271-боб. Жосусликдан ҳамда яширин гапларга қулоқ солишдан қайтарилгани тўғрисида
- Душанба, Окт 24 2022
- 15484 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Жосуслик қилиб юрманглар» (Ҳужурот сураси, 12-оят);
«Мўмин ва мўминаларга улар бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар» (Аҳзоб сураси, 58-оят), деб айтган.
1569/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Гумондан четланинглар. Чунки гумон сўзларнинг энг ёлғонидир. Бировларнинг айбларини ахтарманглар. Ва сўзларига қулоқ тутманглар, яъни жосуслик қилманглар. Бирор нарсага фақат ўзингиз эга бўлишга ошиқманг. Ҳасад қилманг. Бир-бирингизга ғазаб қилманг. Ҳамда орқа ўгириб муносабатларни бузманг. Эй Аллоҳнинг бандалари, сизларга буюрилганидек биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмон билан ака-укадир. Унга зулм қилмайди, ёрдамсиз қўймайди ва паст ҳам санамайди», дедилар ва «Тақво – бу ерда», «Тақво – бу ерда», деб қалбларига ишора қилдилар. Яна давом этиб: «Киши мусулмон биродарини паст санамоғи унинг ёмон эканига кифоя қилади. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмоннинг қони, моли ва обрўсига тажовуз қилмоғи ҳаромдир. Албатта Аллоҳ таоло жисмларингиз, кўринишингиз ва амалларингизга қарамайди. Лекин сизларнинг қалбингизга қарайди», дедилар.
Бошқа ривоятда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир-бирингизга ҳасадлашманг. Бир- бирингизга ғазаб қилманг. Бир-бирингизнинг сўзингизга қулоқ тутманг. Ҳамда айбларингизни ахтарманг. Ўзаро нархларни ошириб юборманг (яъни, сотиб олиш нияти йўқ ҳолда баҳосини ошириш учун ёлғондан баҳолашманг). Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар», деб айтганлар. Бошқа ривоятда яна Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзаро алоқаларни узманг. Бир-бирингизга орқа ўгириб муносабатларни бузманглар. Ҳамда ғазаб қилманглар. Ва бир-бирингизга ҳасадлашманглар. Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар», деб айтганлар.
Бошқа ривоятда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир-бирингиз билан аразлашманг. Ҳамда баъзиларингиз баъзиларингиз савдоси устига савдо қилмасин», деганлар. Бу ҳадисларни Имом Муслим ривоят қилганлар. Кўпи Имом Бухорий ривоят қилган ҳадислардир.
1570/2. Муовиядан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сен мусулмонларнинг айбини ахтариб кетидан тушсанг, уларни бузасан ёки бузишга яқин борасан», дедилар. Абу Довуд ривояти.
1571/3. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот ҳузурларига бир киши олиб келинди. Ва бу кишининг соқолидан ароқ томчилаб турибди, дейилди. Шунда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Биз бировларнинг айбини ахтариб жосуслик қилишдан қайтарилганмиз. Лекин бирор айб ўзича маълум бўлиб қолса, уни жазога тортамиз», дедилар. Абу Довуд Имом Бухорий ва Муслим шартларидаги иснод ила ривоят қилганлар.