230-боб. Ҳар ойда уч кун рўза тутишнинг маҳбублиги тўғрисида
- Якшанба, Окт 23 2022
- 14502 марта кўрилди
Оқлик кунлари, яъни ойнинг ўн уч, ўн тўрт ва ўн бешинчи кунлари рўза афзал. Баъзилар ойнинг ўн икки, ўн уч ва ўн тўртинчи кунлари рўза тутиш афзал, дейишган. Лекин аввалгиси машҳурроқдир.
1257/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Дўстим Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга уч нарса — 1. Ҳар ойда уч кун рўза тутиш; 2. Икки ракаат зуҳо (чошгоҳ) намозини ўқиш; 3. Ухлашдан олдин витр намозини ўқишни васият қилдилар. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.
1258/2. Абу Дардодан ривоят қилинди Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга уч нарсани васият қилдилар. То ҳаёт эканман, уни ҳеч қачон тарк этмайман. Булар: 1. Ҳар ойда уч кун рўза тутиш; 2. Зуҳо (чошгоҳ) намозини ўқиш; 3. Витр ўқимасдан олдин ухламаслик», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
1259/3. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар ойда уч кун рўза тутиш замон (йил) бўйи рўза тутиш билан тенгдир», дедилар. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.
1260/4. Муоза ал-Адавиядан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу саҳобия Оишадан розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар ойда уч кун рўза тутармидилар?» деб сўраганларида, Оиша розияллоҳу анҳу: «Ҳа», дедилар. Мен: «Ойнинг қайси кунида тутардилар?» десам, Оиша розияллоҳу анҳу: «Ойнинг қайси куни эканлигига аҳамият бермасдан тутаверардилар», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.
1261/5. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ойда уч кун рўза тутсанг, уни ўн уч, ўн тўрт ва ўн бешинчи кунлари тутгин», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
1262/6. Қатода ибн Милҳондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизга оқлик кунлари, яъни ўн уч, ўн тўрт ва ўн бешинчи куни рўза тутишга буюрдилар. Абу Довуд ривоятлари.
(Оқлик аталишига сабаб 13, 14, 15-кунлари ой тўлишиб, оқаради – Тарж.)
1263/7. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хоҳ сафарда, хоҳ муқимликда бўлсинлар, оқлик кунлари, яъни ойнинг ўн уч, ўн тўрт ва ўн бешинчи кунлари оғизлари очиқ бўлмас эди. Яъни шу кунлари рўзадор бўлардилар. Имом Насаий ривоятлари.