгари вояга етган қизлар учун алоҳида хона қилиб беришга шароит бўлмагани учун уйнинг бир тарафи уларга парда ёки шунга ўхшаган нарса билан бўлиб берилган. Ўша тўсилган жой «хидр» деб аталган.

24‑БОБ.
АЁЛ КИШИНИНГ БИР ОЙДА УЧ МАРТА ҲАЙЗ КЎРИШИ ҲАМДА ҲАЙЗДА БЎЛИШИ МУМКИН БЎЛГАН ҲОЛАТЛАРДА ВА ҲОМИЛАДОРЛИК БОРАСИДА АЁЛЛАРНИНГ НИМАЛАРДА ТАСДИҚЛАНИШИ ҲАҚИДА
Аллоҳ таоло: «...бачадонларида Аллоҳ яратган нарсани беркитишлари уларга ҳалол бўлмас»,  деган.
Алий розияллоҳу анҳу ҳамда Шурайҳдан нақл қилинишича, «Агар бир аёл ўзининг бир ойда уч марта ҳайз кўришига ўз аҳли ичидаги дин-диёнатли хос кишилари томонидан аниқ ҳужжат келтирса, тас-диқланади».
Ато: «Унинг (яъни иддадаги аёлнинг) ҳайзлари олдингидек (идда-дан олдин қандай бўлса, ўшандай) бўлади», деган. Иброҳим ҳам шунга ҳукм қилган.
Ато: «Ҳайз бир кундан ўн беш кунгачадир», дейди.
Муътамир ўз отасидан ривоят қилади: «Мен Ибн Сириндан покли-гидан беш кун ўтиб яна қон кўрган аёл ҳақида сўраган эдим, «Буни аёллар яхшироқ билишади», деди».

325. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Фотима бинт Абу Ҳубайш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Мен истиҳоза кўраман, ҳеч пок бўлмаяпман, намозни қолдираверай-ми?» деб сўради. Шунда у зот: «Йўқ, бу томир касаллигидир. Лекин ҳайз кўрадиган кунларинг миқдорича намозни қолдир, сўнг ғусл қилгин‑да, намоз ўқийвер», дедилар».

25-БОБ.
ҲАЙЗ КУНЛАРИДАН БОШҚА ПАЙТДАГИ САРИҚЛИК ВА БЎТАНА ҲАҚИДА

326. Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бўтана* ва сариқликни бирор нарса деб ҳисобламас эдик».

* Бўтана – хира, лойқасимон нарса.

26‑БОБ.
ИСТИҲОЗА ТОМИРИ ҲАҚИДА
327. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Умму Ҳабиба етти йил истиҳоза кўрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда сўраганида, уни ғусл қилишга буюриб: «Бу томир касаллигидир», дедилар. У ҳар намозга ғусл қилар эди».

Изоҳ: Умму Ҳабиба онамиз ўзлари ижтиҳод қилиб, Набий алайҳиссаломнинг гапларини шундай тушунган эканлар.

27-БОБ.
ИФОЗА ТАВОФИДАН КЕЙИН ҲАЙЗ КЎРГАН АЁЛ ҲАҚИДА
328. Амра бинт Абдурраҳмондан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Ал-лоҳнинг Расули, София бинт Ҳуяй ҳайз кўриб қолди», деди. Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳали у бизни ушлаб қолмаса эди! Сизлар билан бирга тавоф қилмаганмиди?» деб сўрадилар. «Ҳа, шундай», дейишди. «Йўлга чиқавер унда!» дедилар».

329, 330. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Ҳайзли аёлга ҳайз кўриб қолганида (видолашув тавофини қилмай) кетишга рухсат берилган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо илгари: «У (ҳайз кўрган аёл видола-шув тавофини қилмасдан) қайтмайди», дер эди. Кейинроқ: «Қайта-веради, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга рухсат берганлар», деяётганини эшитдим».

28‑БОБ.
ИСТИҲОЗАЛИ АЁЛ ПОКЛИКНИ КЎРГАНДА...

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Бир муддат бўлса ҳам (покликни кўрган бўлса), ғусл қилиб, намоз ўқийверади. Намоз ўқидими, эри унга яқинлик қилаверади. Зотан, намоз буюкроқдир», деган.

331. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳайз келганида намозни тарк эт. Тўхтаса, ўзингдан қонни ювгин‑да, намоз ўқийвер», дедилар».

29-БОБ.
НИФОСДА ВАФОТ ЭТГАН АЁЛЛАРГА ЖАНОЗА ЎҚИШ ВА БУНИНГ СУННАТИ ҲАҚИДА
332. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир аёл «қорин дарди»* билан вафот этди. Шунда Набий сол-лаллоҳу алайҳи васаллам унинг миёнида* туриб жаноза намозини ўқидилар».

* Ушбу ҳадисдаги «қорин дарди»ни уламолар турлича тушунишган. Баъзилар бу жумлада туғиш (яъни, туғиш оғир кечганлиги боис нифосида вафот этган аёл) назарда тутилган, дейишса, баъзилар у қорин оғриғининг ўзи, дейишган.
* Миёнида, яъни тананинг бел қисми рўпарасида туриб намоз ўқидилар. Бошқа далилларга кўра, Ҳанафий мазҳабида аёл бўлсин, эркак бўлсин, маййитнинг кўкси баробарида туриб жаноза ўқилишига фатво берилган.

30‑БОБ
333. Абдуллоҳ ибн Шаддоддан ривоят қилинади:
«Эшитишимча, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари холам Маймуна ҳайзли бўлиб қолар ва намоз ўқимас экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг хумраларида* намоз ўқиб турганларида, у зотнинг саждагоҳлари рўпарасида чўзилиб ётар экан. (У айтардики) «Сажда қилганларида кийимларининг бир учи менга тегар эди».

* Хумра – хурмо новдасидан тўқилган кичик жойнамоз, бўйрача.

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase