close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

5. Ғусл китоби

1-БОБ.
ҒУСЛДАН ОЛДИН ТАҲОРАТ ҚИЛИШ ҲАҚИДА
248. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жунубликдан ғусл қил-моқчи бўлсалар, икки қўлларини ювишдан бошлардилар. Кейин намозга таҳорат қилгандек таҳорат қилар, сўнгра бармоқларини сувга солиб, уларни сочлари остига оралатиб юргизар эдилар. Сўнг икки қўллари билан бошлари устидан уч ҳовуч сув қуяр, кейин сувни бутун баданлари устидан қуяр эдилар».

249. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқларини ювмай, намоз-га қиладиган таҳоратларини қилдилар. Фаржларини ҳамда ўзларига теккан нопокликни ювдилар. Кейин устиларидан сув қуйдилар. Сўнгра оёқларини четга олиб, уларни ҳам ювдилар. Мана шу у зотнинг жунубликдан қилган ғуслларидир».

2-БОБ.
 КИШИНИНГ ЎЗ АЁЛИ БИЛАН БИРГА ҒУСЛ ҚИЛИШИ ҲАҚИДА
250. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга битта идишдан – «фарақ»* деб аталадиган идишдан ғусл қилар эдим».

* Фарақ – ўн олти ратл (олти ярим литрдан кўпроқ) сув сиғадиган мис идиш. Ҳижозда шу ном билан юритилган.

3-БОБ.
БИР СОЪ ВА ШУНГА ЯҚИН СУВ БИЛАН ҒУСЛ ҚИЛИШ ҲАҚИДА
251. Абу Салама айтади:
«Мен Оишанинг укаси билан Оишанинг ҳузурига кирдим. Укаси ундан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғусллари ҳақида сўра-ди. У киши бир соъча* келадиган идишда (сув) опкелтириб, ғусл қил-ди, бошидан сув қуйди. Биз билан унинг ўртасида тўсиқ бор эди».
Абу Абдуллоҳ айтади: «Ҳорун, Баҳз ва Жуддийлар Шуъбадан «Бир соъ катталигича» деб ривоят қилган».

* 201-ҳадиснинг изоҳига қаранг.

252. «Абу Жаъфар айтадики, у отаси билан Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумонинг ҳузурида эди. У кишининг олдида бошқа одамлар ҳам бўлиб, улар ундан ғусл ҳақида сўрашди. У: «Сенга бир соъ (сув) етади», деди. Шунда биров: «Менга етмайди», деди. Жобир: «Сендан кўра сочи кўп, сендан кўра афзал зотга ҳам етар эди», деди. Сўнгра бизга битта кийимда имом бўлди».

Изоҳ: Ўша пайтларда ҳозиргидек бичиб-тикилган кийимлар урф бўлмаган эди. Иккита эн газла-мани олиб, биттасини тананинг уст қисмига, иккинчисини пастки қисмига ўраб юрилар эди. Жобир розияллоҳу анҳу устки ридоларини киймай, пастки кийим – лунгининг ўзида имомликка ўтганлар. Буни шундай қилиш ҳам жоиз эканини билдириш учун қилганлари кейинги ривоятларда келади.

253. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда Маймуна бир идишдан ғусл қилишар эди».
Язийд ибн Ҳорун, Баҳз ва Жуддий Шуъбадан ривоят қилиб: «Бир соъ катталигича», дейишган.

4-БОБ.
БОШИДАН УЧ МАРТА СУВ ҚУЙИШ ҲАҚИДА
254. Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳу сўзлаб берди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккала қўллари билан ишора қилиб: «Мен эса бошимдан уч марта сув қуяман», дедилар».

255. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларидан уч марта сув қуяр эдилар».

256. Абу Жаъфар сўзлаб берди:
«Жобир менга бундай деди: «Амакингнинг ўғли олдимга келди. Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Ҳанафияга имо қилиб: «Жанобатдан ғусл қандай бўлади?» деди. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уч ҳовуч сув олиб, уни бошлари устидан қуяр, сўнгра бутун баданларига сув қуяр эдилар», дедим.
Ҳасан менга: «Мен серсоч кишиман», деди. Шунда: «Набий сол-лаллоҳу алайҳи васаллам сендан ҳам серсоч эдилар», дедим».

5-БОБ.
ҒУСЛДА БИР МАРТА ЮВИШ ҲАҚИДА
257. Маймуна розияллоҳу анҳо айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ғусл учун сув келтириб қўйдим. У зот икки қўлларини икки ёки уч марта ювдилар. Кейин чап қўлларига сув қуйиб, авратларини ювдилар. Кейин қўлларини ерга суртдилар. Сўнг оғизларини чайдилар, бурунларига сув олдилар, юзлари ва икки қўлларини ювдилар. Сўнгра (бутун) баданларига сув қуйдилар. Кейин турган жойларидан нарига ўтиб, икки оёқларини юв-дилар».

6-БОБ.
(ҒУСЛНИ) ҲИЛОБДАН БОШЛАШ ЁКИ ҒУСЛ ОЛДИДАН ХУШБЎЙЛАНИШ ҲАҚИДА
258. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жунубликдан ғусл қил-моқчи бўлсалар, ҳилобга* ўхшаган нарса олдириб келар эдилар. Каф-тлари билан (сув) олиб, бошларининг ўнг тарафи, кейин сўл тарафидан бошлар, сўнгра иккала кафтлари билан бошларининг ўртасидан қуяр эдилар».

* Ҳилоб – битта туянинг сути сиғадиган ҳажмдаги идиш.

7-БОБ.
ЖУНУБЛИКДА ОҒИЗ ВА БУРУННИ ЧАЙИШ ҲАҚИДА
259. Маймуна розияллоҳу анҳо сўзлаб берди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ғусл сувини қуйиб бердим. Ўнг қўллари билан чап қўлларига сув қуйиб, иккаласини ювдилар. Кейин фаржларини ювдилар. Сўнг қўлларини ерга уриб, тупроққа ишқаладилар, сўнг уни ювдилар. Кейин оғизларини чайдилар ва бу-рунларига сув олдилар. Сўнгра юзларини ювдилар ва бошларидан сув қуйдилар. Кейин четга ўтиб, икки оёқларини ювдилар. Сўнг сочиқ келтирилган эди, унга артинмадилар».

8-БОБ.
ТОЗАРОҚ БЎЛИШИ УЧУН ҚЎЛНИ ТУПРОҚҚА ИШҚАШ ҲАҚИДА
260. Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жунубликдан ғусл қилдилар: қўллари билан фаржларини ювдилар. Кейин қўлларини деворга ишқадилар, сўнг ювдилар. Сўнгра намоз учун қиладиган таҳоратларини қилдилар. Ғусл қилиб бўлгач, икки оёқларини ювдилар».

9-БОБ.
АГАР ЖУНУБ КИШИНИНГ ҚЎЛИДА ЖУНУБЛИКДАН БОШҚА НОПОКЛИК БЎЛМАСА, УНИ ЮВМАЙ ТУРИБ, ИДИШГА СОЛСА БЎЛАДИМИ?

Ибн Умар ва Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳум қўлларини ювмасдан туриб, таҳорат сувига солишган, кейин таҳорат қилишган.
Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳум жунублик ғуслидан сачраган сувнинг зарари йўқ, деб билишар эди.

261. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир идишдан ғусл қилар эдик. Қўлларимиз унга навбатма‑навбат кириб-чиқар эди».

262. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жунубликдан ғусл қилмоқчи бўлсалар, қўлларини ювар эдилар».

263. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жунубликдан бир идишдан ғусл қилар эдик».

264. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бири билан битта идишдан ғусл қилишар эди».
Муслим ҳамда Ваҳб Шуъбадан ривоят қилиб, «...жанобатдан»ни қўшимча қилган.

10-БОБ.
ҒУСЛ ВА ТАҲОРАТНИ БЎЛИБ ҚИЛИШ ҲАҚИДА
Зикр қилинишича, Ибн Умар розияллоҳу анҳумо таҳорат суви қури-ганидан кейин икки оёғини ювган экан.

265. Маймуна розияллоҳу анҳо айтади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ғусл қилгани сув келтириб қўйдим. У зот икки қўлларига сув қуйиб, икки ёки уч мартадан ювдилар. Кейин ўнг қўллари билан чап қўлларига сув қуйиб, ав-ратларини ювдилар. Сўнгра қўлларини ерга ишқадилар. Кейин оғиз чайдилар ва бурунга сув олдилар, сўнг юзлари ва қўлларини ювдилар. Сўнг бошларини уч марта ювдилар. Кейин баданларига сув қуйдилар. Сўнг турган жойларидан четга ўтиб, икки оёқларини ювдилар».

11-БОБ.
ҒУСЛДА ЎНГ ҚЎЛИ БИЛАН ЧАП ҚЎЛИГА СУВ ҚУЙИШ ҲАҚИДА
266. Маймуна бинт Ҳорис розияллоҳу анҳо айтади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ғусл учун сув кел-тириб қўйдим ва у зотни тўсиб турдим. Қўлларига сув қуйиб, уни бир ёки икки марта ювдилар, – Сулаймон (ровийлардан бири) «Учинчиси-ни ҳам зикр қилдими-йўқми, билмайман», дейди – кейин ўнг қўллари билан чап қўлларига сув қуйиб, фаржларини ювдилар. Сўнгра қўлла-рини ерга ёки деворга ишқадилар. Кейин оғиз чайиб, бурунга сув ол-дилар ҳамда юз‑қўлларини ювдилар, бошларини ювдилар, сўнг бадан-ларига сув қуйдилар. Сўнгра четга ўтиб, икки оёқларини ювдилар. У зотга латта тутган эдим, қўллари билан бундай («керак эмас» деб ишо-ра) қилдилар, уни хоҳламадилар».

12-БОБ.
ЖИМОЪ ҚИЛГАЧ, ЯНА ТАКРОРЛАШ ҲАМДА АЁЛЛАРИНИ АЙЛАНГАЧ, БИТТА ҒУСЛ ҚИЛИШ ҲАҚИДА
267. Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Мунташир отасидан ривоят қила-ди:
«Мен буни* Оиша розияллоҳу анҳога зикр қилган эдим: «Абу Аб-дурраҳмонга Аллоҳ раҳм қилсин! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хушбўй суртиб қўяр эдим, кейин у зот аёлларини айланар, сўнг хуш бўй уфуриб турган, эҳромга кирган ҳолда тонг оттирар эди-лар», деди».

* Яъни Ибн Умарнинг гапини. У қуйироқда, 270-ҳадисда келади.

268. Қатодадан ривоят қилинади:
«Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва-саллам кеча ёки кундузнинг бир вақтида аёлларини айланар эдилар. Улар ўн битта эди», деди. Анасга: «Шунга қувватлари етармиди?» де-дим. «Биз у зотга ўттиз кишининг қуввати берилган, дер эдик», деди».
Саъид эса Қатодадан ривоят қилиб айтадики, Анас уларга «тўққиз аёл», деб айтган.

13-БОБ.
МАЗИЙНИ ЮВИШ ВА У САБАБЛИ ТАҲОРАТ ҚИЛИШ ҲАҚИДА
269. Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Кўп мазийлик киши эдим. Бир кишига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашни буюрдим, чунки у зотнинг қизлари хасмим эди. У сўраган эди, «Таҳорат қил ва закарингни юв», дедилар».

14-БОБ.
ХУШБЎЙЛАНИБ, КЕЙИН ҒУСЛ ҚИЛИШ ҲАМДА ХУШБЎЙЛИК АСАРИНИНГ ҚОЛИШИ ҲАҚИДА
270. Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Мунташир отасидан ривоят қила-ди:
«Оишага Ибн Умарнинг «Хуш бўй уфуриб турган, эҳромга кирган ҳолда тонг оттиришни суймайман» деган гапини зикр қилиб, ундан сўрадим. Оиша: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хуш-бўй суртдим. Кейин у зот аёлларини айландилар. Сўнгра эҳромга кирган ҳолда тонг оттирдилар», деди».

271. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳромдаликларида (сочлари-нинг) фарқида хушбўйликнинг ялтирашини кўриб тургандекман».

15-БОБ.
БАРМОҚЛАРНИ СОЧ ОРАСИГА КИРИТИШ, УНИНГ ОСТИГА ҲАМ СУВ ЕТКАЗГАНИГА АМИН БЎЛГАЧ, УСТИДАН СУВ ҚУЙИШ ҲАҚИДА
272. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жунубликдан ғусл қилмоқчи бўлсалар, икки қўлларини ювар, намозга олган таҳоратлари каби таҳорат олгач, сўнг ғусл қилар эдилар. Кейин қўлларини сочлари орасига оралатар, унинг остига ҳам сув етказганларига амин бўлгач, унинг устидан уч марта сув қуяр, сўнгра қолган баданларини ювар эдилар».

273. Яна шу киши айтади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга битта идишдан сув олиб, ғусл қилар эдик».

16-БОБ.
ЖУНУБЛИКДА ТАҲОРАТ ҚИЛИШ, СЎНГРА БАДАННИНГ ҚОЛГАНИНИ ЮВИБ, ТАҲОРАТДА ЮВГАН ЖОЙЛАРИНИ ҚАЙТА ЮВМАСЛИК ҲАҚИДА
274. Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунублик(ни кетказиш) учун таҳорат суви келтириб қўйдилар. Ўнг қўллари билан чап қўлла-рига икки ёки уч марта сув қуйдилар. Кейин фаржларини ювиб, сўнг қўлларини ерга [ёки деворга] икки ёки уч марта урдилар. Сўнг оғиз чайдилар, бурунга сув олдилар ва юзлари ҳамда икки билакларини ювдилар. Кейин бошларига сув қуйдилар. Кейин баданларини ювдилар. Сўнгра четга ўтиб, икки оёқларини ювдилар. Бир латта олиб келган эдим, уни хоҳламадилар ва (сувни) қўллари билан сидира бошлади-лар».

17-БОБ.
МАСЖИДДА ЖУНУБ ЭКАНИНИ ЭСЛАБ ҚОЛСА, ШУ БЎЙИЧА ТАШҚАРИГА ЧИҚАДИ, ТАЯММУМ ҚИЛМАЙДИ
275. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Намозга иқома айтилиб, сафлар текислангач, Расулуллоҳ сол-лаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар. Намоз ўқийдиган жой-ларига турганларида жунуб эканларини эслаб қолдилар. «Жойингиз-дан жилманг», дедилар‑да, сўнг қайтиб бориб, ғусл қилдилар. Кейин бошларидан сув томиб турган ҳолда олдимизга чиқдилар ва таҳрима такбирини* айтдилар, биз у зот билан намоз ўқидик».

* Таҳрима такбири – намозга киришдаги илк такбир. Ундан кейин то салом берилгунча намоз-хонга намоз амалларидан бошқа барча нарса ман қилингани учун бу такбир «таҳрима такбири» – «ман қилувчи такбир» деб ном олган.

18-БОБ.
ЖУНУБЛИКДАН ҒУСЛ ҚИЛГАЧ, ИККИ ҚЎЛНИ СИЛКИТИШ ҲАҚИДА
276. Маймуна розияллоҳу анҳо айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ғуслга сув ҳозирлаб, у зотни бир кийим билан тўсиб турдим. Икки қўлларига сув қуйиб, уларни ювдилар. Кейин ўнг қўллари билан чап қўлларига сув қуйиб, фаржла-рини ювдилар. Кейин қўлларини ерга уриб, ишқадилар ва уларни юв-дилар. Сўнг оғизларини чайдилар, бурунларига сув олдилар, юзлари ва икки билакларини ювдилар. Кейин бошларидан ва баданлари устидан сув қуйдилар. Сўнгра четга ўтиб, икки оёқларини ювдилар. У зотга бир латта берган эдим, олмадилар ва икки қўллари(даги сув)ни сидир-ган ҳолда юриб кетдилар».

19-БОБ.
ҒУСЛНИ БОШНИНГ ЎНГ ТАРАФИДАН БОШЛАШ ҲАҚИДА
277. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бирортамизга жунублик етса, икки қўли билан сув олиб, уч марта бошидан қуяр, сўнг сув олиб, бир қўли билан ўнг тарафига, яна бир қўли билан чап тарафига қуяр эди».

20-БОБ.
ХОЛИ ЖОЙДА БИР ЎЗИ ЯЛАНҒОЧ ҒУСЛ ҚИЛИШ ЁКИ ТЎСИНИШ ҲАҚИДА. ТЎСИНИШ АФЗАЛ.
Баҳз отасидан, у бобосидан, у Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам-дан ривоят қилиб айтади: «Ҳаё қилинишга одамлардан кўра Аллоҳ ҳақлироқдир».

278. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Бану Исро-ил яланғоч чўмилишар ва бир‑бирларига қарайверишар эди. Мусо эса бир ўзи чўмилар эди. Улар: «Аллоҳга қасамки, Мусони биз би-лан чўмилишдан фақат унинг чурралиги тўсади», дейишди. У бир сафар чўмилгани бориб, кийимини бир тош устига қўйди. Шунда тош унинг кийимларини олиб қочди. Мусо: «Кийимимни бер, эй тош!» дея унинг изидан (чопиб) чиқди. Шунда Бану Исроил Мусо-ни кўриб: «Аллоҳга қасамки, Мусода ҳеч қандай дард йўқ экан!» дейишди. У кийимини олди‑да, тошни ура кетди».
Абу Ҳурайра айтади: «Аллоҳга қасамки, у киши тошни уриб, унда олтита ёки еттита из қолдирган».

279. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Айюб яланғоч чўмилаётган эди, олдига бир тилла чигиртка келиб тушди. Айюб уни кийимига солиб олди. Робби унга: «Эй Айюб, се-ни кўриб турган нарсангдан беҳожат қилмаганмидим?» деди. «Из-затингга қасамки, шундай қилган эдинг, лекин баракангдан беҳо-жатлигим йўқ», деди».

21-БОБ.
ОДАМЛАР ОЛДИДА ҒУСЛ ҚИЛГАНДА ТЎСИНИШ ҲАҚИДА
280. Умму Ҳониъ бинт Абу Толиб розияллоҳу анҳо хабар қилади:
«Фатҳ йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдилари-га бордим. У зот чўмилаётган, Фотима эса (у зотни) тўсиб турган экан. У зот: «Ким бу?» дедилар. «Мен, Умму Ҳониъман», дедим».

281. Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жунубликдан ғусл қилаётган-ларида тўсиб турдим. Икки қўлларини ювдилар, кейин ўнг қўллари билан чап қўлларига сув қуйиб, фаржларини ва унга теккан нарсани ювдилар. Сўнг қўлларини девор ёки ерга суртдилар. Кейин икки оёқларини ювмай, намознинг таҳорати каби таҳорат қилдилар. Кейин баданлари устидан сув қуйдилар. Сўнгра четга ўтиб, икки оёқларини ювдилар».

22-БОБ.
АЁЛ КИШИ ЭҲТИЛОМ БЎЛСА...
282. Мўминларнинг онаси Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Абу Толҳанинг аёли Умму Сулайм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Ал-лоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди. Агар аёл киши эҳтилом бўлса, унга ғусл ло-зимми?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, агар сувни кўрса», дедилар».

23-БОБ.
ЖУНУБ ОДАМНИНГ ТЕРИ ҲАМДА МУСУЛМОН НАЖАС БЎЛМАСЛИГИ ҲАҚИДА
283. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Мадина кўчаларидан бирида йўлиқибдилар. У жунуб экан. «Шунда у зотдан яшириндим», дейди у. Бориб, ғусл қилибди. Кейин келса, у зот: «Қаерда эдинг, эй Абу Ҳурайра?» дебдилар. «Жунуб эдим, сиз билан нопок ҳолда ўти-ришни хоҳламадим», дебди. Шунда у зот: «Субҳаналлоҳ! Мусулмон нажас бўлмайди», дебдилар».

24-БОБ.
ЖУНУБ ОДАМ БОЗОР ВА БОШҚА ЖОЙЛАРГА ЧИҚИБ ЮРАВЕРАДИ
Ато айтади: «Жунуб одам таҳорат қилмаган бўлса ҳам, қон олдира-веради, тирноқларини қисқартираверади, сочини қирдираверади».

284. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу сўзлаб берди:
«Набиюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кечада аёлларини ай-ланиб чиқар эдилар. Ўшанда у зотнинг тўққиз нафар аёллари бор эди».

285. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен жунуб эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учраб қолиб, қўлимдан тутдилар. Мен у зот билан юрдим. Ниҳоят, у зот ўтиргач, сездирмай чиқиб, қўналғага бордим-да, ғусл қилдим. Кейин қайтиб келсам, у зот (ҳали ҳам) ўтирган эканлар. «Қаерда эдинг, эй Абу Ҳирр?» дедилар. У зотга (бор гапни) айтдим. Шунда у зот: «Субҳаналлоҳ! Эй Абу Ҳирр, мўмин нажас бўлмайди», дедилар».

25-БОБ.
АГАР ЖУНУБ ОДАМ ТАҲОРАТ ҚИЛГАН БЎЛСА,ҒУСЛ ҚИЛМАЙ УЙДА ЮРАВЕРИШИ ҲАҚИДА
286. Абу Саламадан ривоят қилинади:
«Оиша розияллоҳу анҳодан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жунуб ҳолда ухлармидилар?» деб сўрадим. «Ҳа, таҳорат қилиб олар эдилар», деди».

26-БОБ.
ЖУНУБ КИШИНИНГ УХЛАШИ ҲАҚИДА
287. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Бирортамиз жунуб ҳолда ухласак бўладими?» деб сўра-ди. «Ҳа, бирортангиз таҳорат қилиб олса, жунуб ҳолида ухлайвер-син», дедилар».

27-БОБ.
ЖУНУБНИНГ ТАҲОРАТ ҚИЛИБ, СЎНГ УХЛАШИ ҲАҚИДА
288. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жунуб ҳолларида ухламоқчи бўлсалар, фаржларини ювиб, намознинг таҳоратини қилар эдилар».

289. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Бирортамиз жунуб ҳолда ухласак бўладими?» деб фатво сўради. «Ҳа, агар таҳорат қилиб олса», дедилар».

290. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тунда ўзига жунублик етиб қолишини айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Таҳорат қил ва закарингни юв, кейин ухлайвер», дедилар».

28-БОБ.
ИККИ ХАТНА ЖОЙИ БИР-БИРИГА УЧРАШСА...
291. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлнинг тўрт мучаси* орасига ўтирса, сўнг унга куч сарфласа, ғусл вожиб бўлибди», де-дилар».

* «Муча» деб таржима қилинган сўз ҳадисда «шуъаб» («аъзолар») деб келган. Ҳадисда бу сўздан қайси аъзолар назарда тутилгани ҳақида уламолар турлича фикрларни айтишган. Муҳими, бу сўз аёл-га яқинлик қилиш маъносида ишлатилган. Бу ўринда ундан икки қўл ва икки оёқ назарда тутилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

29-БОБ.
АЁЛНИНГ ФАРЖИДАН ТЕККАН НАРСАНИ ЮВИШ ҲАҚИДА
292. Зайд ибн Холид Жуҳаний шундай хабар қилади:
«У Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан: «Айтинг-чи, эркак киши аёлига қўшилса-ю, маний тўкмаса, нима қилади?» деб сўради. Усмон: «Намозга таҳорат қилганидек таҳорат қилади ва закарини ювади. Мен буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман», деди.
(Зайд деди:) «Мен бу ҳақда Алий ибн Абу Толиб, Зубайр ибн Ав-вом, Толҳа ибн Убайдуллоҳ ва Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳумдан сўрадим, улар ҳам шунга буюришди».

293. «Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу хабар қиладики, у: «Эй Ал-лоҳнинг Расули, эр аёли билан жимоъ қилса-ю, (маний) тўкмаса-чи?» дебди. «Ўзининг аёл(фаржи)га теккан жойларини ювади, кейин таҳорат қилиб, намоз ўқийверади», дебдилар».
Абу Абдуллоҳ айтади: «Ғусл қилиш эҳтиётлироқдир. Мана шу (ҳа-дис) сўнггисидир. Биз улар (саҳобалар) ихтилоф қилишгани сабабли баён қилиб қўйдик, холос».

Изоҳ: Бу ерда Абу Абдуллоҳнинг, яъни имом Бухорийнинг сўзларини изоҳлашга тўғри келади:
«Ғусл қилиш эҳтиётлироқдир» – динда эҳтиётли, яъни вожиб;
«Мана шу ҳадис сўнггиси» – ундан кейин уни мансух қиладиган ҳадис келмаган, балки у ўзидан олдинги ҳукмларни мансух қилган, бу бобдаги охирги ҳукм мана шу;
«Биз улар (саҳобалар) ихтилоф қилганлари сабабли баён қилиб қўйдик, холос» – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар икки хатна жойи учрашиб, закарнинг боши кўздан ғойиб бўл-са, (маний) тўкиш бўлса ҳам, бўлмаса ҳам ғусл вожиб» деган ҳадисларини эшитмаган айрим саҳоба-лар маний тўкилмаса, ғусл вожиб бўлмайди деб ўйлаб юришган. Биз ўша ихтилофни келтирмоқчимиз, холос. Мазкур ҳадисни ҳамма эшитгач, барча саҳобалар (маний) тўкиш бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, олатнинг боши ғойиб бўлиши билан ғусл вожиб бўлишига ижмоъ қилишган.
«Жимоъда маний тўкмаса, ғусл вожиб бўлмайди» деган ҳукм ҳақида уламолар: «Бу Исломнинг аввалида берилган рухсатлар жумласидан бўлиб, кейин бекор қилинган», дейишади ва бунга керагича далиллар келтиришади.
Таъкидлаш лозимки, имом Бухорий юқоридаги гаплари билан фиқҳий ихтилофлар – фарқлиликларнинг ҳадис китобларида келтирилиши ўша масалада фарқлилик борлигини билдириб қўйиш учун эканини уқтирадилар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase