close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

50-БОБ. Аллоҳдан қўрқиш баёни

Аллоҳ таоло: «Ва Мендангина қўрқинглар» (Бақара сураси, 40-оят);

«Шак-шубҳасиз Парвардигорингизнинг (кофирларни азоб билан) ушлаши қаттиқдир» (Буруж сураси, 12-оят);

«Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши – азоби аламли ва қаттиқдир. Албатта бу қиссаларда охират азобидан қўрққан кишилар учун оят-ибратлар бордир. У кун барча одамлар тўпланадиган ва ҳозир бўлинадиган Кундир. Биз уни фақат саноқли муддатгача таъхир қилиб – кечиктириб турамиз, холос. У кун келганида, бирон жон гапирмас, магар Унинг (Аллоҳнинг) изни билангина гапирур. Бас, у (Кунга ҳозир бўлганлар) орасида бахтсизи ҳам бўлур, бахтлиси ҳам. Бас, энди бадбахт кимсалар дўзахда бўлиб, у жойда оҳу фарёд қилурлар» (Ҳуд сураси, 102–106-оятлар);

«Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур» (Оли Имрон сураси, 28-оят);

«У Кунда киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотинию бола-чақасидан ҳам қочур! (Чунки) улардан ҳар бир киши учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлур» (Абаса сураси, 34–37-оятлар);

«Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз! Зеро, (қиёмат) соати (олдидаги) зилзила улуғ-даҳшатли нарсадир. Уни кўрар кунингизда эмизаётган (оналар) эмизиб турган (боласини) унутар ва барча ҳомиладор (аёллар) ўз ҳомиласини ташлаб юборар; одамларни маст-аласт ҳолда кўрурсиз, ҳолбуки улар ўзлари маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир» (Ҳаж сураси, 1-оят);

«Парвардигори (ҳузурида) туришдан (яъни, ўзининг Парвардигор олдида туриб ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришдан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир» (Раҳмон сураси, 46-оят);

«Улар бир-бирларига боқишиб, басти-жавоб қилишиб дейдилар: «Ҳақиқатан бизлар илгари (ҳаёти дунёда) аҳли оиламиз орасида (бўлган чоғимизда охиратда Аллоҳнинг азобига дучор бўлишдан) қўрқар эдик. Мана, Аллоҳ бизларга марҳамат кўргузди ва бизларни самумдан (яъни, баданларни илма-тешик қилиб юборадиган дўзахий шамолдан) сақлади. Дарҳақиқат бизлар илгари (ҳаёти дунёда) У зотга дуо-илтижо қилар эдик. Албатта Унинг Ўзигина марҳаматли, меҳрибондир» (Ват-Тур сураси, 25–28-оятлар), деб айтган.
 
396/1. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Рост сўзловчи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни гапириб бердилар: «Ҳар бирингизнинг халқ қилинишингиз шундай: онангиз қорнида маний қирқ кун тўпланиб туради. Сўнгра яна шунча кунда қуюқ қон ва яна шунча кунда бир парча гўштга айланади. Кейин бир фаришта (онангиз қорнига) юборилиб, унга руҳ пуфлайди ва тўрт сўзни, яъни ризқингизни, ажалингизни, қандай амал қилишингизни ва бахтсиз ёки бахтлилигингизни ёзиб қўймоққа буюрилади. Ундан бошқа илоҳ йўқ бўлган Зот (Аллоҳ)га қасамки, сизлардан бирингиз ўзи билан жаннат ўртасида бир газ масофа қолгунича жаннат аҳли амалини қилиб юради-да, пировардида (онаси қорнида битилган) тақдири унга пешвоз чиқиб, дўзах аҳлига мансуб бир ишни қилиб қўяди ва дўзахга равона бўлади. Сизлардан бирингиз ўзи билан дўзах ўртасида бир газ масофа қолгунича дўзахийларга хос ишларни қилиб юради-да, пировардида (онаси қорнида битилган) тақдири унга пешвоз чиқиб, жаннат аҳли амалини қилиб қўяди ва жаннатга равона бўлади». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.  

397/2. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «(Қиёмат куни) жаҳаннам маҳшарга келтирилади. Унинг етмиш минг жилови бўлади. Ҳар жиловида етмиш минг фаришта бўлиб, жаҳаннамни тортиб келишади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
 
398/3. Нўъмон ибн Баширдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни дўзах аҳллари орасида гуноҳи энг енгили бир кишики, унинг икки қадами остига икки чўғ қўйилади. У чўғ миясини қайнатиб туради. Бу азобланаётган киши мендан кўра қаттиқ азобланаётган киши йўқ бўлса керак, деб гумон қилади. Ваҳоланки, азоби энг енгили шу кишидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.  

399/4. Самура ибн Жундубдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Аллоҳнинг набийси соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўт дўзахийларнинг баъзисини икки тўпиқларигача ёндиради. Ва баъзиларини икки тиззасигача ёндиради. Ва баъзиларини иштонбоғларигача ёндиради. Ва баъзиларини бўйинларининг атрофигача ёндиради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.  

400/5. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «(Қиёмат куни) одамлар Аллоҳ ҳузурида тик туришади. Ҳаттоки, баъзилари қулоқларининг ярмигача ўзларининг терларига кўмилиб, кўринмай қолади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.  

