close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ўзбекистон Россия етакчилигидаги иттифоқларга қўшилишни «мантиқсиз» деб ҳисоблайди

Ўзбекистон Россиянинг Украинага босқини олдидан КХШТ ва ЕОИИга тўлақонли аъзо бўлишдан воз кечган эди. Энди эса унинг жавоби қатъийлашган.

Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ва Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) қўшилиш, айниқса, Москванинг Украинага босқини шароитида Ўзбекистон учун мантиқсиз, дейди таҳлилчи ва депутатлар.
Россия феврал ойида қўшни юртга бостириб кирганидан бери ўз иттифоқларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.
2020 йил декабр ойидан ЕОИИда кузатувчи мақомига эга Ўзбекистонга Москва бошчилигидаги иттифоққа тўлақонли аъзо бўлиши учун анчадан бери босим ўтказиб келинади.
Бироқ, Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари шароитида Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши «мантиққа тўғри келмайди», деди 27 июл куни Ўзбекистон парламенти депутати Дониёр Ғаниев Kun.uz нашрига.
Унинг айтишича, cанкциялар Россия иқтисодиётининг камида 10 фоизга қисқаришига сабаб бўлиши мумкин, бу эса ЕОИИга аъзо бошқа мамлакатларга жиддий таъсир қилади , деди у.
Унинг тахмин қилишича, агар Россия иқтисодиёти 10 фоизга қисқарса, унинг ҳамкорлари иқтисодиёти 8 фоизга қисқаради.
«Россия бозори Ўзбекистон учун ҳақиқатан ҳам муҳим», дейди у. «Лекин, ЕОИИдаги энг жозибадор бозор бир йилда 10% дан 15% гача қисқарадиган бўлса, ташкилотга аъзо бўлишдан нима наф?»
Ҳозирги шароитда Ўзбекистон ва бошқа давлатлар учун қулай фурсатни кутиш ва вазиятни кузатиб бориш жуда муҳим, дейди Ғаниев.
«Ташкилотнинг ўзи жозибали бўлса, у бошқа мамлакатларни ўз сафига аъзо қилиш ортидан қувмайди», деди у.
ЕОИИ органлари мустақил эмас ва асосан Кремл манфаатларига хизмат қилади, деб қўшимча қилди у.

Жавоб – «йўқ»

Ўзбекистон учун ЕОИИга аъзолик мамлакат манфаатлари учун хизмат қиладими ёки йўқлигини аниқлаб олиш керак, дейди Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence компанияси директори Алишер Илҳомов.
«Жавоб эса... катта эҳтимол билан – йўқ. Россия Украинага бостириб киргунига қадар ҳам жавоб шундай эди, босқиндан кейин эса янада қатъийлашди», деди у.
Россиянинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ролини ва унинг Ўзбекистон савдо ҳажмидаги улушини сезиларли даражада камайтириш Ўзбекистон манфаатларига мос келади, деди у.
«Мамлакатимиз Россия иқтисодиётига ҳаддан ортиқ боғланган... ЕОИИга қўшилиш билан қарамлигимиз янада кучаяди», деди Илҳомов.
Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги Хитой бўлиб, унинг улуши Ўзбекистон ташқи савдоси ҳажмининг 18,5 фоизини ташкил қилади. Ундан кейинги ўринларда Россия (16,6%) ва Қозоғистон (8,6%) туради. Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 2,4 фоизи Қирғизистон ҳиссасига тўғри келади.
ЕОИИ аъзолари ва Россия иқтисодиётига қаттиқ боғланган бошқа давлатлар Ғарб санкцияларига дучор бўлиш хавфи остида, деди Алматидаги Ижтимоий муаммоларни таҳлил қилиш маркази раҳбари Меруерт Махмутова.
«Россия Украинада уруш бошлаганидан бери ЕОИИ давлатлари Россияга санкцияларни четлаб ўтишга имкон берадиган асосий канал бўлиб қолмоқда», деди у.
«Ёдда тутиш керакки, ЕОИИга аъзо давлатлар ўртасида божхона тўсиқлари йўқ, Қозоғистон ва Россия эса дунёдаги энг узун қуруқлик чегарасига эга», деди Махмутова.

Геосиёсий маънода ўз жонига қасд қилиш

АҚШда истиқомат қиладиган собиқ ўзбекистонлик сиёсатчи Нигора Ҳидоятова ЕОИИни «ўлик туғилган лойиҳа» деб ҳисоблайди – энг аввало, унинг сиёсати иқтисодни сиқувга олгани учун.
«Ҳозирги санкциялар шароитида Ўзбекистон бу иттифоққа қўшиладиган бўлса, бу «Титаник» учун чипта сотиб олгандек гап. Ҳатто Қозоғистон ҳам кетиш ҳақида ўйлаяпти, аммо уддасидан чиқолмаяпти», дейди у.
«Россия Ўзбекистонга босим ўтказаётганига шубҳа йўқ, лекин унинг раҳбарлари ҳозир бунинг мавриди эмаслигини ва босим ўтказиш, айниқса, жаҳон саҳнасида яккаланиб қолган Россия учун имконсиз эканлигини унутиб қўймоқдалар», дейди Ҳидоятова.
Ўзбекистон ЕОИИга тўлақонли аъзо бўлиши керакми, деган савол ҳозир кун тартибида эмас, дейди тошкентлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.
Мамлакат раҳбарларининг яширин позицияси шундан иборатки, ЕОИИга кириш ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас, деди у.
Собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлган қўшниларининг тажрибасини инобатга олишини тез-тез такрорлар эди, дейди Раббимов.
«Қозоғистон ва Қирғизистон ташкилотга қўшилганидан жуда афсусда. Уларнинг иқтисодиётида ижобий динамика йўқ. Бунинг устига, Қозоғистон ва Россия ўртасида жуда кучли, агрессив геосиёсий қарама-қаршилик юзага келган».
«Шу тариқа, Тошкент ЕОИИга қўшилиш нафақат иқтисодий, балки геосиёсий жиҳатдан ҳам ўз жонига қасд қилиш эканлигини тушуниб етмоқда», деди Раббимов.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Иқтисод
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase