10-БОБ. Яхши амалларга шошиш ва яхши амалларга юзланувчи кишини тараддудга тушмасдан унга тезлаш баёни
- Шанба, Окт 15 2022
- 14588 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Бас, яхши ишларга шошилингиз» (Бақара сураси, 148-оят);
«Ва Парвардигорингиз томонидан бўлғуси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган эни осмонлар ва ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз», (Оли Имрон сураси, 133-оят) деб айтган.
87/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Солиҳ (яхши) амалларга шошинглар. Тез кунларда қоронғу кечанинг парчалари каби фитналар пайдо бўлурки, киши мўмин ҳолатида тонг оттириб, кофир ҳолатида кечлатади. Ва мўмин ҳолатида кечлатиб, кофир ҳолатида тонг оттиради. Ва динини дунёнинг озгина матосига сотиб юборади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
88/2. Абу Сирваъа Уқба ибн Ҳорисдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Мадинада Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам орқаларида аср намозини ўқидим. У зот салом бердилар-да, одамлар елкасини оралаб, завжалари хонасига тезлик билан туриб кетдилар. Одамлар у зотнинг шошилганларидан хавфга тушишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам (ҳужраи саодатдан) чиқиб, одамларнинг таажжубга тушганларини кўриб: «Ҳузуримизда бир миқдор олтин борлиги эсимга тушиб қолди, у менда тўхтаб халақит беришини кариҳ кўриб, уни тақсимлаб юборишга амр қилиб чиқдим», дедилар». Имом Бухорий ривоятлари.
89/3. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Уҳуд куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга: «Агар ўлдирилсам, менинг (жойим) қаерда бўлади?» деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда», дедилар. У киши қўлидаги бир нечта хурмоларни отиб жангга киришиб кетди, ҳаттоки, у ўлдирилди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
90/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, қайси садақанинг ажри улуғроқ?» деганида, у зот: «Ўзинг соғ, ҳирсли, қизғанчиқ, камбағалликдан қўрқиб, бойликни орзу қилиб турган пайтингдаги садақанг энг улуғ ажрлидир. Жонинг ҳалқумингга етиб боргунча (садақа қилишни) кечиктирмагин. Сен (жонинг халқумингга борганида) фалончига унчаси, пистончига бунчаси, деб айтасан. Ҳақиқатда фалончига бунчаси бўлади (яъни, ўзингга ҳеч қанақа савоб бўлмайди)», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
91/5. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни бир қилични ушлаб: «Буни мендан ким олади?» деганларида, саҳобалар қўлларини чўзиб, ҳар бирлари «мен», «мен», дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким буни ҳаққи билан олади?» деганларида, қавм тўхтади. Абу Дужона розияллоҳу анҳу: «Мен уни ҳаққи билан оламан», деб у қилич билан мушрикларнинг бошларини ёра бошладилар. Имом Муслим ривоятлари.
92/6. Зубайр ибн Адийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Биз Анас ибн Моликнинг розияллоҳу анҳу ҳузурларига бориб Ҳажжож золимдан етаётган озорлар ҳақида шикоят қилдик. Шунда у зот: «Сабр қилинглар! Чунки бирор замон келса, унинг сўнггидан ундан-да ёмонроғи келур. Бу нарса то Раббиларингизга йўлиққунингизча давом этур. Мен буни набийларингиз (Муҳаммад) соллалоҳу алайҳи васалламдан эшитганман», дедилар». Имом Бухорий ривоятлари.
93/7. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Етти нарса (келишидан олдин) яхши амалларни қилиб қолишга шошилинглар. Бунда сизлар қуйидаги нарсаларни кутасизлар, холос: 1) Камбағаллик – бу ҳамма нарсани унуттириб юборади. 2) Бойлик – туғёнга кетишга сабабчидир. 3) Беморлик – барча нарсани фасод қилади. 4) Қарилик – ҳамма нарсани хотирдан чиқариб юборади. 5) Ўлим – тамом қилиб тезлатувчи. 6) Дажжол – кутилаётган ғоиб нарсаларнинг энг ёмони. 7) Қиёмат – фалокатларнинг энг оғири ва аччиғидир», дедилар. (Инсон мана шу етти нарса келмасидан олдин вақтни ғанимат билиб, охират учун тайёргарлигини қилиб қўймоғи лозим... – тарж.) Имом Термизий ривоятлари.
94/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни: «Бу байроқни бир кишига бераманки, уни Аллоҳ ва расули яхши кўради ҳамда унинг қўлида Аллоҳ фатҳ қилади», дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Амирликни севмас эдим. Фақат ўша куни орзу қилдим. Ва мени чақиришларини умид қилиб, баланд-баланд бўлиб кўтарилиб турдим», дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толибни чақириб, байроқни унга бердилар. Ва: «Аллоҳ сенга фатҳ қилгунича у ёқ-бу ёққа қарамасдан олға юр», дедилар. Али розияллоҳу анҳу бироз юриб тўхтадилар-да, у ёқ-бу ёққа қарамасдан: «Эй Аллоҳнинг расули! Нима ниятда одамлар билан жанг қилай?» деб бақирдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг расули, деб гувоҳлик беришгунича жанг қилавер. Қачон шундай қилишса, сендан ўз қонлари ва молларини сақлаб қолишади. Фақатгина шариат ҳаққи билан жавобгарликка тортилади (яъни, шариат ман қилган жиноят содир қилса, жазога тортилади). Уларнинг ҳисоби эса Аллоҳнинг Ўзигадир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.