close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

305-боб. Гиламга, тошга, кийимга, дирҳамга, динорга, болишга, ёстиққа ва бошқа нарсаларга ҳайвонлар (ва бошқа жонли нарсалар) суратини чизишнинг ҳаромлиги ҳақида

1677/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта бу суратларни чизганларга қиёмат куни азоб берилади. Ва уларга «Суратларни чизиш орқали дунёга келтирдинглар. Энди мана шу яратган нарсаларингизга жон киритинглар», дейилади», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1678/2. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сафардан келганларида уйим токчасига сурати бор қизил чойшаб тўсиб қўйган эдим. У зот буни кўриб (ғазаблари келганидан) юзлари ўзгариб кетди. Ва: «Эй Оиша! Қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида азоби энг қаттиқ киши Аллоҳ яратган нарсаларга ўхшаш яратувчи, яъни сурат туширувчилардир», дедилар. Кейин биз чойшабни қирқиб, ундан (бир ёки) иккита ёстиқ қилдик». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1679/3. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир (жонли сурат) чизувчи дўзахдадир. Яъни, ҳар бир чизган сурати ўрнига унинг ўзига жон киритиб, жаҳаннамда азоблайди», дедилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Агар сурат чизмасликнинг иложи йўқ бўлса, унда дарахтларни ва жони йўқ нарсаларни чизавергин», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1680/4. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким дунёдаги ҳаётида (жонли) сурат чизса, қиёмат куни ўша чизган нарсасига жон киритиш масъулияти юкланади. У (бечора) эса унга асло жон кирита олмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1681/5. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни азоби энг қаттиқ киши сурат чизувчилар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1682/6. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло: «Мен каби яратмоқчи бўлган шахсдан кўра золимроқ киши борми? Агар яратиш ниятлари бўлса, унда бирор чумоли ё уруғ ёки арпа яратиб кўрсинлар-чи!» дейди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1683/7. Абу Талҳадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам «Қайси бир уйда ит ёки (жонли) суратлар бўлса, ўша уйга фаришталар киришмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1684/8. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келишга ваъда қилган эдилар. Ваъда вақтида келавермай, кўп кечикдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бундан қайғуга тушдилар. Ташқарига чиққандилар, Жаброил алайҳиссалом келиб қолдилар ва: «Биз фаришталар ит ва (жонли) сурат бор уйга кирмаймиз», деб шикоят қилдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1685/9. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан (бир пайтни аниқлаб) ўша соатда учрашишга ваъдалашдилар. Қачонки, ўша фурсат бўлганда келавермадилар. Оиша розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам қўлларида ҳасса бор эди, ўша ҳассани ирғитиб: «Аллоҳ ҳам, Унинг элчилари ҳам ваъдага хилоф қилмас», деб ўгирилиб қараган эдилар, каравотлари остида бир кучук боласи турибди. У зот: «Бу ит қачон кириб олди?» дегандилар, мен: «Билмасам», дедим. Кейин буюрган эдилар, у ит чиқариб ташланди. Сўнгра Жаброил алайҳисалом келгандилар, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сиз менинг ҳузуримга келишга ваъда қилган эдингиз. Мен келишингизни кутиб ўтирдим. Лекин сиз нима сабабдандир келавермадингиз?» деб сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом: «Мени ваъда қилинган вақтда кўришишдан уйингиздаги ит ман қилди. Чунки биз фаришталар ит ва (жонли) сурат бор уйга кирмаймиз», деб айтдилар». Имом Муслим ривояти.

1686/10. Абу Таййоҳ Ҳаййон ибн Ҳусайндан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Али ибн Абу Толиб менга: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам мени юборган нарсага сени ҳам юборайми? Бирор (жонли) сурат қолдирмасдан йўқ қилгин. Бирор баланд қабр қолдирмасдан ер билан баробар қилгин», дедилар». Имом Муслим ривояти.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase