close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

2. Иймон китоби

1-БОБ.
ИЙМОН ВА НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ «ИСЛОМ
БЕШ НАРСАГА БИНО ҚИЛИНГАНДИР» ДЕГАН СЎЗЛАРИ ҲАҚИДА

У (иймон) сўз ва амалдир, зиёда ҳам, ноқис ҳам бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «...иймонларига иймон зиёда бўлиши учун...»
«Ва уларга янада зиёда ҳидоят бердик».  
«Ва Аллоҳ ҳидоятга юрганларнинг ҳидоятини зиёда қилади».
«…ҳидоят топганларнинг ҳидоятини зиёда қилди ва уларнинг тақволарини берди».
«Ва иймонлиларнинг иймони зиёда бўлиши учундир».  
У Зотнинг сўзи: «Бу қай бирингизнинг иймонини зиёда қилди?» дейдиган кимсалар бор. Бас, иймон келтирганларнинг иймонини зиёда қилди».
У Зот жалла зикруҳунинг сўзи: «(Одамлар...) улардан қўрқин-глар», деганда, (бу) уларда иймонни зиёда қилди».
У Зот таолонинг сўзи: «Бу уларда иймон ва таслимдан бошқа нарсани зиёда этмади».
«Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш ҳам ий-мондандир».
Умар ибн Абдулазиз Адий ибн Адийга мактуб ёзди: «Дарҳақиқат, иймоннинг фарзлари, қонун-қоидалари, чегаралари ва суннатлари бор. Ким уларни тўла бажарса, иймонни комил қилибди. Ким уларни тўлиқ бажармаса, иймонни комил қилмабди. Агар ҳаёт бўлсам, амал қили-шингиз учун уларни сизга баён қилиб бераман. Бордию ўлсам, унда суҳбатингизга иштиёқманд эмасман».
Иброҳим алайҳиссалом: «Лекин қалбим хотиржам бўлиши учун»,  деган.
Муъоз розияллоҳу анҳу: «Биз билан ўтир, бирпас иймонлашайлик», деган.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Яқийн (комил ишонч) – иймоннинг ҳаммасидир», деб айтган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Банда ўз қалбига таъсир қилаётган (шубҳа)ни тарк этмагунича, тақвонинг ҳақиқатига ета олмайди», деди.
Мужоҳид: «Динда Нуҳга васият қилган нарсасини сизларга ша-риат қилди» оятини «Эй Муҳаммад, сенга ва унга ягона динни васият қилдик», деб айтган.  
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо «Шариат ва минҳож»ни – йўл ва суннат, деган.

Изоҳ: «Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи бу масала хусусида қуйидагиларни айтган: «Бу баҳс лафзийдир. Чунки иймондан мурод фақат тасдиқ бўлса, у ҳолда бу зиёдалик ва нуқсонни қабул қилмайди. Агар тоатлар ҳам ундан бўлса, буларни қабул қилади». Сўнг айтдилар: «Тоатлар тасдиқни мукаммал қилади. «Иймон зиёдалик ва нуқсонни қабул қилмайди» деган сўзга келтирилган далиллар-нинг ҳаммаси иймоннинг асли бўлган тасдиққа бурилади. «Иймон зиёдалик ва нуқсонни қабул қила-ди» деган сўзга далолат қиладиган ҳамма нарса тасдиқ билан амалдан иборат комил иймонга таал-луқлидир» («Умдатул Қорий шарҳу Саҳиҳил Бухорий», «Иймон китоби»).
Бу сўзлар «Иймоннинг зиёда ва ноқис бўлиши ҳақида»ги 34-бобга ҳам тегишли. Бухорий ва бошқа муҳаддисларга кўра, банданинг иймони унинг дин амалларида бардавом бўлишига қараб зиёда бўлади ва доимий нуқсонга йўл қўйишига қараб камаяди. Имом Абу Ҳанифага кўра ҳам иймон зиёда ва ноқис бўлади. Бироқ, иймоннинг айни ўзи эмас, балки сифати шундай хусусиятга эга.

2-БОБ.
ДУОИНГИЗ – ИЙМОНИНГИЗДИР

8. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарсага бино қилинган: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир», деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар».

3-БОБ.
ИЙМОН ИШЛАРИ ҲАҚИДА
Аллоҳ таолонинг сўзи: «Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас. Лекин яхшилик – Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва молини яхши кўра туриб, қариндошларга, етимларга, мискинлар-га, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган ҳамда намозни тўкис адо этган, закотни берган киши ҳамда аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганларникидир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина тақводорлардир».
Яна У Зотнинг сўзи: «Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар...».

9. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иймон олтмиш неча шўъбадир. Ҳаё иймондан бир шўъбадир», дедилар».

4-БОБ.
МУСУЛМОН – ТИЛИ ВА ҚЎЛИДАН МУСУЛМОНЛАР ОМОНДА БЎЛГАН КИШИДИР
10. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон – тили ва қўли-дан мусулмонлар омонда бўлган кишидир. Муҳожир – Аллоҳ қай-тарган нарсани тарк этган кишидир», дедилар».

5-БОБ.
ИСЛОМДАГИ ҚАЙСИ (АМАЛ) АФЗАЛ?
11. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Исломдаги қайси (амал) афзал?» дейишди. У зот: «Қўли ва тилидан мусулмонлар омонда бўлган киши(нинг амали)», дедилар».

6-БОБ.
ТАОМ БЕРИШ ИСЛОМДАНДИР
12. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси Ислом (амали) яхшироқ?» деб сўради. У зот: «Таом беришинг ҳамда тани-ган-танимаганингга салом беришинг», дедилар».

7-БОБ.
ЎЗИ УЧУН ЯХШИ КЎРГАН НАРСАСИНИ БИРОДАРИГА ҲАМ РАВО КЎРИШ ИЙМОНДАНДИР
13. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бирингиз ўзи учун ях-ши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича мўмин бўла олмайди», дедилар».

8-БОБ.
РАСУЛ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИ СЕВИШ ИЙМОНДАНДИР
14. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳеч бирингиз унга отасию боласидан севимли бўл-магунимча мўмин бўла олмас», дедилар».

15. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бирингиз унга отасию боласидан ва барча одамлардан севимли бўлмагунимча мўмин бўла олмас», дедилар».

Изоҳ: Бу ҳадислардаги «мўмин»дан мурод комил мўмин экани ҳақида Аҳли Сунна ва жамоа уламолари иттифоқ қилишган. Бу ҳақда «Умдатул Қорий»да шундай дейилади: «Бу жумбоққа жавоб қуйидагича бўлади: «Шориъ (Аллоҳ) каломида келган «иймон» лафзи «иймоннинг асли» маъносида келади. Бунда қуйидаги: «Иймон – Аллоҳга, фаришталарига, Унга йўлиқишга ва элчиларига иймон келтиришинг, қайта тирилишга иймон келтиришингдир. Ислом эса Аллоҳга ибодат қилишинг, Унга ширк келтирмаслигинг, намозни тўкис адо этишинг, фарз закотни беришинг ва Рамазон рўзасини ту-тишингдир» ҳадиси мисол бўла олади ва иймонда амал бирга бўлиши эътиборга олинмайди». Демак, ҳадисда зикр қилинган сифатларга эга бўлмаган киши комил иймон эгаси эмас. Лекин иймоннинг юқоридаги турига – иймоннинг аслига кўра, бундай инсон мўмин ҳисобланади.

9-БОБ.
ИЙМОН ҲАЛОВАТИ ҲАҚИДА
16. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, у иймон ҳаловатини топибди: Аллоҳ ва Унинг Расули унга бошқа ҳамма нарсадан севимли бўлиши; бир кишини яхши кўрса, уни фақат Аллоҳ учунгина яхши кўриши; куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар».

10-БОБ.
АНСОРЛАРНИ ЯХШИ КЎРИШ ИЙМОН АЛОМАТИДИР
17. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ансорларни яхши кўриш иймоннинг белгиси, ансорларни ёмон кўриш эса мунофиқликнинг белгисидир», дедилар».

11-БОБ
18. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу – у Бадрда иштирок этган, Ақаба тунида нақибларнинг* бири бўлган – айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида асҳоблари-дан бир жамоа турганида: «Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, болаларингизни ўлдирмас-лик, ичингиздан бўҳтон тўқиб чиқармаслик ва маъруф ишда осий бўлмасликка менга байъат қилинг. Сизлардан ким шуларга вафо қилса, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Ким ўшалардан бирор нарсани қилиб қўйиб, дунёда жазога тортилса, бу унга каф-форатдир. Ким ўшалардан бирор нарсани қилиб қўйсаю, сўнгра Аллоҳ уни яширган бўлса, бу Аллоҳга ҳаволадир: хоҳласа уни афв қилади, хоҳласа жазолайди», дедилар. У зотга ана шунга байъат қил-дик».

* Нақиб – гуруҳга раис бўлиб, унинг номидан гапирувчи шахс, оқсоқол.

12-БОБ.
ФИТНАЛАРДАН ҚОЧИШ ДИНДАНДИР
19. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яқинда мусулмон кишининг энг яхши мулки қўй бўлиб қолади. Унинг кетидан тоғ тепалари ва яйловларга чиқиб кетиб, динини фитналардан олиб қочади», дедилар».

13-БОБ.
НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ «МЕН АЛЛОҲНИ БИЛУВЧИРОҒИНГИЗМАН» ДЕГАН СЎЗЛАРИ ҲАҚИДА
Аллоҳ таолонинг «Лекин (Аллоҳ) қалбларингиз касб қилган нар-са учун тутади», деган сўзига кўра, маърифат қалбнинг ишидир.

20. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга (саҳобаларга) амр қилсалар, улар тоқат қила оладиган амалларни буюрар эдилар. «Биз сиз каби эмасмиз, эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳ сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни мағфират қилиб қўйган», дейишди. Шунда у зот ғазабландилар, ҳатто ғазаб юзларидан билинди. Сўнг: «Албатта, энг тақводорингиз ва Аллоҳни билувчироғингиз менман», деди-лар».

14-БОБ.
КИШИНИНГ КУФРГА ҚАЙТИШНИ ХУДДИ ЎТГА ТАШЛАНИШНИ ЁМОН КЎРГАНДЕК ЁМОН КЎРИШИ ИЙМОНДАНДИР
21. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топибди: ким Аллоҳ ва Унинг Расулини бошқа ҳамма нарсадан ҳам яхши кўрса; ким бир бандани яхши кўрсаю, уни Аллоҳ учунгина яхши кўрса; ким Аллоҳ уни қутқар-гач, куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўрса», дедилар».

15-БОБ.
ИЙМОН АҲЛИНИНГ АМАЛ БОРАСИДА БИР-БИРЛАРИДАН ФАРҚЛАНИШИ ҲАҚИДА
22. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киради. Сўнг Аллоҳ таоло: «Қалбида хантал уруғи оғирлигича иймон борларни чиқаринглар», дейди. Шунда ундан қорайган ҳолда чиқариладилар-да, Ҳаё [ёки «Ҳаёт» деб Мо-лик иккиланди] дарёсига ташланадилар. Шунда улар худди уруғ сел ёқалаб униб чиққанидек униб чиқишади. Унинг сап-сариқ бўлиб, эгилиб чиқишини кўрмаганмисан?» дедилар».
(Ровийлардан бири) Вуҳайб деди: «Амр уни бизга «Ҳаёт» деб айтган ва: «...хантал уруғи оғирлигича яхшилик...» деган.

23. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уйқудалигимда одамларнинг менга намойиш қилинаётганини кўрдим. Эгнилари-да кўйлаклари бўлиб, баъзилари кўкраккача етса, айримлари ундан пастроқ эди. Менга Умар ибн Хаттоб ҳам кўрсатилди. Эгни-да бир кўйлак бўлиб, уни судраб борар эди», дедилар. «Эй Ал-лоҳнинг Расули, буни нима деб таъбир қилдингиз?» дейишди. «Дин деб», дедилар».

16-БОБ.
ҲАЁ ИЙМОНДАНДИР
24. Солим ибн Абдуллоҳ отасидан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бирининг ёнидан ўтдилар. У биродарини (ортиқча) ҳаё хусусида койиётган эди. Шунда у зот: «Уни тек қўй, чунки ҳаё иймондандир!» дедилар».

17-БОБ.
«АГАР ТАВБА ҚИЛСАЛАР, НАМОЗНИ ТЎКИС АДО ЭТСАЛАР ВА ЗАКОТНИ БЕРСАЛАР, ЙЎЛЛАРИНИ БЎШАТИБ ҚЎЙИНГЛАР»
25. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир», деб шаҳодат келтирмагунларича, намозни тўкис адо этмагунларича ва закотни бермагунларича, уларга қарши жанг қилишга буюрилдим. Шуни бажаришса, қонлари ва молларини мендан асрабдилар. Фақат Ис-лом ҳаққи мустаснодир. Ҳисоблари эса Аллоҳнинг зиммасидадир», дедилар».

Изоҳ: Уламолар бу ҳадисда икки Ҳарам – Макка ва Мадина ҳудуди назарда тутилган, дейдилар. Шу боис бу икки ҳудудга бугун ҳам мусулмонлардан бошқалар киритилмайди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳам, рошид халифалар ва улардан кейинги халифаликларда ҳам ушбу икки шаҳардан бошқа Ислом ўлкаларида мусулмонлар билан бирга бошқа дин вакиллари ҳам асрлар оша иноқ яшаб келганлар. Агар юқоридаги ҳадисда барча Ислом давлати ҳудудлари назарда тутилган бўлганида, мусулмон ўлкаларда битта ҳам ғайримусулмон қолмаслиги керак эди, «аҳли зимма» деган гапга ҳожат қолмасди.
Ҳадисда айтилган «Аллоҳнинг ҳаққи» деганда қасос ва бошқа шу каби айрим шаръий жазолар назарда тутилган (Иловага қаранг).

18-БОБ.
АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ «МАНА ШУ – ҚИЛИБ ЎТГАН АМАЛЛАРИНГИЗ САБАБЛИ СИЗГА МЕРОС ҚИЛИБ БЕРИЛГАН ЖАННАТДИР» ДЕГАН СЎЗИГА БИНОАН «ИЙМОН – АМАЛДИР», ДЕЙИШ ҲАҚИДА
Бир қанча аҳли илмлар Аллоҳ таолонинг «Роббингга қасамки, албатта, уларнинг ҳаммасидан қилиб юрган амаллари ҳақида сўрая-жакмиз»  деган сўзи хусусида «Бу «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», дейиш ҳақида», деб айтишган.
Ва яна (Аллоҳ таоло) «Амал қилувчилар мана шунга ўхшаш нар-са учун амал қилсинлар» , деган.

26. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси амал афзал?» деб сўралди. Шунда у зот: «Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон», деди-лар. «Сўнг нима?» дейилди. У зот: «Аллоҳ йўлидаги жиҳод», деди-лар. «Ундан сўнг нима?» дейилди. «Мабрур* ҳаж», дедилар».

* Мабрур ҳаж – барча арконларига риоя этиб адо қилинган мақбул ҳаж.
Иловага қаранг.

19-БОБ.
ИСЛОМГА КИРИШ ҲАҚИҚИЙ БЎЛМАЙ, БАЛКИ АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ «АЪРОБИЙЛАР «ИЙМОН КЕЛТИРДИК», ДЕЙИШДИ. «ИЙМОН КЕЛТИРГАНИНГИЗ ЙЎҚ, ЛЕКИН «БЎЙСУНДИК», ДЕНГЛАР... ДЕБ АЙТ»  ДЕГАН СЎЗИГА КЎРА ТАСЛИМ БЎЛИШ ЁКИ ҚАТЛДАН
ҚЎРҚИШ ТУФАЙЛИ БЎЛГАНДА
Агар (мусулмонлик) ҳақиқий бўлса, бу У Зот жалла зикруҳунинг «Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир», «Ким Исломдан бошқа динни истаса, ундан ҳаргиз қабул қилинмас»  деган сўзига биноандир.

27. Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ кишига ато* бердилар. – Саъд ҳам ўтирган эди. – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва-саллам улар орасидан менга энг ёққан кишини қолдириб кетдилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули! Фалончига нега бермадингиз? Аллоҳга қасамки, мен уни мўмин деб биламан», дедим. У зот: «Мусул-мон деб, (дегин)», дедилар. Бироз сукут сақладим. Кейин у ҳақда билганларим устун келиб, яна сўзимни қайтардим: «Фалончига нега бермадингиз? Аллоҳга қасамки, мен уни мўмин деб биламан», дедим. У зот: «Мусулмон деб, (дегин)», дедилар. Кейин у ҳақда билганларим устун келиб, яна сўзимни қайтардим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қайтардилар. Сўнгра: «Эй Саъд, албатта, мен бир кишига Аллоҳ уни дўзахга юзтубан ташлашидан қўрқиб ато бераман, ҳолбуки, ундан кўра бошқаси мен учун севимлироқ бўлади», деди-лар».

* Ато – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида жамланган ўлжа, садақа, ҳадя ва бошқа нарсалар.

20-БОБ.
САЛОМНИ ЁЙИШ ИСЛОМДАНДИР
Аммор розияллоҳу анҳу айтади:
«Уч нарса борки, ким уларни ўзида мужассам қилса, иймонни му-жассам қилибди: инсофли бўлиш, барчага салом бериш, камбағалликда ҳам инфоқ-эҳсон қилиш».

28. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси Ис-лом (амали) яхшироқ?» деб сўради. У зот: «Таом беришинг ҳамда таниган-танимаганингга салом беришинг», дедилар».

21-БОБ.
ЭРИГА НОНКЎРЛИК ҚИЛИШ ВА КУФРДАН ФАРҚЛИ КУФР ҲАҚИДА
Бу хусусда Абу Саъид Худрий Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам-дан қилган ривоят бор.
29. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга дўзах кўрсатилди. Қарасам, унинг аҳлининг аксарияти куфр келтирадиган аёллар экан», дедилар. «Аллоҳга куфр келтиришадими?» дейилди. У зот: «Эрларига нонкўрлик қилишади, яхшиликка нонкўрлик қилиша-ди. Агар уларнинг бирортасига умр бўйи яхшилик қилсанг ҳам, сўнгра сендан бирон (ёқмайдиган) нарса кўрса, «Сендан ҳеч яхши-лик кўрганим йўқ», дейди», дедилар».

22-БОБ.
ГУНОҲЛАР ЖОҲИЛИЯТ ИШИДАНДИР
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Жоҳилияти бор киши экансан», деган сўзларига ва Аллоҳ таолонинг «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас, ундан бошқани Ўзи хоҳлаган кишидан кечирадир» , деган сўзига кўра уларни (гуноҳларни) содир этган киши кофирга чиқарилмайди, ширк бундан мустасно.

30. Маърурдан ривоят қилинади:
«Рабазада* Абу Заррни учратдим. Унинг эгнида (бир бўлак) ҳулла, ғуломининг эгнида ҳам (бир бўлак) ҳулла* бор эди. Ундан бу ҳақда сўрадим. Шунда у: «Мен бир киши билан сўкишиб кетиб, уни онаси билан айблаган эдим, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Абу Зарр, уни онаси билан айбладингми? Жоҳилияти бор киши экансан! Қулларингиз биродарларингиздир. Аллоҳ уларни қўл остингизда қилиб қўйган. Демак, кимнинг биродари унинг қўл остида бўлса, еганидан унга ҳам едирсин, кийганидан унга ҳам кийдирсин. Уларга кучи етмайдиган нарсани юкламанг, бордию юкласангиз, уларга ёрдам беринг», дедилар».

* Рабаза – Табук яқинидаги жойнинг номи.
* Ҳулла – бошқа халқларда бир хил матодан тикилган пиджак ва шимдан иборат кийимлар тўп-ламини «костюм» дейилгани каби арабларда ридо ва изордан (устки ва пастки либосдан) иборат кий-им «ҳулла» дейилади.

23-БОБ.
«АГАР МЎМИНЛАРДАН ИККИ ТОИФА УРУШИБ КЕТСА, ЎРТАЛАРИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИНГ»  (ОЯТИДА АЛЛОҲ) УЛАРНИ «МЎМИНЛАР» ДЕБ АТАДИ
31. Аҳнаф ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мана шу кишига (ҳазрати Алийга) ёрдам бериш учун йўл олдим. Абу Бакра менга рўпара келиб қолиб: «Қаерга кетяпсан?» деди. «Анави кишига ёрдам беришга», дедим. «Ортингга қайт, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Икки мусулмон бир-бирига қилич ўқталса, қотил ҳам, мақтул ҳам жаҳаннамдадир», деганларини эшитганман. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу-ку қотил, мақтулнинг айби нима?» дедим. У зот: «Чунки у ҳам шериги-ни ўлдирмоқчи бўлган эди», дедилар», деб айтди».

24-БОБ.
ЗУЛМДАН ЗУЛМНИНГ ФАРҚИ
32. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Иймон келтирганлар ва иймонларига зулмни аралаштирма-ганлар»  ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал-ламнинг саҳобалари: «Қай биримиз зулм қилмабмиз?» дейишди. Шун-да Аллоҳ: «Албатта, ширк катта зулмдир»  оятини нозил қилди».

25-БОБ.
МУНОФИҚНИНГ БЕЛГИСИ ҲАҚИДА
33. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, бажармайди, омо-нат топширилса, хиёнат қилади», дедилар».

34. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўрт (хислат бор), улар кимда бўлса, аниқ мунофиқ бўлибди. Кимда улардан биттаси бўл-са, то уни ташламагунича, унда мунофиқликдан бир хислат бўлади: омонат топширилса, хиёнат қилади; гапирса, ёлғон гапиради; аҳдлашса, аҳдни бузади; жанжаллашса, фожирлик қилади», деди-лар».

26-БОБ.
ҚАДР КЕЧАСИДА ҚОИМ БЎЛИШ ИЙМОНДАНДИР
35. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қадр кечасини иймон билан, савоб умидида қоим қилса, ўтган гуноҳлари мағфи-рат этилади», дедилар».

27-БОБ.
ЖИҲОД ИЙМОНДАНДИР
36. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Ўз йўлида (жиҳодга) чиққанга: «Уни Менга бўлган иймон ва расулларимни тас-диқлашдан ўзгаси чиқармайди. Шунда уни эришган ажри ёки ўлжаси билан қайтараман ёхуд жаннатга киритаман», дея кафолат берган. Агар умматимни машаққатга солиб қўймаганимда, са-рийя* ортида қолмаган бўлар эдим, Аллоҳ йўлида қатл этилиб, сўнг тирилиб, сўнг яна қатл этилиб, сўнг тирилиб, сўнг яна қатл этилишни истаган бўлардим», дедилар».

* Сарийя – раҳбар жанг қилиш ёки дарак билиб келиш учун душман тарафга юборадиган кичик қўшин (отряд). Одатда сарийяда тўрт юз кишигача бўлади. Адади оз бўлгани учун улар кундузи яши-риниб, тунда махфий юришади. Шунинг учун улар «сарийя» – «тунги сайёҳ» деб аталади.
Иловага қаранг.

28-БОБ.
РАМАЗОНДА ҚОИМ БЎЛИБ, НАФЛ ИБОДАТ ҚИЛИШ ИЙМОНДАНДИР
37. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазонда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар».

29-БОБ.
САВОБ УМИДИДА РАМАЗОН РЎЗАСИНИ ТУТИШ ИЙМОНДАНДИР
38. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким иймон билан, са-воб умидида Рамазон рўзасини тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар».

30-БОБ.
ДИН ОСОНЛИКДИР
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга энг севимли дин кенг ҳанифликдир»*, деганлар.

* Ҳанифлик – ёмонликдан яхшиликка, ботилдан ҳаққа мойиллик, ҳақ динга юзланиш.
39. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, бу дин осон-ликдир. Ким динда ашаддийлашса, (дин) уни енгмай қўймайди. Тўғриликни лозим тутинглар, (ҳеч бўлмаса шунга) яқин бўлинглар ва хушхабар беринглар. Эрталаб, тушдан кейин ва туннинг охири-да (ибодатга Аллоҳдан) ёрдам сўранглар», дедилар».

31-БОБ.
НАМОЗ ИЙМОНДАНДИР. АЛЛОҲ ТАОЛО: «АЛЛОҲ ИЙМОНИНГИЗНИ ЗОЕ ҚИЛМАС» , ДЕГАН, ЯЪНИ «БАЙТУЛ МАҚДИСГА ҚАРАБ ЎҚИГАН НАМОЗИНГИЗНИ».
40. Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага илк бор келганлари-да ансорлардан бўлган боболариникига – ёки тоғалариникига – тушди-лар. Байтул Мақдисга қараб ўн олти ой ёки ўн етти ой намоз ўқиди-лар. У зотга қиблалари Байт тарафида бўлиши ёқар эди. Илк (Байтул-лоҳга қараб) ўқиган намозлари аср намози бўлди. У зот билан бирга бир неча киши ҳам намоз ўқиди. Бирга намоз ўқиганлардан бир киши чиқиб, бир масжид аҳлининг ёнидан ўтди. Улар рукуъда эди. Шунда у: «Аллоҳ номи ила гувоҳлик бераманки, шак-шубҳасиз, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Макка томонга қараб намоз ўқи-дим», деди. Натижада улар ўша ҳолларида Байт томонга бурилишди. У зотнинг Байтул Мақдисга қараб намоз ўқишлари яҳудийларга ва аҳли китобларга ёқар эди. Юзларини Байтуллоҳ томон бурган эдилар, улар буни қабул қилишмади».
Баро розияллоҳу анҳу айтади: «Қибла ўзгаришидан олдин бир қанча киши вафот этган ва қатл қилинган эди, улар ҳақида нима дейишни билмай қолдик. Шунда Аллоҳ таоло: «Аллоҳ иймонингизни зое қил-мас»  оятини нозил қилди».

32- БОБ.
КИШИ МУСУЛМОНЧИЛИГИНИНГ ГЎЗАЛЛИГИ ҲАҚИДА
41. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу хабар қиладики, у Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Банда мусулмон бўлиб, унинг мусулмонлиги гўзал бўлса, Аллоҳ унинг қилиб ўтган барча гуноҳидан кечади. Бундан кейин фақат қасос қолади. Яхшилик (му-кофоти) ўн баробардан етти юз баробаргачадир. Ёмонлик эса, агар Аллоҳ кечиб юбормаса, ўз баробар мисличадир», деганларини эшит-ган экан.

42. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Бирор-тангиз ўз мусулмонлигини гўзал этса, қиладиган ҳар бир яхшили-ги унга ўн баробардан етти юз баробаригача ёзилади, қилган ҳар бир ёмонлиги эса ўз баробарича ёзилади».

33-БОБ.
АЛЛОҲГА ДИН(АМАЛЛАРИ)НИНГ ЭНГ СЕВИМЛИСИ ДАВОМЛИСИДИР
43. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳузурига кирганларида, олдида бир аёл бор эди. У зот: «Бу ким?» дедилар. «Фалона», деб, унинг намозини зикр қила кетди. «Тўхта! Тоқатингиз етадиган нар-сани қилинглар. Аллоҳга қасамки, сизга малол келмагунича, Ал-лоҳга малол келмайди», дедилар. У Зотга дин(амаллари)нинг энг се-вимлиси – эгаси унда бардавом бўлгани эди».

34-БОБ.
ИЙМОННИНГ ЗИЁДА ВА НОҚИС БЎЛИШИ ҲАҚИДА*
Ва Аллоҳ таолонинг «Ва уларнинг ҳидоятларини зиёда қилдик»;  «Ва иймонлиларнинг иймони зиёда бўлиши учундир»  деган сўзи хусусида. У Зот яна айтади: «Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим».  

Агар комилликдан бирон нарсани тарк этса, демак, у ноқисдир.

44. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», деган, қалбида арпа дони вазнича яхшилик бўлган киши дўзахдан чиқади. «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», деган, қалбида буғдой дони вазнича яхшилик бўлган киши дўзахдан чиқади. «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», деган, қалбида тариқ вазнича яхшилик бўлган киши дўзахдан чиқади», дедилар».
Абу Абдуллоҳ айтади: «Абон бизга «Қатода айтиб берди», деган. Қатода айтган: «Анас бизга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўзлаб, «яхшилик»нинг ўрнига «иймон» деди».

45. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Яҳудийлардан биров у кишига: «Эй мўминларнинг амири, китобингизда сизлар ўқийдиган бир оят бор. Агар у биз, яҳудийлар жамоасига нозил бўлганида эди, ўша кунни байрам қилиб олар эдик», деди. У киши: «Қайси оят?» деди. «Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим, сизга неъматимни батамом қилдим ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим»  (ояти)», деди.
Умар: «Биз ўша кунни ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга у (оят) нозил бўлган жойни жуда яхши биламиз. У зот жума куни Арафотда тик турган эдилар», деди».

35-БОБ.
ЗАКОТ ИСЛОМДАНДИР
Аллоҳ таоло: «Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳга динни Унга холис қилиб, ҳаниф бўлиб ибодат қилишга, намозни тўкис адо этишга, закотни беришга буюрилган эдилар, холос. Ана шу тўғри (миллат)нинг динидир», деган.

46. Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Нажд аҳлидан сочлари тўзиган бир киши келди. Овозининг ғўлдираши эши-тилар, нима деяётганини эса фаҳмлаб бўлмас эди. Ниҳоят, яқин келди. Қарасак, у Ислом ҳақида сўраётган экан. Шунда Расулуллоҳ сол-лаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кеча-кундузда беш маҳал намоз», дедилар. «Зиммамда бундан бошқаси ҳам борми?» деди. «Йўқ, лекин ўз ихтиёринг билан қилишинг (мумкин)», дедилар. Расулуллоҳ сол-лаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон рўзасини тутиш ҳам», дедилар. «Зиммамда бундан бошқаси ҳам борми?» деди. «Йўқ, лекин ўз ихти-ёринг билан қилишинг (мумкин)», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга закотни зикр қилдилар. «Зиммамда бундан бошқаси ҳам борми?» деди у. «Йўқ, лекин ўз ихтиёринг билан қилишинг (мумкин)», дедилар.
Шунда ўша одам: «Аллоҳга қасамки, бундан зиёда ҳам қилмайман, кам ҳам қилмайман», дея орқага қайтди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар гапида турса, нажот топди», дедилар».

36-БОБ.
ЖАНОЗАГА ҚАТНАШИШ ИЙМОНДАНДИР
47. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким иймон билан, са-воб умидида бир мусулмоннинг жанозасига қатнашса ҳамда унга жаноза намози ўқилгунича ва дафнидан фориғ бўлгунича у билан бирга бўлса, икки қийрот* ажр билан қайтади. Ҳар бир қийрот Уҳуд мисличадир. Ким унга жаноза намози ўқиганидан кейин дафн қилинишидан олдин қайтса, у бир қийрот билан қайтади», дедилар».


* Қийрот – миқдор ўлчови. Унинг миқдори турли ўлкаларда турлича бўлган. Масалан, макка-ликларда қийрот динорнинг йигирма тўртдан бир улуши ҳисобланса, аксар юртларда йигирмадан бири бўлган. Аммо «қийрот» калимаси кейинчалик бир нарсанинг ниҳоятда кўплигини, чексизлигини ифода этиш учун қўлланадиган бўлиб кетган. Бу ерда ҳам ўша маъно кўзда тутилган.

37-БОБ.
МЎМИННИНГ ЎЗИ СЕЗМАГАН ҲОЛДА АМАЛИ
ҲАБАТА БЎЛИШИДАН ҚЎРҚИШИ ҲАҚИДА
Иброҳим Таймий айтади: «Сўзимни амалимга қиёс қилганимда ёлғончи бўлишдан қўрқиб кетаман».
Ибн Абу Мулайка айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан ўттиз нафарини кўрдим. Уларнинг ҳар бири ўзида му-нофиқлик бўлишидан қўрқар эди. Ҳеч бири ўзини иймонда Жаброил ва Микоил даражасидаман, демас эди».
Ҳасандан зикр қилинади: «Ундан (мунофиқликдан) мўминдан бошқаси қўрқмайди, ундан мунофиқдан бошқаси хотиржам бўл-майди».
Аллоҳ таолонинг «Ва қилган ишларида билиб туриб бардавом бўлмаслар» , деган сўзига биноан мунофиқлик ва гуноҳда тавбасиз бардавом бўлишдан ҳазир бўлинади.

48. Зубайддан ривоят қилинади:
«Абу Воилдан муржиъалар* хусусида сўрадим. Шунда у деди: «Менга Абдуллоҳ айтиб берди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, унга қарши жанг қилиш эса куфрдир», деганлар».

* Муржиъалар («кечиктирувчилар») – ботил фирқалардан бири. Хаворижлар гуноҳи кабира қилганларни дарҳол жазолаш тарафдори бўлса, муржиъийлар жазолашни кечиктиришни ёқлаб чиқишган. Шунинг учун улар шундай ном олишган. Муржиъа фирқасидагилар мўмин киши ҳар қанча улкан гуноҳ қилса ҳам фосиқ ва осий бўлмайди, ҳатто тавбасиз ўлса ҳам уларга азоб жоиз бўлмайди, деб ҳисоблашади. Ва яна улар иймон ва амал бошқа-бошқа нарсалар деб билишади.

49. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу хабар қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечаси ҳақида хабар бериш учун чиққан эдилар, мусулмонлардан икки киши тортишиб кетди. Шунда у зот: «Мен сизларга Қадр кечаси ҳақида хабар бе-риш учун чиққан эдим. Фалончи билан фалончи тортишиб кетди, шу боис (ёдимдан) кўтартирилди. Ажаб эмаски, бу сизлар учун ях-шилик бўлса. Уни етти, тўққиз ва бешда изланглар», дедилар».

38‑БОБ.
ЖАБРОИЛНИНГ НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМДАН ИЙМОН, ИСЛОМ, ЭҲСОН ВА ҚИЁМАТ ИЛМИ ҲАҚИДА СЎРАГАНИ ВА НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ УНИ БАЁН ҚИЛГАНЛАРИ, СЎНГ: «ЖАБРОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМ СИЗЛАРГА ДИНИНГИЗНИ ЎРГАТГАНИ КЕЛДИ», ДЕГАНЛАРИ, БУНИНГ БАРЧАСИНИ ДИН ДЕЯ АТАГАНЛАРИ ВА НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ АБДУЛ ҚАЙС ҲАЙЪАТИГА ИЙМОН ҲАҚИДА БАЁН ҚИЛГАНЛАРИ ҲАМДА АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ «КИМ ИСЛОМДАН БОШҚА ДИННИ ИСТАСА, БАС, УНДАН БУ ҲАРГИЗ ҚАБУЛ ҚИЛИНМАС»  ДЕГАН СЎЗИ ҲАҚИДА

50. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан ўтир-ган эдилар, ҳузурларига Жаброил келди ва: «Иймон нима?» деди. У зот: «Иймон – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, Унга рўбарў бўлишга ва Унинг расулларига иймон келтиришинг ва қайта ти-рилишга иймон келтиришинг», дедилар.
«Ислом нима?» деди. У зот: «Ислом – Аллоҳга ибодат қилишинг ва Унга ширк келтирмаслигинг, намозни тўкис адо этишинг, фарз қилинган закотни адо этишинг ва Рамазон рўзасини тутишинг», дедилар.
«Эҳсон нима?» деди. У зот: «Аллоҳга худди Уни кўриб турганин-гдек ибодат қилишинг. Гарчи Уни кўрмасанг-да, У сени кўриб турур», дедилар.
«Қиёмат қачон?» деди. У зот: «Бу ҳақда сўралувчи сўровчидан билимлироқ эмас. Сенга унинг аломатлари ҳақида хабар бераман. Чўри ўз хожасини туғса, йўқсил туябоқарлар кимўзарга бино қур-са... У (қиёмат вақти) Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган беш нар-са жумласидандир», дедилар. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васал-лам «Албатта, соат (қиёмат) илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузури-дадир...»  оятини тиловат қилдилар.
Сўнгра у ортига қайтди. У зот: «Уни қайтаринглар», дедилар. Улар ҳеч нимани кўришмади. Шунда у зот: «Бу – Жаброил, одамлар-га динларини ўргатгани келди», дедилар».
Абу Абдуллоҳ айтади: «У зот буларнинг барчасини иймондан сана-дилар».

39-БОБ
51. Абу Суфён розияллоҳу анҳу хабар қиладики, Ҳирақл унга шундай дебди: «Сендан «Улар кўпайяптими, озайяптими?» деб сўраганим-да, «Кўпайяпти, дединг. Иймон иши шу тариқа камолга етади. Сендан «Уларнинг бирортаси унинг динига кирганидан кейин норози бўлиб қайтиб кетяптими?» деб сўраганимда, «Йўқ», дединг. Иймон ҳаловати қалбларга йўғрилганда ана шундай бўлади, ундан ҳеч ким норози бўл-майди».

40-БОБ.
ДИНИ УЧУН ЎЗИНИ ПОК ТУТГАН КИШИНИНГ ФАЗЛИ ҲАҚИДА
52. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром ҳам очиқ-ойдиндир. Улар орасида кўп одамлар билмайдиган шубҳали нарсалар бор. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва шаъни учун ўзини пок тутибди. Ким шубҳали нарсаларга тушса, худди қўриқхона атро-фида чўпонлик қилиб, унга ўтиб кетай деган чўпонга ўхшайди.
Огоҳ бўлинг! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг қўриқхонаси бор-дир.
Огоҳ бўлинг! Албатта, Аллоҳнинг ердаги қўриқхонаси – ҳаром қилган нарсаларидир.
Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўшт бор, у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади. У бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлинг! Ўша нарса қалбдир».

41-БОБ.
ХУМУСНИ* АДО ЭТИШ ИЙМОНДАНДИР
53. Абу Жамрадан ривоят қилинади:
«Ибн Аббос билан бирга ўтирган эдим, у мени ўз сўрисига ўтирғизар экан: «Меникида тургин, сенга молимдан улуш ажратиб бе-рай», деди. У киши билан бирга икки ой турдим. Кейин айтди: «Аб-дулқайс вакиллари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурлари-га келганда, у зот: «Бу одамлар ким [ёки бу вакиллар ким]?» деди-лар. «Рабийъа», дейишди.
У зот: «Эй вакиллар [ёки эй одамлар], бехижолат ва бенадомат хуш келдингиз!» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Биз олдингизга ҳаром ойлардагина кела оламиз, биз билан сизнинг ўртамизда Музор кофирларининг манави қабиласи бор. Шу боис бизни қатъий бир ишга буюрингки, уни ортим-издагиларга етказайлик ва шу сабабли жаннатга кирайлик!» дейишди ва у зотдан ичимликлар ҳақида сўрашди. Шунда у зот уларни тўрт нарсага буюриб, тўрт нарсадан қайтардилар. Уларни ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришга буюра туриб: «Ёлғиз Аллоҳга иймон келтириш нима эканини биласизларми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», дейишди. У зот: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳам-мад Аллоҳнинг Расулидир», деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, Рамазон рўзасини тутиш ва ўлжадан бешдан бирини беришингиздир», дедилар. Тўрт нарсадан – ҳантам*, дуббо*, нақийр* ва музаффатдан* – (Ибн Аббос) баъзида «муқайяр»* деган – қайтардилар. У зот: «Буларни эслаб қолинг ва ортингиз-дагиларга бунинг хабарини беринг», дедилар».

* Хумус – ўлжанинг бешдан бири.
* Ҳантам – лой, жун ва қон аралашмасидан ясаладиган хум.
* Дуббо – қуритиб, ичи ўйилган қовоқ.
* Нақийр – қуритиб, ичини ўйиб, идиш ясалган хурмо илдизи.
* Музаффат – зифт билан бўялган идиш. Меш ва саноч каби идишларни сув ўтмайдиган қилиб мустаҳкамлаш учун ишлатиладиган елимсимон қора модда зифт деб аталган.
* Муқайяр – қийрланган идиш. Қийр бир ўсимлик бўлиб, қуритиб куйдирилган ва ундан олинган модда билан идишлар мустаҳкамлаш мақсадида бўялган. Аслида «муқайяр» билан «музаффат» битта нарса, яъни бир хил идиш. Шунинг учун Ибн Аббос розияллоҳу анҳу гоҳида «музаффат» сўзи ўрнига «муқайяр» сўзини ишлатар эдилар.
Изоҳ: Бу ҳадисда мазкур идишлардан қайтаришнинг маъноси уларда набиз тайёрлаб ичишдан ман қилишдир. Чунки уларда тайёрланган набиз маст қилиш хусусиятига эга бўлган. «Набиз» деб хурмо, майиз каби қуруқ меваларни сувга ивитиб, хамрга айланмай туриб олинадиган истеъмол қилмнадиган ивитмага айтилади. Агар унинг вақти ўтиб кетса, хамрга яъни маст қилувчи ичимликка айланиб қолади.

42-БОБ.
АМАЛЛАР НИЯТ ВА САВОБ УМИДИГА КЎРА ЭКАНИ ВА ҲАР БИР КИШИГА НИЯТ ҚИЛГАНИ БЎЛИШИ ХУСУСИДА КЕЛГАН ХАБАРЛАР ҲАҚИДА

Бинобарин, бунга иймон, таҳорат, намоз, закот, ҳаж, рўза ва аҳком-лар ҳам киради.
Аллоҳ таоло: «Айт: «Ҳар ким ўз тарзича амал қилур» , деган, яъни «ниятига кўра».
«Кишининг ўз аҳли-оиласига савоб умидида қилган нафақаси ҳам садақадир».
(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) «…жиҳод ва ният бор», деганлар.

54. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Амаллар фақат ниятларга кўрадир. Ҳар кимга ният қилгани-гина бўлади. ٌКимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўл-са, демак, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учундир. Ким-нинг ҳижрати эришадиган дунёси учун ёки уйланадиган аёли учун бўлса, демак, унинг ҳижрати ўша ҳижрат қилган нарсаси учун-дир».

55. Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар киши ўз аҳли-оиласига савоб умидида нафақа қилса, бу унга садақадир», деди-лар».

56. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг важҳини (розилигини) истаб нафақа қилсанг, унга албатта ажр оласан, ҳатто аёлингнинг оғзига солиб қўйган нарсанг учун ҳам», дедилар».

43-БОБ.
НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ «ДИН – АЛЛОҲГА, УНИНГ РАСУЛИГА ҲАМДА МУСУЛМОНЛАРНИНГ ИМОМЛАРИ* ВА ОММАСИГА ХОЛИС БЎЛИШДИР» ДЕГАН СЎЗЛАРИ ВА АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ «...АГАР АЛЛОҲГА ВА РАСУЛИГА ИХЛОСЛИ БЎЛСАЛАР...»  ДЕГАН СЎЗИ ҲАҚИДА

* «Имом» сўзи луғатда «эргашиладиган шахс» маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда эса ўр-нига қараб турли маъноларда ишлатилади. Бу ўринда мусулмонларнинг диний ва сиёсий раҳбарлари кўзда тутилган. Ислом давлати халифаларини ҳам имом деб номлашган. Илм ва тафаккур бобида юксак мақомга эришган алломалар, мазҳаббошилар, муҳаддисларга ҳам «имом» унвони берилган, масалан: Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Аъзам, Имом Ғаззолий каби.

57. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намозни тўкис адо этиш, закот бериш ва ҳар бир мусулмонга холис бўлишга байъат қил-дим».

58. Зиёд ибн Илоқадан ривоят қилинади:
«Жарир ибн Абдуллоҳнинг Муғийра ибн Шуъба вафот этган куни тик турган ҳолда Аллоҳга ҳамду сано айтиб: «Шериги йўқ, ёлғиз Ал-лоҳга тақво қилишни ҳамда то сизларга бир амир келгунича виқорли ва сокин бўлишни ўзингизга лозим тутинг. Зеро, ҳозир у олдингизга келади», деганини эшитдим».
Кейин у киши: «Амирингиз учун афв сўранг, чунки у ҳам афв қилишни яхши кўрар эди», деди. Сўнгра: «Аммо баъд. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб: «Мен сизга мусулмон бўлишга байъат қиламан», дедим. Шунда у зот менга ҳар бир мусулмонга холис бўлишни ҳам шарт қилдилар ва мен у зотга шунга байъат қилдим. Ма-на шу масжиднинг Роббига қасамки, албатта, мен сизларга холисдирман», деди. Сўнг истиғфор айтди ва пастга тушди».

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase