Кишининг ўз хотинига, маҳрам аёлга ҳамда агар фитна бўлишидан чўчимаса бегона аёлга ва аёлларга, салом бериши жоизлиги тўғрисида
- Сешанба, Окт 18 2022
- 14575 марта кўрилди
862/1. Саҳл ибн Саъддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Бизда бир аёл бор эди (бошқа ривоятда бошқача келтирилади: «Бизнинг бир (таниш) кампиримиз бўлиб...»), у лавлаги олиб келарди-да, қозонга солиб арпанинг майдалангани билан аралаштириб қўяр эди. Биз ҳар гал жумани ўқиб қайтаётганимизда унга салом берар эдик. У бизга ҳалиги таомни тортиқ қилар эди». Имом Бухорий ривоятлари.
Фойда: Мана шу каби фитна бўлишидан қўрқилмайдиган кампирларга салом беришнинг жоизлиги аён бўляпти.
863/2. Умму Ҳонеъ Фохитата бинти Абу Толибдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Фатҳ куни Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борсам, у зот ғусл қилаётган эканлар. Фотима розияллоҳу анҳу эса (парда билан) тўсиб турган эканлар. Бас, мен салом бердим...» деб ҳадиснинг қолганини зикр қилдилар. Имом Муслим ривоятлари.
Фойда: Агар фитна бўлишидан қўрқилмаса аёлнинг эркак кишига салом бериши жоиз.
864/3. Асмо бинти Язиддан ривоят қилинади: «Биз аёллар билан турганимизда, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам олдимиздан ўтиб бизга салом бердилар». Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
Аммо Термизий ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кунларнинг бирида масжид ёнидан ўтаётганларида бир неча аёллар ўтиришган эди. Уларга қўллари ила ишора қилиб салом бердилар.