close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бурчакка қадалган Путин яна Транскаспий газ қувурига қарши чиқмоқда

Ушбу қувур Туркманистонга ўнлаб йиллар давомида турли баҳоналар билан бу жараёнга тўсқинлик қилаётган Россияни четлаб ўтиб, Европага газ етказиш имкониятини бериши мумкин.

Транскаспий газ қувури Туркманистон ва Озарбайжон ўртасида ётқизилиши режалаштирилган денгиз ости қувуридир. Лойиҳанинг асосий мақсади Туркманистон ва Қозоғистоннинг табиий газини Россия ва Эронни четлаб ўтган ҳолда Туркия ва Европага етказишдир.
АШХОБОД – Россия ҳукумати яна бир бор Туркманистондан Озарбайжонга ўтадиган Транскаспий газ қувури (ТКГҚ) қурилишига қарши эканлигини билдирди.
Барпо этилган тақдирда, Каспий денгизи остидан ўтадиган 300 км узунликдаги ТКГҚ Грузия ва Туркия орқали Озарбайжондан Европага туташадиган Жанубий газ коридорига йўл очади.
Сувости қувури Туркманистонга Россиянинг «Газпром» газ қувурлари тармоғини четлаб ўтган ҳолда ҳар йили Европа бозорларига миллиардлаб куб метр газ юбориш имконини беради.
Европа бозорини йўқотиш хавфи Россияни ҳужжатларда Марказий Осиё билан рақобатни тўсиш имконини берадиган туйнуклар излашга ундамоқда.
Туркманистон табиий газни Россия қувурлари тизимини четлаб ўтиб, Каспий денгизи орқали тўғридан-тўғри Европага етказиб беришни режаламоқда.
Яқинда, жума (16 декабр) куни Россиянинг Астрахан вилоятидан бўлган сенатор Александр Башкин Россия нима учун қувур қурилишига рози бўлмаслигини изоҳловчи экологик хавотирларни баён қилган эди.
Россия ўз қувурларини қураётгани инобатга олинса, бундай хавотирларнинг ўринсиз экани маълум бўлади.
Ast-News.ru минтақавий нашридаги мақоласида Башкин Каспий денгизи билан чегарадош беш давлат 2018 йилда имзолаган Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни тилга олган.
Ушбу келишувга кўра, минтақада экологик жиҳатдан нозик лойиҳалар амалга оширилиши учун ундаги барча бешта давлатнинг розилиги талаб этилади.
«Газ қувурининг сув остидаги қисми Каспий денгизининг экологик хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигини инобатга олиб, Россия унинг қурилишига розилик бера олмайди», деб ёзган Башкин.
Башкиннинг баёноти 14 декабр куни Туркманистоннинг Аваза курортида Туркманистон, Озарбайжон ва Туркия президентлари иштирокидаги саммитдан сўнг пайдо бўлган.
Учрашувда қатнашган Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таъкидлашича, Транс-Онадўли табиий газ қувури ва Транс-Адриатика қувур линиясини ўз ичига олган Жанубий газ йўлаги Украинага қарши ҳужумдан сўнг Россияга қарши жорий этилган иқтисодий санкциялар ва уруш шароитида Европа учун муҳим аҳамиятга эга.
Каспий гази – асосан Озарбайжондан – ушбу йўлак орқали аллақачон жанубий Европага етказиб берилмоқда, бироқ ҳозирча таъминот ҳажми Европа Иттифоқининг (ЕИ) «Газпром»дан газ мустақиллигига эришиши учун етарли эмас.
Эрдўғаннинг расмий сайтидаги баёнотга кўра, Туркия раҳбари «энди Туркманистон табиий газини худди шу тарзда Ғарб бозорларига ташиш устида иш бошлашимиз керак» деб айтган.
«Ўзи ҳам ишлатмайди, бировга ҳам бермайди»
Россия турли баҳоналар билан Туркманистон газини Каспий денгизи орқали Европа бозорларига олиб чиқишга ўнлаб йиллардан бери тўсқинлик қилиб келади.
2018 йилги конвенция имзоланишидан аввал Москва Каспийнинг ҳуқуқий мақоми белгиланмагунича, Туркманистон газ қувурини қура олмаслигини айтган эди.
Каспий денгизи орқали газ қувури ётқизиш ғояси чорак асрдан бери мавжуд, дейди Ашхободда жойлашган Ягшигелди Какаев номидаги Халқаро нефт ва газ университетининг исми сир қолишини истаган профессори.
Бу саъй-ҳаракатлар ҳеч қандай натижа бергани йўқ, чунки Россия ва Эрон лойиҳага унинг турли босқичларида доимий қаршилик қилиб келмоқда, деди у.
Муаммо шундаки, Туркманистондаги каби улкан газ захираларига эга Россия ва Эрон туркман газини яқин вақтгача асосий таъминотчиси «Газпром» бўлган Европа бозорларига чиқаришни истамаяпти, деб қўшимча қилди у.
ТКГҚ лойиҳаси Россиядан бошқа ҳамма учун фойдали бўлади, деди профессор.
2015 йилда Туркманистон 773 км узунликдаги «Шарқ-Ғарб» газ қувурини барпо этиш ва ишга тушириш учун ўз маблағлари ҳисобидан 2,5 миллиард доллар сарфлаган.
Қувур мамлакатнинг шарқий қисмида жойлашган дунёдаги энг йирик – Қалқиниш ва Давлатобод газ конларини ғарбда Каспий денгизи соҳиллари билан боғлайди ва йилига 30 миллиард кубометр газ ўтказиш қувватига эга.
ТКГҚ лойиҳаси амалга ошадиган бўлса, Туркманистон эркин валютада катта даромад олиши мумкин, дейди профессор.
Шунингдек, Озарбайжон, Грузия ва Туркия ўз ҳудуди орқали ўтадиган транзитдан яхшигина даромад қилиши, Европа давлатлари эса ишончли газ таъминотига эга бўлиб, Россияга қарамликдан халос бўлиши мумкин, деб қўшимча қилди у.
Россия «Ўзимга керакмас, бировга ҳам бермайман», қабилида иш тутмоқда», дейди Туркманистон давлат корхонаси «Туркменгаз» матбуот котиби Агагелди Оразбердиев Бошкиннинг сўзларига ишора қилиб.
«Европа Россия газидан фойдаланишни кескин камайтирмоқда ва 2027 йилга бориб ундан бутунлай воз кечмоқчи», деди у.
«Аммо Европа муқобил таъминотига муҳтож ва энди ТКГҚ қурилиши учун реал имконият пайдо бўлганида, Россия оддий бюрократия ва баҳоналар билан яна жаҳон газ бозоридаги рақобатчилари йўлига ғов бўлмоқда», деди Оразбердиев.

Чорасиз қолган Россия

Ашхободнинг эътирофича, ҳозирда ТКГҚ лойиҳасини якунлаш учун ноёб имконият пайдо бўлган.
Туркия ва Озарбайжон туркман газини Европа бозорларига олиб чиқиш учун қувур қурилишини бошлашга, ЕИ давлатлари эса 2027 йилгача Россия газидан тўлиқ воз кечиш учун 200 миллиард евродан ортиқ маблағ сарфлашга тайёр.
Озарбайжон ҳам туркман газини Европага узатиш учун ўз инфратузилмасини тақдим этишга тайёрлигини бир неча бор тасдиқлаган.
ТКГҚнинг лойиҳавий қуввати йилига 30 млрд. куб метрга тенг бўлса-да, Туркманистон Россия газидан воз кечган Европанинг эҳтиёжини тўлиқ қондира олмайди, деди Халқаро нефт ва газ университети профессори.
«Аммо оғир иқтисодий аҳвол ва юқори энергия нархларига дуч келган ЕИ муқобил энергия манбаларини излаётган бир пайтда, бу катта ҳажм», деб айтган у.
Украинага тажовузи ортидан Россияга нисбатан жорий қилинган Ғарб санкциялари натижасида «Газпром» Европага газ етказиш имкониятидан маҳрум бўлмоқда.
Хусусан, Украина орқали транзит ҳажми 50 фоизга камайган, Польша орқали транзит эса бутунлай тўхтаган. Санкциялар Россиянинг «Шимолий оқим-2» сув ости қувуридан фойдаланиш режаларини чеклаган, сентябр ойидаги шубҳали портлаш натижасида «Шимолий оқим-1» қатори унга ҳам зарар етган.

Эрдўғаннинг таъсир воситаси

Россиянинг Украинага қарши ўзини ҳалокатга ташловчи ҳужуми натижасида Эрдўғанда Туркманистоннинг Европага бевосита газ экспорт қилиш мақсадини амалга оширишга кўмаклашиш имконияти пайдо бўлди.
Вазиятнинг ноёблиги шундаки, Эрдўған Туркманистон газини Европага экспорт қилиш истагини намойиш қилмоқда, дейди Туркмангаз ходими Оразбердиев. Агар керак бўлса, у Путинга таъсир ўтказа олиши ёки ҳатто уни нимадир қилишга ундаши мумкин.
Туркия етакчиси ўз мамлакатини нафақат Россия, балки Марказий Осиё, хусусан Туркманистон гази учун ҳам хабга айлантирмоқчи, дейди Оразбердиев. Агар Россия ТКГҚ қурилишига ўжарлик билан қаршилик қиладиган бўлса, Эрдўған «Турк оқими»дан Россия гази экспортига чеклов қўйиш билан таҳдид қилиши мумкин.
«Турк оқими» Россиянинг Анапасидан Туркиянинг Кийикўйигача Қора денгиз остидан ўтган.
Сентябрда юз берган тушунарсиз портлашлардан сўнг «Шимолий оқим-1» ҳам, «Шимолий оқим-2» ҳам ишлагани йўқ, шу сабабли «Турк оқими» Россия газини Европага экспорт қилишда ягона йўналиш бўлиб турибди.
«Эрдўған тўғри айтяпти, биз Туркманистон газини Европага етказиш устида ишлай бошлашимиз керак. Чорак асрдан бери доим Россияга қараб, бу лойиҳа хақида фақат гапириб келдик. Етар энди», деб айтган университет профессори.
«Украинадаги уруш нафақат Россия раҳбариятининг ҳақиқий тажовузкор табиатини, балки унинг заифлигини ҳам фош қилди», дейди у.
«Шунинг учун барча манфаатдор томонлар саъй-ҳаракатларни бирлаштириши ва ноёб имкониятдан фойдаланиб, Каспий орқали газ қувури қуришни бошлаши керак».

Мақола жойлаштирилган бўлим: Иқтисод
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase