close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Катта Бадр ғазоти

Пайғамбар алайҳис-салом қурайшларнинг катта карвони Шомга кетганини билардилар. Карвон орқага қайтаётганидан хабар топиб, саҳобаларни сафарга отлантирдилар: "Карвоннинг йўлини тўсиб чиқинглар. Оллоҳ бу карвонни сизларга марҳамат қилиши мумкин". Баъзилар дарров йўл ҳозирлигини кўрди, баъзи бировлар расулуллоҳ бари бир улар билан урушмайдилар, деган ўйда ўз юмушлари билан машғул бўлавердилар. Сарвари олам от-уловини шайлаганларни ёнларига олиб, боқи-беғамларни кутмасдан йўлга тушдилар. У кишининг ўрнига Мадинада Абдуллоҳ ибн Умму Мактум қолди. Рамазон ойининг учинчи куни уч юз ўн уч киши қурайш мушриклари етказган озору кулфатлар учун ўч олгани юриш қилди. Уларнинг икки юз қирқдан кўпроғи ансорлардан, қолгани муҳожирлар бўлиб, ихтиёрларидаги иккита от билан етмиш туяни галма-галдан минишарди. Байроқни Мусъаб ибн Умайр Ал-Абдари кўтариб олган эди. Абу Суфён пайғамбар алайҳис-салом карвоннинг йўлини тўсиб чиққанларини эшитиб, дарров Маккага одам жўнатди. Бу гапдан хабар топган қизиққон қурайшлар ўз карвонини асраш учун (Абулаҳаб ибн Абдул Мутталибдан бошқа ҳамма) йўлга отланди. Абулаҳаб ўз ўрнига Ос ибн Ҳишом ибн Муғирани жўнатди.
Имом Бухориййинг ривоят қилишича, Саъд ибн Муоз ҳижратдан кейин Каъба зиёратига борган пайтида Умайя ибн Халафга: "Мусулмонлар сени қандай бўлмасин ўлдирмоқчилигини расулуллоҳдан эшитдим", деди. "Улар мени қаерда ўлдиришаркан?" деб сўрабди Умайя. Саъд: "Бунисини билмадим", дебди. Бу гапдан қаттиқ ваҳимага тушган Умайя Маккадан бир қадам ҳам ташқарига чиқмасликка қасам ичди. Бироқ Абу Жаҳлнинг танаю-дашномларига чидолмай кўпчилик билан карвонни қўриқлагани боришга мажбур бўлди. У шаҳар ташқарисига чиқса ҳам ҳеч нарсага аралашмай, бирон кимса билан тўқнашмай қайтишга қарор қилди. Бироқ Оллоҳ таолонинг иродаси унинг истагидан устун келди. Умайянинг хоҳиш-иродасига зид ҳолда ажал уни Бадрга судраб келди.
Қурайш оқсоқолларидан кўплари битта карвон учун мусулмонлар билан урушишни истамас, бироқ кўпдан ажраб қолишнинг ҳам иложи йўқ эди. Чўрию-қуллар олдинда мусулмонларни ҳажв қилувчи қўшиқларни айтиб боришар, орқада от, туяларга минган мушриклар дабдабаю-асъаса солиб келишарди. Уларнинг бу ҳолати Анфол сурасининг 48-оятида аниқ баён этилган: "Вақтики келиб шайтон уларга ўз амалларини яхши кўрсатиб, сизларни ҳеч ким енголмайди, мен сизларнинг мададкорингизман, деди. Икки қўшин тўқнашган пайтда эса шайтон орқасига қочди ва қўлимдан ҳеч нарса келмайди, сизларга яширин нарсаларни кўриб турибман, мен чиндан ҳам Оллоҳдан қўрқаяпман, унинг овози (жуда ҳам) ваҳималидир", деди. Эсли-ҳушли одамлар ибрат олишлари учун парвардигор Ҳашр сурасининг 16-оятида шайтоннинг қилмишларини мисол келтиради: Мунофиқлар шайтонга ўхшайди. Пайти келганда шайтон инсонга кофир бўл, деди. Инсон кофирлик кўчасига киргач, мен ростдан ҳам ҳеч нарсага арзимайман. Мен барча оламларнинг парвардигори Оллоҳдан жуда ҳам қўрқаман, деди".
Абу Суфёнга ёрдамга отланганларнинг сони тўққиз юз эллик киши бўлиб, етти юзи туяда, икки юз эллик киши отлиқ эди. Мушрикларнинг бу ҳатти-ҳаракатларидан бехабар пайғамбар алайҳис-салом ўз қўшинини кўздан кечириб, жангга яроқсиз, нимжон, касалвандларини Мадинага қайтариб юбордилар. Икки кишини карвондан хабар олиб келишга жўнатдилар. Улар Мадинадан ўттиз-қирқ мил олисдаги Ракҳо деган жойга етиб келишганда мушрикларнинг катта қўшини жангга отлангани, уларнинг эрта-индин Бадр деган жойга етиб келажаги маълум бўлди.
 Расулуллоҳ ўз саркардаларини йиғиб: "Парвардигор менга ё карвон, ё қурайш аскари билан учрашишни ҳавола этди. Бу икки ишдан қай бирини танлашни хоҳлайсизлар", дедилар. Маслаҳат чоғида баъзи бировларнинг ўлжага эга бўлиш учун карвонни қўлга киритишдан бошқа нияти йўқлиги маълум бўлди, баъзилар эса ғазотга отланганидан бехабар қолиб пухтароқ тайёргарлик кўриб келишмаганидан афсусланишди. Уларнинг гапи Анфол сурасининг 7-оятида баён этилган фикрга мос келади: "Пайти келганда Оллоҳ сизларни икки гуруҳдан бири билан учрашишингизга рухсат берган эди. Сизлар кучсизлар билан учрашишни ихтиёр этдинглар". Миқдод ибн Асвод ўрнидан туриб: "Эй расулуллоҳ, Оллоҳ нимани буюрса, шуни қил. Худо ҳаққи биз Мусо алайҳис-саломга: "Сен парвардигоринг билан бирга бориб урушавер, биз бу ерда кутиб турамиз", (Моида сурасининг 24-оятида) деган бани Исроилга ўхшаб муомала қилмаймиз. Биз сен билан бирга ғазотга борамиз. Агар бизни Баркўлғамодга бошласанг ҳам ҳеч иккиланмай бораверамиз", деди. Расулуллоҳ унга миннатдорчилик билдириб, ансорларининг фикрини сўрадилар. Ақоба байъатида улар пайғамбар алайҳис-саломни ҳимоя қилишга сўз беришган бўлса-да, у киши билан бирга жангга киришлари айтилмаган эди. Авс қабиласининг оқсоқоли Саъд ибн Муоз "Эй расулуллоҳ биз сенинг пайғамбарлигингга ишониб имон келтирдик. Худо нимани буюрса шуни қил, биз гап-сўзсиз сенга эргашамиз. Агар манави Қизил денгизга киришни буюрсанг, сўзсиз бажо келтирамиз. Агар эртага сен ғаним билан юзма-юз келсанг, биз ёнингда бўламиз, бизнинг қанчалик сабр-қаноатли, бардошли эканимизни ана ўшанда кўрасан. Худо хоҳласа, бизлардан рози бўлсанг ажаб эмас, Худога таваккал қилиб йўлингда давом этавер", деди. Бу гапдан расулуллоҳнинг юзлари нурланиб кетди. "Сизларга хушхабар айтиб қўяй, мен мушрикларнинг жасадларини кўргандек бўляпман", дедилар. Бу гапдан мусулмонлар қонли тўқнашув бўлиши муқарарлигини ҳис этишди.
Абу Суфён пою пийода мусулмонларнинг қатъият билан бостириб келаётганини эшитгач, шартта йўлини ўзгартириб, денгиз соҳили билан қочиб қолди ҳамда қурайшларга хат ёзиб вазиятни батафсил тушунтиргач, орқага қайтишларини тавсия этди. Лекин Абу Жаҳл унинг гапига қулоқ солмай Бадрга бориб уч кун туриб, туяларни сўйиб, роса майхўрлик қилиб ва арабларга ўзимизни танитиб ўла-ўлгунча бизлардан ҳайиқадиган қилмагунимизча бу ердан кетмаймиз, дея қасам ичди. Ахнас ибн Шарийқ иттифоқдоши Зуҳро аймоғига Худо мол, жонингларни асраганига шукрона айтиб, тезроқ кетинглар, дея маслаҳат берди. Унинг гапи билан бани Зуҳро, бани Адий аймоқлари Бадр урушида қатнашишмади. Абу-жаҳлнинг одамлари Бадр водийсининг Мадинадан олисдаги тупроғи ўйнаб ётган жойига келиб тушди. Пайғамбар алайҳис-салом бошчилигидаги мусулмонлар ҳам Бадрга етиб келгач, Али ибн Абу Толиб билан Зубайр ибн Аввом вазиятни ўрганиб келгани жўнатилди. Улар мушрикларнинг сув ташийдиганларидан икки кйшини тутиб келишди. Бу чоғда расулуллоҳ, намоз ўқиётган эдилар. Али билан Зубайр асирларни ўртага олиб сўроқ қила бошлашди. "Биз бор-йўғи сув ташувчилармиз, кўп нарсалардан хабаримиз йўқ, дейишди улар. Сўроқ қилувчилар асирларнинг гапига ишонмай ура кетишди. Улар биз сув ташувчи эмас, Абу Суфённинг хизматкорларимиз, дейишганидан кейингина қўйиб юборишди.
Бу орада ибодатини тугатган расулуллоҳ: "Ажаб, улар ростини айтганда тутиб олиб урдинглар, ёлғон гапирганда қўйиб юбординглар. Булар қурайшнинг хизматкорларидан эканлиги шундоққина кўриниб турибди-ку", дедилар ва мушриклар қўшини қаерга тушганини сўрадилар. Асирлар мушрик аскарлари жойлашган ерни аниқ айтиб беришди. Расулуллоҳ улар кунига нечта туя ейишаётгани билан қизиқдилар. "Баъзи кунлари, тўққизта, баъзан ўнта", дея жавоб беришди асирлар. "Демак, уларнинг сони тўққиз юз билан минг ўртасида экан", дея хулоса чиқардилар пайғамбар алайҳис-салом ҳамда оқсоқоллардан кимлар келганини суриштирдилар. Асирлардан уларнинг номларини эшитгач, саҳобаларга: "Макка сизларга қарши ўз жигарпораларини ташлабди", дедилар. Мусулмонлар жойидан қўзғалиб, Мадина яқинидаги сувсиз, шўрхок ерга кўчишди. Уларни ташналик қийнай бошлади, кўплари жунуб, таҳоратсиз бўлиб қолди, пайт пойлаб турган шайтон дарров васваса қилишга тушди: "Мушриклар сувсизликдан тинка-мадорингиз қуриб, йўлингизни эплаб юролмайдиган аҳволга тушишингизни кутиб туришибди. Кейин шўрингизни қуритиб, бошингизга ит кунини солишади".
Агар Ҳақ Таоло ўз фазлу марҳаматини намоён этмаса, чиндан ҳам баъзи одамларнинг иродаси бўшашиб кетиши ҳеч гап эмасди. Кутилмаганда ҳавога булут чиқиб, шу қадар қаттиқ ёмғир ёғдики, жилғалар тўлиб-тошиб кетди. Одамлар идишларини, чуқурларни сувга тўлғизиб олишди, чанг-тўзон босилиб, юриш осонлашди. Мушриклар учун эса ёмғир катта ташвиш келтирди, улар турган ер ботқоққа айланиб, на уловда. на яёв юриш мумкин бўлмай қолди. Оллоҳ Анфол сурасининг 11-оятида мусулмонларга кўрсатган марҳамати ҳақида бундай дейди: "Сизларни поклаш, шайтон васвасасини даф этиш, қалбингларни сокин, қадамингларни бақувват қилиш учун Оллоҳ булутдан ёмғир ёғдириб берди". Парвардигор мусулмонларга далда бериш учун жанг майдонида уларга мушрикларнинг сонини камайтириб кўрсатди. Оллоҳ таолонинг ҳукми бажо келтирилиши бу воқеаларнинг давомида аён бўлди. Анфол сурасининг 43-44-оятларида бу хусусда шундай дейилади: "Вақтики келиб Оллоҳ тушингда уларни сенга камайтириб кўрсатди, агар кўпайтириб кўрсаца, қўрқиб кетардинглар ва шубҳасиз ўртангизда низо чиқарди, лекин Худонинг ўзи асради, у кўнгилдаги (сир-асрорларни) яхши билгувчидир. Оллоҳ бўладиган ишни бўлдириш учун уларни сизларга озгина қилиб кўрсатди. Сизларни ҳам уларга камайтириб кўрсатди. Ҳамма нарса Оллоҳнинг даргоҳига қайтажак".
Мусулмонлар қароргоҳини ўзгартириб, катта сув бўйига келиб жойлашишди. Ансорлардан Хубоб ибн Мунзир бениҳоя тадбирли, ҳарбий салоҳияти ўткир киши эди. У пайғамбар алайҳис-саломдан: "Эй, расулуллоҳ, бу ерга Оллоҳнинг амрига биноан келдикми ё сенинг хоҳишинг биланми?" деб сўради. Пайғамбар алайҳис-салом қўшинни ўз хоҳиш-иродалари билан кўчирганларини айтдилар. "Ундай бўлса, мушрикларга яқин жойга кўчиб ўтайлик, бу ер жанг қилишга ноқулай. Мушрикларнинг шундоққина биқинида катта кўл бор, биз шу ерга жойлашиб, мешларни сувга тўлдириб олганимиздан кейин ён-веримиздаги ҳамма қудуқларни кўмиб ташлайлик. Ҳали жангга кириб улгурмай сувсизликдан мушриклар адойи-тамом бўлишади". Ҳубобнинг фикри маъқулланиб, унинг кўрсатмаси бўйича иш қилинди. Жанговар тайёргарлик тугагач, Авс қабиласининг оқсоқоли Саъд ибн Муоз "Эй расулуллоҳ, биз сен учун алоҳида чодир тикиб, уловингни шай қилиб қўяйлик. Агар Оллоҳ бизга нусрат ато этиб, ғалаба қозонсак нур устига аъло нур, борди-ю, душман устун келса, сен дарров орқага қайтиб кетишинг керак. Сени биздан ортиқ суйиб, итоат этадиган қанча одам Мадинада қолди. Уларнинг ҳам ғазотда қатнашиш истаги бор эди. Бироқ бу сафар сенинг ғазавот ниятида отланганингдан бехабар қолишди, бор-йўғи карвонни қўлга киритиш учун кетди, деб ўйлашди. Бу одамлар ҳар қандай шаронгда сен учун кўксини қалқон қилишга тайёр, улар саодатга эришиши учун ҳам сен омон бўлишинг керак", деди. Бу фикр кўпчиликка маъқул келиб, катта тепалик устига чодир тикилди. Мусулмонлар саф чекиб, жанговар ҳолга келгач, расулуллоҳ зарур кўрсатмаларни бердилар ва худога мурожаат қилиб, дуога қўл очдилар: '"Яратган эгам, қурайш халқи сенга такаббурлик ва бўйни йўгонлик қилиб юборган пайғамбарингни ёлғончига чиқармоқда. Менга ваъда қилган ёрдамингни дариғ тутма, бизларга нусрат ато эт!" Бу дуога қўшилган мусулмонлар қалбларида бир мунавварлик туйдилар, душман ҳар қанча қудратли, сони ҳар қанча кўп бўлмасин, барибир ғолиб келишларига ишонч уйғонди. Бу ҳар қандай жангнинг ҳал қилувчи омили эди.
Бу орада мушриклар орасида ихтилоф чиқиб, жангга кириш-кирмаслик ҳақида тортиша бошлашди. Утба ибн Робиа урушишдан қайтариб, мусулмонлар томонидан ўлдирилган Амир ибн Ҳазрамийнинг товонини ва мусодара қилинган молларни ўз ёнидан тўлашини айтди. Абужаҳл уни қўрқоқликда айблаб, маломатлар ёғдирди. "Худо ҳақи, Муҳаммад билан урушиб, тақдирда нима борлигини кўрмагунча қайтиб кетмайман", деди у такаббурлик билан. Жанг олдидан Асвад ибн Абдуласад: "Қасам ичиб айтаманки, мусулмонларнинг қўлидан сув ичаман. Бу йўлда ўлсам ҳам розиман", деди. Бироқ ниятига етолмади. Жанг бошланиши биланоқ Ҳамза уни яралаб, оёғини чопиб ташлади. Жоҳил Асвад қасамини бажариш учун эмаклаб бориб, ўзини ҳовузга ташлади, Ҳамза унинг бошини танасидан жудо қилди. Расулуллоҳ мусулмонларга сабр-матонат, довюраклик тиладилар. "Жангда чидамли бўлган одамни Оллоҳ ғам-қайғудан халос этади", дедилар у киши.
Уруш ўша пайтнинг таомилига биноан яккама-якка олишув билан бошланди. Мушриклардан Утба ибн Робиа, унинг биродари Шайба ҳамда ўғли Валидлар майдонга тушишди. Ансорлардан чиққан кишиларни кўрган мушриклар: "Биз сизлар билан урушмаймиз, қурайшликлардан чиқишсин", дея чувуллашди. Пайғамбар алайҳис-салом Убайда ибн Ҳорис ибн Абдумутталиб, Ҳамза ибн Абдумутталиб ва Али ибн Абутолибни олдинга чиқардилар. Ҳамза билан Али ўз рақибларини енгдилар, бироқ Убайда билан Утба иккаласи яраланди. Ҳамза билан Али ёрдамга келиб, Утбани ўлдиришди ва ярадор Убайдани расулуллоҳнинг чодирига олиб келишди. Пайғамбар алайҳис-салом унинг бошини тиззаларига қўйиб, шаҳидлик даражасига етгани билан башорат бердилар. Убайда Абу Толибнинг: "Муҳаммадни асраймиз, атрофида жон чекиб, унинг учун ёр, дўсту хонумондан воз кечиб", деган шеърини эслади ҳамда ўзининг мана шундай шарафга эришганидан мамнун бўлди.
Мубораза тугагач, ҳар икки томон сафларни жанговар ҳолга келтира бошлади. Пайғамбар алайҳис-салом одамларни оралаб, қўлларида кичкина таёқча билан худди намоздагидек сафларни текисладилар. Олдинга чиқиб кетган Савод исмли мужоҳиднинг қорнига туртиб, тўғри тур, дедилар. Савод: "Эй расулуллоҳ, сен бекордан бекорга мени урдинг, сендан ўчимни оламан", деди. Расулуллоҳ рози бўлиб, қоринларини очиб турдилар. Савод сарвари оламни қаттиқ қучоқлаб, қоринларидан ўпди, у кишининг ажабланганларини кўриб: "Олим билан юзма-юз келиб турибмиз, умримнинг сўнгги дақиқаларида сизни қучоқлаб бир роҳат қилмоқчи бўлдим", деди. Расулуллоҳ унга эзгу тилаклар тилаб дуо қилдилар. Шундан кейин мужоҳидларга: "Менинг буйруғимсиз ҳужумга ўтманглар. Душман ҳужум қилса, ўқ билан қайтаринглар, улар қилич ялангочлаб келмагунча сизлар бостириб борманглар", деб тайинладилар ва жангда сабрли, довюрак бўлишга чақирдилар. Шундан кейин биродарлари Абу Бакр билан чодирга қайтиб, худога муножот қилдилар: "Эй парвардигор, берган ваъданг билан кафолатингни амалга оширгайсан. Агар мўминларнинг ҳалокатини истасанг ер юзида сенга ибодат қилгувчи одам қолмайди". Абу Бакр у кишининг кўнглини кўтариб: "Худо албатта ваъдасида туради", деди.
Бунга жавобан расулуллоҳ Қамар сурасининг 46-оятини ўқидилар: "Мушриклар тўдаси магълуб бўлиб орқага чекинади". Расулуллоҳ мана шу ишонч билан мужоҳидларни руҳлантириш учун ташқарига чиқиб "Худонинг номи билан қасам ичаманки, бугун кимки мушрикларга қарши сабр ва матонат билан жанг қилса, Оллоҳ унга жаннат ато этади. Кимки бир мушрикни ўлдирса, унинг энгил-боши билан қуролини ўлжа олади'", дея хитоб қилдилар." Жуда яхши гап экан-ку, — деди Умайр ибн Хумом. — Жаннатга тушишим учун мушриклар билан жанг қилиб шаҳид бўлишимгина қолган экан. Нега бу қулай имкониятни орқага суриб ўтирибман", дея еб турган хурмосини ташлаб жангга кириб кетди. Душманлар билан шердек олишиб шаҳид бўлди. Жанг роса авжига чиққанда парвардигори олам мусулмонларнинг кўнглига далда бериб, руҳини кўтариш учун кўкдан фаришталарни туширди. Жанг бирон соат давом, этгач, мушриклар мағлуб бўлиб, бетартиб қоча бошлашди. Мусулмонлар уларни қувиб, қиличдан ўтказишди, бир қисмини асир олишди. Бу жангда мушриклар етмиш нафар одамидан айрилди, етмиштаси асирга тушди. Пайғамбар алайҳис-салом жангдан қайта туриб, Маккада жуда кўп озор берган Уқба ибн Абу Муайид билан Назир ибн Ҳорисни қатл этдилар. Шундан кейин ўликларни Бадрдаги чуқурларга кўмишни буюрдилар. У кишининг амрига биноан хоҳ мушрик бўлсин, хоҳ мусулмон жасадлар албатта дафн этиларди. Чуқурга биринчи бўлиб Абу Ҳузайфанинг отаси ташланди. Унинг ранги бўзариб, гъалати бўлиб кетди. "Отангга ачиняпсанмм?" деб сўрадилар пайғамбар алайҳис-салом. "Йўқ, — деди Абу Ҳузайфа. — Лекин отам ақлли, мулойим, меҳрибон одам эди. Ҳамиша Оллоҳдан у кишини ислом динига ҳидоят этишни сўрардим. Афсуски, насиб этмади. Отамнинг имонсиз кетганига ичим ачияпти". Расулуллоҳ унга тасалли бериб, ҳақига дуо қилдилар.
Шундан кейин мушрикларнинг жасадлари кўмилган жойга келиб, ҳай фалончи, ҳай писмадончи, дея марҳумларни номма-ном чақирдилар-да: "Ислом динини қабул қилмаганинглар учун афсусланяпсизларми? Биз роббимизнинг ваъдаси ростлигига ишондик, сизлар ҳам ўз роббингизнинг ваъдаси чинлигига амин бўлдингларми?" "Эй расулуллоҳ, жонсиз жасадлар гапингни эшитармиди?" деди ҳайратга тушиб Умар. "Улар сизлардан кўра яхшироқ эшитишади", дедилар пайғамбар алайҳис-салом. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, расулуллоҳ мушрикларнинг қабрлари тепасига келиб: "Булар энди даъватимнинг ҳақлигани жуда яхши билишади", деган эканлар. Шунингдек у киши: "Сен ўликларга ва қабрдагиларга гапингни эшиттиролмайсан", деган оятни ўқиганларини, ўлган мушриклар расулуллоҳнинг даъвати ҳақлигини дўзахга кирганда билажагини айтдилар.
Муҳаммад алайҳис-салом Мадина халқига хушхабар етказиш учун кун чиқиш томонга Абдуллоҳ ибн Абу Равоҳани, кун ботиш томонга Зайид ибн Ҳорисани юбордилар. Яҳудийлар билан мунофиқлар ҳар хил гап-сўз тарқатиб, мусулмонларнинг кўнглига гъулув солиб юришган эди. Азалий нияти одамларнинг ҳаловатини бузиб, кўнглини гаш қилиш бўлган муртадларнинг дами ичига тушиб кетди. Хушхабар Мадиналиклар расулуллоҳнинг қизи, Усмоннинг умр йўлдоши Руқияни дафн этиш пайтида етиб келди. Пайғамбар алайҳис-салом зудлик билан қайтмоқчи бўлган эдилар, бироқ ўлжа олинган моллар тақсимоти устида ихтилоф чиқиб қолди. Ёшлар жангни биз қилдик, ўлжанинг кўпини биз олишимиз керак, дейишди. Қарилар, агар биз қўллаб-қувватламасак ғалаба қайда эди, ўлжада бизнинг ҳам улушимиз бор, дейишди. Агар олди олинмаса бу ихтилоф адоват ўтини ёқиб, ўртага низо соларди.
Оллоҳ таоло мусулмонлар ўртасидаги келишмасликни бартараф этиш учун Анфол сурасининг биринчи оятини нозил қилди: "Сендан ўлжа ҳақида сўрашади, сен уларга: "Олжа яратган билан пайғамбарга тегишли; агар мўмин бўлсангизлар, Оллоҳга тақво қилинглар, муносабатингларни яхшиланглар, худога ва пайғамбарга итоатда бўлинглар, дегин". Шундан кейин мусулмонларнинг қалби Қуръон нури билан нурафшон бўлиб, низога чек қўйилди, аҳиллик қарор топди, ўлжани худонинг ҳукмига биноан тақсимлаб беришни расулуллоҳга топширишди. Пайғамбар алайҳис-салом пийодаларга бир хил, суворийларга бошқача улуш ажратдилар. Маълум сабаблар билан жангда қатнашмаганларни ҳам бенасиб қўймадилар. Булар расулуллоҳнинг ўринларида Мадинада қолган Абу Лубоба Ансорий, Амир ибн Авф қабиласига халифа бўлиб қолган Ҳорис ибн Ҳотаб, Равҳо деган жойда қўшиндан қолиб кетган Ҳорис ибн Симма билан Хаввот ибн Жубайр, душман томонига вазиятни ўргангани жўнатилган Талҳа ибн Убайдуллоҳ билан Саид ибн Зайд, касал рафиқасининг тепасида қолган Усмон ибн Аффон Кубо ва Олия аҳолисига бошчилик қилиш учун қолдирилган Осим ибн Адийлар эди. Шунингдек жангда шаҳид кетган ўн тўрт кишининг оиласига ҳам тегишли улуш ажратилди. Урушнинг аввалида яраланган Убайда ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб ҳам ўз насибасини олган бўлса-да, фойдаланиш насиб этмади. У мусулмонлар Бадрдан қайтишаётганда оламдан ўтди. Расулуллоҳ Мадинага яқинлаштанларида ёш қизалоқлар қўшиқ айтиб у кишининг истиқболига чиқишди.
Расулуллоҳ тўлин ойдек нур сочиб
Чиқиб келди Санийятул-Вадодан
Шукр айтмоқ лозим бизга ҳар лаҳза,
Бирон кимса қўл узмасин дуодан.
Мусулмоининг шамчироғи бу динни
Олиб келди расул бизга худодан.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase