close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ислом промоушни. IslamExpo сабоқлари

Лекин, замонавий дунёда турли хил восита ва усулларни қўллаган ҳолда буларни қандай амалга ошириш мумкин? XXI аср мусулмон даъватчисига қандай технология ва усулларни таклиф қилсак бўлади? Бу ҳақиқатан ҳам таҳлил учун қизиқарли мавзудир.

 “Public Relations”нинг Исломий стандарти

Ислом динига даъват қилиш зарурлиги борасида Қуръони Карим нималарга буюрганини билишимиз зарурдир. Мусулмон даъват билан шуғулланиши, ҳаёти ва ҳатти-ҳаракати ила ўрнак бўлиши, шунингдек Ислом динининг тимсоли бўлиши лозимлиги ҳақида Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади: “Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта миллат қилдик” (2:143).
Айни пайтда Аллоҳ таоло мусулмонларга қатъий оҳангда танбеҳ бериб, одамлар орасида ушбу динни ёйиш ва улуғлаш ишлари ҳақида иймон келтирганлардан албатта сўралажагини эслатади: “Бас, Биз албатта, Пайғамбар юборилганлардан ҳам ва албатта, Пайғамбарлардан ҳам сўрармиз” (7:6).
Шу билан бир қаторда Қуръон қатъийликда баробар бўлган таъқиқдан бохабар қиладики, инсонларни Исломга мажбурлаб ёки зўравонлик билан киритиш таъқиқлангандир: “Динга мажбур қилиш йўқ” (2:256).
Холиқ Аллоҳнинг мазкур қатъий таълимотлари, яъни инсон ҳаётини Исломга чақиришда ўрнак ўлароқ яшаши ва бу ишда заррача зўравонликка йўл қўймаслиги, иймон келтирганларни ҳаққа даъват қилишда энг таъсирчан йўлларни ахтаришга ундаб келаяпти.
Аллоҳ таолонинг китобида аниқ ва шубҳага ўрин қолдирмайдиган даражада Исломий даъватнинг тамал асосларини белгилаб берган. Яъни мусулмон киши қандай қилиб Исломни жамиятга олиб кириши кераклигини ўргатиб қўйган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар билан гўзал услубда мунозара қил” (16:125).
Шундай қилиб, Яратганнинг Ўзи бандаларига Исломга нисбатан ижобий муносабатни шакллантириш, уни гўзал тарзда тақдим этиш, одамларни унга қизиқтириш, у ҳақда кўпроқ билиш, уни қабул қилиш ва унга бор умрини бағишлаш йўли билан Исломни жамиятда илгари суришнинг аниқ белгиланган усулини таклиф қилади.
Амалда мусулмонларга ўзлари яшаб турган ғайримуслим жамиятда ўз динининг, ўз жамоасининг ижобий қиёфасини барпо этиш, бу жамият билан самарали маданий-маърифий муносабатлар ўрнатиш бўйича бутун бошли услубни ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳаракатларнинг асосий мақсади иймонларида янада содиқ мусулмонларни ва қалблари Исломга улфат бўлганларни кўпайтиришдир.
Бунга энг яхши мисол ва мазкур тизимнинг энг муваффақиятли намунаси - доимо Сийрат ёки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ҳаётлари бўлиб қолади. Замонавий тилда бунга ўхшаш тизимлардаги муносабатлар – “Public Relations” деб айтилади, қисқача - PR, айтилишига кўра “пиар”, ёки маъноси – жамоатчилик билан алоқада бўлиш. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом  сийратлари бутун инсоният тарихида энг муваффақиятли PR-лойиҳа ҳисобланади.

PR саноати Ислом хизматида

Сўнги йиллар ичида ғарб мамлакатлари PR технологияларини қўллаш ва унга ишлов бериш бўйича тафсилотларигача катта аҳамият бериб, бу борада улкан ишлар олиб боришди. Бугун “Public Relations” деганимизда шахс, компания ёки сиёсий ҳаракатларнинг мавқеъини (имидж) ошириш бўйича бутун бошли стратегия тушуниладиган бўлди. Олға силжиш бўйича асосий нарсалар жамиятнинг талабларини ўрганиш, саҳиҳ маълумотларни тақдим қилиш, ахборот-маданият алмашинувлари ва самарали алоқаларни ўрнатишлар бўлиши керак.
Иқтисодий соҳада эса ҳизматлар доирасини кенгайтириш ва тижорат молларининг сотилиш миқдорини кўпайтириш борасидаги маълум бир объектни тақдим қилиш саноати Promotion (промоушн) ҳисобланадиган бўлди. Кўпинча замонавий жамиятда катта буюртмаларни қўллаш ва уларни чиройли тақдим қилишга эҳтиёж бор. Масалан: ҳукмрон партияни чиройли кўрсатиш, тайёрланаётган спорт тадбирлари ҳақида ижобий маълумотларни шакллантириш ёки бўлмаса ҳукуматнинг ислоҳатлар концепциясини чиройли тарзда тақдим қилиш.
Бу ҳолатда инсонга PR-технология, “Promotion”ларнинг бутун мажмуаси ёрдамга келади. Тижорат сектори, хизматлар соҳаси, кўнгил очар, дам олиш ва ҳоказолар. Мазкур усуллар ўз ичига олиши мумкин бўлган омиллардан қуйидагиларни айтиш мумкин: сиёсий, ижтимоий ва тижорий реклама, оммабоп ва спорт тадбирлари, ваъзлар-у матбуот анжуманлари, кўргазма, хайрия марафонлари, ёшлар учун лагерлар, концертлар-у театр саҳналари (жумладан, оммани жалб қилиш) ва ҳакозоларни ташкил қилиш.
Фаол ва изланаётган мусулмон учун “ижтимоий-сиёсий ва тижорий мақсадларда қўлланилаётган мазкур ишланмаларни инсонларда Исломга бўлган қизиқишни ва билимларини ошириш учун фойдаланилиши жоизми”, деган масала турибди? Ҳар бир амал ва ҳар бир қадам билан даъват қилиш зарурлиги ва шунинг баробарида куч ва зўровонлик ишлатилишининг таъқиқланиши – бизни юқорида зикр қилинган технологиялар билан қуролланишимизга мажбур этади.
Британиялик мусулмон ва узоқ йиллардан бери Ислом даъвати билан шуғулланиб келаётган Давуд Мэтюс бир-икки йил муқаддам Исломни омма орасига ёйиш учун унинг ватандош-диндошлари қандай усулларидан фойдаланишмоқда, деб берилган саволга, Туманли Албион мусулмонлари анчадан бери мазкур қўлланмалар секторининг ҳаммасини амалиётда муваффақияти қўлланаётганини айтган эди. У ўз жавобида кўчалардаги мулоқот, бозорлар, Лондондаги Гайд-Парк ва Регентс-парк каби жамоат жойларида суҳбатлар уюштириш, Ислом ҳақидаги ахборот буклетларини аниқ манзилларга етказиб бериш, газета-журналларда ижтимоий реклама олиб бориш, интернет сайтлар ва форумларни ташкил қилиш, теле-дастурлар тайёрлаш, мактаб, университет, черковларда учрашувлар ўтказиш, конфессиялараро анжуманлар, давра суҳбатлари, кўргазмалар ва бошқа кўплаб тадбирларни санаб ўтганди.
Ҳақиқатдан ҳам, тан олиш керакки, Британия мусулмонлари замонавий жамиятда Исломни даъват қилиш бўйича жуда катта тажриба орттирганлар. Ва янада муҳими – улар ўз тажрибалари билан “истаганлар билан ўртоқлашишга” тайёрдирлар. Шубҳасиз, британиялик мусулмонларнинг Ғарб жамиятида Исломни комплексли стратегия ва чиройли тарзда етказиш бўйича ва ғарб мусулмонлари тарихида энг йирик саналган IslamExpo тадбирини ўтказиш – саъй-ҳаракатларининг кульминацияси (энг юқори кўрсаткичи) бўлди.

IslamExpo сабоқлари

IslamExpo – мусулмонларнинг халқаро кўргазмасидир. Унинг асосий мақсади кенг оммани Исломга қизиқтириш, кўп қиррали Ислом маданияти билан таништириш, замонавий Ислом тафаккури билан ошно қилиш ҳамда бугун уммат дучор бўлаётган муаммолар устида баҳс қилишдир. Мазкур тадбирни кўргазма деб аташ ҳам у қадар тўғри эмас. Бу кўпроқ, Ислом маданияти ва мероси, турли соҳалардаги мусулмонларнинг ютуқлари, бутун бошли мажмуа лойиҳалар – саҳналаштирилган томошалардан тортиб спорт мусобақаларигача, илмий анжуманлар ва ошпазлар беллашувларини ўзида мужассам қилган ва узлуксиз ўтказиб келинаётган фестивалдир.
2008 йили катта тадбир ўтказилди. Байрам 3-4 кун бўйи давом этди. У Европада энг йирик Ислом маданий ҳодисаси ҳисобланиб, тадбирга 40 мингдан зиёд киши ташриф буюрди. Мусулмонларнинг яна қандай лойиҳаси бунчалик кўп одамни ўзига жалб қила олган?
Кўргазманинг ташкилотчиси ва ҳомийлари сафида 100 дан ортиқ ташкилотлар бор эди. Уларнинг орасида Британия Ислом банклари, ОАВ (хусусан, Al-Jazeera, Muslim Channel, Al-Hiwaar теле-каналлари), Араб-Британия тижорат палатаси, Британия футбол ассоциацияси, араб мамлакатлари билан ишловчи сайёҳлик фирмалари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар, йирик Исломий ҳамда Европа университетлари ва яна бошқалар.
Ислом байрамида ваъз ва нашидларни тинглаш, эртакдагидек боғлар ва галереяларда сайр қилиш, кўргазмадаги нарсаларни ўрганиш, фақат аёллар учун мўлжалланган мода кўрсатувларига ташриф буюриш, шарқона услубда тайёрланган таомларнинг мазаларини татиб кўриш, тадбирнинг катта ошпазлари билан учрашиш ва улардан шарқона таомларни тайёрлаш сир-асрорларини ўрганиш, кино ва театр намойишларини томоша қилиш, ҳашаматли матоларни танлаш ва Исломий интерактив вақт машинасида ўтмишга саёҳат қилиш мумкин.
Ҳар қандай меҳмон ўзига ёққан нарсани танлаши мумкин. Яъни ўз қалбига яқин бўлган Ислом маданияти қатламини маъқул кўриши мумкин. Интеллектуал тафаккур ишқибозлари учун маъруза ва мунозаралар хонаси очилган бўлиб, унда Исломнинг йирик мутафаккирлари, ОАВ-ларининг асосий мухбир ва сиёсатчилари ҳозирги пайтдаги умматни қийнаб келаётган энг долзарб мавзулар – ғарб жамиятига интеграция масалаларидан тортиб то Фаластин фожиаси ва терроризм хавфи масалалари устида баҳс қилиш имконига эга бўлдилар.
Истаганлар анъанавий араб бозорларидаги сон-саноқсиз театр саҳналарини томоша қилиб, шарқ санъатидан баҳраманд бўлишди. Спорт тадбирлари, кинолар, Исломий мода, Ислом хаттотлик санъати ва кўча граффитиларини мароқ билан томоша қилиб, вақтларини қизиқарли тарзда ўтказиши мумкин бўлди.
Шарқ ошхонаси шинавандалари учун барча сирлар очилган, Исломнинг илмий меросига қизиққанлар учун алоҳида хоналар очилган, маблағ топиш истагидагилар учун тижорий шартномалар тузиш ва шартномалар ҳақида музокаралар олиб бориш учун барча имкониятлар ҳозиру-нозир қилинган. Шунингдек, энг асосийси, ташкилотчилар Ислом дини ҳақида маълумот истаганлар учун, қизиқтирган саволларига қониқарли жавоб олишлари учун барча шарт-шароитларни муҳайё қилган.
Шундай қилиб, мазкур фестивал ва Ислом маданияти байрами ўзида динимиз Ислом ва унинг олтин меросини, мусулмонларнинг меҳмондўстлик ва самимийлиги, саноатнинг барча сўнги ютуқлари ва бутун бошли тараққиётнинг жозибасини, ҳамда инсонни Ҳақ дин бўлмиш Исломга қизиқтириш ва қизиқишни янада мустаҳкамлаш технологияларини ўзида мужассам қилиб кўрсата олди.
Энг асосийси, ўзлари учун янги мамлакатда, ғайри муслимлар жамиятида Исломий фаолликни тиклаш учун узоқ ва қийин йўлни босиб ўтган британиялик биродарлар Аллоҳ таолонинг амрига амал қилишнинг энг яхши услубини топа олдилар: “Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар билан гўзал услубда мунозара қил” (16:125).
Албатта, уларнинг тажрибаси яхши ўрганилиб, ўзлаштирилиши, ҳамда бизнинг давлат учун ҳам мувофиқлаштирилиб, қўлланилиши мумкин.

“Васатия” илмий-маърифий маркази маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Иқтисод
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase