117-БОБ. Оқ кийим кийишнинг маҳбублиги ва қизил, кўк, сариқ ва қора рангли ҳамда пахта, каноп ва жундан тўқилган кийимларни кийиш жоизлиги ҳақида
- Душанба, Окт 17 2022
- 16232 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Эй Одам болалари, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан (либосини) ҳам туширдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ тақво либосидир» (Аъроф сураси, 26-оят).
«Сизлар учун иссиқ (совуқ)дан асрайдиган кийимлар ва сизларни (душманнинг) зиён етказишидан сақлайдиган совутлар (яратди)» (Наҳл сураси, 81-оят), деб айтган.
777/1. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Оқ либосларни кийинглар. Чунки у либосларнинг яхшисидир. Ва у билан ўликларингизни кафанланглар», деб айтдилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
778/2. Самурадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Оқ либос кийинглар. Чунки у пок ва ёқимлидир. Ва у билан ўликларингизни кафанланглар», деб айтдилар. Имом Насаий ва Ҳоким ривоятлари.
779/3. Барродан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўрта қоматли зот эдилар. Мен бир куни у зотни қизил бир кийимда кўрдимки, (бундан олдин) сира ундан чиройли нарсада кўрамаганман. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
780/4. Абу Жуҳайфа Ваҳб ибн Абдуллоҳдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳни соллоллоҳу алайҳи васаллам Макканинг қумлик ерларида қизил теридан бўлган чайлада кўрдим. Билол розияллоҳу анҳу ўша чайладан Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам таҳорат сувларини олиб чиқдилар. Кимдир ундан баданига сочди. Кимдир баданига суртиб, барака ҳосил қилди. Шу пайт Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам устларида қизил кийим билан чиқдилар. Гўёки болдирларининг оппоқлигига қараб тургандекман. У зот таҳорат олдилар. Билол розияллоҳу анҳу эса азон айтдилар. Мен Билолнинг розияллоҳу анҳу оғизларига аҳамият ила қараб турдим. У зот ўнг тарафга бурилиб: «Ҳаййа ъалас-солаҳ» ва чап тарафга бурилиб: «Ҳаййа ъалал фалаҳ», деб айтдилар. Кейин Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам олд тарафларига сутра қўйилди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам олдинга ўтиб, намоз ўқидилар. Олдиларидан ит ва эшак ўтар эди. Ҳеч ким уларни тўсмас эди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
781/5. Абу Римса Рифоаъ ат-Тамимийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам устларида икки кўк кўйлак кўрдим», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
782/6. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ бўлган куни бошларига қора салла кийган ҳолда кирдилар. Имом Муслим ривоятлари.
Фойда: Қора кийим кийишнинг жоизлиги аниқ бўляпти. Уламолар: «Душман устидан ғалаба қозонилганда қора салла кийиш маҳбубдир», деб айтишган.
783/7. Абу Саид Амр ибн Ҳурайсдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Гўёки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни кўриб тургандекман. У зотнинг бошларида қора саллалари бўлиб, печини икки кифтлари орасига ташлаб қўйгандилар». Имом Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг бошқа ривоятларида: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам одамларга хутба ўқидилар. У зотнинг бошларида эса қора саллалари бор эди», деб келган.
784/8. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳни соллоллоҳу алайҳи васаллам Яманнинг Саҳулийя қишлоғида пахтадан тўқилган учта оқ кийим билан кафанлашди. Булар ичида кўйлак ҳам, салла ҳам йўқ эди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
785/9. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам тонгда туя эгари сурати туширилган қора жундан тўқилган чопон кийиб чиқдилар. Имом Муслим ривоятлари.
786/10. Муғийра ибн Шуъбадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир кеча йўлда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдим. У зот менга: «Сувинг борми?» дедилар. Мен: «Ҳа», деган эдим, у зот уловларидан тушдилар-да, қоронғи ерга ғойиб бўлдилар. Кейин қайтиб келдилар. Мен идишдан сув қуйиб бердим. Юзларини ювдилар. Устларида жундан бўлган чопон бор эди. (Унинг енглари тор бўлганидан) билакларини чиқара олмадилар. Охири уни паст тарафдан чиқариб, икки билакларини ювиб, бошларига масҳ тортдилар. Кейин мен маҳсиларини ечиш учун қўлимни узатган эдим, у зот: «Қўявер, чунки мен уни таҳорат ила кийганман», деб унинг икковига масҳ тортдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда: «У зотда енги тор шомий чопон бор эди» бўлиб келган.
Яна бошқа ривоятда: «Бу воқеъа Табук ғазотида бўлган», дейилади.