401/6. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба айтдилар. У каби хутбани ҳеч эшитмаган эдим. У зот: «Агар сизлар мен билган нарсани англаганларингизда эди, оз кулиб кўп йиғлаган бўлардингизлар», дедилар. Бу хутбани эшитган саҳобалар юзларини беркитиб пиқиллаб йиғлашар эди». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга саҳобалари томонидан бир нарса хабари етганида, у зот қуйидагича хутба айтдилар: «Менга жаннат ва дўзах кўрсатилди. Уни бугунгидек яхшилик ва ёмонликда кўрмаганман. Агар сизлар мен билган нарсани ҳис қилганингизда, оз кулиб, кўп йиғлардингизлар». Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига бугунгидан кўра қаттиқроқ кун бўлмаган. Улар бошларини беркитиб пиқиллаб йиғлашар эди.

402/7. Миқдоддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни халойиққа қуёш яқинлаштирилади. Ҳаттоки, у билан қуёш ўртасида бир мил (ўлчов) қолади», дедилар. (Бу ҳадиснинг ровийси Сулайм ибн Омир розияллоҳу анҳу қуйидагиларни Миқдоддан ривоят қилдилар: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам милдан нимани мақсад қилганларини билмадим. У ер ўлчанадиган мил ёки кўзга сурма қўяётганда қўлланиладиган мил бўлиши мумкин».) «Сўнгра кишилар амаллари миқдорича ўз терларига ғарқ бўлишади. Улардан тўпиқларигача ғарқ бўладиганлари, тиззаларигача ғарқ бўладиганлари ва белларигача ғарқ бўладиганлари бор. Ва баъзиларини ўз терлари юганлаб қўяди», деб Расулуллоҳ қўллари билан оғизларига ишора қилдилар. Имом Муслим ривоятлари.

403/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кишилар Қиёмат куни шу даражада терлашадики, у тер етмиш газ ер қаърига сингийди. Ва яна у терлари юганлаб олганидан ҳаттоки қулоқларигача ғарқ бўлишади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

404/9. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга (ўтирган) эдик, у зот бир нарсанинг гупиллаган овозини эшитдилар. Ва у зот: «Бу нима эканини биласизларми?» деганларида, биз: «Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ», дедик. Шунда у зот: «Бу бир тош бўлиб, у дўзахга улоқтирилганига етмиш йил бўлди. Ҳозиргача пастга шўнғишда бардавом бўлиб, энди жаҳаннам тубига етди. Сизлар ҳозир ўша тошнинг гупиллашини эшитдинглар», дедилар». Имом Муслим ривоятлари.

405/10. Адий ибн Ҳотимдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни Аллоҳ таоло бирор кишини қолдирмасдан таржимонсиз гаплашади. У киши ўнг томонига қарайди. Ўзи юборган амалидан бошқа нарсани кўрмайди. Чап томонига қарайди. Ўзи юборган амалидан бошқани кўрмайди. Олд томонига қарайди. Ва рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Шундай экан, хурмонинг ярмини (садақа қилиб бўлса ҳам), дўзахдан сақланинглар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

406/11. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизлар кўрмаган нарсани кўраман. Осмон ғижирлади. Ва у ғижирлашликка ҳақлидир. Осмонда тўрт бармоқ сиғадиган бирор жой йўқ. Фақат фаришта Аллоҳга сажда қилган ҳолда пешонасини у жойга қўюр. Аллоҳга қасамки, агар сизлар мен билган нарсани ҳис қилганларингизда, оз кулиб, кўп йиғлаб, ҳаттоки тўшакларингизда хотинларингиз билан лаззатланмасдан, Аллоҳдан ёрдам сўраб адирларга чиқиб кетган бўлар эдингизлар», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

407/12. Абу Барза Асламийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши Қиёмат куни умрини нима билан ўтказгани, илмини нимага йўналтиргани, молини қаердан топиб, қаерга инфоқ қилгани ва жисмининг нима билан машғул бўлгани ҳақида ҳисоб-китоб қилинмагунича икки қадами жилимайди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

408/13. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам «Ана ўша Кунда ер ўз хабарларини сўзлар», деган оятни ўқиб: «Ернинг хабари нима эканини биласизларми?» деганларида, саҳобалар: «Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир эр ва аёлнинг ер устида бирор амал қилганига гувоҳ бўлиб, ундай қилгансан ва бу кун бундай қилгансан, деб айтиши хабар беришидир», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

409/14. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қандай хурсанд бўлайки, сур соҳиби (Исрофил алайҳиссалом) сурни оғизга солиб, буйруқ келса, уни пуфлайман, деб қулоқ солиб турибдилар», дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг бу айтган гаплари гўёки саҳобаларга оғир ботгандек бўлди. Шунда у зот: «(Сизлар) «Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакийл», деб айтинглар», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

410/15. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қўрқса, кечанинг аввалида йўлга тушади. Ким кечанинг аввалида йўлга тушса, манзилига етиб олади. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳнинг матоси қимматбаҳодир. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳнинг матоси жаннатдир», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

411/16. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни кишилар ялангоёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда тўпланадилар», деганларида, мен: «Эй Аллоҳнинг расули, эркаклар ва аёллар бир-бирларига қарайверишадими?» десам, у зот: «Эй Оиша, у кун бу нарсадан ҳам қаттиқроқ (яъни, нозиклигидан андишага ўрин қолмайди)», дедилар.
Бошқа ривоятда: «Иш бир-бирларига қарашдан ҳам муҳимроқ», дейилган. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase