Мория Қибтия
- Бўлим: Саҳобалар энциклопедияси
- Пайшанба, Дек 28 2023
- 14704 марта кўрилди
Мория Қибтия (р.а.) Пайғамбар (алайҳис-салом)нинг аёллари, «мўминларнинг онаси» деган рутба соҳибаси.
Мория Қибтия (р.а.) Мисрнинг Ҳафн қишлоғида насроний оиласида дунёга келган. Таваллуд йили маълум эмас.
Мория (р.а.)нинг отаси Шамъун бўлган.
Мория ёшлик чоғида укаси билан Миср подшоҳи Муқавқиснинг саройига бириктириб қўйилган эди. Саройда у тарих, дин ва бошқа илмларни ўрганади.
6/627-628 йили Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Миср подшоҳи Муқавқисга Ҳотиб ибн Абу Балтаъадан қуйидаги мазмундаги мактубни йўллайдилар: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан қибтлар(Қибтлар - Мисрдаги қадимий туб халқ номи. Бу ерда бутун мамлакат кўзда тутилган.)нинг каттаси Муқавқисга. Тўғри йўлга эргашганларга салом. Мен сени мусулмон бўлишга даъват этаман. Агар мусулмон бўлсанг, жонинг омонда, Аллоҳ икки баробар савоб беражак, агар таклифимдан юз ўгирсанг, қибтийларнинг гуноҳи ҳам сенга юкланади. «Айтинг (эй, Муҳаммад!): «Эй, китоб аҳли (яҳудийлар ва насронийлар), биз билан сизнинг ўртамизда (аҳамияти) баробар бўлган бир сўзга келингиз - ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб бир-бирларимизни илоҳ қилиб олмайлик!» Агар (бу таклифдан) юз ўгирсалар, (сизлар уларга): «Гувоҳ бўлингларки, биз мусулмонлармиз», -деб айтиб қўйингиз!» (Оли Имрон, 64).
Ҳотиб Искандарияга бориб, мактубни Муқавқисга топширди. Мактуб билан танишиб чиққач: «Агар Муҳаммад ҳақиқий Пайғамбар бўлса, нега унга осийлик килиб, юртидан ҳайдаб чиқарганларни дуоибад қилмади?», деб сўради. Ҳотиб: «Сен Марямнинг ўғли Исо Аллоҳнинг элчиси эканига ишонасанку. Уз халқи Исони ўлдирмоқчи бўлганда Яратган Эгам уни ўз даргоҳига олиб кетган. Ўша пайтда Исо халқига ҳалокат тилаб дуоибад қилдими?», деди. Унинг жавобидан мамнун бўлган Муқавқис: «Сен донишманд зот томонидан юборилган ақлли одам экансан. Мундоқ разм солиб қарасам, Муҳаммад одамларни ёмон ишларга ундамас, яхшиликлардан қайтармас экан. У адашган сеҳргар ҳам, ёлғончи каззоб ҳам эмас экан. Унда яширин, ғайб сирларини, махфий ишларни билишдек пайғамбарларга хос фазилатлар бор экан. Биз бу таклифлар ҳақида ўйлаб кўрайлик», деди ва Расулуллоҳга қуйидагича жавоб мактуби ёзди: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Қибтийларнинг каттаси Муқавқисдан Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салом! Мактубингни ўқидим. Унда баён этилганларни ва нимага даъват этаётганингни тушундим. Мен пайғамбар келишидан воқиф эдим, уни Шомдан чиқади, деб ўйлардим. Юборган элчингни иззат-икром билан кутдим, сенга қибтийлар орасида катта нуфузга эга икки канизак, кийим-кечак, минишингга бир хачир жўнатяпман, вассалом».
Муқавқис томонидан ҳадя қилинган икки жория Ҳотиб билан узоқ ўлкага кетар экан, ватанларидан айрилиб, яқинларидан узоққа кетаётганларини ҳис қилиб йиғлай бошладилар. Ҳотиб уларни юпатиш учун Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳақларида гапириб берди. Расулуллоҳнинг таърифларини эшитган Мория (р.а.) У зотга ғойибона кўнгил қўйди.
Иккинчи жория, яъни, Мориянинг синглиси Ширин Ҳассон ибн Собитга узатилди. Мория Қибтия (р.а.)ни эса Расулуллоҳ Ҳорис бин Нўъмон хонадонига жойлаштирдилар. Сарвари олам Мория Қибтия (р.а.)нинг аҳволидан хабар олиб турар ва унинг барча эҳтиёжларини бажо келтиришга ҳаракат қилардилар. Муқавқис саройида шоҳона ҳаёт кечирган, илмли ва чиройли Мория бирданига оғир шароит ва машаққатли ҳаёт тарзига тушиб қолган эди. Шунга қарамасдан ислом динига бўлган эътиқоди ва Сарвари оламга нисбатан муҳаббати сабр қилишга ундади. Қарасаки, У зот жуда омонатдор, солиҳ инсон эканлар. Уғил фарзандлари йўқлигини кўриб, эртаю кеч Яратгандан У зотга фарзанд сўраб дуо қилди. У зотнинг кўзларида қувончни кўришни истади. Аллоҳ таоло илтижоларини қабул қилиб, бир фарзанд ато этди. Мория (р.а.) саройда яшаган вақтида Иброҳим (а.с.)нинг қариган чоғларида Исмоилдек ўғил фарзанд кўрганларини ўқиб, йиғлаб, таъсирланиб юрарди. Расулуллоҳни ҳам шу бахтга муяссар бўлишларини орзу қиларди. У ўз ҳаётини Ҳожарга ўхшатарди. Жория бўлиб Сора томонидан Иброҳим (а.с.) га гуҳфа этилганидек, Муқавқис томонидан Муҳаммад (алайҳис-салом)га жория этилганини кўп бор қиёсларди.
Мория (р.а.) гўзал хулқ-атворга эга ширинсўз аёл эди. Доимо Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни хурсанд қилишга ҳаракат қилар ва бунинг уддасидан чиқар эди. Ҳомиладорлик вақтида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга кўп меҳр кўрсатдилар. Ғамхўрлик қилиш мақсадида уни Мадинадаги Алия деган жойга олиб бордилар. 630 йили Мория ўғил фарзанд кўрди. Иброҳим (а.с.)га ўхшашини орзу қилиб, чақалоққа Иброҳим деб исм қўйдилар. Мория (р.а.) шу муносабат билан озод қилинди. Ўғил туғилган куни Жаброил (а.с.) келиб: «Ўғил муборак, эй Абу Иброҳим», дедилар. Иброҳим туғилганига етти кун бўлганда қўй сўйиб ақиқа қилдилар. Чақалоқнинг сочлари Абу Ҳинд томонидан калталанди. Суннатга мувофиқ кесилган соч оғирлиги микдорида кумушни Умму Бурда Хавла бинт Мунзирга садақа қилинди.
Оиша (р.а.)дан шундай ривоят қилинади: «Аллоҳ Морияга фарзанд неъматини ато этиб, уни мукофотлади. Биз бу неъматдан бебаҳра қолганмиз».
Расули Акрам барча неъматни қадрлаганлари каби бу фарзандни ҳам Яратгандан улуғ туҳфа деб билиб, уни доим суярдилар. Тиззаларига ўтқазиб, ўпиб, қучардилар. Оталик меҳри Иброҳимни мудом севиш ва авайлашга ундарди. Бу вақтда фақатгина қизлари Фотима ҳаёт эди. Шу туфайли бор меҳрларини Иброҳимга бахш этардилар. Юмушларини адо этиб бўлгач, унингҳузуригаошиқардилар. Иброҳим 16 ойлик бўлган вақтида тўсатдан касал бўлиб қолади. Абдураҳмон ибн Авф унинг бетоблиги ҳақида Пайғамбаримизга хабар бергач, У зот ўғилларининг олдига ошикдилар.
Мориянинг маъсум юзлари сўлғин, кўзлари намли эди. Иброҳим эса онасининг бағрида жон бермокда эди. Дарҳол уни қучоқларига олиб, юзларидан ўпдилар. У зот «Углим Иброҳим Аллоҳ томонидан сенга келган ҳеч бир нарсага ҳарили бўлолмаймиз», дедилар. Ўғилларини бағирларига босар экан, унинг юзига Расулуллоҳнинг муборак ёшлари ёмғир каби ёғарди. Унсиз йиғлардилар. Ниҳоят, Иброҳим жон таслим қилди. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Кетганлар билан охиратда кўришиш умиди борлиги учун ҳам хотиржаммиз. Шу умид бўлмаганда сен билан айрилиқҳа чидаш қийин бўлар эди. Иброҳим, биз сендан айрилганимиздан гоят маҳзунмиз. Кўз йиглар, қалб маҳзун бўлар, аммо Аллоҳнинг қахрини келтирадиган бирон ножўя сўз айтмаймиз», дедилар.
Иброҳимнинг жанозасини Фазл ибн Аббос ўқиди. Қабрга эса Расули Акрам ўзлари қўйдилар. Кўзларидан ёш оқаркан: «Умматим, умматим», дея йиғлардилар. Шунда Абдураҳмон ибн Авф: «Ё Расулуллоҳ, ўзингиз қайтарган нарсани ўзингиз қиласизми, ахир йиғламанглар дер эдингиз-ку?», деди. «Эй азизларим, бўлган воқеадан сизлар бехабарсизлар, бугун менинг бошимга тушган синов бошқа бир инсон бо-шига тушса, огирлик қиларди. Бугун Аллоҳ учун умматимни ихтиёр қилиб, ўглимни топширдим», дедилар.
Иброҳим вафот этган куни қуёш тутилди. Одамлар: «Қуёш Иброҳим вафот этгани учун тутилди», дедилар. Шунда Пайғамбар (алайҳис-салом): «Қуёш ва ой Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Бировнинг вафоти ёки тугилгани учун тутилмайди. Уларни (тутилганини) кўрсангиз, то очилиб кетгунча Аллоҳга дуо қилинглар», дедилар».
Айрим тарихчилар (Ибн Ҳишом ва Ибн Исҳоқ сингари) Мория Қибтия (р.а.)ни Пайғамбарнинг аёллари қаторига киритмайдилар, балки жория сифатида зикр этганлар.
Мория Қибтия (р.а.) 16/637 йили Пайғамбаримиз ва-фотларидан беш йил ўтгач оламдан кўз юмди. Жанозаси-ни Умар ибн Хаттоб (р.а.) ўқиб, Бақиъ қабристонига дафн этилган.
"101 улуғ саҳобий" китобидан