7. Таяммум китоби
- Чоршанба, Янв 03 2024
- 17470 марта кўрилди
Аллоҳ таоло айтади:
«...сув топа олмасангиз, покиза тупроқ ила таяммум қилинг. Бас, ундан юзларингизга ва қўлларингизга масҳ тортинг».
1-БОБ
334. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафарларидан бирида у зот билан бирга чиқдик. Байдода* [ёки Зотулжайшда] эканимизда мунчоғим узилиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ахтариш учун туриб қолдилар. Одамлар ҳам у зот билан бирга тўхташди. Улар сув ёқасида эмас эдилар. Одамлар Абу Бакр Сид-диқнинг олдига келиб: «Оишанинг нима қилганини кўрмайсанми?! Ра-сулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам, одамларни ҳам тўхтатиб қўйди-ку! (Одамлар) сув ёқасида ҳам эмаслар, ўзларида ҳам сув йўқ», дейишди.
Кейин Абу Бакр келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини сонимга қўйиб ухлаб қолган эдилар. У менга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва одамларни ушлаб қолдинг. Улар сув ёқасида ҳам эмаслар, ўзларида ҳам сув йўқ», деди.
Абу Бакр мени койиб кетди, Аллоҳ хоҳлаганича нима деса деди ва қўли билан биқинимга ниқтай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимда эканларигина мени қимирлашдан тўсар эди. Тонг отганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сувсиз қолди-лар. Шунда Аллоҳ таяммум оятини нозил этди, сўнг (одамлар) та-яммум қилишди.
Усайд ибн Ҳузайр: «Эй Абу Бакр оиласи, бу сизнинг биринчи бара-кангиз эмас», деди.
Кейин мен минган туяни қўзғатган эдик, мунчоғимни ўшанинг та-гидан топдик».
* Байдо, Зотулжайш – Мадина билан Хайбар оралиғидаги икки жойнинг номи.
335. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо хабар қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга ўзимдан олдин ҳеч кимга берилмаган беш нарса берилди: бир ойлик масофадан кучли қўрқув (солиш) ила нусрат берилди; ер мен учун саждагоҳ ва по-кловчи қилиб берилди, умматимдан қай бир киши намозга етишса, уни ўқисин; менга ўлжалар ҳалол қилинди, мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди; менга шафоат (ҳуқуқи) ато этил-ди; набий хоссатан ўз қавмига юборилар эди, мен эса барча одамларга юборилдим», дедилар».
2‑БОБ.
СУВ ҲАМ, ТУПРОҚ ҲАМ ТОПА ОЛМАГАНДА...
336. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши Асмодан ориятга (вақтинча тақиб туриш учун) маржон олган эди, йўқолиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини юборган эдилар, уни топиб келди. Шу аснода намоз вақти бўлди. Уларда сув йўқ эди, намозни ўқийверишди. Кейин бу ҳақда Ра-сулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилишди. Шунда Ал-лоҳ таяммум оятини нозил қилди.
Усайд ибн Ҳузайр Оишага: «Аллоҳ сени яхшилик билан мукофот-ласин. Аллоҳга қасамки, қачон бошингга ўзинг ёқтирмайдиган бир иш тушса, Аллоҳ албатта бунда сен учун ва мусулмонлар учун бир яхши-лик қилган бўлади», деди».
3‑БОБ.
СУВ ТОПОЛМАГАНДА ВА АЙНИ ПАЙТДА НАМОЗНИ ЎТКАЗИБ ЮБОРИШДАН ҚЎРҚҚАНДА ҲАЗАРДА* ҲАМ ТАЯММУМ ҚИЛИШ ҲАҚИДА
Ато шунга ҳукм қилган.
Ҳасан эса ҳузурида суви бору, бироқ уни олиб берадиган киши то-полмаган бемор ҳақида ҳам «Таяммум қилади», деган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо Журуфдаги* еридан қайтиб, чорва қўрасига етиб келганида аср бўлди ва намозни (таяммум билан) ўқиди. Кейин Мадинага кириб келди, қуёш ҳали баландда эди, намозни қайта ўқимади.
* Ҳазар – сафарнинг акси, шаръий сафар чегарасининг ичидаги ҳолат, яъни муқимлик.
* Журуф – Мадина яқинидаги жой номи.
337. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг мавлоси Умайр айтади:
«Мен Набий алайҳиссаломнинг жуфти ҳалоллари Маймунанинг мавлоси Абдуллоҳ ибн Ясор билан келиб, Абу Жуҳайм ибн Ҳорис ибн Симма ал-Ансорийнинг олдига кирдик.
Абу Жуҳайм: «Набий алайҳиссалом Биъри Жамал тарафдан қайтиб келаётган эдилар, бир киши у зотга йўлиқиб, салом берди. Набий алайҳиссалом унга жавоб қайтармай, деворга бориб, (қўлларини урди-лар ва) юзлари билан икки қўлларига масҳ тортдилар, кейин унга алик олдилар», деди».
4‑БОБ.
ТАЯММУМ ҚИЛУВЧИ ИККИ ҚЎЛИГА ПУФЛАЙДИМИ?
338. Саъд ибн Абдурраҳмон ибн Абзо отасидан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига бир одам келиб: «Мен жунуб бўлиб қолиб, сув топа олмадим», деди. Шунда Аммор ибн Ёсир Умар ибн Хаттобга: «Эслайсанми, сен билан мен сафарда бўлган эдик. Сен намоз ўқимаган эдинг. Мен эса тупроққа юмаландим-да, намоз ўқидим. Кейин буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб бердим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, сенга мана бунинг ўзи кифоя қилар эди», деб, икки кафтларини ерга урдилар ва уларга пуфладилар. Сўнгра уларни юзлари ва икки қўлларига суртди-лар», деди».
5-БОБ.
ТАЯММУМ ЮЗГА ВА ИККИ ҚЎЛГАДИР
339. Ҳажжож сўзлаб берди:
«У айтади: «Бизга Шуъба хабар қилди: «Ҳакам менга Заррдан, у Саъид ибн Абдурраҳмон ибн Абзодан, у отасидан ривоят қилиб, шунд-ай хабар қилди: «Аммор шунга (ҳукм қилди)».
Шуъба ҳам қўлларини ерга урди‑да, кейин иккала қўлини оғзига яқин олиб келиб (пуфлади), сўнгра юзига ва икки қўлига суртди».
340. Ибн Абдурраҳмон ибн Абзо отасидан ривоят қилади:
«У Амморнинг Умарга «Биз сарийяда эдик, жунуб бўлиб қолдик», деб айтганига гувоҳ бўлган ва: «У (Аммор) икки қўлига пуфлади», деган».
341. Абдурраҳмондан ривоят қилинади:
«Аммор Умарга: «Тупроққа юмаланган эдим. Кейин Набий сол-лаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келган эдим, у зот: «Сенга юз ва икки қўл кифоя қиларди», дедилар».
342. Абдурраҳмондан ривоят қилинади:
«Мен Амморнинг Умарга шундай деганига гувоҳ бўлдим», деб маз-кур ҳадисни келтиради».
343. Аммор розияллоҳу анҳу деди:
«Набий алайҳиссалом қўлларини ерга уриб, юз ва икки қўлларига суртдилар».
6-БОБ.
ПОКИЗА ТУПРОҚ МУСУЛМОННИНГ ТАҲОРАТ СУВИДИР, СУВ ЎРНИГА КИФОЯ ҚИЛАДИ
Ҳасан: «Модомики таҳоратини синдирмаса, унга таяммуми кифоя қилади», деган.
Ибн Аббос таяммумли ҳолда имомликка ўтган.
Яҳё ибн Саъид: «Шўрхок ерда намоз ўқиш ва унда таяммум қилишнинг ҳечқиси йўқ», деган.
344. Имрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. Кечаси йўл юрдик, ниҳоят, туннинг охирига етганимизда шундай уйқуга кетдикки, мусофир учун бундан ширин уйқу бўлмайди. Бизни қуёш ҳароратигина уйғотди. Биринчи бўлиб фалончи, кейин фалончи, кейин фалончи уйғонди – Абу Ражо (Имрондан ривоят қилган ровий) уларнинг номларини айтган-у, Авф (Абу Ражодан ривоят қилган ро-вий) унутиб қўйган – кейин Умар ибн Хаттоб тўртинчиси бўлди. Расу-луллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўзлари уйғонмагунларича уйқудан уйғотилмас эдилар, чунки биз у зотнинг уйқуларида нималар содир бўлишини билмас эдик.
Умар уйғониб, одамларга нима бўлганини кўргач, – у бақувват одам эди – овозини кўтариб такбир айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг товушидан уйғонгунларича овозини кўтариб такбир айтаверди. У зот уйғонгач, (одамлар) бошларига тушган ишдан у зотга шикоят қилишди. У зот: «Зарари йўқ [ёки зарар қилмайди], йўлга тушинглар», дедилар. Йўлга тушиб, узоқ юрмадилар, кейин тўхтаб, таҳорат суви келтиришни сўрадилар ва таҳорат қилдилар. Намозга азон айтилди. Одамларга намоз ўқиб бердилар. Намоздан ўгирилгач, қавм билан намоз ўқимай, четда турган бир кишига кўзлари тушиб: «Эй фалончи, қавм билан намоз ўқишингдан сени нима тўсди?» дедилар. У: «Мен жунуб бўлиб қолдим, сув эса йўқ», деди. У зот: «(Пок) тупроқ ишлат, у сенга кифоя қилади», дедилар.
Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлга чиқдилар. Одамлар (йўлда) у зотга ташналикдан шикоят қилишди. Шунда у зот тўхтаб, уловдан тушдилар ва фалончини – Абу Ражо унинг исмини айтган, Авф эса уни унутиб қўйган – ва Алийни чақириб: «Боринглар, сув қидиринглар», дедилар. Икковлон жўнашди. Улар туясининг устида, мазоданинг [ёки икки сатийҳанинг]* ўртасида ўтириб кетаётган аёлга дуч келишди ва ундан: «Сув қаерда?» деб сўрашди. Аёл: «Кеча шунақа пайт сувнинг олдида эдим, эркакларимиз бизни қолдириб, сафарга чиқиб кетишган», деди. «Унда биз билан юр», дейишди. «Қаерга?» де-ди у. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига», дей-ишди. «Собий»* деб айтилаётган кишими?» деди. «Сен айтаётган одам ўша, юр», дейишди.
Уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб ке-либ, у зотга бўлган гапни сўзлаб беришди. Кейин уни туясининг усти-дан туширишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир идиш сўради-лар. Кейин унга иккала мазоданинг [ёки иккала сатийҳанинг] оғзидан сув қуйдилар ва иккаласининг оғзини боғлаб, перовини очиқ қолдир-дилар. Одамларга «Суғоринглар ва ичинглар!» деб нидо қилинди. Хоҳлаган суғорди, хоҳлаган ичди. Охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунублик етган кишига: «Бор, буни устингдан қуйиб ол», деб бир идишда сув бердилар. Аёл эса шу турганича суви-ни нималар қилишаётганига қараб турар эди. Аллоҳга қасамки, улар-дан (сув олиш) тўхтатилди, идишлар бизга (сув олиш) бошлаган пайт-дагидан ҳам тўлароқ туюлди.
Набий алайҳиссалом: «Бунга (бир нима) йиғиб беринглар», деди-лар. Унга ажва,* ун ва толқондан бир қанча егулик йиғиб, бир тугунга солиб беришди. Уларни (идишларни) туянинг устига юклаб, тугунни эса аёлнинг олд тарафига қўйишди. У зот унга: «Кўряпсан-а, сувинг-дан ҳеч қанча камайтирмадик, бизларга сув берган Аллоҳнинг Ўзи», дедилар.
Кейин у (аёл) ўз аҳлининг олдига келди, улардан ортда қолиб кет-ган эди. «Сени нима ушлаб қолди, эй фалончи?» дейишди. У деди: «Ажойиб иш бўлди: менга икки киши йўлиқиб, анави «собий» деб айтилаётган кишининг олдига олиб боришди. У шундай, шундай қил-ди. Аллоҳга қасамки, у киши бу билан анавининг – аёл ер билан ос-монни назарда тутиб, ўрта ва кўрсаткич бармоқларини осмонга кўта-риб ишора қилди – ўртасидаги инсонларнинг энг сеҳргаридир ёки у ҳақиқатан Аллоҳнинг элчисидир».
Мусулмонлар ушбу воқеадан кейин ўша аёлнинг атрофидаги муш-риклар устига бостириб боришар, лекин у аёл мансуб бўлган хонадон-ларга тегишмас эди. Бир куни у ўз қавмига: «Ўйлайманки, бу одамлар сизларга атайлаб тегишмаяпти. Исломга кирсангиз-чи!» деди. Шунда улар унга итоат қилиб, Исломга киришди».
* Мазода, сатийҳа – иккита терини бир-бирига улаб тикилган катта мешкоб, у асосан сафарга мўлжалланган сув идиши бўлган.
* Собий – эски динидан чиқиб, янги динга кирувчи. Жоҳилият араблари жоҳилиятдаги динини ташлаб, Ислом динига кирганларни шундай деб аташар эди.
* Ажва – хурмонинг бир тури. Мадина хурмоларининг энг яхши навларидан бўлиб, сифати ва фойдалилиги билан бошқа навлардан ажралиб туради.
7‑БОБ.
ЖУНУБ КИШИ ЎЗИГА КАСАЛЛИК ЁКИ ЎЛИМ ЕТИШИДАН ЁХУД ТАШНАЛИКДАН ҚЎРҚСА, ТАЯММУМ ҚИЛАДИ
Зикр қилинадики, Амр ибн Ос совуқ кечада жунуб бўлиб қолиб, та-яммум қилди ва «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ си-зларга раҳмлидир» оятини ўқиди. Кейин буни Набий алайҳиссаломга айтган эди, уни койимадилар.
345. Абу Воилдан ривоят қилинади:
«Абу Мусо Абдуллоҳ ибн Масъудга: «Агар (жунуб одам) сув то-полмаса, намоз ўқимайдими?» деди.
Абдуллоҳ: «Агар одамларга бунга (жунубнинг таяммум қилишига) рухсат берсам, бирортаси совуқни сезган заҳоти шундай қилаверади», деди. (Абу Мусо айтади:) «Яъни таяммум қилиб, намоз ўқийверади». «Унда Амморнинг Умарга айтган гапи қаерда қолди?» деган эдим, у: «Мен Умарни Амморнинг сўзидан қониққан, деб ўйламайман», деди».
346. Аъмаш шундай сўзлаб берди:
«Шақиқ ибн Саламанинг шундай деганини эшитдим: «Абдуллоҳ ва Абу Мусонинг ҳузурларида эдим. Абу Мусо унга: «Айт-чи, эй Абу Абдурраҳмон, киши жунуб бўлиб, сув топа олмаса, нима қилади?» де-ди. Абдуллоҳ: «Сув топгунича намоз ўқимайди», деди.
Абу Мусо: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Амморга: «Сенга кифоя қилади», деганларидаги Амморнинг сўзига нима дей-сан?» деди. «Умар бундан қониқмаганини билмайсанми?» деди. Шун-да Абу Мусо: «Амморнинг гапини қўя тур, бу оятга (таяммум ҳақидаги оятга) нима дейсан?» деди. Абдуллоҳ нима дейишини бил-май қолди ва «Уларга бундай қилишга рухсат берсак, бирортасига сув совуқлик қилса, уни қўйиб, таяммум қилиши ҳеч гап эмас», деди».
Шақиққа: «Абдуллоҳ (жунуб кишига таяммумга рухсат беришни) шунинг учун ёқтирмаган экан-да?» десам, «Ҳа», деди».
8‑БОБ.
ТАЯММУМ БИР ЗАРБДИР
347. Аъмаш Шақиқдан ривоят қилади:
«Абдуллоҳ ва Абу Мусо Ашъарий билан бирга ўтирган эдим. Абу Мусо унга бундай деди: «Агар бир киши жунуб бўлиб, кейин бир ой-гача сув топа олмаса ҳам таяммум қилиб намоз ўқийвермайдими? Ахир Моида сурасидаги мана бу «Агар сув топа олмасангиз, у ҳолда покиза тупроқ ила таяммум қилинг!» оятига нима дейсиз?
Абдуллоҳ: «Агар бунга рухсат берилса, сув совуқлик қилганда ҳам тупроққа таяммум қилаверишлари ҳеч гапмас», деди.
(Аъмаш деди:) «Буни шунинг учун ёқтирмасмидингиз?» деган эдим, (Шақиқ:) «Ҳа», деди.
Абу Мусо деди: «Амморнинг Умарга бундай деганини эшитма-ганмисан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени бир юмуш билан жўнатдилар. Кейин жунуб бўлиб қолдим‑да, сув тополмадим. Шунда ҳайвон юмалагани каби тупроққа юмаладим. Буни Набий сол-лаллоҳу алайҳи васалламга айтган эдим, у зот: «Сенга мана бундай қилишинг кифоя қилар эди», деб, кафтларини бир марта ерга урди-лар-да, сўнг уни қоқиб, кафтларининг устки тарафига чап қўлларини [ёки чап қўлларининг устига кафтларини] суртдилар. Сўнг уларни юзларига суртдилар».
Абдуллоҳ: «Умар Амморнинг сўзидан қониқмаганини билмай-санми?» деди.
Яъло қўшимча қилиб, Аъмашдан, у эса Шақиқдан ривоят қилади:
«Абдуллоҳ ва Абу Мусо билан бирга эдим, шунда Абу Мусо деди: «Амморнинг Умарга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени сен билан бир жойга юборгандилар. Мен жунуб бўлиб қолдим ва тупроққа юмаладим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб хабар берган эдик, у зот: «Сенга мана бунинг ўзи кифоя қилар эди», деб, юзларига ва икки қўлларига бир марта масҳ тортдилар», деганини эшитмаганмисан?»
9‑БОБ.
348. Имрон ибн Ҳусойн Хузоъий розияллоҳу анҳу сўзлаб берди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавм билан намоз ўқимай четда турган бир кишини кўриб: «Эй фалончи, қавм билан намоз ўқишингдан сени нима тўсди?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, жунуб бўлиб қолдим, сув эса йўқ», деди. У зот: «Тупроқ ишлат, у сенга кифоя қилади», дедилар».